www.muslimuz
БАҚАРА СУРАСИ, 259 ОЯТ
أَوۡ كَٱلَّذِي مَرَّ عَلَىٰ قَرۡيَةٖ وَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلَىٰ عُرُوشِهَا قَالَ أَنَّىٰ يُحۡيِۦ هَٰذِهِ ٱللَّهُ بَعۡدَ مَوۡتِهَاۖ فَأَمَاتَهُ ٱللَّهُ مِاْئَةَ عَامٖ ثُمَّ بَعَثَهُۥۖ قَالَ كَمۡ لَبِثۡتَۖ قَالَ لَبِثۡتُ يَوۡمًا أَوۡ بَعۡضَ يَوۡمٖۖ قَالَ بَل لَّبِثۡتَ مِاْئَةَ عَامٖ فَٱنظُرۡ إِلَىٰ طَعَامِكَ وَشَرَابِكَ لَمۡ يَتَسَنَّهۡۖ وَٱنظُرۡ إِلَىٰ حِمَارِكَ وَلِنَجۡعَلَكَ ءَايَةٗ لِّلنَّاسِۖ وَٱنظُرۡ إِلَى ٱلۡعِظَامِ كَيۡفَ نُنشِزُهَا ثُمَّ نَكۡسُوهَا لَحۡمٗاۚ فَلَمَّا تَبَيَّنَ لَهُۥ قَالَ أَعۡلَمُ أَنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ٢٥٩
259.Ёки таг-туги билан вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётганни кўрмадингизми? У: "Аллоҳ бу харобани қандай жонлантираркин?" деди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнг тирилтириб: "Қанча ётдинг?" деди. У: "Бир кун ё ундан ҳам озроқ ётдим", деди. "Йўқ, юз йил ётдинг, таом ва ичимлигингга қара, бузилмаган, энди эшагингни кўр. Бу сени одамларга ибрат қилиш учун. Суякларни қандай тиклаб, уларга гўшт қоплашимизни кўр", деди. Булар аниқ бўлгач: "Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини билдим", деди.
Бу воқеа Узайр алайҳиссалом билан содир бўлган эди. Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун унинг жонини олди ва эшагини ҳам ўлдирди. Кейин юз йил ўтказиб тирилтирди. Узайр алайҳиссалом анжир ва шароби бузилмай турганини, лекин миниб келган эшаги ўлиб, чириб кетганини кўрди. Аллоҳ таоло Узайр алайҳиссалом кўз ўнгида эшагига жон ато этди, уни миниб янги тикланган шаҳарга кирди. Бу воқеани кўриб, ҳамма ҳайратда қолди. Узайрнинг ўзида ҳам мушоҳада илми пайдо бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодирлигига яна бир бор имон келтирди.
АҚШдаги Оқ уйда Қуръон тиловат қилган биринчи қори
Шайх, қори Маҳмуд Халил Хусорий 1917 йилнинг 17 сентябрида Миср Араб Республикасининг Ғарбия вилоятидаги Тонто шаҳрида жойлашган Шибра ан-Намла қишлоғида таваллуд топди. Унинг отаси бўйра тайёрлаб сотарди. Бўйрани арабчада “хасир” дейишади. Шунинг учун у кейинчалик «Хусорий» тахаллуси билан машҳур бўлди.
Маҳмуднинг болалик ва ёшлик йиллари отасига тирикчилик ишларига ёрдам бериш билан ўтди. Орада Қуръони каримни ёд олишни бошлади ва саккиз ёшидаёқ мураттаб қори бўлиб етишди. У Тонтодаги диний маъҳадда таълим олди. Сўнгра “Ал-Азҳар” университетининг Қуръон илмлари факультетига ўқишга кириб, Қуръони каримни ўн хил қироатда тиловат қилиш услубини мукаммал ўрганди.
Маҳмуд Халил Хусорий бошқа Қуръон ҳофизларидан қуйидаги саккиз йўналишда энг кучли, етук ҳофизи Қуръон эканлиги билан ажралиб турарди:
- У 1961 йилда биринчилардан бўлиб Қуръони карим тиловатини Осимдан ривоят қилинган “Хафс” қироатида тўлиқ ҳолда ўзининг овозида аудиотасмага ёздирди.
- 1964 йилда биринчилардан бўлиб Қуръони карим тиловатини Нофеъдан ривоят қилинган “Варш” қироатида тўлиқ ҳолда ёздирди.
- 1968 йилда биринчилардан бўлиб Қуръони карим тиловатини Қолун ва Абу Амр ал-Басрийдан ривоят қилинган “ад-Дурий” қироатида тўлиқ ҳолда аудиотасмага ёздирди.
- 1969 йилда Қуръони карим тиловатидан дарс ўқитиш (Қуръон муаллими) услубида тўлиқ ҳолда тиловатини аудиотасмага биринчи бўлиб ёздирди.
- 1975 йилда йилда Қуръони карим тиловатини тафсири билан тўлиқ ҳолда ўз овозини лента тасмасига биринчи бўлиб ёздирди.
- 1977 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Қуръони каримдан тиловат қилиб берган биринчи Қуръон ҳофизи саналади.
- 1978 йилда Лондондаги Қироллик қасрида Қуръони каримдан тиловат қилиб берган биринчи Қуръон ҳофизи саналади.
- АҚШдаги Оқ уйда Қуръони каримдан тиловат қилиб берган биринчи Қуръон ҳофизи ҳам саналади.
