Мақолалар

Аллоҳ севган олимлар

Имом Ғаззолий айтадилар: “Аллоҳ таолога муқарраб, камёб ва нодир бўлган охират уламолари борки, қуйида уларнинг бир қанча аломатларини келтириб ўтамиз:

Биринчи аломат:

Олим илм олиш ва таълим бериш воситасида дунё жамлашни ният қилмайди.

Бунда олим дунёнинг ниҳоятда ҳақирлигини, тубан ва хорлигини, қора ва кирлигини, унинг тезда тугаб қолишини, ҳамда охиратнинг нақадар буюклигини, абадийлигини ва у ердаги неъматларнинг мукаммал эканини ҳис қилади. Дунё ва охират иккиси худди икки кундош каби, бирини рози қилсанг, иккинчиси хафа бўлаверади. Тарозунинг икки палласи каби, бир палласига оғир солсанг, иккинчиси енгил бўлади. У иккиси машриқ ва мағриб каби, бирига яқинлашсанг, иккинчисидан узоқлашасан.

Қайси инсон дунёнинг ҳақирлигини ҳис қилмай, бу дунёнинг лаззатларига берилиб, охиратда ҳам шундай яшайман, деб ўйласа, унинг ақли ноқисдир. Тажриба ва кузатувлар натижасидан маълумки, бу дунёнинг лаззатлари кетидан қувиш нафақат бу дунёнинг ўзида, балки  охиратда ҳам машаққатлар ва қийинчиликларга сабаб бўлади. Ақли ноқис одам, олим бўла олмаганидек, охиратнинг буюклиги ва  абадийлигини билмаган киши ҳам олим бўла олмайди.

Кимки дунё ва охиратнинг бир-бирига зид эканини билмай, иккисининг орасини жамлашга интилса, гўёки, у бўлиши мумкин бўлмаган ва барча пайғамбар алайҳимуссаломларнинг шариатларига хилоф ишни талаб қилибди.

Кимки буларнинг ҳаммасини била туриб, дунёни устун кўрса, у шайтонга хизматчи бўлибди. Унинг шаҳватлари бир куни унинг ҳалокатига, охиратда эса бадбахтлигига сабаб бўлади. Бундай инсон қандай қилиб ўзини олим дейиши мумкин.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга: “Қайси олим дунёга бўлган севгисини Менинг муҳаббатимдан устун қўйса, унинг муножотларидан, зикру тасбеҳларидан ва ибодатларидан лаззатни олиб қўяман.

Эй Довуд! Кимки, дунёнинг нашъу намосига берилиб, сени ва сенга эргашган инсонларни Раббингдан узоқлашишларига сабаб бўлса, ундан ҳол сўрама, суҳбатидан узоқ бўл. Чунки у ўғридир.

Эй Довуд! Агар менинг розилигим талабида юрган кишини кўрсанг, унинг ходими бўл!

Эй Довуд! Ким мен томонга ошиқиб югурса, мен уни зийрак ва оқкўнгил, деб ёзиб қўяман. Кимни зийрак оқкўнгил, деб ёзиб қўйсам, уни азобламайман”, деди.

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ  айтадилар: “Ким илму ҳикмат орқасидан дунё орттиришни ният қилиб ҳаракат қилса, унинг илмида равнақ ва ривожланиш бўлмайди”.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу  айтдилар: “Қайси олим дунё ва унинг аҳлларига муҳаббатли бўлса, у дин ва унинг аҳллари орасида муттаҳамидир”.

Бир олимдан сўрашди: “Гуноҳ қилиб ундан лаззатланадиган киши Аллоҳ таолога ориф бўла оладими?”.  У зот айтдилар: “Мен ҳеч иккиланмай айтаманки, қайси шахс дунёни охиратдан устун кўрса, у ориф бўла олмайди. Гуноҳ қилувчининг даражаси эса бундан анча пастроқ бўлади. Гуноҳ қилиб пушаймон ва тавба қилиш ўрнига, ундан лаззатланувчи киши ҳақида эса  гапириб ҳам ўтирмайман”.

Шу нарсани ҳам ёдда тутиш лозимки, инсон фақатгина мол дунёга муҳаббат қилмаслик билангина охират олими мақомига эга бўлмайди, балки, мансаб-мартабага қизиқишнинг зарарлари, олим учун мол-дунёнинг офатидан ҳам каттароқдир.

Яъни, дунё муҳаббатини дин ва охиратдан устун қўйишнинг зарарлари ҳақидаги  юқоридаги огоҳлантиришлар қанчалик аҳамиятли бўлса, мансаб мартабага қизиқиш ва унга интилиш борасида ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, мансабнинг лаззати мол-дунёникидан ҳам ширинроқдир. Шундай экан мансаб-мартабага хирс қўйишнинг зарари олим учун мол дунёникидан ҳам хатарлироқдир.

Иккинчи аломат:

Олимнинг сўзи ва амали бир хил бўлади. Бошқаларни яхшиликка буюриб, ўзи унга амал қилмайдиганлардан бўлмайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?!” (Бақара сураси, 44–оят).

Бошқа оятда эса: “Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафратга (сабаб)дир”, дейилади (Соф сураси, 2-оят).

Ҳотамул Аъсом айтади: “Қиёмат куни инсонларга илм ўргатган ва ўзи унга амал қилмаган олимдан кўра кўпроқ ҳасрат чекувчи инсон бўлмайди. Бу тоифа олимлар илмига амал қилмагани туфайли ҳеч вақосиз қолади”.

Абдурроҳман ибн Ғанам раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен ўн нафар саҳобаи киромдан қуйидаги мазмундаги ҳадисни эшитдим: “Биз Қубо масжидида илм ҳосил қилиб ўтирган эдик, Набий алайҳиссалом ҳузуримизга кириб келдилар-да: “Қанча бўлса ҳам илм ҳосил қилаверинглар, лекин, Аллоҳ таоло у илмлардан амали бўлмаганига ажр бермайди”,  дедилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни илмига амал қиладиган олимлардан қилсин!

 

«Охирзамон уламоларининг аломатлари» китобидан

Камолиддин РАВШАН ўғли

таржимаси

Read 4767 times
Tagged under

Мақолалар

Top