muslim.uz

muslim.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат, у зотни кўриш шавқи са­ҳоба­лар, тобеинлар, мужтаҳидлар, солиҳлар қалбларини тўлиқ эгаллаб олган эди. Чунки Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни зулматдан нурга, жаҳолатдан маърифатга олиб чиққан ҳидоят пайғамбаридирлар.

Битиклардан қуйидаги­ларни ўқий бошладим:

Амр ибн Ос розийал­ло­ҳу анҳу: “Мен учун Ра­су­луллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламдан севим­ли­роқ бирор киши йўқ”, де­ганлар.

Абда бинти Холид ибн Сафвон отаси ҳақида айта­ди: «Отам Холид ўрнига ётишдан олдин Расулуллоҳ сол­лал­ло­ҳу алайҳи ва салламга, му­ҳожир ва ансорлар­дан ибо­рат у зотнинг асҳобла­рига шав­қини айтар, уларни номма-ном санаб: “Улар менинг иф­тихорим. Уларга қалбим талпинар. Соғинч азоби қий­наяпти. Ё Раббим, тезроқ ҳузурингга чорла”, дер эди».

Буюк тобеин Зайд ибн Аслам айтади: “Умар розий­аллоҳу анҳу кечаси одамларнинг аҳволларини кузатиб юрганларида, бир уйда ёниб турган чироққа кўзлари тушди. Қарасалар, бир кампир жун титиб: “Муҳаммадга яхши бандаларнинг саломи бўлсин. Пок­лар, яхшилар у зотга салавот айтадилар.

Сиз кечалари ибодат билан қоим бўлар, саҳарлари кўз ёш тўкар эдингиз.

Ё Аллоҳ, кошкийди мен билан Ҳабибим бир ҳовлига жамлансак!” деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутар эди. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу йиғ­лай бошлади...

...Шу жойга етганда ўқиш­ни тўхтатдим. Очиғи, ўқи­ёлмадим. Ўзимнинг ким­ли­гимни чуқурроқ англаб етиш учун хаёлга толдим...

Наҳотки, Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қўйганларнинг мингдан бир муҳаббати менда бўлмаса.

Наҳотки, Пайғамбари­миз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу даражада узоқ­лашиб кетдим. Наҳот­ки, қал­бим муҳрланган бўлса...

Наҳотки, у зотдан энг узоқ, у зотга муҳаббатсиз уммат бўлсам. Охиратда у зотга умматлик даъвосини қилиш учун менда нима бор?..

Наҳотки...

Бундай саволлар кў­пайгани сари ўзимдан, эз­гу ишларим камлигидан уялиб кетяпман...

Ё Аллоҳ, Ё Карим, Ўзинг паноҳингда асра! Ҳиммат ато эт...

Миршавкат ТЎЙЧИЕВ,

Паркент тумани

“Беш капа” жоме масжиди

имом-хатиби

 

“Ҳидоят” журналининг 9-сонидан олинди

Ҳадис: “Динда чуқур кетганлар ҳалок бўлди!” (еттинчи қисм)
 
Иккинчи: ғулувга кетиш ва мафкуравий худбинлик

Ибни Ҳишомнинг “Сийратун набавийя” китобида келтирилади: “Амр ибни Ос  розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Қурайшийлардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга энг кўп етган нарса уларнинг адовати бўларди. Бир куни уларнинг катталари Ҳажарул асвад олдида тўпланиб ўтирганида мен ҳам шу ерда эдим. Улар шу тобда Расулуллоҳни эслаб қолдилар ва: “Биз бирор одамнинг ишига Муҳаммадга сабр қилганчалик сабр қилмаганмиз. Ахир у бизни ақлсиз деса, аждодларимизни адашган деса, динимизни айблаб, илоҳларимизни ҳақорат қилса, жамоатимизни бўлиб ташласа?! Ҳа, биз етарлича сабр қилдик” деган гапларни сўзлар эдилар. Шу пайтда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам келиб қолдилар. У зот рукни ямонийни истилом қилдилар, кейин Байтуллоҳни тавоф қила бошладилар. Ҳар гал уларнинг олдидан ўтганларида улар ўзаро кўз қарашлар билан нималардир имо қилар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам буни сезиб турганларини юзларидан билиб турар эдим. Расулуллоҳ иккинчи бор айландилар. Қурайшийлар яна ишора қилди. Учинчи бор айландилар. Қурайшийлар яна шу ишни такрорлашди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни олдида тўхтаб: “Эй Қурайш раислари, эшитмадиларингми, нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, мен сизларни сўйиш учун келганман”, дедилар.”

