muslim.uz
Ҳаж зиёратчиларининг биринчи автобуси
Бундан 86 йил аввал Макка ва Мадинага зиёратчиларни ташиш учун илк бор автобусдан фойдаланилган. Ўшанда туя ва хачирлар ўрнини босувчи биринчи транспорт воситасининг фото сурати чоп этилган.
Ушбу катта бўлмаган автобуслардан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидлари ва бошқа қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварга етиб олишда фойдаланилган.
Халқаро алоқалар бўлими
Насронийлар ҳам рўзадор
Муборак Рамазон ойида Ироқда маҳаллий насронийлар мусулмонлар билан биргаликда бир ҳафта давомида рўза тутдилар. Халдо-Католик черкови руҳонийси Луис Рафаэл Сако мусулмонларга хайрихоҳлик билдириб, рўзани бирга тутишни таклиф қилда шундай деди.
“Насронийлар кун бўйи ўзларини ейишдан тийиб, шу вақтларини Ироқ ва Бутун дунёда тинчлик ҳукм суришини сўраб ибодат қилишга сарфлашлари керак. Рўза тутиш ва ибодат қилиш мўъжиза келтиради. Насронийлар бу ҳақида яхши биладилар”.
Насронийлар фақатгина рўза тутиш, ибодат қилиш билан чекланиб қолмадилар. Халдо насронийлари Ал – Фалужа қочоқлари эҳтиёжи учун 50 минг доллар миқдорида ёрдам пули йиғдилар.
6 миллион кишига виза
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазирлигининг ахборот маркази Рамазон ойининг 15-куни - 2016 йил 21 июнь кунига қадар умра ибодатини бажариш учун Саудия Арабистонига келган зиёратчилар сони 5 888 986 нафарга етгани ҳамда яқин кунлар ичида умра визасини олган зиёратчиларнинг 6 миллион нафарга етишини маълум қилди.
Халқаро алоқалар бўлими
“ИШИД”нинг навбатдаги фитнаси
Яқинда интернет сахифаларида Ироқ ташқи ишлар вазири Иброҳим ал-Жафарий Ал-Фаллужа шаҳридаги “ИШИД” террорчилик гуруҳи ҳукумат қўшинларининг ҳужумини кутган ҳолда Қуръон китоблари ичига портловчи қурилмалар қўяётганини маълум қилди.
Бу билан террорчилар дунёдаги барча кишиларга ўзларининг аслида ким эканлигини очиқ - ойдин кўрсатишди. Агар уларнинг қалбларида Ислом динига озгина бўлса ҳам хурмати бўлганида эди бунчалар паст кетиб, Парвардигори олам нозил қилган илохий китоб, Қуръони каримни таҳқирламаган бўларди. Бу билан ўз-ўзидан равшанки, террочиларнинг асосий мақсади ислом динини ҳақоратлаш, одамларни Қуръондан четлаштириш холос. Бугунги кунда одамлар террорчи гурухларнинг ислом дини хақидаги кўр-кўрона чўпчакларига эмас, балки Қуръони каримни тафсирларини ўқиб, илохий китобнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланганлигини англаб етмоқдалар. Бу борада юртимиздан етишиб чиққан олиму-уламоларимиз , қолаверса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, шайх Абдулазиз Мансур хамда мархум шайх Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф хазратларининг тафсирлари бебаҳо манбадир. Яқинда тақдимоти бўлган “Дунё уламолари мурожати” китобида терроризм ва экстремизмнинг бугунги кунда инсониятга таҳдиди қанчалик хавфли эканлиги таъкидланиб, бутун дунёнинг забардаст уламолари томонидан Қуръони карим ва сахих хадислар асосида дин душманларига кучли раддиялар келтирилдики, ушбу далилларни инкор қилишнинг асло иложи йўқ.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни шундай огоҳлантиради: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида, 32). «Бошқа бировни ўлдирмаган ва бузғунчилик қилмаган» одамни ўлдирган киши бутун инсониятни ўлдиришга тенг улкан гуноҳни қилган бўлади. Мутлақо равшанки, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган террорчиларнинг гуноҳи бениҳоядир.
