Мақолалар

Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам соч ва тирноғини олмаслиги керакми ?

Cавол: Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам 10 кунгача тирноқ, соч ва соқолини олмасин, деган гапнинг шариатимизда ҳукми қандай? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда Зулҳижжа ойи киргандан бошлаб токи қурбонлик қилгунча киши соч ва тирноқларини олмаслиги  шарт қилинмаган. Балки бу – ихтиёрий бўлган мубоҳ ишдир.

Мана шу ўн кунда бошқа кунларда бажарадиган баъзи одатий амалларимизни бажармасликка тарғиб қиладиган кишилар, ўз гапларини ушбу ҳадис билан қувватлайдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

“Қачон Зулҳижжанинг аввалги ўн куни бошланса ва бирортангиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, соч ва соқолига тегмасин (олмасин)”, бошқа ривоятда “Соч ва тирноқ олмасин”, яна бошқа бир ривоятда эса “Ким Зулҳижжанинг ҳилолини кўрса ва қурбонлик қилмоқчи бўлса сочи ва тирноғини олмасин” (Имом Муслим ривояти).

Бу мавзуда улуғ Ҳанафий олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:

“Баъзи аҳли илмлар бу ҳадис (ҳукми)га юрадилар. Уни маҳкам тутиб, (амал қилиш учун) асос қилиб олишади. Бошқа уламолар эса ўзгача йўл тутадилар ва бундай дейдилар: “Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қурбонлик қилишни ният қилган ва ният қилмаганлар учун соч ва тирноқларини олишда ҳеч қандай зарар (гуноҳ) йўқ”. Улар бу тўғрисида “Ҳаж китоби”да келтирган ҳадисимизни ҳужжат қиладилар: Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадий (қурбонлик учун аталган ҳайвон)ларига қурбонлик белгиларини боғлар эдим. У зот қурбонликларини (Макка шаҳрига) жўнатар ва биз билан (Мадина шаҳрида) ҳалол (яъни, эҳромсиз) турардилар. Эҳромли киши эҳтиёт бўлиши керак бўлган нарсалар (соч ва тирноқ олиш, жинсий алоқа ва ҳаказолар)дан сақланмас эдилар. Одамлар ҳаждан қайтгунча шу ҳолат давом этарди”.

Бу ҳадисда аввалги ҳадисда ман қилинган ишларнинг мубоҳ эканига далил бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтган ҳадиснинг бизга етиб келиш йўли Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳоникидан яхшироқ. Чунки Оиша онамизнинг ҳадиси бизга “Мутавотир” ҳолда етиб келган.

Умму Салама онамиздан ривоят қилинган ҳадиснинг бизга етиб келиши эса ундай эмас, балки Имом Моликдан ривоят қилинган ҳадиснинг иснодига таъна етган. Бу ҳадис Пайғамбаримизга етиб бормайди, Умму Саламада тўхтайди, деганлар” (“Шарҳи маъонил осор”)

Имом Таҳовий бу мавзуни ҳадислар билан шарҳлаб бўлгач, масалага бошқа томондан ёндашиб айтадиларки, эҳром – кишига аввал ҳалол бўлган кўп нарсаларни ман қилади. Шуларнинг ичида энг қаттиқ ман қилингани жинсий алоқа бўлиб, у эҳромни бузади. Энди, эҳромда бўлмаган киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, у жинсий алоқадан ман қилинмайди. Ундан ман қилинмагандан кейин ўз-ўзидан ундан пастроқ даражадаги иш (соч, тирноқ олиш)лардан ман қилинмайди. Мана шу – Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимнинг сўзидир.

Муҳаққиқ аллома Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ бу масалада бундай дейдилар: «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу иш – мубоҳ бўлиб, (соч, тирноқни олиш) макруҳ ҳам эмас, (уларни олмаслик) мустаҳаб ҳам эмас”» (“Мирқотул Мафотиҳ”).

Демак, қурбонлик қилмоқчи бўлган шахс модомики эҳромда эмас экан соч-соқолини, тирноғини олишида ҳеч қандай гуноҳ йўқ, балки бу – ихтиёрий бир амалдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 879 times

Мақолалар

Top