Биз жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати санияларидан яхши биламизки, у зот Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшаган пайтларда ҳам ҳатто бошқа бирор ғазотларда ҳам асло бу каби ишларни қилмаганлар. Ҳеч кимни Исломга киришга мажбур ҳам қилмаганлар.                                                                                                                  
Энди Расулуллоҳнинг: “Мен сизларни суйиш учун келганман” деган сўзларини ёлғон дейиш ҳам жоиз эмас. Аллоҳ асрасин, у зоти шариф ҳақларида ундай фикрлашнинг ўзи гумроҳлик ва Қуръони каримга хилофдир.

Бундан бизга маълум бўладики, у ерда Расулуллоҳ қурайшийларга бугунги экстремистлар қўллаётган ҳақиқий сўйиш ва хунрезликлар билан таҳдид қилмаган эдилар. Балки бу хитоблари Каъбани тавоф қилаётган  пайтларида сурбетларча халақит қилаётган калондимоғ қабила раисларига муносиб ҳикматли жавоблари ва сиёсатлари эди. Чунки Расулуллоҳ нафақат ўша пайтда, балки Ислом қувват олиб, мусулмонларни адади кўпайиб, ҳатто бутун Арабистон ҳудуди мусулмонлар қўлига ўтган пайтларда ҳам асло бу каби ишларга қўл урмаган эдилар. 

Бугун турли экстремистик гуруҳлар амалга ошираётган ишларини кўриб уларни китоб ва суннати мутаҳҳарадан қанчалар хабарсиз, жоҳил эканига амин бўласиз. Наҳотки улар ҳақиқий даъват бошқалар билан ўзаро маданий алоқалар ўрнатиш, ҳамжиҳат яшаш, Ислом даъватини фақат мумкин бўлган услубий ёндашувлар орқали етказиш эканлигини тушунмайдилар?! Ахир динимиз бизга бошқаларни мол-мулки ва иззат-нафсига тажовуздан тийилишни ўргатмайдими?

Юқорида айтиб ўтилган фикрларни келтиришимизни асосий сабаби, турли экстремистик тўдалар томонидан мусулмон бўлмаганларнинг қонини ҳалол деб эътиқод қилинишидир.  Бу эса ғулувга кетиш ва фикрий тажовузкорлик ҳисобланади.  Бу ҳолат жамиятга юзланаётган энг хатарли омиллардан бири. Ғулув ва мутаассиблик жамият аъзолари учун зарур бўлган мўътадилликнинг аксидир. Ҳолбуки,  мўътадиллик Ислом умматининг  асосий хусусиятлардан бири ҳисобланади.  

Мўътадиллик ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Шунингдек биз сизларни ўрта уммат қилдик”.  (Бақара, 134).

Васатия, яъни мўътадиллик сифати тўлиқ яхшилик сифати бўлиб, қиёматгача ислом умматининг ўзига хос хусусияти бўлиб қолажак.

Аммо бугунги экстремистик жамоалар ҳам ўз иддаоларига китоб ва суннатдан далиллар келтиради. Жумладан:

“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан “жизя” бермагунча, жанг қилинг”  (Тавба, 29).

