Мақолалар

Суғурта масаласи ва унга доир ҳукмлар

Маълумки, ҳозирги кунга келиб ривожланган мамлакатлар хўжалигида шакллантирилаётган миллий даромаднинг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, уларнинг жумласига суғурта хизматлари ҳам киради. Ҳозирги кунда молия бозорларида суғурта компаниялари ўзларининг маблағлари билан иштирок этса, жаҳон товар ва хизматлар бозорида ўз суғурта хизматларини кўрсатиш билан фаолият олиб бормоқда.

Ислом уламолари суғурта фаолияти ҳақида икки хил қарашдалар. Айрим уламолар уни жоиз деб ҳисобласалар, айримлари ножоиз деб эътироф этадилар[1]. Қуйида ҳар иккала қарашнинг далилларни ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Биринчи қараш:  Ижтимоий ва ўзаро ёрдам суғуртани жоиз дегувчи жамоалар турли суғурта битимларини ўзларига асос ва манҳаж қилиб олишди. Масалан: музораба, ижара ва шунга ўхшаш ақдлар каби.

Иккинчи қараш: Юқорида айтиб ўтганимиздек, суғурта фаолияти кейинчалик пайдо бўлганлиги туфайли илгари муомалада бўлган ва Исломнинг забардас уламолари томонидан қабул қилинган баъзи шартномаларга қиёс қилиб, ижтиҳод қилинган. Суғуртани ҳаром деб фатво берган олимларнинг фикрича, биринчидан, суғурта катта баҳс (шубҳа)га сабаб бўлмоқда, иккинчидан эса бу фаолият қиморнинг бир туридир, қиморда эса ўйинни олиб борган томон фойдани олади[2]. Суғурталанган шахс олган фойда эса фоиздир, яъни рибо.

Ҳозирда суғурта атамаси араб тилида «Таъмин» ёки «Такафул» атамалари билан юритилмоқда[3].

Аслида суғурта ақди ўзаро ёрдам, ҳамкорлик ва мурувват кўрсатиш қабилидан бўлиб, қилинган мурувват учун эваз олиниши, ахлоқий қоидаларга тескари бўлганлиги учун дуруст бўлмайди[4].

Қонуний нуқтаи-назардан жорий қилинган ўзаро ёрдам суғурта келишуви жамият орасида ҳар бир шахсга нисбатан бир-бирини қўллаб қуватлаш ҳамкорлиги асосида бўлиши, бир шахс бошқасини, бир жамият иккинчи бир жамиятнинг устидан пул ишлаб олишга қурилмаган бўлиши керак. Қонун нуқтаи-назаридан ўзаро ёрдам маъноси жамиятдаги кишилар моддий манфаатларни бир-бири билан улашиш, бир шахс берган нарсани иккинчи шахсдан жавобгарлик суратида қайтариб олиши устидан пул ишлаши ёки шеригининг молини хатарга қўйиш мутлақо мумкин эмас.

Тижорий суғурта ақди эҳтимолий келишув ёки ёлғон келишувлардан ҳисобланади. Чунки зарар қанча бўлишини ёки қанча тўланишини ҳечким билмайди. Ёки биринчи йил суғурта бадали қанча бўлади, ёки иккинчи йил қанча бўлади буни ҳам ҳечким билмайди. Чунки Суғурта ақди рўй бериши эҳтимолий бўлган зарарларнигина қоплайди. Уни устига зарар ўрни омонлик ўрни эмас, чунки суғурта ақди омонда бўлиб турган хатарни рўёбга чиқарадиган эҳтимолни устига қурилади. Мана шу кўринишдаги суғурта ақди ё пул ишлаб олишни ёки зарарни икки тарафга нисбатан рўёбга чиқаради. Яъни,  суғурталанувчи қопланадиган зараридан кўп маблағ ишлаб олиши  натижасида суғурта компанияси  кўп зиён кўриши мумкин. Ёки аксинча бўлиши мумкин[5].

Бу баҳсимиз суғурта ақди ва унинг суратларини шарий қоидаларидан иборат бўлиб, исломий шаръий ҳукумлар асосида бўлади.

Таовуний суғурта, тижорий суғуртадан қуйидаги хусусиятлари билан ажралиб туради:

  1. Тўлиқ табаррўъ ва молини фидо қилишга қурилган тўғри маънодаги таовунни рўёбга чиқаради ва бунда барча иштирокчиларга тақсимланади, чунки бу доира ичидаги ҳар бир киши бир-бирини суғурталаб, ўрни келганда ундан фойда ҳам олади.
  2. Такофул асосини воқеликга айлантириш – бундай кўринишдаги суғурта хатарларни олдини олиб зарарларни камайтиради. Натижада зарарни тўлиқ ёки қисман кўринишда қоплайди.
  3. Иштирокчиларнинг тўлов бадаллари уларни моддий имкониятидан келиб чиқиб ўзгариб туради.

Чунки таовуний суғуртада бир вақтнинг ўзида ҳам суғурталовчи ва суғурта қилувчи бўлиб талаб қилинган муштарак бадал йиллик хатар ва ҳодисаларнинг тури ҳамда миқдорига қараб кўпайиб ёки камайиб туриши мумкин.

Тижорий суғурта эса хатарларни кам ё кўплигини ҳамда инсонларни моддий ҳолатини ҳам инобатга олмасдан бир хил бадал жорий қилади[6].

Таовуний ва Табодулий асосга кўра суғуртани тадбиқ этиш учун такофул ёки исломий суғурта деб номланган ташкилотларни ташкил этиш лозим бўлади.