Аллоҳ таоло иймон эгаларига оқибат, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг ғирт аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Рус анархизми асосчиси Михаил Бакунин ва унинг ғоявий шогирди Сергей Нечаев «рисоладаги» террорчи образини шундай таърифлаганлар: «Идеалдаги террорчи – мавжуд қонуний тартиб ва барча маданиятли дунё билан, унинг қонунчилиги, ахлоқи ва бошқа институтлари билан ҳамма алоқаларини узган кишидир... Унинг учун фақат битта фан – йўқ қилиш, қириб ташлаш фани мавжуд». Бу сўзлар террорнинг мудҳиш қиёфасини тўла-тўкис очиб бериши билан бирга, унинг инсонларга муҳаббат, тинчлик-осойишталик, диний бағрикенглик олиб келувчи Ислом ақидасига мутлақо зид эканига гувоҳлик беради.Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади ва ана шу гуноҳкор дўзахнинг даҳшатли азобларига мангуга дучор бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди.Албатта,унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур” дедилар. Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган ушбу ҳадисда кофир бўлса ҳам,инсон жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди.
Ҳадиси шарифда “муъоҳид”-аҳдномаси бор ғайридинни ўлдиришнинг оқибати қандоқ бўлиши ажойиб ўхшатиш ила васф қилинган. Демак бегуноҳ инсонларни умрига зомин бўлиб, жиноят содир этган одам жаннатга кириш у ёқда турсин жаннатни ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Аслида Парвардигорининг берадиган жазоси ва азобларидан қўрқувчи чин иймон эгалари бундай ёвузликка ҳар қандай ҳолатда ҳам қўл урмайдилар. Бугунги кунда дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим террорчи гуруҳлар,аслида ҳавойи нафслари учун эканлиги беш қўлдай аён. Террорчилар ўзларининг ҳавойи нафсларини амалга ошириш учун манқуртга айланган ёшлардан, онги захарланган аёллардан ва хеч нарсага ақли етмайдиган болалардан худкуш-камикадзе сифатида фойдаланмоқда. Қаранки муқаддас Қуръони карим китобини ичига портловчи қурилмалар қўйиб, илохий китобни хам бегунох инсонларнинг умрига зомин бўладиган қуролга айлантирмоқда. Бу ваҳшийлик фақат ақл-идрок ва виждонидан маҳрум бўлган, иймоннинг ҳақиқий мазмунини англашда қаттиқ адашаётган, Қуръоннинг илоҳий даъватини билмайдиган, онги ўзгалар томонидан нафрат ва аламзадалик орқали бошқариладиган ва кенг миқёсдаги тескари ташвиқот таъсирига тушиб қолган кимсаларнигина қўлидан келади.
Хулоса ўрнида “ИШИД” фитнаси китобидаги “Адашган йигит изтироби” номли мақоладаги Ватанини ушалмас орзу-хавасга сотмоқчи бўлган фуқаронинг афсус-надомат билан айтган сўзини бугунги кунда иккиланиб юрган ёшларимизга ўрнак учун келтириб ўтмоқчиман: “Азиз юртдош-тенгдошларим... Эҳтиёт бўлинг, ислом динини ниқоб қилиб олган кимсалар алдовига учиб,адашиб қолманг.Шундай тинч юртимизнинг қадрига етинг. Дунёда ҳеч бир жой ўз уйи-ўлан тўшагидай бахт, хотиржамлик, ҳаловат бахш этолмаслигини асло эсдан чиқарманг”.
М.Абдусаитов, Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби в.б.
Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусейннинг Имом Бухорий мажмуасига ташрифи
2016 йил 22 июнь куни Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусейн бошчилигидаги тўққиз кишилик делегация Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Олий тоифали меҳмон дастлаб, ҳадис илмининг султони, Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этиб, у кишига бўлган юксак эҳтиромини билдирди.