Уларнинг фикрича ушбу ояти карима кофирларни оммавий қирғин қилишга ундайди. Улар бу каби ояти карималар айнан Расулуллоҳ кофирлар билан уруш ҳолатида турганларида ва жанг майдонидаги шароитда нозил бўлганини эътиборга олмайдилар. Шунингдек, бундай мутассиб жамоалар ақлий ва фикрий далил ҳужжатларни ҳам қабул қилмайдилар. Агар улар масалага  соғлом фикр билан ёндашсалар эди Аллоҳ таолонинг:           

“Роббингни йўлига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват этгин. Улар билан энг гўзал услубда баҳс юритгин”, (Наҳл, 125) деган ҳукмига ёки: 

“Динда мажбурлаш йўқ. Дарҳақиқат тўғри йўл нотўғри йўлдан ажради” (Бақара, 256) каби оятларини бузиб талқин қилмас эди. Улар бу каби ояти карима ва ҳадиси шарифларни муфассир уламолар ва муҳаддислар услуби билан ўрганганларида эди ақлини банд қилган бугунги зулматлардан халос бўлар ҳамда ғайридинларни ўлдиришдек манфур ишга қўл урмас эдилар.


Улар бу жоҳилликлари билан яна Расулуллоҳни “Башорат беринглар, нафратлантирманглар” деган тавсияларини ҳам бузмоқдалар. 

Сийратни қараб чиқсак, Расулуллоҳнинг бирор киши билан  хусуматлашиб юрганларини  тополмаймиз. Бу сўзимизга қарзини талаб қилиб келган яҳудий қиссаси ёрқин мисол бўлади. У одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб шундай қўполлик қилдики, ҳатто Умар розияллоҳу анҳу унинг бўйнига қилич тортиб юборай дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Эй Умар, биз сени бошқача йўл тутишингни истар эдик. Сен менга қарзимни чиройли ўташимни, уни эса чиройли муомалада бўлишини тайинла. Эй Умар, у билан бориб унинг қарзини қайтаргин. Кейин унга таҳдид қилганинг учун устига 20 соъ қўшиб бер”, дедилар. 

Агар биз Расулуллоҳни суннатларига, саҳобаи киромларни йўлларига тобе бўлсак, уларнинг барчасида бағрикенглик ва  мўътадилликка чақириқ, ғулув ва тажовуздан йироқ бўлишни учратамиз. 

Бундан ташқари пурмаъно ояти карималар мазмун-моҳиятини тушуниб етишдаги мутаассиблик, Исломнинг ғайридинлар билан ўзаро гўзал алоқалар ўрнатишга қаратилган таълимотларига эътибор бермаслик, динимизнинг бир қанча кўрсатмаларига нисбатан эътиборсизлик ва енгилтаклик ҳисобланади.
Улар ҳар томонлама чегарадан чиқиб кетдилар.   

Расулуллоҳ бир сўзларида “динда чуқур кетганлар ҳалок бўлди”, деган эдилар.

Имом Нававий ушбу ҳадиси шарифни изоҳлаб, динда чуқур кетиш – сўзда ва амалда ҳаддидан ошмоқ, чегарадан чиқиб кетиш, деб изоҳлайдилар.

 

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан Тоҳир Воҳидов таржимаси

 

Ҳаж мавсуми келса, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдаги танишларини тўплаб, бирга ҳаж қилишни илтимос қилар эди. Улар рози бўлгач, «Пулларингизни олиб келинг», дер эди. Пуллар келгач, ҳаммасини бир сандиққа солиб, қулфлаб қўяр эди.

Кейин Марвдан Бағдодга етгунча уларга инфоқ-эҳсон қилар, энг яхши таом ва ширинликларни олиб берарди. Бағдоддан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарлари – Мадинага етиб боргунча ҳам кўп мурувват кўрсатар эди.

Сўнг шерикларининг ҳар биридан: «Оилангиз Мадинадан нима олиб келишингизни буюрган?» деб сўраб олар, Маккага бориб, ҳаж қилганларидан кейин ўша нарсаларни уларга сотиб олиб берарди. Маккадан чиқиб, то Марвга қайтиб келгунча ҳам йўлда улардан эҳсонини аямас, ҳатто уйлари ва эшикларини таъмирлатиб берар эди.

