Мақолалар

Барака омиллари

Яқинларимиз даврасида ўтирганимизда, суҳбат асносида, уларнинг на уйқусида, на ишида, на вақтида, на пулида барака борлигидан шикоят қилаётгани қулоққа чалинади.

Ушбу мақолада барака нима ва уни қаердан топиш ёки қандай ҳосил қилиш мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз

Барака нима?

Олимлардан бири бундай дейди:

“Барака кам нарсада бўлса, уни кўпайтиради, агар кўп нарсада бўлса, фойда келтиради. Аллоҳ таолога ибодат қилишда барака бўлиши  бу – энг муҳим нарсадир”.

Барака манбалари

Барака йўқолган хазина эмас, у доим биз билан бирга, кўз ўнгимизда. Бу хазина бизнинг ҳаракатимизни кутмоқда. Ҳозир бараканинг баъзи манбаларини санаб ўтамиз. Бу кенг қамровли рўйхат эмас, аммо у буюк хазина ҳақида етарлича тушунча бера олади, деган умиддамиз.

1. Яхши ниятли бўлинг.

Агар барака бўлишини истасангиз, доимо яхши ният қилинг. Бараканинг таърифига яна бир назар ташлар эканмиз, биз қилган ва қиладиган ишларимизни Аллоҳ таоло истамас экан, унда барака бўлмаслигига амин бўламиз.

2. Аллоҳ таолога тақво қилинг.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آمَنُواْ وَاتَّقَواْ لَفَتَحْنَا عَلَيْهِم بَرَكَاتٍ مِّنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ وَلَـكِن كَذَّبُواْ فَأَخَذْنَاهُم بِمَا كَانُواْ يَكْسِبُونَ

“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик”. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин) (Аъроф сураси, 96-оят).

3. Аллоҳ таолога таваккал қилинг.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْراً

Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйган(Талоқ сураси, 3-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий ишонч билан тақво қилсангиз, У зот сизга қушларга бергани каби ризқ беради. Эрталаб бўшашиб, тушдан кейин тўқ қорин билан қайтиб келасиз” (Имом Аҳмад, Имом Насоий, Имом ибн Можа, Ҳаким Термизий).

4. Қуръони карим ўқинг.

Бу барака фаввораси. Аммо биз ундан камдан-кам ичамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

وَهَـذَا كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ مُّصَدِّقُ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَلِتُنذِرَ أُمَّ الْقُرَى وَمَنْ حَوْلَهَا وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالآخِرَةِ يُؤْمِنُونَ بِهِ وَهُمْ عَلَى صَلاَتِهِمْ يُحَافِظُونَ

Бу, Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирарлар. Ва улар намозларини муҳофаза қиларлар”. (Уммул Қуродан  мурод Маккаи мукаррамадир. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган. Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи «Байтуллоҳ» бор.) (Анъом сураси, 92-оят)

Шундай қилиб, Қуръон ўқинг ва Аллоҳнинг неъмат ва баракаларидан баҳраманд бўлинг.

5. Кўпчилик билан бирга овқатланинг.

Баъзида озиқ-овқат қанчалик кўп бўлмасин, келаётган меҳмон учун камдек туюлади. Ҳадисда шундай дейилган:  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишини тўйдирадиган овқат уч кишига кифоя қилади ва уч киши тўядиган овқат тўрт кишига кифоя қилади”, дедилар (Ал Жоме Ас Саҳиҳ, 3-жилд, 10-боб, 987-жавоб).  Кўпчилик билан овқатланишдан барака ҳосил бўлади.

6. Савдода ҳалол бўлинг.

Ёлғончи ва фирибгар одамлар савдони самарали қилмайди, савдо-сотиқдаги баракани қочиради. Ҳаким ибн Хизом розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сотувчи ўз молининг айбини яширса ва олувчи ҳам ғирромлик қилса (яъни, сотувчи ва олувчи бир-бирига ғирромлик қилса), ундай савдода барака бўлмас! Агар сотувчи ва олувчи бир-бирига рост гапирса, бир-бирини алдамаса, бундай савдода барака бўлур!” дедилар” ( Ал Жоме Ас Саҳиҳ, 2-жилд, 20-боб, 24-жавоб). Бирор нарсани сотишда савдогар учун ҳалол бўлиш қийиндек кўринади, лекин Аллоҳга ишонинг, имонингизни сақланг. Шунда олган ва сотган нарсангиздан барака топасиз. 

7. Доимо дуода бўлинг.