Сўнг мажмуа тарихи билан танишиб, унинг мустақилликдан олдинги ва кейинги ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни диққат билан тинглади. Айниқса, сўнги йилларда олиб борилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари борасида илиқ фикрлар билдирди. Дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибордан беҳад шодланган Мамнун Ҳусейн ҳазратлари мажмуани зиёрат қилар экан, маҳобатли мақбарани, серфайз ҳовлию, салобатли масжидни кўриб, Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди. Кўплаб уламоларга бешик бўлган Ўзбекистон диёри бугун ҳам Ислом дини ривожига ҳисса қўшиб, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин топиб бораётганини таъкидлади.
Юқори мартабали меҳмон мажмуадаги тарихий чинорлар остида мажмуанинг ташриф китобига ўзининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди ва масжид имомига Қуръони карим китобини совға қилди.
Зайниддин Эшонқулов,
Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби
Рўза ва қалб хотиржамлиги
Рўзани бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Рамазон тунларини бедор ўтказишни суннат қилган зот Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.
Бугунги тараққиёт етиб бўлмас даражада ривожланаётган бир даврда, барча кўпроқ мол-дунё тўплаш ва ҳожатдан ортиқча ҳашаматли иморатлар қуришга берилиб кетмоқда. Баъзилар яхши яшаш ва фаровон ҳаёт кечириш энг олий мақсад деб ўйлайдилар. Ундан бошқа меҳр-оқибат, таълим-тарбия, хулқ-одоб, қариндош-уруғчилик, қўни-қўшничилик, ажр-савоб, яхшилик, эзгулик каби қалбни хотиржам қилиб, дилни хушнуд қиладиган инсониятнинг маънавий ҳаёти улар учун иккинчи даражалидир. Зеро инсон ҳаётида энг олий неъмат қалб хотиржамлигидир. Баъзи кимсалар хотиржам яшаш даъвосида кунни тунга улаб, кунлари тинмай, тунлари ухламай, бир чақа фойдани деб ёру дўсти, қон-қариндоши ҳатто ака-укаларидан алоқани узиб, молу-дунё йиғмоқдалар. Аслида хотиржамлик шундами? Минг машаққатлар ва ҳаёт ташвишларини рўкач қилиб, бола-чақа баҳонасида тўпланган бойлик ва мол-дунё бир зум хотиржамлик беролмаётгани ҳаммага маълум. Бугун ривожланган мамлакатларда аксар одамлар баланд иморатлар ва кўп мол-дунёга эгалар, лекин уларда хотиржамлик йўқ. Улар бирозгина хотиржам бўлиш, ухлаб хордиқ чиқариш, ором олиш учун турли хил дори воситаларидан фойдаланишлари ҳеч кимга сир эмас. Бекаму кўст яшаш, фаравон ҳаёт кечириш, осон пул топиш илинжида тинч ва осуда юртини ташлаб ўзга юртларга кетаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Натижада хотиржам фаравон ҳаётга эришиш қолиб, соғ-саломат ўз ватанларига қайтишлари сўроқ остида қолмоқда. Мол-дунёнинг кўплиги, уйларни ҳашаматли бўлиши инсонни моддий эҳтиёжини қондиради. Хотиржамлик эса, инсон маънавиятига боғлиқдир.
Хўш хотиржамлик нимада? Хотиржамлик қаерда? Ким хотиржам? Инсон нима қилса, қалби хотиржам, дили хушнуд, ички дунёси фараҳ ва сурурга тўлиб, жисми роҳатланади? Бу саволларга жавобни муқаддас динимиздан, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан топиш мумкин.