Уйларига етиб бориб, ўрнашганларидан уч кун ўтиб, ҳаммасига катта зиёфат берар, кийимлар совға қилар эди. Дастурхондаги нарсалардан тановул қилишса, беҳад хурсанд бўлар эди. Зиёфат тугагач, ҳажга кетишдан олдин қулфланган сандиқни очиб, исми ёзилган ҳамёнларни эгаларига қайтариб берар эди.

"Солиҳлар гулшани" китобидан

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин БАҲАУДДИНОВ билан суҳбат.

 

– Ассалому алайкум, муҳтарам домла. Ҳо­зирги кунда ижтимоий тар­моқлардаю ижти­моий ҳаётда турли баҳс­лар, ай­ниқса, Ис­лом динида нима тўғри, нима нотўғрилиги ҳақида билиб-билмай давомли тортишувлар тез-тез кўз­га ташланмоқда. Бу­лар орасида, айниқса, ақида масаласи долзарб бўлиб турибди. Бугунги суҳбатимизни эътиқод мавзусига ба­ғиш­ласак...

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ислом шариати Шарқ ўлкаларида тарқалиб, Марказий Осиё халқларининг асосий динига айлангач, Мовароуннаҳр ҳудуди фиқҳ, тафсир, ҳадис, ақида (калом) илмлари, шунингдек, араб тили ҳамда унга тегишли фанлар ривожининг маркази бўлди. Бу замин Ислом уммати учун қанчадан-қанча забардаст олиму уламолар, мутафаккир ва саркардалар етказиб берди. Хоссатан, ақоид илми имомлари Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин На­сафий, Сўфи Оллоёр каби кўплаб пешволарни санаш мумкин.

Аллоҳ Ўзининг охирги пайғамбарини бандалари орасида ширк амали авж олган даврда юборди. Сабаби, Ислом нуқтаи назаридан ширк амали гуноҳларнинг каттаси ва бандаларни азиз инсон мақомидан махлуқот­ларга сиғинувчи хор тоифага айлантириб қўядиган иллат саналади. Ширк тавҳиднинг зидди, жамиятни инқироз­га олиб борувчи офатдир. Шунинг учун сўзлаганда ҳам, ёзганда ҳам ҳар бир сў­зимизга эътиборли, масъулиятли бўлишимиз шарт.

Юртимизнинг баъзи ҳу­дудлари, айрим юртдош­ларимизда, билмаган ҳол­да бўлса-да, ширк аломатлари кўзга ташланиши ачинар­ли, ташвишли ҳолдир. Аллоҳ­ни ёлғиз деб билиб, фа­қат Ун­га­гина ибодат қилиш, Ўзи буюрган нар­саларда со­битқадам­лик, қайтарган нарсалардан қай­тиш эса асл эътиқод ҳисобланади.

– Инсон дунёга умрини беҳуда баҳслар­га сарфлашгамас, Ал­лоҳни таниш, Унга ибо­дат қилиб, итоа­ти­ни билдириб туриш учун яра­тилган. Қуръо­ни ка­римда: “Мен жинлар ва инсонларни фа­қат Ўзимга ибодат қилиш­лари учунгина ярат­­дим” (Зориёт сураси, 56-оят)дейилган...

– Сиз айтаётган беҳуда ишларнинг кўпи ақидани билмаслик, диний тушунчаларда бўшлиқ ёки хатолик борлигидан юзага келади. Чунки ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа илмлар унинг шохлари, япроқлари каби­дир. Бошқача айтганда, ақи­да илми иморатнинг пойде­во­ри каби, у бўлмаса, қий­шиқ, нотўғри бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодат­лар бекор бўлади. Сўфи Оллоёр бобомиз:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдур,

дея ақидага бежиз урғу бер­маган. .

Пайғамбаримиз Муҳам­мад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг ­аввалги ўн уч йилини ақидани тўғрилашга сарфлаганлар. Чунки авваламбор ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳнинг зот ва сифатлари, тавҳид, тақдир, охират тўғрисидаги эътиқодий масалалар, дунё, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах, фаришталар, илоҳий китоб­лар ва пайғамбарларга нисбатан тўғри муносабатда бў­лишни ўргатиш керак эди. Пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинди.

– Самовий динларга қа­ралса, ақиданинг маъноси Одам алай­ҳис­саломдан Муҳам­мад алайҳис­салом­га­ча ўз­­гармаган. Барча пай­ғам­­барлар даъват қил­­­ган ғоя Аллоҳнинг бо­­­ру бирлигига имон кел­­ти­риш, Унинг азалдан борлиги, абадий бор бўлиши, инсонни яра­­тиб, Ўзига ибода­ту ито­­атга чорла­ганини қам­­раб олади.

– Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад!) Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилингиз!” деб ва­ҳий юборгандирмиз» (Ан­биё сураси, 25-оят).

Яна: «(Эй имон келтирганлар! Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”» (Шўро сураси, 13-оят).

Демак, ҳақ дин ўзгармас ва ягонадир. Бугунги кунда инсонларнинг тилида такрорланаётган “самовий динлар” деган ибора хато. Чунки ердаги набийлар ва расуллар юборилган ҳамда даъват қилиб келган дин биттадир. Ахир, қандай қи­либ ҳақ дин анбиё ва ра­сулларнинг тилида бир неч­та ва турли хил бўли­ши мумкин?

– Ақида борасида ай­тилган сўзлар хабар бериш қабилидан бў­лади. Бир хабарни бир неча шаклда ва турли кўринишда нақл қилиш дурустми?

– Ўзини Ислом уммати­дан деб билган киши, албат­та, ширкнинг ҳар қандай кўриниши ва турларидан сақланиши лозим ва шарт. Бунинг учун эса, илм ўрга­ниши ва ўзида соф эътиқод­ни ҳосил қилиши керак.

Бугунги глобаллашув за­монида юз бераётган турли диний-ақидавий хуруж ва бузғунчи ғоялардан сақла­ниш, бу борада аждод­лар томонидан ёзиб қол­ди­рилган бой илмий мерослар билан яқиндан тани­шиш, уларни чуқур ўрганиш му­ҳим ишлардандир. Ҳақ бит­та, ҳақиқат битта. Уни турлича талқин қилиб, одамларни чалғитиш гуноҳдир.

Муҳтарам Президенти­миз Шавкат Мирзиёев ўз нутқи­да: “Элимизга Ислом дини­ни тўғри тараннум этиш – жуда катта тарбия. Имом Бухо­рий, Имом Термизий каби бобокалонларимиз ҳақи­да фильмлар ишланмаётганлиги кўнглимни оғритади”, деган эдилар.

Зеро, Исломнинг асли бўлган эътиқод масаласини буюк мутафаккир, мута­каллим боболаримиз мерослари замирида ўрганиб, чуқур таҳлил қилиш, ҳаётга татбиқ этиш устувор вази­фа­миздир.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.


“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди

Қонунчилик идорасида Дейн округининг вакили бўлган биринчи мусулмон Висконсин штати Қонунчилик йиғилиши аъзоси этиб сайланди ва қасамёд қилди. Демократ Самба Балде ўзининг сайлангунига қадар Mэдисон шаҳар кенгашида олти йил хизмат қилди ва 2018 йилдан 2019 йилгача шаҳар кенгаши президенти бўлди.
Islam.ru маълумотларга кўра, бу йил америкалик мусулмонлар бутун мамлакат бўйлаб тарихга киришди, уларнинг рекорд сони биринчи марта сайловларда рақобатга киришишди ва жойлар учун ғалабаларни қўлга киритишди.
Постларга номзодини қўйган америкаликларни ўқитадиган, вакилликка йўналтирилган Jetpac ташкилоти, Америка-ислом муносабатлари Кенгаши (CAIR) ва АҚШдаги йирик ижтимоий ва ирқий адолат MPower Change ташкилоти маълумотига кўра, мусулмонлар бошчилигидаги мусулмон номзодларнинг рекорд сони – 110 наяар киши бу йилги 24 та штатлардаги сайловларда рўйхатга олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top