Мақолалар

Қиёматда банкрот бўладиганлар

Тирикчилик ҳаёт зийнати. Шунингдек, ҳалол меҳнат қилиб рўзғор тебратиш айни ибодатдир. Касбнинг қай бири бўлса ҳам ҳалоллик бирламчи шарт қилинган.

Барча касблар ҳам эътиборли. Лекин ўзига яраша ҳар бирининг ўз мақоми бор. Хусусан, савдо алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки жамият аъзолари ичида унга рўпара келмайдиган йўқ ҳисоби.

Фиқҳ китобларида ҳам савдо бўлими анчагина салмоқли ўринда туради. Лекин нимагадир кўпчилик савдо илмини ўрганишга қизиқмайди. Ҳолбуки, арзимас нарсага эътибор қилмаслик савдодан келган даромад ёки харид қилинган маҳсулотнинг ҳалол бўлмай қолишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳалоллик эса тақвонинг асли эканлигини унутмаслигимиз керак.

“Савдо” арабчада “байъ” дейилиб, луғатда ўзаро бир нарсани алмаштиришни билдиради. Шариатда, эса бир молни бошқа мол эвазига рози бўлиб қабул қилишга айтилади. Умуман олганда, савдо атамаси “тижорат” калимасидан кўра бозор иқтисоди деган сўз маъносига яқинроқдир.

Динимиз ростгўй ва ҳалол савдогарларга юксак мартабаларни ваъда қилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ростгўй савдогар Қиёмат кунида Аршнинг соясидадир” (Имом Дайламий ривояти).

Шунингдек, барча соҳада бўлгани каби савдода ҳам ростгўйлик талаб қиланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Савдолашаётганлар бир-биридан ажрамагунларича ихтиёрдадурлар – агар рост сўзласалар, очиқ айтсалар уларнинг садоларига барака киради. Мабодо яширсалар ва ёлғон гапирсалар савдоларининг баракалари ўчирилур” (Ҳаким ибн Ҳизом разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Баро Ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъга келиб:

“Эй, савдогарлар жамоаси!” – дедилар.

Ҳамма у зот томон қаради, шунда у зот алайҳиссалом:

“Албатта, савдогарлар Қиёмат кунида гуноҳкор бўлиб тириладилар, фақат Аллоҳдан қўрқиб, ишини тўғри қилиб ва рост сўзлаган савдогарлар бундан мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бугунги кунда бозорларимизда халққа ҳалол хизмат қилиб барака топаётганлар ҳам сероб. Бироқ турли алдов ва фириблар билан бошқаларни чув тушираётганлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, улгуржи савдода бир-икки бора ишончга кириб олиб охирида катта миқдордаги маблағга алдаб кетаётган фирибгарлар қанчалаб оилаларнинг ҳаётидан хотиржамлик йўқолишига сабаб бўлмоқдалар.

Унутмаслик керакки, дунё ўткинчи, мол-дунё эса бевафо. Бизнинг қайтар жойимиз Аллоҳнинг ҳузуридир. Бу дунёда кимнидир алдаб кетганимиз билан охиратда мол-дунё бўлмаган кунда қилган амалларимиз ҳақдорларга олиб берилади. Амалимиз етмай қолса уларнинг гуноҳлари бизнинг гарданимизга ташланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:

— Муфлис кимлигини биласизми?

Айтдилар:

— Ё Аллоҳнинг Расули, бизнингча, муфлис на дирҳам ва на матоси бўлмаган кимсадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

— Умматимнинг муфлиси шундай бир кимсаки, у қиёмат кунида рўза, намоз ва закот билан келади. Аммо унга зулм қилган, бунинг молини еган, бошқасини урган, яна бирини сўккан. Бас, у ўтиради, ундан унга, бунга яхшиликлари қасос қилиб олиб берилади. Агар унинг зиммасидаги хатолар адо қилинмасдан туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари олиниб, бунинг зиммасига юкланади, кейин эса жаҳаннамга отилади (Имом Муслим ривояти).

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 1075 times

Мақолалар

Top