Мақолалар

Бировнинг телефонини “титкилаш”

Одамларнинг устидан кулманг, уларнинг гулдек орзуларини мазахламанг, айниқса содда, самимий инсонларнинг. Эҳтимол ходимингизнинг даражаси Аллоҳнинг наздида сизникидан, унча-мунча обрўли кишиларникидан баланд бўлиши мумкин. Ҳеч кимнинг орзу-мақсадларига беписандлик қилманг, зеро, дунё орзу-мақсадларсиз қуппа-қуруқ бўлиб қолади.

Кўп тафаккур қилиб, кам гапиринг. Эшитганларингизга бепарво муносабатда бўлманг, келажакда унга эҳтиёжингиз тушиб қолиши мумкин!

Кимдирга нисбатан хато муомала қилганингизни билганингиз заҳоти ундан узр сўранг. Узр сўраётганингизда самимият билан, унинг кўзларига қараган ҳолда узр сўранг. Шунда у сизни эшитишдан олдин кўзларингиздан афсусдалигингизни уқиб олади.

Ҳаётда бирор ишда қоқилсангиз, ниманидир қўлдан бой берсангиз, енгилманг, таслим бўлманг. Дарҳол туриб ғалаба томон интилинг.

Ана энди ҳозир замонамизда кенг тарқалган муаммолардан бири – бировнинг телефонига, умуман шахсий мулки ёхуд ҳовлисига берухсат қараш хусусида тўхталиб ўтсак. Бу мавзу кунимизнинг долзарб мавзуларидан бўлгани учун унга тўхталиб ўтиб, бир мақолани эътиборингизга ҳавола этишни зарур деб топдик.

Замонавий оламимизда замонавий буюмлар бизнинг доимий ҳамроҳимизга айланди. Масалан, мобил телефонлари. Уларнинг тури такомиллашгани сари, бу технология воситаларига боғланишимиз янада зиёда бўлди. Табиийки, қўл телефонида ҳар бир кишининг шахсий ёзишмалари, сурат ва видеолари ва бошқа ўзигагина тааллуқли нарсалар бўлади. Кимдир бу жиҳатларга эътибор қаратиб, бировнинг телефонига қўл теккизмайди, бошқа биров эса буни жиддий қабул қилмай, бировнинг телефонини “титкилаш” билан овора бўлади. Хўш, Ислом шариати бу жиҳатларга қандай қарайди? Бу борада қандай одоб беради?

Ислом шариатида ўзгалар уйига киришдан олдин рухсат сўраш шартлиги таъкидланган. Бу борада оятлар нозил қилинган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тегишли кўрсатмалар берилган. Мисол учун, мана бу ривоятни келтириш мумкин.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидаги тешикдан мўралади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида тароқ бор эди, у билан сочларини тарардилар. Шунда у зот: “Агар қараб турганингни билганимда, мана шуни кўзингга тиқиб олардим! Албатта рухсат сўраш назар (тушиши эҳтимоли бўлгани) учун (жорий) қилинди”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривояти).

Шариатда бирон жойга киришдан олдин изн сўраш назар сабабидан жорий қилинган. Сабаби, берухсат кириш билан уй эгаси рози бўлмаган нарсаларга бегона одамнинг кўзи тушиши мумкин. Шунинг учун бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам, аввал уй эгасини чақириб, ундан изн сўрайди. Агар изн берилса, киради. Бўлмаса, ортига қайтиб кетади. Уй эгаси чақирмасидан олдин тўппа-тўғри ичкарига бостириб кириш мўмин кишига умуман тўғри келмайди. Қолаверса, изнсиз бировнинг уйига мўралаш, эшик тирқишидан ичкарига назар солиш ҳам жоизмас.

Шундан келиб чиқиб айтамиз, бировнинг телефонига рухсатсиз тегиш тўғри эмас. Мана шундай нарсалар шариат ҳукмларига беписанд қарашдан келиб чиқмоқда. Банда шариатга амал қилмаганидан кейин бошига турфа балолар ёғилаверади. Ўзингиз айтганингиздек, ҳозир бировнинг телефонига рухсатсиз қўл теккизадиганлар кўпайиб кетган. Аслида, шариат талабига кўра, бировнинг телефонини рухсат сўраб кўриш лозим. Сўрамасдан бировнинг нарсасига тегиш жоизмас!

Юқорида, ҳужраи саодат тирқишидан мўралаган кимсага қандай оҳангда мурожаат қилинганини ўқидик. Энди ўзимизга бир савол берайлик: "Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировнинг телефонини рухсатсиз титкилаётганларни кўрганларида, уларга нима деган бўлардилар?!”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 736 times

Мақолалар

Top