muslim.uz

muslim.uz

Махсудов Давронбек Рустамович Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Махсудов Давронбек Рустамович 2004-2012 йиллар - Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходими, 2012-2018 йиллар - Тошкент ислом университети илмий котиби, магистратура бўлими бошлиги, Исломшунослик кафедраси мудири, 2018-2020 йиллар - Ўзбекистон халқаро ислом академияси Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедраси мудири ҳамда ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон халқаро ислом академияси биринчи проректори ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.



Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Камилов Музаффар Муротович Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори бўлиб қолади.
Президент маслаҳатчиси лавозимини эгаллаб келган Шоазим Шоисламович Миноваров Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари сифатида фаолиятини давом эттиради.

 ИСЛОМ МЎЪТАДИЛ ДИН!

Ҳурматли жамоа! Динимиз ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти ва жамиятда тинч тотув ва фаровон ҳаёт кечириши, дунё ва охират саодатига етиши учун хизмат қилади. Бу йўлда динимизнинг ўзига хос фарзлари, асослари ва қоидалари бўлиб, шулар ичида динда мўътадил бўлиш муҳим аҳамият касб этади. Динимиз модда ва руҳ, дунё ва охиратни бирдек эътиборга олади. Бирини эътироф қилиб, иккинчиси инкор қилмайди.

 Мўътадиллик, ишларда ўрта йўлни тутиш Ислом умматига хос. Аллоҳ таоло ислом умматини бошқа умматлар ичида ўрта уммат қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

  وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا

яъни: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят).

Ояти каримадаги “ўрта уммат”нинг маъноси адолатли, энг яхши ва турли фазилатларга эга бўлишдир. Мана шу ояти карима далолати билан Ислом уммати афзал уммат ҳисобланади. Бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилиб туради:

  كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ  

яъни: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Демак, Ислом умматининг фазилати Аллоҳ таолога имон келтиргандан сўнг инсониятни эзгуликка чорлаш, ёмонликдан қайтариш экан.

Аллоҳ таоло ўз ўрнида Аҳли сунна вал жамоа (машҳур тўрт мазҳаб эргашувчилари)ни бошқа исломий фирқалар ичида васатийлик-мўътадиллик билан ажратиб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

﴿ لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ، لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ، حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ وَهُمْ كَذَلِكَ

(رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ عَنْ ثَوْبَانَ رضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида давом этарлар, уларни тарк қилган киши уларга зарар келтира олмас. Аллоҳнинг амри келгунича улар ўша ҳолда бўлурлар” (Имом Муслим ривоятлари).

Аҳли сунна вал жамоа ҳам дин ишлари: эътиқод, илм, амал ва ахлоқда мўътадилдир. Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.

Диндаги мўътадиллик эътиқод, амал, илм ва ахлоқда Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг сўзларини маҳкам ушлаш билангина юзага чиқади.

Биз васатия-мўътадилликни яхши тушуниш учун ғулув (ҳаддан ошиш) ва камчиликка йўл қўйиш масалаларини яхши билиб олишимиз керак. Чунки мўътадиллик мана шу икки нуқсонли иш ўртасида бўлади.

Қуръони каримда дунё ва охират ишларини бирга олиб бориш ҳақида шундай дейилади:

 وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا

 القصص: 77

яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасос сураси, 77-оят).

Амалда ҳаддан ошишдан ҳам кўра, эътиқодда ғулувга кетиш ёмонроқдир. Масалан, пайғамбарларни ҳаддан ташқари улуғлаш натижасида уларни илоҳ даражасига кўтариш ёки Худонинг ўғли, дейиш ҳам динда ҳаддан ошишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ وَلَا تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ إِلَّا الْحَقَّ

النساء: 171

 яъни: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!” (Нисо сураси, 171-оят).