Рамазон раҳмат ва мағфират ойидир. Рамазонда мўмин-мусулмонларнинг қалблари хотиржам бўлади, руҳлари таскин топади, жисмлари роҳатланади. “Нима учун шундай?” деган савол туғилиши табиий ҳол. Чунки бу ойда исёнкор жинлар ва шайтонлар занжирбанд қилинади, рўза тутилади, Қуръони карим хатм қилинади. Бу ойда Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони карим хатм қилинади. Аллоҳ таолониниг раҳмати, мағфирати ва мўминларга бўлган фазли, жаннатниниг васфи, ажр-савобларниниг ваъдаси ҳақидаги Қуръон оятларини эшитган мўминларнинг қалбига сукунат-хотиржамлик кириб, раҳмати буюк Зотга муҳаббатлари зиёда бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
“Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд, 28).
Имом Муқотил ушбу оят тафсирида: “Аллоҳнинг зикридан Қуръони карим ирода қилинган”, дейди. Инсон қалбига ором бахш этиб, сукунат ва хотиржамлик бердиган буюк омил Аллоҳ зикридир. Аллоҳ таолони эслаб, тафаккур қилган, берган неъматларига шукрона тарзида ибодат ва Қуръони карим тиловати билан машғул бўлган банда қалбига илоҳий хотиржамлик ва ором берилиши ояти каримада зикр қилинмоқда. Бугунги кунда мустақиллик шарофати билан юртимиз масжидларида хатми Қуръонлар бўлмоқда, унда Каломуллоҳни эшитиб, барча қалблар хотиржам, диллар ором олмоқда, десак муболаға бўлмайди. Рамазон ойида шундай хайрли иш бўлгани учун ҳам у бошқа ойлардан фазилатлидир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қлинади: “Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминнинг дунёдаги машаққати, ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни ғам-ташвишдан халос қилади. Ким қийналган одамнинг oғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратдаги oғирини енгил қилади. Ким мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратдаги айбини беркитади. Инсон ўз биродарога ёрдам бераркан, Аллоҳ таоло ҳам у бандасига ёрдамчидир. Ким илм излаб бир йўлдан юрса, Аллоҳ таоло у учун жаннатга бўлган йўлни енгил ва осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳ таолониниг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳ таолонинг Китобини ўқисалар ёки ўзаро дарс қилсалар, уларга тинчлик ва хотиржамлик тушиб, раҳмат қамраб олади. Фаришталар уларни ўраб оладилар. Аллоҳ таоло уларни ўз даргоҳидагилар олдида зикр қилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қалб хотиржамлигига етишиш омилларини санаб ўтдилар. Ҳақиқий хотиржамликкка эришмоқчи бўлганлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига амал қилсин. Мўмин-мусулмонга ёрдам қилиш, оғирини енгил қилиш, айбини ёпиш Аллоҳ таолонинг каломини ўқишдек қалбга ором бахш этади. Келинглар хотиржамлик ва оромни Аллоҳ таоло буюрганидек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таълим берганларидек қидирайлик.
Инсон Рамазонда рўза тутиб, бир неча соатлар оч қолади. Натижада жисми маълум миқдорда очлик сабабидан заифлашади. Жисмдаги заифлик инсонни турли-туман нарсаларга йўрғaлаш, дунёнинг арзимаган матосига югуриб-елиш кабилардан тўсади. Инсон еб-ичиш билан бир қаторда маънавий жиҳатдан ҳам мукаммал рўза тутиб, ғийбат, кўз зиноси, чақимчилик, ҳаёсиз сўзлар, бахиллик ва ҳасад каби иллатлардан сақланса, у ҳақиқий хотиржамликка эришиб, қалби сурур ва фараҳга лиммо-лим тўлади.
Аллоҳ таоло ушбу Рамазон ойида қалбларимизга хотиржамлик, ором, сурур ва фараҳни мукаммал қилиб берсин. Ушбу хотиржамликни йил давомида бизларга ҳамроҳ қилсин ҳамда икки дунё соадатига эриштирсин.
Баҳриддин ПАРПИЕВ