Мақолалар

Солиҳ фарзандни қандай тарбиялаш мумкин?

Бугун ёшларнинг гапга кирмасли­ги, ўқишининг пастлиги, одобининг ҳаминқадарлиги ҳақида кўп гапирил­моқда. Буни тўғрилашимиз учун нима қилмок керак? Шу мавзуда пойтахтимиздаги “Ҳасанбой” жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид домланинг фикрлари билан қизиқдик. 

– Тарбия ҳам бир илм. Уни эгаллаш учун тарбияга оид китоблар ўқиш ёки солиҳ инсонлардан, устозлардан ўрганиш лозим. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва боболаримизнинг асарлари, миллий қадриятларимиз энг катта асосдир. Бой маънавий меросимиз неча асрлар ўтса ҳамки, ўз қийматини йўқотгани йўқ. Инсон тарбияси барча замонларда долзарб бўлган. Бу борада Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад”, Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид дин”, Абул Ҳасан Бовардийнинг “Адабуд дунё ва дин”, Шайх Абдуллоҳ Шибравийнинг “Унвонул баён ва бўстонул азҳан” ҳамда замонамиз олимлари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва Шайх Рамазон Бутий ҳазратлари каби кўплаб уламоларимизнинг асарлари инсон камолотида ўта муҳимдир.

Имом Ғазоллий “Иҳёу улумид дин” китобида бундай ёзади: “Яхши хулқ Раҳмон ҳузуридаги жаннат неъматларига очиб қўйилган қалб эшиги бўлса, ёмон хулқ – жаҳаннамга очиб қўйилган эшик... Яхши хулқ диннинг ярмидир... Ёмон хулқ хор қилувчи бузуқлик, Аллоҳдан узоқлаштирувчи разолат, шайтон хизматига ёлланишдир”, дейди.

Афсуски, кейинги пайтларда жамиятимизда одоб-ахлоқ тушунчалари бироз четга суриб қўйилди. Ибодатларимиз кўпайяпти, лекин ахлоқимиз унга мос эмас. Қаерда ахлоқий меъёрлар пасайса, у ерда жиноятчилик, оилаларнинг пароканда бўлиши, порахўрлик ва шу каби иллатлар илдиз отади. Бойлик тўплаш, фақат ўзи­ни ўйлаш каби тушунчалар ҳукмрон бўлади. Ён-атрофга назар солсак, ҳамма мол-дунё тўплаш илинжида тиним билмаётир. Лекин ахлоқимизга ҳавас қилиб бўлмайди.

Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” (Таҳрим сураси, 6-оят) дея марҳамат қилинган. Бу оят оила бошлиғининг аҳли аёли, фарзандлари учун Аллоҳ олдида жавобгар эканини англатади.

Оилада ота болаларига ҳар томонлама намуна бўлмас экан, фарзандларидан бирор яхшилик кутиши қийин. Бу ҳақда уламоларимиз: “Фарзандинг солиҳ бўлишини истасанг, аввало, ўзинг солиҳ бўл. Уни ахлоққа чақиришдан аввал ўзинг ахлоқли бўл”, дейдилар.

МУНОСИБ ОНА

Она – миллат тарбиячиси, келажак бунёдкори. Агар у одоб-ахлоқли, она тилини, адабиётни, динимизни яхши билса, тафаккури кенг, етук шахс бўлади. Бундай аёлларнинг фарзанди ҳам шунга монанд – миллатига, динига хизмат қиладиган буюк инсонлар бўлиб етишади.

Замонамизнинг таниқли олими Му­ҳаммад Ҳасан Деду айтади: “Қуръонни, сийрат ва бошқа фанларга оид кўплаб китобларни онам ёдлатган”. Яна бир машҳур уламо Абдулқодир Ҳусайн: “Мен онамдан бирор нима сўраб қолсам, гапимни она тили қоидаларига солар, сўнгра уларни шарҳлаб, саволлар берарди. Шу тарзда тил қоидаларини ўрганганман”, дейди.

Қизларни ҳар томонлама илмли қилиб тарбиялаш ота-оналарнинг бурчидир. “Қиз бола ўқиши шарт­мас” деган гапларни ҳамон эшитиб қоламиз. Бунинг оқибатида қанча қизларнинг иқтидори йўқ бўлиб кетяпти. Қиз бола илм олиши, оиласини обод қилиши керак.

Жамиятимизда маърифатли аёл­лар кўпайса, муаммоларимиз шунча тез ечим топади.

Онамиз зиёли оилада камол топгани учун диний ва дунёвий илмларни яхши билган, мактабни олтин медалга битирганди. Айниқса, адабиётни яхши биларди. Навоийнинг кўплаб ғазалларини ёддан айтар, бирор юмуш қилганда ҳам тилидан салавоту ғазаллар тушмасди. Саккиз ёшда отадан етим қолдик. Онам саккиз болани катта қилди. Ўқимишли бўлишимизга жиддий қарар, рўзғордан бир сўм орттирса, доим китоб олиб келарди.

Она дарахт илдизи бўлса, болалар унинг меваси ва шохларидир. Уларнинг жамият учун қанчалик манфаат бериши онанинг тарбиясига боғлиқ.

ТАРБИЯДА МУҲИМ ЖИҲАТЛАР

Япониялик болалар мактабга боришдан олдин икки йил одоб-ахлоқни ўрганар экан. Бунинг натижасини бугун ҳар бир кунчиқар юрт вакилида кўрамиз. Яқин ўтмишда бизда ҳам болаларга одоб бериш таълимнинг ажралмас қисми бўл­ган. Ўқувчиларга кўплаб ахлоқ қоидала­ри ёдлатилиб, аниқ рисолалар, китоблар ўқитилган. Ҳозир эса болалар тарбияси ўлда-жўлда.

Кўпинча ота-оналар фарзанди тарбия­сида бирор нохушлик сезса, уни қаттиқ сиқувга олади. Бу тўғри эмас. Аллоҳ ҳар кимни турли характерли қилиб яратади. Унга ўйлаб муомала қилиш лозим.

Ҳозир нафақат болани, балки катта­ларни ҳам тўғри йўлдан чалғитувчи омил­лар кўпайди. Бу омиллар умрнинг исроф бўлишига сабаб бўлмоқда. Буларга оғиш­масликнинг энг тўғри йўли эса илму маърифат, фарзандлар онгу шуурига миллий ва диний қадриятларимизни сингдиришдир. Фарзандларимиз тилимиз, урф-одатларимиз, тарихимиз, анъаналаримиз, борингки, шу эл учун қадрли бўлган барча нарсаларни билишлари шарт. 

Суҳбатни Бобур МУҲАММАД

ёзиб олди.

Read 698 times

Мақолалар

Top