Мақолалар

Моҳир китобхон бўлиш сиридан хабардормисиз?

Ҳафтасига 20 тадан китоб ўқиш учун тез ўқиш техникасини ўзлаштириш, курсларга қатнаш ва онлайн-тренингларда иштирок этиш шарт эмас. Мураккаб бўлмаган услубдан фойдаланиб, бошқаларга қараганда 15 марта тезроқ билим олишингиз мумкин.

Бошлаш учун нима қилиш керак

Дастлаб китоблар рўйхатини тузинг, кейин эса уларни мавзусига қараб сараланг. Бир ўтиришда бир мавзуга оид  китобларни ўқиш тавсия этилади. Бир-бирига ўхшаш мавзули бир-икки китобни қўшиш мумкин, қарама-қарши йўналишдагиларини ўқиш ярамайди. Бу амалиётнинг бошланғич босқичида қўл келмайди.

Китобларни қандай танлаш керак

Ушбу техника нон-фикшн адабиётларни ўқиш учун мос келади. Булар бизнес, шахсий ривожланиш, психология, бошқа илмий-оммабоп ва ахборот нашрларидир. Агар нима ўқишни билмасангиз, интернет тармоғида тақдим этилган ғоялардан фойдаланинг. Сизни қизиқтирган йўналишдаги форумларга киринг. Одатда у ерда адабиётлар мавзуси рўйхатлари бўлади. Энг осон усул: китоб дўкони каталогини ёки иловасини очиб,  у ердаги машҳур китобларни кўздан кечиринг. Нашриётларнинг янги, энг кўп ўқилган, энг кўп сотилган китоблар каби рўйхатлари ҳам асқатади.

Китобни қаердан олсам бўлади?

Агар уйдаги кутубхонангизда китоб бўлмаса, икки хил усулдан фойдалансангиз бўлади.

  1. Китоб дўконига бориш ва керакли мавзу мавжуд жавонни топиш

Тез ўқиш бўйича моҳир одамлар китобларни дўконнинг ўзида, тик турган ҳолда ўқишни маслаҳат беришади. Чунки айнан шу алфозда кўпроқ маълумот ўзлаштирилар экан. Агар ушбу фикрни синовдан ўтказиш истаги бўлмаса, ўтириб олишингиз мумкин. Китоб дўконларининг кўпчилигида бунинг учун ўриндиқлар мавжуд.

  1. Электрон китобларда машқ қилиш

Одатда тез ўқиш усулини амалиётда қўллайдиганлар экрандан ўқишни маслаҳат беришмайди. Қоғоз шаклидаги нашрларни тез ўқиш осон ҳисобланади. Баъзилар эса фикрга қўшилмайдилар ва электрон китобларни “ямламай ютишади”.

Китоб мутолаа қилиш имконини берадиган иловаларни юклаб олишни маслаҳат берамиз. Одатда бундай иловаларда бепул давр мавжуд бўлиб, кейнчалик тўлов миқдори бир-икки китоб нархидан ошмайди. Бир ойда 50-60 та китоб ўқисангиз, обуна нархини бемалол “оқлайсиз”.

Биринчи кун: китоблар билан танишиб чиқиш

Китоб дўконига боринг, уйдаги жавонда турган китобни олинг ёки иловадаги файлларни очинг. Биринчи кун ҳар бир китоб учун 15 дақиқа ажратинг. Баъзи китобларга 20-25 дақиқа вақт кетади, бошқалари учун эса 8-10 дақиқа кифоя.

Китобни очиб, унинг тузилишини “ўзингизга сингдиришга” ҳаракат қилинг. Мундарижа билан танишиб чиқинг, муқовасини кўздан кечиринг. Сарлавҳаларни диққат билан ўқинг. Агар аниқ маълумот ёки масаланинг ечими керак бўлса, эътиборингизни жавобни топишга қаратинг.

