Ёлғон гап… Баъзи одамлар учун бу сўз оддий ҳолга айланиб қолган. Сабаби атрофимизда шунчалик ёлғон гапириш авж олганки, биз айни дамда ёлғон гапираётганимизни сезмаймиз ҳам. Бир ёлғонимиз яшириш учун бошқа ёлғонни гапирамиз.
Натижада, ёлғонларимизнинг саноғи бўлмайди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг “ёлғончи биздан эмасдир” деган гапларини ёдимизда чиқариб қўйганмиз.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:”Мен сизларга гуноҳларнинг энг каттасини айтиб берайми?”-деб уч марта сўрадилар. Саҳобийлар:”Ё, Расулуллоҳ, айтиб беринг”, дейишди. “Аллоҳ таолога ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш”, дедилар. Расулуллоҳ ёнбошлаб ўтирган эдилар, қадларини тик тутиб:” Огоҳ бўлинг, ёлғон гап”, дедилар. Шу охирги сўзни шу қадар кўп такрорладиларки, мен “қани энди тўхтасалар эди”, дедим”. Демак, ёлғон гапириш гуноҳи кабира эканлигини юқоридаги ҳадисдан ҳам билиб олдик.
Бундан ташқари, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:” Мунофиқнинг аломатлари учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди ва омонат берса, хиёнат қилади”, дея ёлғончиликдан қайтарганлар.
Бу қаттиқ қайтарилган гуноҳнинг охиратда азоби ҳам қаттиқ бўлади. Хусусан, Пайғамбаримиз тушлари ҳақидаги ҳадиси шарифда шундай дейилган:” Сўнг орқаси билан чалқанча ётган бир кишининг олдига келдим. Тепасида темир чангак кўтарган бошқа биров турар эди. Шу пайт чалқанча ётган киши юзиниг бир томонига яқинлашди-да, юзини, бурнини ва кўзини энсасигача йиртиб ташлади. Сўнгра нима қилган бўлса шуни қилди. Бу томонидан бўшамай туриб, нариги томони тузалиб қолди. Сўнг яна у томонга ўтиб биринчи сафар қилган ишини қила бошлади. Мен:”Субҳаналлоҳ, бу нима?” деб сўраган эдим, “Юр, кетдик”, дейишди. Кейин икки фаришта Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга буни изоҳлаб беришди:”Энди, юзи, бурни ва кўзи энсасигача йиртилаётган кишига келсак, у эрталаб уйидан чиқиб, уфқларгача етадиган даражада кўп ёлғон гапирадиган кимсадир”, дейишди (Бухорий ривояти). Бу иллат туфайли биз охиратда Аллоҳ таолонинг бизга хитоб қилишидан бебаҳра қолишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:” Уч тоифа одамга қиёмат куни Аллоҳ гапирмайди, уларни гуноҳлардан покламайди, уларга раҳмат назари билан қарамайди ва уларга аламли азоб бўлади. Улар: зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағал”, дея марҳамат қилганлар (Муслим, Насоий ривояти).
Бундай катта азоб билан жазоланишимизни билиб туриб, ўз ишларимизни битириш учун ёлғон гапиришимиз мўминнинг иши бўлмайди. Агар шу ёлғонни гапирмасак ишимиз битмайди, деб ўйлайсизларми? Йўқ, хато қиласиз, чунки саҳобалар, салафи солиҳлар ҳам ёлғонсиз яшай олишган. Биз ўз зараримизга бўлса ҳам рост гапирайлик шунда Аллоҳ таолонинг ўзи ишларимизни ўнглаб қўйганига гувоҳи бўламиз. Бордию, биз кутган натижа бўлмаса ҳам бунда ҳам бир ҳикмат бўлиб, иншоаллоҳ охиратимиз учун озуқа бўлади.
Малоҳат НУРИДДИНОВА
«Хадичаи Кубро» ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати