Мақолалар

2017 йилда “Ҳаким ат-Термизий”ни йўқлаб 600 минг сайёҳ келди

«Буюк аллома Ҳаким ат-Термизий бобомиз диний ва дунёвий илмларни чуқур эгаллаган. Маълумотларга қараганда, мутафаккир бобомиз 400 дан ортиқ асар ёзган. Уларнинг 50 дан зиёди бизгача етиб келган. «Наврўзнома» асари, айниқса, машҳур», деб ёзади ЎзА. 

Амударё бўйида жойлашган буюк мутафаккир зиёратгоҳи мустақиллик йиллари вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланди. Бу муқаддас даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Мажмуа ижрочи директори Абдураим Чориевнинг айтишича, ўтган йили бу ерга 600 мингдан ортиқ маҳаллий ва мингга яқин хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида мажмуани янада ободонлаштириш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш борасида топшириқлар берган эди. Хусусан, мақбара ички безакларини сурхондарёча услубда, шунингдек, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ва пойтахтимиздаги Минор жоме масжидида қўлланилган безаклардан фойдаланган ҳолда таъмирлаш лозимлигини таъкидлаган эди. 

Ўтган давр мобайнида бу ерда кенг кўламли таъмирлаш ишлари бажарилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, нақшинкор жило берилди, муқаддас Қуръон оятлари битилди. 

Буюк аждодимиз мангу қўним топган муқаддас гўша нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4801 times

Мақолалар

Top