Мақолалар

 “Ўткинчи нафс қурбонлари: Айб йигитлардами ёки жувонларда?” мақоласини ўқиб

Дарҳақиқат, азал-азалдан ўзбек аёлларининг юзини кўриш, уларнинг гап-сўзларини эшитиш Европа тугул ўзимизнинг бегона эркаклар учун ҳам орзу бўлган. Чунки бизнинг аждодларимиз муқаддас Ислом динининг таълимотларига оғишмай амал қилган. Момоларимизнинг борига шукр, озига қаноати қилиш фазилатлари боболаримизнинг ҳалол пул топишига сабабчи бўлган. Аёл-қизларнинг орзу-ҳавасларининг ўлчовли бўлиши, эркакларнинг битта кетмон сабабли фарзандларини уйлаб, жойлашларига кифоя қилган. Ўғил уйламоқчи бўлган ота-она шаҳар кезиб ҳашаматли, баланд уйларга қараб шу уйнинг қизи бормикан деган хаёлда юрмаган. Қизига совчи келганда эса куёв боланинг машинаси, мансабини эмас, балки ақлу ҳушини, илмини суриштирган. Хуллас, биз соддачилик деб атайдиган бу урф-одатларнинг барчаси жамият учун катта фойда келтирган. Тўй қилиш осонлиги сабаб йигитлар ва қизлар ўттиз ёшга чиқиб кетмаган. Ўз вақтида никоҳланган ёшларда ҳаромга ҳожат ҳамда ортиқча бўш вақт қолмаган. Узоқ давом этган бундай соддачилик сабабли йигитлар ор-номусли, ғурурли, қизлар эса иболи, ҳаёли бўлиб тарбия топган.

Бугун эса ана шу соддаликнинг йўқолиб бораётгани барчамиз учун оғир кечмоқда. Инсониятга берилган имкониятлар, шарт-шароитлар қанча яхшилангани сайин муаммолар камайиш ўрнига янгилари чиқиб келмоқда. Бугун қанчадан қанча одамлар мазкур муаммоларга қарши курашга бел боғлаган. Ҳар ким ўз савияси, тажрибаси ва билими, соҳасидан келиб чиқиб турли хил фикрлар билдирмоқда. Айниқса, бу иш ОАВнинг энг катта вазифаларидан бирига айланиб қолди. Бугун қайси теле ёки радиоканални ёқсанг бир дорзарб мавзудаги муаммони муҳокама қилаётган “ток-шоу”нинг гувоҳи бўласиз. Муаммони муҳокама қилаётганлар ичида турли соҳа вакиллари бор. Масжид имомидан тортиб то артист ё актрисагача шу ерда. Бир тарафдан бу жудаям яхши ишга ўхшаб кўринади. Чунки Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 3-оят) деган.  Шунга кўра инсонларни дин ва миллат ривожи йўлида бирлашишлари қувонарли ҳол.

Бироқ бизга муаммони муҳокама қилиш эмас, балки унинг ечими керак. Кўрсатувга шунча одамни чақириб, уларни вақтини олиб, маблағ сарфлаб бундай “ток-шоу” ташкил қилишдан мақсад ҳам аслида муаммоларга ечим топиш. Саволлар кўп, фикрлар бисёр. Кимдир фарзандига тўғри тарбия бермаган ота-онани айбдор қилса, бошқаси мактаб ва коллеж ўқитувчисини, яна кимдир эса телефон ва интернетни айблайди. Хўш, аслида-чи? Биз ҳозир оғиз кўпиртириб ёмонлаётган оммавий маданият, фаҳш ва бузуқлик, жиноятчилик каби иллатларнинг кўпайишига ким айбдор?  Жавоб шуки: бунга барчамиз айбдормиз. Қизини бозорга олиб бориб севимли сериалининг бош қаҳрамони каби кийинтириб қайтаётган оналар, ўғли йиртиқ шим кийиб, бўйнига кресс белгисини таққанча кепкасини қийшайтириб уйдан чиқаётганда бепарволарча кузатиб қолаётган оталар, жондан азиз фарзандини никоҳ тўйи учун миллион-миллион пулларни сарфлаб, куёвлик ва келинлик сепига бир дона китоб “тополмай” қимматбаҳо телевизор ва телефонларни солаётган қудалар, меҳмонларни хурсанд қилиш учун дастурхонга турли-туман спиртли ичимликларни қўйиб, уларни “бўктириб”, кайфи ошганча даврада европа маданиятига тақлид қилиб валс тушаётган келин-куёвларни томоша қилганча қийқираётган тўй эгалари, дабдабали тўйдан катта қарз билан чиққач, “нажот” истаб, ёш келинчакни ёлғиз қолдирганча Россияга кетаётган куёвлар, ўзларининг бемаъни урф-одатлари ва латта-путталари сабаб никоҳ тўйини қийинлаштираётган аёллар, хуллас, барча-барчамиз айбдормиз,

Тан оламизми, йўқми ўзлигимизга путур етказиб бўлдик. Бу иш ниҳоятда аста-секинлик ва пухталик билан кириб келдики, бу ишларга кўзимиз ўрганди, қалбимиз бу гуноҳга рози бўлди. Бу шунчаки, замон талаби дея эътироф этила бошланди. Бошимиз деворга тегиб, панд еб, кўзимиз очилганда эса айбни атрофдан қидира бошладик, муаммолар ечимини излаб қолдик.

Жавоблар кўп, фикрлар сероб. Энг тўғри ечим – Аллоҳнинг сўзи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига қайтишдир.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақириш учун Аллоҳ таоло тарафидан Пайғамбар қилиб юборилган вақтларида Каъбатуллоҳнинг ичида уч юзу олтмишта бут-санамлар бор эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлабки ишни бутларни йўқотишдан бошламадилар. Балки инсонларга Аллоҳ таолони танитиб, Ислом динининг соф таълимотлари ҳақида тушунча бериб, уларнинг қалбларини даволашни, тарбиялашни бошладилар. Оқибатда эса кишилар ўзларининг қилаётган амалларини нотўғри эканини англагач, ўзлари ясаган бутларини ўз қўллари билан парчалаб ташладилар.

Демак, ҳар бир шахс ўзининг қўл остидаги кишиларнинг қалбларини илм ва ҳикмат билан тарбиялаб, уларга руҳий тарбия бериб қўйса, қалблари ва фикрларида гуноҳ ва маъсиятларга қарши “иммунитет” пайдо қилиб қўйса юқоридаги каби гуноҳлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, миллий қадриятларимизга зид бўлган салбий ҳолатлар учрамайди.                   

Ёрбек ИСЛОМОВ,  

  Учкўприк тумани “Шоҳ муқаддам” жоме масжиди имом ноиби

                                                                                                                                          

Read 4421 times
Tagged under

Мақолалар

Top