Қуръони каримни тажвид қоидаларига биноан комил қилиб, хуш овози билан тиловат қилиши Маҳмуд Халил Хусорийни бутун дунёга машҳур қилиб юборди. У 1944 йили Миср радиоси ташкил этган қорилар танловида икки юз нафар қори ичида биринчи ўринни эгаллади ва жаҳоннинг энг кучли қориларидан бири эканини исботлади.
Шайх Маҳмуд Халил Хусорий Қуръон ҳофизи бўлибгина қолмади, тинимсиз изланишлар, чуқур тадқиқотлар эвазига Қуръони карим ҳомилига, яъни, Қуръонни ёддан ўқиш билан бирга маъноларини тушуниб, уни ҳаётга татбиқ этувчи, унга амал қилувчи етук шахсга айланди.
1961 йилда Миср Араб Республикасининг собиқ президенти Жамол Абдуносир томонидан "Миср қорилари шайхи" деган буюк унвон берилди.
1965 йили шайх ҳазратлари Миср Вақф ишлари вазирлигига Қуръони карим масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасига тайинланди.
1967 йилда Қуръони карим соҳасида илмий-тадқиқот ишлари учун у кишига “Қуръон фанлари доктори” деган унвон берилди.
Машҳур қори Маҳмуд Халил Хусорий кўплаб Ислом ўлкаларига ташриф буюриб, ўша мамлакатлар мусулмонларининг Қуръони карим билан боғланишларини мустаҳкамлаш, Илоҳий каломни тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш ҳамда қорилар тайёрлаш ишларида уларга холисона кўмаклашди.
Қуръон ҳофизи Маҳмуд Халил Хусорий 1980 йил 24 ноябрда вафот этди. Вафотига қадар 55 йилга яқин Қуръони карим илмлари соҳасида фаол хизмат кўрсатди. Унинг Қуръони каримни дунёга ёйиш соҳасидаги хайрли ишларини бугунги кунда Миср ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларидаги юзлаб шогирдлари давом эттиришмоқда.
Илёсхон АҲМЕДОВ,
Халқаро алоқалар бўлими ходими.
БУГУН СОАТ 20:15 ДА ОНЛАЙН ДИНИЙ САВОЛ-ЖАВОБ БЎЛИБ ЎТАДИ
?Бугун, 25 февраль куни
кечки соат ⏰ 20:15 да (Тошкент вақти билан),
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирди, Тошкент ислом институти катта устози МУҲАММАД АЙЮБ ДОМЛА ҲОМИДОВ билан диний савол-жавоб дастурининг навбатдаги сони бўлиб ўтади.
Қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали савол-жавоб дастурини тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!
Facebook: https://fb.me/e/16XQgnj2Y
You tube https://youtu.be/3TAfN-JQWRE
Instagram: https://www.instagram.com/muslimuzportali/
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Қорақалпоқ эли муфтий ҳазратларининг жума суҳбатларидан мамнун бўлди
Бугун муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Нукус шаҳридаги марказий “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида жамоатга мавъиза қилиб, жума намозини ўқиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари йиғилганларга бугунги кунда диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, Қорақалпоғистон диёрида амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар ҳақида сўз юритиб, буларнинг барчасига шукр қилиш кераклигини таъкидладилар. Айниқса, қозиёт фаолияти ривожланиб бораётгани, масжид-мадрасалар обод этилаётгани ва мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжларини таъминлаш йўлида барча шарт-шароитлар ҳозирланаётганини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, маъруза давомида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳаётлигида қадрига етиб, дуоларини олиш кераклигини сўзладилар. Яхшилик қилишни улардан бошлаш зарурлигини ояту ҳадислар билан тушунтирдилар.
Амри маъруф якунлангач, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жамоатга жума намозини ўқиб бердилар. Сўнг юртимиз тинчлик-осойишталиги, Ватанимиз равнақи ва жамоат ҳақида хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
НУКУС ШАҲРИДАГИ 250 НАФАР МЕҲРГА МУҲТОЖ КЎНГИЛЛАРГА МУРУВВАТ ҚИЛИНДИ
Нукус шаҳридаги 250 нафар жисмоний ногиронлиги бўлган, бемор, қаровсиз қолган 18 ёшдан 80 ёшгача бўлган аёллар яшаб, даволанаётган “Мурувват” аёллар интернатига Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ташриф буюрдилар.
Бу ердаги аёлларга ўндан ортиқ шифокорлар ғамўрлик қилиб, саломатликларини тиклашга ёрдам бермоқдалар.
Ташриф давомида муфтий ҳазратлари мазкур муассасада хотин-қизларга яратиб берилган шарт-шароитлар билан танишиб, улар билан суҳбатлашдилар. Шунингдек, уларнинг қўл меҳнати билан ясаган буюмларини кўздан кечириб, юқори баҳо бердилар.
Эътироф этиш керакки, мана шундай аёллар учун барча масъулиятни давлатимиз ўз зиммасига олгани ва астойдил парвариш қилаётгани таҳсинларга лойиқдир.
Бундан бир неча йил олдинги "Мурувват" уйи билан ҳозиргисининг орасида осмон билан ерча фарқ бор. Бугун аёллар учун бу ерда ҳамма шароит муҳайё этилган. Улар кашталар тикишмоқда, буюмлар ясашмоқда, бўш вақтларини эса турли фойдали ишлар билан ўтказишмоқда.
Ташриф сўнггида хотин-қизлар учун эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тарқатилди ва уларнинг ҳаққига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати