Мақолалар

Кутганим Сиз, ё Расулуллоҳ

Кутиш гоҳ саодат, гоҳи муаммо,

Кўзларда баъзида йилтиллайди дур.

Бу бахтми, бахтсизлик кишига аммо,

Кимни, ниманидир кутмоққа мажбур.

 

 

Оч қолган фақирнинг кутгани емиш,

Бир бурда нон унга шоҳона таом.

У бутун роҳатни тўқликда демиш,

Бармоқча гўшт бўлса – бойлик батамом.

 

Етимлар йиғлагай ҳайитми, тўйми,

Отасини ёки онасин излар.

Ўртоғин ҳар куни бир баланд бўйли

Дадаси кўтарса, у зумда музлар.

 

Ёшлик кўчасининг бебош четида

Ошиқ маъшуқасин йўлин пойлайди.

Ишқи тўлқинланар бутун этида,

Ёрдадир хаёли, уни ўйлайди.

 

Ҳа, шундай илинж бор, умид бор, завқ бор

Кутиш фурсатидан яралгандай оҳ.

Ё қувонч яралган, билмоғим душвор,

Менинг кутганим Сиз, ё Расулуллоҳ!

 

Бутун оламларга раҳмат пайғамбар,

Ҳов етим боладек излаганим Сиз.

Келинг, бошим силанг, бир олинг хабар,

Кўзларим олдини босиб кетди ис.

 

Қорним тўқ, қалбим оч, юзим яланғоч,

Шубҳасиз, энг фақир ўзимман, демак.

Пешонамни силанг – бу менга зўр тож,

Қандайин толедир Набийдан кўмак.

 

Сизга дил боғладим, Йўл боғлолмадим!

Боғлаганим бўйи кипригимга тенг.

Муҳаббат шартини мен оқлолмадим,

Севгиси уятли муҳибингиз мен.

 

Марҳабо, руҳимнинг ҳушёр табиби,

Минг жонлар фидодир жонга келсангиз.

Битта ўтинчим бор, Аллоҳ Ҳабиби,

Кўнглимни Роббимга боғлаб берсангиз.

 

 

 

Ўзингизга боғланг, боғланг суннатга.

 

Дил ушбу истакнинг абадий қули.

 

Раҳматлар ёғдирар бутун умматга,

 

Хуш келибсиз, Ҳақнинг буюк Расули!

 

 

Ўткирбек МАДУМАРОВ

Read 4284 times

Мақолалар

Top