Ибратли ҳикоялар

Усмон қудуғи

Усмон розияллоҳу анҳу бадавлат савдогар эдилар. Табук ғазотида мусулмонларнинг қўшинини тўлиқ қуроллантирган киши ҳам Усмон розияллоҳу анҳу эдилар. Ибни Исҳоқ  раҳматуллоҳи алайҳ: “Усмон табук жангчиларига шунчалик кўп пул сарфладиларки, ҳеч бир киши у зот баробарида пул сарфлаган эмас”, деб ёзади. Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг ҳужраларига минг динор пулни олиб келиб сочиб юборганлар, 950 та туя ва 50 та от ҳадя қилиб олиб келганлар.
Расулуллоҳ ҳазратлари бундай саховатларини кўриб:

— Усмон бу иши билан асло зарар қилгани йўқ, —  деганлар. Кейин эса:

 — Кимки ночор аскарни қуроллантирса ва рум қудуғини сотиб олиб мусулмонларга ҳадя қилиб юборса, у кишига жаннат насиба бўлади, — деб башорат қилдилар.

Бир яҳудий рум қудуғининг сувини сотиб фойдаланарди. Усмон розияллоҳу анҳу мазкур қудуқнинг ярмини 20 000 танга ва юзта ёш туя баробарига сотиб олдилар. Мусулмонлар ўзларига белгиланган муддатда келиб ушбу қудуқ сувидан олиб кета бошладилар. Ҳеч ким яҳудийнинг сувини олмай қўйди. Буни кўриб яҳудий қолган ярмини ҳам жуда арзон нархга сотиб юборади. Мазкур қудуқнинг ҳаммасини сотиб олганларидан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу мусулмонларга Аллоҳ йўлида ҳадя қилиб юбордилар.

Ўша қудуқ ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, 1400 йилдан ортиқ давр мобайнида мусулмонларни ширин сув билан таъминлаб келмоқда. Қудуқ атрофида масжид ва хурмо боғи мавжуд. Бу қудуқ ҳозирда “Усмон қудуғи” деб аталади.

манба: kamolon.uz

Read 3641 times

Мақолалар

Top