Ибратли ҳикоялар

Оммавий маданият

Мустақилликнинг илк даврларида Ғарб мам­лакатлари олийгоҳларининг бирида ўқиётган ўз­бек йигити бир хонадонда ижарада турарди. Хонадонда кекса қария ва кампирдан бошқа ҳеч ким турмас, болалари қайсидир шаҳарда яшар, йилда бир-икки келиб хабар олса олар, бўлмаса ўшанга ҳам вақт топиша олмасди. Уларникида яшаб, уларга ўз фарзандидек бўлиб қолган ўзбек йигитининг одоби, хизмати, кексаларга ҳурматини кўриб ажабланишар, юрти ҳақида сўрашар эди. Бир куни қариялар:

– Ўғлим, сенинг одобинг, юриш-туришинг, муомаланг жуда ўзгача-да, юртинг ҳақида яна батафсилроқ сўзлаб бер, – деб илтимос қили­шибди.

– Мен Ўрта Осиёнинг Ўзбекистон деган дав­латиданман, деб ўзбек халқининг тўй-томоша, байрам ва урф-одатларини тўлқинланиб гапи­риб берибди йигит.

Унинг мамлакатига берган таърифидан оғзи очилиб қолган чол-кампир:

– Ажойиб! Яна ота-онага ҳурмат, қариндош­лар билан оқибат қандай? – деб сўрабдилар.

Йигит ота-онага ҳурмат, қариндошлик, бор­ди-келдилар ҳақида янада тўлқинланиб гапирибди.

– Бу гапларни эшитган қария, сен бизнинг юртга нима мақсадда келдинг ўзи? – деб сўради. Бу саволдан ажабланган йигит:

– Ғарб технологияси, илми ва айниқса, сиз­ларнинг миллий маданиятингизни, халқин­гиз­нинг урфларини ўрганиб, халқимга етказ­моқ­чи­ман.

– Асло ундай қилма, бизнинг илмимизни хоҳлаганингча ол, техникамизни ўрган, аммо урф ва маданиятимизни халқингга олиб бор­ма, – дебди.

– Нимага? – деди йигит.

– Ҳар бир халқнинг ўз урф-одати ва мада­ни­яти бор. Бизнинг маданият, менталитети­миз ўзи­мизга мос. Кўриб турибсан, бизда қарин­дош-уруғ­чилик йўқ, бўлса ҳам жуда оз қолди. Гоҳо қизи­мизнинг турмушга чиқиб кетганини, ўғлимизнинг оила қуриб, фарзандли бўлгани­ни бировлардан, газеталардан билиб қоламиз ёки қизимиз телефон орқали хабар беради. Ҳаётимиз ниҳоятда зерикарли, кексайиб кучдан қолсанг, қариялар уйига кетасан, набиранг ёки фарзандингни соғинасан, улар келса, яхши, лекин келишмаса-чи. Уларни соғиниб, умринг ўтиб кетади. Бизни кўришга фарзандларимиз­нинг вақтлари йўқ. Ишни баҳона қилишади. Биз­дан кўра футболни кўпроқ яхши кўришади. Биз­ларга бир сўм сарфлашмай, рес­торан, казино­ларга минг-минглаб сарфла­шади. Сен шу мадани­ятни, шу ҳурматни хал­қингга ўргатмоқчимисан? Майли яна қайтараман, технология, тараққиёт омилларига тегишли қанча илмни ўргансанг ўрган, аммо оммавий маданиятимизни юртингга олиб борма. Агар айт­ганларимга амал қилма­санг, бир кун бу ишинг учун пушаймон бўласан! Кексайиб ёлғиз қолганингда, унсиз йиғлайсан! Гапингга қараганда, Ўзбекистон тўйларида ош­лар берилиб, қудалар, қариндошлар яхши ва ёмон кунларида бир-бирининг ҳолидан хабар олар экан. Фарзандлар ота-онасини ҳурмат қилиб, хизматларини қилишаркан, ака-ука, опа-сингил бир-бирига оқибатли экан. Одамлар теле­фон қилмасдан меҳмонга бораркан, бу нақадар улуғ бахт. Бу бахт­ни асло қўлдан чиқарманглар, – деди қария.

Азизлар! Ҳа, бизда дунёда йўқ урф-одат­ларимиз, гўзал одобимиз бор. Буларни Ғарбнинг оломон маданиятига аралаштириб, ўзлигимиз­ни йўқотиб қўймайлик. Ҳозир ёшларимиз бизни айблашлари мумкин, аммо ўзлари кексалик ёши­га етишса, суянчиқсиз, ёрдамчисиз ёлғиз қолишса, беморлигида ҳеч ким ҳолидан хабар олмаса, шароити бўлса-да, қариялар уйида етти ёт бего­наларнинг гоҳ ширин, гоҳ аччиқ сўзларидан диллари оғриса, ўзимизнинг гўзал маданият, миллат ва ўзаро оқибатни қўмсаб ҳўнг-ҳўнг йиғлайдилар. Шу боис ўзимизнинг миллий либос, маданият ва маърифатимизни асло қўл­дан чиқармайлик.

“Қасамини бузган қиз” китобидан

 

 

Read 5499 times
More in this category: « Чаён Савоб »

Мақолалар

Top