Мақолалар

Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари

Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.

Аллоҳ таоло “Кавсар” сурасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”.

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги “намоз”дан мурод, ийди қурбон намози, “жонлиқ”дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.

Банда барча ибодатларини Аллоҳ уларга буюргани учун қилади. Аллоҳ таоло бандасига буюради, банда эса Аллоҳнинг буйруқларини сўзсиз бажаради. Аллоҳнинг амри билан қилинган ибодатларда билган ва билмаган сон-саноқсиз ҳикматлар бор. Аллоҳ таоло Ҳаким Зотдир. Буюрган ҳар бир ишида ҳикмати бордир.

Ҳамма ибодатнинг ҳикмати бўлганидек, қурбонлик қилишнинг ҳам кўплаб ҳикматлари бор. Уларнинг бир нечтасини келтириб ўтамиз:

  1. Қурбонлик қилишнинг биринчи ҳикмати Ислом шиорларини улуғлашдир. Дин шиорларини ҳурмат қилиш ва улуғлаш иймон аломати бўлиб, бу иш туфайли Ислом мустаҳкамланади, мусулмонларнинг иймонлари зиёдалашади.
  2. Қурбонлик қилишнинг иккинчи ҳикмати мусулмон кишининг қурбонлик қилиши билан Аллоҳга янада яқинроқ бўлади ва Унинг розилигига эришади. Зеро, Аллоҳ таоло: “...Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”, деб буюрган.

Аслини олиб қараганда Аллоҳга банданинг У Зотга қилган қурбонлигининг гўшти ҳам, қони ҳам керак эмас. Банданинг қилган қурбонлигининг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳга етмайди. У Зотга фақат банданинг қурбонлигини қанчалик даражада тақво ва ниятда қилиши билан етади. Аллоҳ таоло қурбонлик қилиш амри билан бандаларини имтихон қилиб, уларнинг тақволарини, илоҳий амрига бўлган итоатини ва Аллоҳга бўлган яқинлик даражаларини синаб кўради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳаж сураси, 37-оятида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!”.

Бу оятдан мақсад ихлос, тақво ва Аллоҳ таолога яқинлашишдир. Аллоҳ берган неъматларини эслаш ва Унинг розилигини қозонишдир. Агар қурбонлик қилишда ихлос ва тақво бўлмаса, қилган қурбонликларининг гўштлари қанча кўп бўлса ҳам, Аллоҳ наздида ҳеч қандай қиймати бўлмайди.

  1. Қурбонлик қилишнинг учинчи ҳикмати тавҳид аҳлининг имоми Иброҳим алайҳиссалом суннатларини тирилтиришдир. Аллоҳ таоло у зотга ўз ўғли Исмоилни қурбонлик қилишни ваҳий қилди. Сўнг Исмоилнинг ўрниларига бир қўчқорни эваз қилиб берди. У зот ўғли ўрнига ўша қўчқорни қурбонлик қилдилар. Аллоҳ “Саффот” сурасининг 108-оятида: “Уни биз улкан қурбонлик эвазига алмаштириб олдик” деди. Бу билан инсон Иброҳим алайҳиссаломга ўхшаб бутун борлиғини Аллоҳ йўлида қурбон қилишига тайёрлигини билдиради.
  2. Қурбонлик қилишнинг тўртинчи ҳикмати моддий ҳолатини яхши бўлмаган камбағал ва бева-бечораларнинг кўнгилларини кўтаришдир. Бу билан фақир ва мискинларга нисбатан меҳр-шафқат туйғулари оммалашади. Баъзи одамлар моддий имконияти йўқлиги сабабли хафталаб, балки ойлар давомида гўшт истеъмол қилмайди. Бундай кишилар қурбонлик гўшти сабабли қора қозонларига гўшт киради ва оиласига қисман бўлсада хурсандчилик киради. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, айби нуқсони бор ҳайвонларнинг гўштини эмас, балки энг афзал бенуқсон, бақувват ҳамда соғлом ҳайвонлар гўштини ҳадя қилиш керак. Бундан камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади.
  3. Қурбонлик қилишнинг бешинчи ҳикмати қўни-қўшни, дўсту биродарлар ва қариндош-уруғлар бир жойга жамланади, силаи раҳм бўлади. Уларнинг жипслиги мустаҳкамланади. Ўртада бўлиб ўтган низоларга барҳам берилади. Бундан ташқари, қурбонлик қилиш жамиятда биродарлик, ёрдам ва ҳамжиҳатлик руҳини ривожлантиради. Жамият қатламларида адолатнинг ривожланишига, одамларнинг бир-бирларига ғамхўрлик қилишига ва бирлашишига каттта ёрдам беради.
  4. Қурбонлик қилишнинг олтинчи ҳикмати чорва ҳайвонларини бизга бўйсундириб қўйгани учун Аллоҳга шукрона қилиш. Аллоҳ таоло “Ҳаж” сурасининг 36-37-оятларида шундай марҳамат қилади: “...Бас ундан енглар ҳамда фақир ва хожатмандни ризқлантиринглар. Уни сизларга мана шундай бўйсундириб қўйдик, шоядки шукр қилсангизлар. Аллоҳга ҳаргиз унинг гўшти ҳам, қони ҳам етмас. Лекин Унга сизлар тарафингиздан бўлган тақво етур...”

Қурбонлик қилишнинг нафақат охиратда балки, шу дунёда ҳам бир қанча манфаатлари бор. Қурбонлик қилиб яқин қариндош, қўни-қўшни, қийналган, муҳтож оилаларга тарқатиш билан меҳр-оқибатнинг пайдо бўлиши ва ижтимоий алоқаларнинг яхшиланишига олиб келади. Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмат асосида амр қилинган бу иши ортида жамиятдаги инсонларнинг бир-бирига бўлган ўзаро ишонч ва ҳурмат-эътибор ётади. Шундай экан бундай ишларни давомли тарзда қилишда давом этиш мақсадга мувофиқдир.

Олим ЖЎРАЕВ

Read 946 times

Мақолалар

Top