Мақолалар

Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради

Аллоҳ таоло фарз қилган намозларнинг айримларидан олдин, баъзиларидан эса кейин суннат намозлари бор. Қиёмат куни банданинг фарз намозларидаги камчиликларини суннат намозлари тўлдиради. Шунинг учун ҳар бир фарз намозни ўз вақтида, хушуъ-хузуъ билан адо этиш баробарида суннат намозларга ҳам бефарқ бўмаслик лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракат ихтиёрий намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради”, дедилар.

Ушбу ҳадис ҳар бир бандани суннат намозларга эътибор беришга рағбатлантиради. Ҳадисда суннатларни қолдирмай ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бор. Унинг мукофоти – Аллоҳ таоло томонидан қуриб бериладиган алоҳида уйдир. Суннат намозларини ўқишга бундан ортиқ тарғиб бўлмайди.

Саҳобалар ушбу ҳадисни эшитганларидан кейин суннат намозларини қолдирмай ўқиганлар. Масалан, Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳо онамиз: “Шу ҳадисни эшитганимдан кейин уларни бирор марта қолдирмай ўқидим”, деганлар.

Ҳадисдаги ўн икки ракат суннат намоз бу – бомдоддан олдин икки ракат, пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, хуфтондан кейин икки ракатдир. Бу намозлар таъкидланган яъни суннати муаккада бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим ҳоллардан ташқари, доимо бу намозларни қолдирмай ўқиганлар.

Ҳанафий мазҳабида таъкидланган суннат намозларига алоҳида эътибор берилади. Фарз намозларига тобеъ бўлган суннат намозларни бесабаб тарк қилиш, бефарқ бўлиш гуноҳ саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан олдинги тўрт ракатни ва бомдоддаги икки ракатни ҳеч қўймас эдилар”.

Шунинг учун бомдоднинг фарзига ухлаб қолган одам уни қазосини ўқимоқчи бўлса, пешин намозининг вақти киргунича суннати билан қўшиб адо қилади. Ваҳоланки бошқа суннат намозларнинг қазоси ўқилмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан олдинги тўрт ракатни муҳофаза қилган яъни қолдирмай ўқиганларга Аллоҳ дўзах ўтини ҳаром қилишини айтганлар.

Шунингдек, аср ва хуфтон намозларидан аввал тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ асрдан аввал тўрт ракат намоз ўқиган кимсани раҳм қилсин”, деганлар.

Шундай экан, фарз намозлар билан бирга суннат намозларни ҳам адо этишга эътиборли бўлиш, ҳатто сафарда ҳам суннат намозларни қолдирмай ўқишга бефарқ бўлмаслик лозим. Банда фарз намозларни адо этиш орқали Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг азобидан омонда бўлади. Суннат намозлар эса бандани Аллоҳга яқин қилади.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 684 times
Tagged under

Мақолалар

Top