Бу ояти каримадан тушуниладики, аҳли китобларнинг бир тоифаси Исо алайҳиссаломни ҳурматлаб, илоҳ даражасига кўтарган бўлса, баъзилари у зотни ўлдирганликларини даъво қиладилар. Мусулмонлар эса ўрта йўл тутиб, Исо алайҳиссаломни Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари деб эътиқод қиладилар.

Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни ўзи ёки ўзгаларга ҳаром қилиш ҳам эътиқодда ҳаддан ошишнинг бир туридир. Бу ўриндаги мўътадиллик Аллоҳ ва Расули ҳалол қилган нарсаларни ҳалол деб билиш, ҳаром қилган нарсаларни эса ҳаром деб билиш билан бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

яъни: “Айтинг: «Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» Айтинг: «У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса, холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)». Шундай қилиб, оятларни биладиган қавмларга муфассал баён қилурмиз” (Аъроф сураси, 123-оят).

Луқмони Ҳаким ўғлига насиҳат қила туриб ҳатто юриш туришда ҳам ўртачалик яхши эканини уқтирадилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ

яъни: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас”.

 وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ

яъни: “(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 18-19-оятлар).

Динимизда хайру эҳсон ишларида ҳам мўътадиллик тарғиб қилинади. Бундаги афзал ҳолат бахиллик ва исрофнинг ўртасидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورً

 الإسراء: 29

яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).

 وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا

 الفرقان: 67 

яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам мўътадилликка асосланган эди. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қолишидан хавф қилиб, у амалларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. У зот алайҳиссалом умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом, куч-қувватга тўлганларнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Мўътадиллик мавзусида У зот шундай дейдилар:

 إنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إلا غَلَبَهُ 

رواه الامام البخاري عن أَبي هريرةَ رضي الله عنه

яъни: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Яъни одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари тоқатидан ортиқ ибодатларга мажбурласа, охирида малолланиб, ожиз қолиб ҳаммасини ташлаб қўяди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом динда ғулувга кетишдан огоҳлантириб шундай дейдилар:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِيَّاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِي الدِّينِ فَإِنَّهُ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ الْغُلُوُّ فِي الدِّينِ

яъни: “Эй, одамлар! Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки сиздан аввалгиларни динда ҳаддан ошиш ҳалок қилган” (Ибни Можа ривоятлари).

Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам мўътадилликка яққол мисолдир: “Уч киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб, бири: “Мен туни билан намоз ўқийман”, деди. Кейингиси: “Ҳар куни рўза тутаман”, деди. Охиргиси: “Мен ҳеч қачон уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қасам, мен сизлардан кўра тақводорроқман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, ифтор ҳам қиламан (рўза тутмаган куним бўлади), кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Динда ҳаддан ошишнинг яна бир кўриниши мусулмонларни ўзидек фикрламагани ёки ўзига қўшилмагани учун кофирга чиқаришдир. Бу ҳолат Исломнинг аввалидан юзага чиққан ва ҳозиргача етиб келаётган катта мусибатдир. Такфирчи жамоатлар кўпчилик мусулмонларни кофир санаб, уларнинг қонини ҳалол санашди. Натижада мусулмонларга қарши уруш очиб, уларнинг қонини тўкишди. Охири ўзлари ҳам мағлуб бўлган бўлсаларда, ижтимоий тармоқларда ин қуриб олиб, турли ғулувга йўғрилган фатволарни чиқариб туришибди. Бу уларнинг айнан биз ўрганаётган мавзу – мўътадиллик  масаласини билмаслиги ёки билишни хоҳламаслиги сабаблидир. Афсуски, уларнинг ана шундай ботил фатволарига амал қиладиган, уларга эргашадиган, алданган мусулмонлар топилиб турибди. Уларга қулоқ солиб, фитна ўчоқларига борганларнинг пушаймон бўлиб мусулмонларга мурожаат қилаётганини эшитиб турибмиз. Улар интернетдаги қўштирноқ ичидаги фатво бераётганларнинг алдовга мутлақо ишонмаслик кераклиги, воқеъликда эса ҳолат улар айтганидек эмаслигини айтмоқдалар. Вақт ўтиши билан такфирчи тўдаларнинг алдов ва жиноятлари халққа янада кўпроқ ошкор бўлади. Аллоҳ таоло бундай адашишдан ўзи асрасин! Бу ўринда ҳаддан ошиш шуки, мусулмон киши динга қайси йўл билан кириб келган бўлса, ўша йўл билан ундан чиқади. Яъни, у исломга имон келтириб кириб келади. Фақат ва фақат ана шу имонидан қайтсагина диндан чиқади. Лекин кимларнидир фикрига, ғоясига ёки Ислом оламида тан олинмаган “ҳижрат ва жиҳоди”ига қўшилмагани учун кофир бўлиб қолмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзи мақтаган “ўрта уммат” сафига қўшсин! Ҳар соҳада мўътадилликка амал қилиб, икки дунё саодатига етишни муяссар қилсин! Омин!

