Ўзбекистон янгиликлари

НУКУС ШАҲРИДАГИ 250 НАФАР МЕҲРГА МУҲТОЖ КЎНГИЛЛАРГА МУРУВВАТ ҚИЛИНДИ

Нукус шаҳридаги 250 нафар жисмоний ногиронлиги бўлган, бемор, қаровсиз қолган 18 ёшдан 80 ёшгача бўлган аёллар яшаб, даволанаётган “Мурувват” аёллар интернатига Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ташриф буюрдилар.

Бу ердаги аёлларга ўндан ортиқ шифокорлар ғамўрлик қилиб, саломатликларини тиклашга ёрдам бермоқдалар.
Ташриф давомида муфтий ҳазратлари мазкур муассасада хотин-қизларга яратиб берилган шарт-шароитлар билан танишиб, улар билан суҳбатлашдилар. Шунингдек, уларнинг қўл меҳнати билан ясаган буюмларини кўздан кечириб, юқори баҳо бердилар.

Эътироф этиш керакки, мана шундай аёллар учун барча масъулиятни давлатимиз ўз зиммасига олгани ва астойдил парвариш қилаётгани таҳсинларга лойиқдир.
Бундан бир неча йил олдинги "Мурувват" уйи билан ҳозиргисининг орасида осмон билан ерча фарқ бор. Бугун аёллар учун бу ерда ҳамма шароит муҳайё этилган. Улар кашталар тикишмоқда, буюмлар ясашмоқда, бўш вақтларини эса турли фойдали ишлар билан ўтказишмоқда.

Ташриф сўнггида хотин-қизлар учун эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тарқатилди ва уларнинг ҳаққига дуолар қилинди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1520 times

Янгиликлар

Top