Мақолалар

Замзам сувида таҳорат ва ғусл қилиш мумкинми?

Cавол: Замзам сувида таҳорат олиш ёки ғусл қилиш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Замзам суви билан бетаҳорат кишининг таҳорат олиши, истинжо қилиши, нопок кишининг ғусл қилиши, нопок кийимни поклаши макруҳ экани айтилган. Аммо таҳорати бор инсон табаррук мақсадида замзам билан таҳорат олиши ёки пок кишининг ғусл қилиши макруҳ эмас. Бу ҳақда “Ғунятун носик” китобида бундай дейилган: “Замзам суви билан табаррук мақсадида таҳорат ва ғусл қилиш жоиздир. Шунингдек фақат пок нарсага ишлатилади. Жунуб киши замзам суви билан ғусл қилиши, бетаҳорат киши таҳорат олиши ва уни нажосат бор жойда ишлатиш мумкин эмас”.

“Табаррук мақсадида замзам суви билан ғусл ва таҳорат олиш мумкин. Яъни фақат суртиш, ғусл қилиш ёки таҳорат устига таҳорат қилиш каби табаррук мақсадида ишлатиш лозим. Шунингдек, фақат пок нарсага ишлатилади. У билан нажас кийимни ювиш, жунуб ғусл қилиши, бетаҳорат киши таҳорат қилиш каби ишларни қилмаслик керак. У билан истинжо қилиш макруҳдир. Қолаверса, замзам билан бадан ёки кийимдаги нажосатни кетказиш макруҳдир. Айрим уламолар буни ҳаром деган. Айтилишича, бир одам замзам билан истинжо қилиб, бавосир (геморрой) касалига учраган” (“Иршодус сорий ила маносики мулла Али қори” китоби).

Бир неча ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замзам сувининг фазилатлари: очга таом, ташнага сув, беморга шифо бўлиши ҳақида айтганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1088 times
Tagged under

Мақолалар

Top