Қўлингизга қалам олинг ёки иловадаги ажратиб кўрсатиш мосламаси ёрдамида сизни қизиқтирган мавзуларни белгилаб қўйинг. Агар китоб дўкони ёки кутубхонада ўқиётган бўлсангиз, белгиларни ён дафтарингиз ёки иловадаги қайдлар бўлимига киритинг. Сиз учун айнан ҳозир қизиқ бўлган, олдингизга қўйилган вазифаларни ечишда ёрдам берадиган мавзуларни танланг. Ўзингизга кўпроқ маълумотни “сиғдиришга” интилманг.

Кейин 15 дақиқа мобайнида китобни бошидан охиргигача варақлаб чиқиш, сарлавҳаларни ўқиш, ҳар бир бўлимнинг асосий мазмунини англашга ҳаракат қилинг. Қалин шрифт билан белгиланган жойларни албатта ўқинг, жадвал ва рўйхатлар билан танишиб чиқинг.

Биринчи босқичдаги асосий вазифа – китобда ёзилган маълумотлар ва улар қаерда жойлашганини тушуниш.

Китобдаги фойдали ва янги нарсалар ҳамда ҳеч қандай янгиликка эга бўлмаган маълумотларни ўзингиз учун билиб олинг. Нон-фикшн жанрини кузатиб борсангиз, деярли ҳар қандай китобнинг учдан бир қисми муаллифнинг шахсий ҳаётидан олинган ҳикоялар, кўплаб мисоллар, биографик маълумотлар ҳамда иккинчи даражали деталлардан иборат бўлади. Агар қисқа вақт ичида кўпроқ китобни қамраб олиш истагида бўлсангиз, бу маълумотларни фильтрлаш керак бўлади. Диққатингизни асосий фикр, маслаҳатларга қаратиб, моҳиятни англашга ҳаракат қилинг.

Изоҳлар ёзинг

Ҳар бир китобни кўриб чиқиб, ундан олиш мумкин бўлган маълумотларни тушунгач, изоҳлар қолдиринг. Ўзингиздан олдинги китобхонлар изоҳларига ҳам бир кўз югуртиришни тавсия қиламиз – улардан янги нарсаларни билиб олишингиз мумкин.

Эътибор беринг: тўлақонли тақриз ёзишга интилиш шарт эмас, сиздан янги китобни ҳиссий баҳолаш сўралади.

Баҳолаш онгда муайян ёрлиқ яратади. Изоҳ бу сиз китоб билан таниш эканингиз, у сиз учун бегона эмаслигини англатувчи белгидир.

Эринманг, изоҳлар қолдиринг ва баҳолар қўйинг. Агар фикрингизни оммавий тарзда билдиришни истамасангиз, ўзингиз учун белгилаб қўйинг, китоб ҳақидаги шахсий фикрларингизни ён дафтарингизга ёзинг, уни 10 баллик тизимда баҳоланг.

Иккинчи кун: Энг муҳимини ўқинг

Эртаси куни маълумот миянгизга жойлашгач, китоблар билан яқинроқ танишамиз. Биринчи кундаги ҳамма китоблар ҳам иккинчи кунга ўтавермайди. Кўпинча муқова, тақриз ва сарлавҳа қизиқ, бироқ китобнинг ичида янги ва фойдали маълумот мавжуд бўлмайди. Ёки муаллифнинг услуби сизни “китобдан итаради”.

Сизга бир кўришда ёқмаган китобларни дарҳол чиқариб ташланг: илк тасаввур кўпинча алдамайди. Агар китоб ҳақиқатан ҳам фойдали ва муҳим бўлса, сиз у билан яна учрашасиз.

Танлаб олинган китобларда бизни ўзига жалб қилган ва энг қизиқ ва муҳим маълумотга эга бўлган бўлимларни ўқиймиз. Кўпчилик китобни қатъий равишда бошидан охирига қадар, боблар кетма-кетлигида ўқиш керак деб ҳисоблашади. Бу нотўғри фикр. Ўрганишга “сабрингиз чидамаётган” бобларнигина ўқинг. Энг қизиқ жойларнинг тагига чизиб қўйинг (агар дўконда ўқиётган бўлсангиз, ушбу боблар тўғрисида эсингизда қолган фикрлар, қандай саволларга жавоб топганингизни уйда ёзиб қўйинг).