Ишингизни баракасини сўраб Аллоҳга дуо қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барака сўраб Аллоҳга дуо қилганлар. Бировнинг уйига таклиф қилинганингизда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилишингизни таклиф қиладилар: “Эй Аллоҳим, уларга берган нарсаларингни мағфират қил, гуноҳларини кечир, ишларига барака бер”.

8. Ҳалол даромад топинг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар, Аллоҳ яхши, шунинг учун фақат яхши нарсаларни қабул қилади”, дедилар. Олимларнинг аниқлашича, бунда ҳалол даромад ва унинг аҳамиятига ишора қилинган. Олимлардан бири шундай деган экан, ҳаром еган киши Аллоҳга итоатсизлик қилган бўлади, ҳалол еган ва ҳалол даромад излаганнинг ишида барака бўлади ва оёқлари чаққон бўлади. Бу гаплар олимга ёш кишиларнинг сакраши қийин бўлган ариқдан кекса кишининг сакрагани ҳақидаги ҳикояни эс солибди. Айтишича, бир кекса одам шундай ариқдан сакрабди, одамлар буни қандай уддалаганини сўрабди. Шунда у: ”Биз ёшлигимизда оёқ-қўлларимизни гуноҳлардан сақлаганмиз, шунинг учун улар чаққон”, деб жавоб қилибди.

9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилинг.
Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб яшасангиз, ишингизда барака бўлади. Суннатлардан намуналар: ўнг қўл билан овқатланиш, овқатланишдан олдин ва кейин қўл ювиш, байрам намозига чиқиш ва бошқалар. Ер юзидаги энг муборак инсоннинг ҳаётига тақлид қилиш ишингизнинг баракасини оширади.

10. Истихора намозини ўқинг.

Ҳар бир масалада Аллоҳга таяниб, истихора намозини ўқиб, натижасини Аллоҳдан кутиш бараканинг асосий омилидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам истихора намозини ўқиш бизга тўғри қарор қабул қилишда ёрдам беришини айтган. Аллоҳ ўзидан йўл-йўриқ сўраган ва иймондошларга маслаҳат берган, Аллоҳнинг қарорида собит қолган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай деган:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир”. (Аллоҳ таоло ушбу амр ила Пайғамбар алайҳиссаломни қалби кенгликда, мулойимликда – кишиларни атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айблар ўтган бўлса хам, мусулмонларни афв этишга буюрмоқда) (Оли Имрон сураси, 159-оят).

11. Аллоҳга шукр қилинг.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Шукр қилинг, сизларга кўпроқ яхшиликларни зиёда қилурман”. Аллоҳ таоло шукр қилган кишига яхшиликларни ваъда қилади.

12. Муҳтожларга ёрдам беринг.

Бир ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Эй, одам боласи, садақа беринг, шунда мен сизларга бераман”. Турмуш тарзингиз ёмон аҳволга тушиб қолса, уйингиздан барака чиқиб кетса, нима қиласиз? Ҳаётингизни изга тушуриб олишнинг энг яхши йўли садақа беришдир. Садақа берсангиз гуноҳларингиз ювилади, барака келади, яхшиликларингиз кўпаяди. Балки биз хайр-садақа бериш ва уни Аллоҳ зиёда қилиб қайтаришини яхши тасвирлаб бера олмагандирмиз. Хоҳласангиз ўзингиз синаб кўринг!

13. Эрта уйғонинг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган: “Аллоҳ таоло умматларига эрталабки вақтларни баракали қилган”. Эрта уйғониш кунингизни баракали қилишда муҳим ўрин тутади. Эрта уйғониб, таҳажжуд намозини ўқинг, бомдод намозигача ўз ишларингизни қилиб олинг, чунки бу соатлар жуда баракали бўлади. Шунда кун бўйи дам олишга вақтингиз ҳам бўлади.

14. Турмуш қуринг.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

وَأَنكِحُوا الْأَيَامَى مِنكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِن يَكُونُوا فُقَرَاء يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир) (Нур сураси, 32-оят).

15. Аллоҳдан мағфират сўранг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳдан мағфират сўраса, ҳар қандай ташвишдан қутулиши учун ёрдам ва кутилмаганда ризқ беради”.

Умид қиламизки, бу рўйхат сизга ишингизни баракали қилишда ёрдам беради. Барчамизнинг уйимиздан барака кетмасин, қилган ҳамма яхши ишиларимиз баракали бўлсин! Омин!

 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

 

 

Read 6259 times

Мақолалар

Top