Мақолалар

Унутманг, барчамиз тарбиячимиз!

Одамлар орасида барҳам топиши зарур бўлган ишлардан бири бепарволик касаллигидир. Унинг олди олинмаса, урчиб, кўпчиликни гирдобига тортади. Бепарво, лоқайд бўлиш аҳиллик, ҳамжиҳатлик каби фазилатларнинг емирилишига, турли моддий-маънавий жиноятларнинг тарқалишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: (Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар, дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!..” (Ҳужурот, 9)

Бозорларда, кўчаларда бир-бири билан жанжаллашаётганларни кўрсак, тан олайлик, кўпинча томоша қиламиз, холос. Уларни яраштириб қўйиш хаёлимизга ҳам келмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор ножўя иш қилаётганни кўрсангиз, қўлингиз билан қайтаринг, бунга кучингиз етмаса, тилингиз билан қайтаринг. Бунга ҳам имкон топмасангиз, ҳеч бўлмаса, кўнглингизда у ишга норози бўлинг, ана шу имоннинг энг заиф даражасидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Динимиз нотўғри ҳолатларга бепарво бўлишдан қатъиян қайтаради, уни иложи борича тезроқ тузатишга тарғиб этади.

Биз бу қоидаларга амал қиляпмизми? Кўча-кўйда бир-бирини уят сўзлар билан ҳақорат қилаётган болаларни кўриб, “Менга нима, менинг болам эмас-ку...” деган ўйда жимгина ўтиб кетаверамиз. Бу ишимиз хато! Чунки у сизнинг бўлмаса, қўшнингизнинг ё маҳалладошингизнинг дилбанди. Балки унга таъсирчан услубда насиҳат қилсангиз, тилга эрк бериш нотўғри эканини ширин сўз билан тушунтирсангиз, эҳтимол, бир умр ана шу сўкишни оғзига олмас. Унутмайлик, жамият ислоҳи, унинг тўғри йўлда ривож топиши замондош инсонларнинг, яъни ҳар биримизнинг турли ёмонликлар, жумладан, лоқайдликни, бепарволикни ташлаб, яхшиликлар сари нечоғлик интилишимизга боғлиқ.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 4696 times

Мақолалар

Top