Агар бу китоб сизга бутунлай қизиқ ва ундаги ҳар бир боб фойдали бўлса, уни бир четга олиб, бошидан охиригача ўқинг. Бундай китоблар жуда кам учрайди: амалиётнинг илк ойларида ойига 3-4 китоб, кейинчалик бу кўрсаткич камайиб боради.

Энг қизиқ китобларни қандай қилиб ўрганиш мумкин

Энг қизиқ ва муҳим китоб сифатида саралаб олинган китобларни бутунлай ўқиб чиқишингиз мумкин. Эслаб қолиш ва муҳим жойларини тизимлаштиришнинг яхши усули – ҳар бир боб бўйича фикрлар харитаси (mind map) ишлаб чиқишдир. Агар қоғоз билан ишлашни ёқтирсангиз, конспект ёзинг. Китоб қанчалик қизиқарли бўлишига қарамай, уни қайта ўқиманг. Ҳар бир боб учун аниқ вақт, китобни бутунлай ўқиб чиқиш учун қанча кун кетишини аниқ белгилаб олинг.

Мутолаани тугатгач, амалиётнинг илк кунига қараганда батафсилроқ изоҳ ёзинг. Ижобий ва салбий жиҳатларини бирма-бир айтинг, баҳо қўйинг.

Тажрибалардан келиб чиққан маслаҳатлар

  1. Мутолаа тўғрисидаги янглиш фикрлардан халос бўлинг

Китобни бошидан охирига қадар ўқиш мажбурий эмас. Қанча вақт кетказишингиз ва қанча варақни ўзлаштиришингиз муҳим эмас. Амалиёт шуни кўрсатадики, китоб билан 15 дақиқа давомида танишиб чиқиш онгимизда унинг барча бобларини бир ой давомида ўқишда олинганчалик маълумот қолдиради.

  1. Ўқиганларингизни барини эслаб қолиш ёки китобни ёдлаб олишга ҳаракат қилманг

Асосий мақсад – китобни ёдлаб олиш эмас, керакли маълумотни олиб, хулоса чиқаришдир.

  1. Тез ўқиш сабабли “миянгизда ғувиллаш” пайдо бўлиши қўрқинчли эмас

Енгилманг ва амалиётда давом этинг. Дастлаб ана шундай бўлади, бу ғайриоддий ёки сиз ниманидир нотўғри бажараётганингизни англатмайди. Маълумот онгингизга сингишига қўйиб беринг.

  1. Параллел равишда битта бадиий китобни секин ва мароқ билан ўқинг

Сизга завқ берадиган китобни топинг. Қизиқ бадиий адабиётни  шошилмай ўқиш — ажойиб тафовут ва мия учун хордиқ.

Икки кунлик амалиёт натижаси

Тавсияларга амал қилган ҳолда икки кун мобайнида қуйидагиларни амалга ошира оласиз:

  • 10 та  китобни кўриб чиқиш, энг яхшиларини танлаб олиш ва улар билан яқиндан танишиш;
  • асосий маълумотни ўқиб чиқиш, ҳар бир китобнинг асосий фикрини англаш;
  • энг фойдали жиҳатларини ажратиб, ўзингиз учун белгилаб олиш;
  • китобнинг тузилишини “сингдириш” ва кейинги сафар ундан осон йўналиш олиш, керакли маълумотни муаммосиз топиш;
  • ҳар бир китобдан уни бошидан охиригача, ипидан игнасигача ўқиб чиққандаги каби маълумот олиш.

Изоҳларда ойига нечта китоб ўқишингиз ва бу сонни нима учун бир неча марта ошириш истагида эканингиз ҳақида айтиб беринг.

 

Манба: kun.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4251 times

Мақолалар

Top