Мақолалар

Бу уммат – эрка уммат

Аллоҳ таолога беадад ва Ўзининг илмича, улуғлигича ҳамд бўлсинки, бизларни еру қуруқликда мукаррам бўлган Одам авлодидан қилди, ҳайвон қилиб яратмади. Яна бизга энг олий ва буюк неъмат – Ислом неъмати, рушду ҳидоятни иноят айлади. Ўзининг ҳабиб ва маҳбуб пайғамбарининг уммати бўлишни насиб этди. Аввалию охири инсон манфаатлари ва жамият салоҳияти кўзланган шариати Исломга амал қилишга, диндаги амр ва наҳийларга итоаткор бўлишга фақат Ўзигина қодир қилиб қўйди. Лекин табиатида хато қилиш, шошилиш ва адашиш бўлган инсон баъзан Аллоҳ таолонинг қанчадан қанча неъматларига ношукрлик қилади, буйруқларига  итоатсизлик қилади. Нега шундай? Сабаби, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид ва мосуво бўлган иблис Қиёматга қадар инсонларни ўзининг ортидан етаклаш учун бор имкониятини сарфлашга қасам ичди ва васваса эшикларини кенг очиб қўйди. Мана шундай шайтон васвасасига учган инсон дин арконларини бажаришга сусткашлик қилади, оғир, машаққат ишдай тасаввур қилади. Аслида ҳам шундайми?! Йўқ, аслида динга амал қилиш нақадар осон ва қулай. Буни яхшироқ тушуниш учун ўтган умматлар шариатига ислом шариати таққосланса,  динимиз нақадар енгил эканлиги намоён бўлади.

  • Бирор аъзо хато ва жиноят қилса, ўша аъзони кесиш
  • Нажосат теккан жойни кесиб ташлаш
  • Гуноҳкорни тавба учун ўлдирилиши
  • Масжиддан бошқа ерда намозни жоиз эмаслиги
  • Тупроқ билан таяммум қилиб бўлмаслиги
  • Рўзадор уйқудан сўнг ифтор қилолмаслиги
  • Рамазон кечалари аёлидан узоқ бўлиш
  • Гуноҳ сабабли улардан пок нарсаларнинг маън қилиниши
  • Закот молнинг тўртдан биридан чиқарилиши
  • Закот ва ғанималарга салоҳиятсиз нарсаларнинг осмондан олов тушиб куйдириши
  • Битта яхшилик эвазига битта савоб берилиши
  • Кечаси гуноҳ қилганларнинг ишлари эрталаб эшикларига ёзилиб қолиши
  • Бир кеча кундузда 50 маҳал намоз фарзлиги
  • Қасосда афвга йўл йўқлиги
  • Ҳоизаларнинг ўша кунларда одамлар билан аралашиб юришдан маън қилинишлари
  • Гўштдаги ёғ ва қоннинг ҳаромлиги
  • Шанбанинг ҳаром қилингани

Кейинчалик бу ҳукмлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатларида осонига ва яхшисига ўзгартирилиб берилган. Кунига 50 маҳал эмас, бир кунлиги 1 ярим 2 соатни талаб этадиган 5 вақт намоз жорий қилиниши, ифторликдан сўнг саҳаргача еб-ичиш ва бошқа ишларга рухсат берилиши, закот молнинг 40 дан биридан чиқарилиши, закотдан қолган молни киши истаганича тасарруф қилиши, нажосат теккан ер тозаланса пок бўлиши, ер пок қилиниб, истаган ерида намоз ўқиш, таяммум қилишнинг мумкинлиги, гуноҳкорга тавба эшиклари мудом очиқлиги, қилинган айбу хатолар сатр қилиниши, қасос борасида афв қилиб, кечиб юбориш жоизлиги, бир яхшиликка 10 та савоб кўпайтирилиб ёзилиши, гуноҳлар сабабидан пок нарсалар манъ қилинмаслиги, ҳайвон гўштларидаги ёғ ва гўшт ичида қолиб кетган қоннинг ҳалоллиги ва ҳоказо амаллар фақат ва фақат Набийлар сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “эрка уммат”ларига эъзоз ва икром бўлсин учун  жорий қилинган. Энди ибодатларга дангасалик қилиб, шариат ҳукмларини оғир билиб юрган инсонлар, бир тафаккур қилиб  кўрсинлар. Аллоҳ биздан асло қийинчиликни, жонни азоблашни истамайди, мўътадиллик ва енгилликни истайди.  Шунга кўра, биздан талаб қилинган ишларни камайтирмай, ҳаддидан оширмай ихлос билан бажарсак, Раббимизнинг:

وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَنُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا وَعْدَ اللَّهِ حَقًّا وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللَّهِ قِيلًا

Имон келтириб, солиҳ ишларни қилганларни (эса) остидан анҳорлар оқадиган жаннат боғларига киритурмизулар у ерда абадий қолиб яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳаққоний ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ким ростгўйроқдир?! (Нисо,122) деган ваъдасига мушарраф бўламиз, иншоаллоҳ!

 

Мулла Жийбон Ҳиндийнинг “Нурул анвор” 

китоби асосида Н. Саидакбарова тайёрлади

 

Read 4868 times

Мақолалар

Top