Мақолалар

Ноёб ҳайвон – окапи

Окапи – Марказий Африканинг тропик ўрмонларида, хусусан, Конго демократик республикасида яшайди. Танасининг узунлиги 2 ярим метр, баландлиги 1 ярим метр, вазни 230 кг атрофида.

Бу ҳайвон кўринишидан отни эслатади, оёқлари ва орқа томонларида зебраникига ўхшаш чизиқлар, танасининг ўрта қисми ёввойи эшакка, боши жирафаникига ўхшайди. Ўзи жирафасимонлар оиласига мансуб. Бўйни жирафаникидан қисқароқ. Танасининг чизиқсиз жойидаги ранги тўқ жигарранг. Жирафага ўхшайдиган яна бир томони тилининг узунлигидир. У узун тили орқали юзини ювиши ва дарахт баргларини юлиб олиб ейиши мумкин.

 Қулоқлари катта бўлиб, душман хавфини узоқдан сезишига ёрдам беради. Инсон учун заҳарли бўлган баргларни окапи ея олади.

Ҳомиладорлик даври 440 кун атрофида бўлиб, боласи 14-30 кг оралиғида туғилади ва она сути билан озиқланади. Одатда боласи 6 ой эмади. Баъзан бу муддат 1 йилгача чўзилиши мумкин.

Урғочисининг танаси эркагининг танасидан каттароқ. Тутқунликда 30 йилгача яшаши мумкин. Аммо табиат қўйнида қанча яшаши маълум эмас.

Бу ҳайвон фанга 1901 йилда маълум бўлди. Британиялик Гарри Жонстон исмли тадқиқотчи, табиатшунос Африка қитъасида изланиш олиб борган пайтда ушбу ҳайвонни кашф этган. У бундан ташқари қушларнинг 100 дан ортиқ турини, сут эмизувчи ва умуртқасиз жонзотларни кашф этган.

Ҳозирги кунда дунёнинг кўпгина давлатларидаги ҳайвонот боғларида ушбу ҳайвонни учратиш мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَاللَّهُ خَلَقَ كُلَّ دَابَّةٍ مِن مَّاء فَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى بَطْنِهِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى رِجْلَيْنِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى أَرْبَعٍ يَخْلُقُ اللَّهُ مَا يَشَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

“Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир” (Нур сураси, 45-оят).

 

 

Интернет материаллари асосида

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

тайёрлади.

Read 3955 times

Мақолалар

Top