Бу ташкилотлар фаолият юритиши учун қуйдаги муҳим вазифаларга асосланади:

  1. Суғурта ташкилоти томонидан тасдиқланган низомга асосан суғурта учун алоҳида ҳисоб рақам очилиши.
  2. Суғурта хисоб рақами суғурта ташкилоти томонидан кўрсатилган лойиха ва низомларга мувофиқ ташкил этилиши, ва суғурталанувчилар шу хисоб рақамга суғурта қилинадиган улушларини хайрия йўлига кўра беришлари талаб қилинади.

Мазкур хисоб рақамдан лойихада кўрсатилган шартларга мувофиқ суғурталанувчиларга эвазларни беришини амалга оширади.

  1. Суғурта ташкилотининг ўзи эса бу ҳисоб рақамга эгалик қила олмаслиги, ҳамда ушбу ҳисоб рақамдан тўланган эвазларнинг мустақил фойдасини ҳисоб-китоб қилиб бориш вазифасини юклайди.

Бу ҳисоб-китоблар суғурта ташкилотининг бошқа ҳисоб китобларидан алоҳида бўлиши керак. Суғурта ташкилотига кўрсатилган хизматлари учун  ҳақ тайинланади.

Лекин баъзи суғурта ташкилотлари кўрсатилган хизматларини эвазсиз амалга оширишлари ҳам мумкин.

  1. Суғурта ташкилоти ҳисоб рақамидаги пулларни шаръий  музорабага асосан сармояга беришини ташкил эта олади. Ўзи эса музориб сифатида қатнашади. Ҳисоб рақам эса сармоячи сифатида иштирок этади.
  2. Суғурта ҳисоб рақами ўзининг маблағини суғурталанувчилар кўпайиши билан кўпайтиради. Ва суғурта ташкилоти музораба асосида киритган сармоясини кўпайиши билан ҳам ҳисоб рақамдаги маблағлар ҳам кўпаяди.

Шартларга мувофиқ суғурталанувчига эвазлар берилганидан кейин ортиб қолган маблағлар суғурта фоизи деб номланади. Олинган фойда низомда кўрсатилган лойихаларга мувофиқ суғурталанувчига тақсимлаб берилади[7].

Кафолатли суғурта ташкилотлари билан тижорий суғурта ташкилотлари орасида асосий фарқлар қуйидагилардан иборат:

  1. Тижорий суғурта ташкилотларидаги ҳисоб рақамлар шерикчилик молларидан алоҳида мустақил ажратилиб қўйилмайди. Суғурталанувчи берган бадалларнинг барчаси суғурта ташкилотини ҳисобига ўтиб кетади.

Кафолатли суғурта ташкилоти ундан фарқли ўлароқ суғурта ҳисоб рақамлари суғурта ташкилоти ҳисоб рақамидан алоҳида ажратилган бўлади ва унга эгалик ҳам қилмайди.

  1. Тижорий суғурта битими суғурталанувчи ва суғурта ташкилоти ўртасида эвазли битим ҳисобланади. Ва суғурталанувчи шартномада кўрсатилган бадални суғурта ташкилотига тўлайди. Суғурта ташкилоти эса суғурта маблағини шартномада кўрсатилган шартларга асосан ўз маблағидан қоплаб боради.

Аммо кафолатли суғурта шартномалари эса суғурталанувчилар суғурта ташкилоти ҳисоб рақамига хайрия қилган бадаллари ҳисобадан кўрсатилган шартларга мувофиқ эвазли хайрияларни амалга оширишади.

  1. Бадалларнинг сармоясидан ҳосил бўлган барча фойдага суғурта ташкилоти эгалик қилади. Бунда суғурталанувчи ҳеч қандай фойдага эга бўлмайди. Аммо суғурта ташкилотлари суғурта маблағларига ҳаққи борлиги ёки суғурта қилинган зарарларни эваз пайтида олган бадалларига суғурта битимини амалга оширгани сабабли эга бўлади.  Кафолатли суғурта ташкилоти эса сармоядан тушган маблағларга ўзи эгалик қилмайди.  Бу фойдаҳам суғурталанувчиларни ҳисоб рақамига ўтади.
  2. Тижорий суғурта ташкилоти суғурталанувчиларга суғурта фоизидан хеч қандай ҳиссага эгалик ҳуқуқини бермайди. Балки барча фоиз ташкилотники бўлиб, аслида  суғурта амалиётидан кўзланган максад ҳам шу фоиз пулларидир. Аммо кафолатли суғурта ташкилотларида эса фойдани ҳаммасига ҳисоб рақам эгалик қилади, ва буни барчасини ёки маълум қисмини суғурталанувчиларга таксимлаб беради[8].

Хулоса: Таовуний суғурта – ижтимоий ёрдамни бир кўриниши ҳисобланиб, бунда моддий қийновсиз барчага ўз имкониятидан келиб чиқиб мажбурланмаган ҳолда инсонларни барча тоифаларига қулай шароит яратиш учун жорий этилган. Молиявий имкониятлари чекланган кишилар ҳам унга ҳиссаларини қўшиши, зарурат туғилганда ундан фойдаланиши ҳам, натижада адолат, биродарчилик ҳамда ижтимоий таъминот мужассамлашади.

Манбалар асосида

 Тошкент ислом институти

талабаси

Музаффар ЖЎРАЕВ

тайёрлади

[1] [1] Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-205.

[2] Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг “Ал-Муъамалотул-молийятул-муъасиро” — 2002

[3] [3] Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-188.

[4] Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг “Ал-Муъамалотул-молийятул-муъасиро” — 2002.

[5] Ибн Абу Шайба. Китобул кафолат. Ж. 7. – Риёз: Мактабатур рушд, 2004.

[6]  Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-192.

[7]  Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-192.

[8]  Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоя фиқҳийя муъасира”. Дамашқ. Дорул-қалам -2009 й. Ж-2. Б-21. С-193.

 

Read 5103 times

Мақолалар

Top