Мақолалар

Эҳромда мумкин бўлган амаллар
  1. Fусл қилиши, бошини ювиши мумкин. Аммо бунда охисталик билан, соч ва тукларни тушириб юбормасликка ҳаракат қилиш лозим. Беихтиёр ўзи тушса, зарари йўқ.
  2. Эҳром кийимини ювиши ёки алмаштириши мумкин.
  3. Эркак кишилар сояланишни истасалар, дарахт шохи ёки шунга ўхшаш соя берадиган нарсалар билан бошларини сояга олсалар жоиз.
  4. Белга ҳамён, белбоғ боғлаш ҳам мумкин.

Эҳромда кўпгина ҳикматлар бор. Масалан, дунёвий кийимлардан, ҳавойи нафснинг шаҳватларидан холи бўлиш Аллоҳ йўлида ўзини бағишлаш рамзидир.

Инсон эҳромга кириш вақтида, яъни кийимларидан жудо бўлаётган ва эҳром кийимини ўраётган пайтида бир кун келиб, кафаннинг ичига киришини ўйласин. Чунки у Аллоҳ таолога йўлиқишда ҳам ҳажга бораётган чоғдагидек, дунёвий кийимлардан бошқача кийимда бўлади.

Шу билан бирга, эҳромда ҳамма Аллоҳнинг ҳузурида баробар эканлиги намоён бўлади. Ҳамманинг кийими бир хил – икки парча оқ латтадан иборат бўлади. Ҳамма бошяланг, оёқяланг бўлиб, Аллоҳ ҳузурида ўзининг хокисорлигини изҳор этади.

Эҳромдаги инсоннинг турли нарсалар ва ишлардан ман қилиниши унда сабр ва тоқатни, чидам ва бардошни ривожлантиради ҳамда Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилишни ўргатади, гуноҳлардан сақланиш малакасини орттиради.

Эҳромга киришнинг тайинли вақти ва тайинли макони бор. Улар “мийқот” дейилади.

Ҳажнинг замон мийқоти – Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн куни.

Макон мийқоти эса, турли диёр ҳожилари учун уларнинг Маккаи мукаррамага келиш йўлларига қараб турли жойлардир. Яъни макон мийқоти – Маккаи мукарраманинг атрофидаги махсус белгиланган чегара десак бўлади.

Ҳаж ёки умра қилувчилар ўша ерларда эҳромга кирадилар. Агар бир одам мийқотдан ўтиб кетиб, эҳромга кирса, қайтиб чиқиб, мийқотдан эҳромга кириши лозим бўлади. Иложини топа олмаса, жонлиқ сўйиши вожиб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилаган мийқотлар бешта:

  1. Мадинаи мунаввара аҳлига ва ўша тарафдан келадиганларга Зул Ґулайфа деган макон. Ҳозир у ер «Обори Али» деб ҳам аталади.
  2. Шом аҳли ва ўша тарафдан келадиганларнинг мийқотлари Жуҳфа, Робиғ деган жойга яқин. Ҳозир Робиғдан эҳромга кирилади.
  3. Нажд ва ўша тарафдагиларнинг мийқоти – Қорнул Манозил.
  4. Яман аҳлининг мийқоти – Яламлам.
  5. Аҳли Ироқнинг мийқоти – Зотул Ирқ.

Ушбу мийқотлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом белгилаб берган мийқотлардир. Ҳозирги кунда мазкур жойлар ва ўша жойларнинг рўпаралари мийқотлардир. Сув ва ҳаво йўли билан келаётган ҳожилар ғусл қилиб, эҳром кийимларини самолётга чиқишдан аввал кийиб олишса ҳам, мийқотга яқинлашганда ният қилиб, талбия айтсалар яхши бўлади. Баъзилар Жиддага келибоқ эҳромга кира бошлайдилар. Ваҳоланки, бундай қилиш асло жоиз эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Read 810 times

Мақолалар

Top