Мақолалар

Динимиз шиори – тинчлик

Инсоният тарихини ўқисак, барча асрларда ва маконларда турли хил урушлар бўлиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Ҳайрон қоладиган томони шуки, инсоният тараққиёт зинасидан кўтарилиб боргани сари, ер-ҳудудларини кенгайтириш, кучсиз давлатларни мустамлака қилиш ва ўзгаларнинг бойликларини ўзлаштириш мақсадида уларнинг маҳорати ҳам ошиб, қурол-яроғи ва вайрон қилиш усуллари ўзгариб, такомиллашиб борган.

Ислом динимизнинг қанчалар улуғ дин экани унинг ўз номига муносиб тинчлик дини эканида намоён бўлади. Ислом дини инсониятни барча соҳада, жумладан, илм, ахлоқ, иқтисод, маданият, ижтимоий ва сиёсий жабҳада энг олий даражага олиб чиқди. Ислом – тинчлик дини. У урушдан кўра тинчликни устун қўядиган дин.

Қуръони каримда тақводор мўминлар мурувватли, шафқатли, муросали, ўзаро тинчликда ҳаёт кечирадиган бандалар васфи билан васф қилинган:

وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْنًا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَامًا

“Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон сураси, 63-оят)

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири ҳам “Салом”, яъни, тинчлик бахш этувчидир.

هُوَ اللَّهُ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْمَلِكُ الْقُدُّوسُ السَّلَامُ الْمُؤْمِنُ

“У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчидир. …” (Ҳашр сураси, 23-оят).

Аллоҳ таолонинг тақводор бандаларига розилик сўзи ҳам салом яъни, тинчлик-омонлик сўзидир.

وَالسَّلَامُ عَلَى مَنِ اتَّبَعَ الْهُدَى

 “Ҳидоятга эргашганларга салом (омонлик) бўлур” (Тоҳа сураси, 47-оят).

Мусулмон кишиларнинг ўзаро кўришиши ҳам саломдир. Яъни, бир бирига тинчлик сўраб дуо қилишдир.

وَإِذَا جَاءَكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِآَيَاتِنَا فَقُلْ سَلَامٌ عَلَيْكُمْ

“Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: “Сизларга салом (саломатлик)!..” (Анъом сураси, 54-оят).

Ҳар бир мусулмон намоз ўқиётиб ташаҳҳудда тинчлик сўраб қуйидагича дуо қилади:

Эй Набий, сизга салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин!. Бизга ҳам салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин!”.

Сўнгра ҳар бир намозхон намозини салом бериш (яъни, тинчлик-омонлик сўраб дуо қилиш) билан тамомлайди.

Мусулмон уммати пайғамбарига салавоту саломлар (яъни, тинчлик-омонлик) билан дуо қилишади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз! (Аҳзоб сураси, 56-оят).

Динимизда ўзга кимсанинг уйига келган киши ҳам салом беришга, яъни, уй аҳлига тинчлик-омонлик сўраб дуо қилишга буюрилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз (Нур сураси, 27-оят).

Охиратдаги мўминларнинг диёри ҳам Дорус-саломдир, яъни, тинчлик диёридир.

لَهُمْ دَارُ السَّلَامِ عِنْدَ رَبِّهِمْ

“Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир” (Анъом сураси, 127-оят)

Ислом дини аввал бошданоқ динга гўзал мавъиза ила даъват қилган. У халқларни тинчликка чақирган. Мушриклар ва диннинг душманлари эса урушдан бошқа нарсани исташмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларнинг азиятларига сабр қилганлар. Мушрикларнинг туғёни ва адовати зиёда бўлиб бораверган. Шу сабабдан мусулмонлар билан мушриклар ўртасида баъзи урушлар бўлиб ўтган. Мусулмонлар бу урушларда динининг кўрсатмасига кўра ўзларининг жонлари, ақидалари ва тинчликка чақирувчи динларини ҳимоя қилиб урушганлар. Агар уруш қилишдан ўзга чора қолмаган бўлса, Ислом дини мусулмонларни кучли бўлишга, тахт туришга буюрган:

وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدُوَّ اللَّهِ وَعَدُوَّكُمْ

“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни қўрқувга солган бўлурсиз” (Анфол сураси, 60-оят).

Ислом дини кириб борган ҳудудлар аҳолисига ўз динларида қолиш учун имкон берган. Уларни Исломга мажбуран киритмаган. Аллоҳ таоло пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилган:

لَسْتَ عَلَيْهِمْ بِمُسَيْطِرٍ

“Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз” (Ғошия сураси, 22-оят).

ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ … 

“(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл сураси, 125-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари йигирма йил Қурайшдан азият чекдилар. Макка фатҳ бўлганида Пайғамбар алайҳиссалом Қурайш қабиласига қараб: “Сизларга нима қилишимни биласизларми?” деб сўрадилар. Улар: “Сиздан фақат яхшилик умид қиламиз, сиз олийжаноб инсонсиз, олийжаноб инсоннинг фарзандисиз”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бораверинглар, сизлар озодсизлар”, дедилар (Ас-Сийра ан-Набавийя. Ибн Ҳишом).

Хулоса қилиб айтганда, динимиз тамомила тинчлик дини экан.

 

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом-ноиби

 

Read 3529 times

Мақолалар

Top