Турмушнинг барча жабҳаларида инсонларни ўзаро тинч ва ахилликда ҳаёт кечиришларини таъминловчи таълимот ва қонунларини Аллоҳ таоло энг сўнги юборган самовий дини бўлмиш покиза ислом орқали инсониятга тақдим этди. Бу таълимотлар ўзлаштирилса ва бу қонунлар ҳаётга татбиқ этилса ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаётида бўлсин ёки жамият ҳаётида бўлсин ҳеч қанақа муаммога ўрин қолдирмаслигини, бунинг акси бўлган тақдирда эса боши берк кўчага кириб қолиш ҳолларини кундалик ҳаётда кўп бор гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ҳар бир инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзи якка яшай олмайди. Демак инсон бошқа одамлар билан тўғри муносабат ўрнатиш, улар билан хисоблашиш билангина ўзаро ахил ва тотув яшашга эришади. Ислом дини бу муносабатларни ҳар бирини ҳикмат билан ўз ўрнига қўйган. Жумладан жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларини, ришталарини маҳкам боғлашни яъни силаи раҳмни ибодат даражасига кўтаради ва ота онага яхшилик қилиш билан тенг қўяди.

Бу мақолани ёзишга мени ундаган воқеа ҳам айни шу таълимотлардан бехабарлик сабаблими ёки билса ҳам бепарволикданми силаи раҳмни узган оила қисмати бўлди.

Ёшлари олтмиш атрофида бўлган опа ука юз кўрмас бўлиб кетди. Аслида опа ука бир-бири билан сан-манга борган эмас. Уларни шу балога гирифтор қилган уларнинг фарзандлари орасидаги жанжал. Одатда кичиклар орасидаги низони катталар бартараф қиларди. Бу оилада эса акси бўлди. Кичиклар катталарни ўз томонларига оғдирдилар. Натижада бу жанжалга ҳеч қанақа алоқаси йўқ опани ўз туғишган жигари, жондай азиз укаси билан барча алоқаларни узишга, кечирим сўраб келса ҳам укаси билан ярашмасликка  кўндирдилар. Бу воқеага қавми қариндошлари томашабин бўлгани йўқ. Улар опа укани яраштириш, ўрталаридаги муқаддас риштани яна боғлаш учун ҳамма чораларни қўлладилар. Лекин ижобий натижага эришмадилар. Уларга насиҳат қилганларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Бу каби воқеалар минг афсуски жамиятимизда тез -тез кузатилмоқда. Ака-ука, опа-сингил, қавму- қариндош ўртасида келишмовчилик  бўлиб туриши табиъий. Муқаддас Ислом динида  аразлашиш уч кундан ўтиб кетмаслиги бекорга таъкидланмаган. Агар зудлик билан уларнинг ораси ислоҳ қилинса ортиқча гап-сўз кўпаймайди. Эшитганлар ҳам буни тўғри қабул қилади. Аммо бир неча йиллаб улар ўртасини яраштириб бўлмаса, ошиқча деди-дедилар кўпаяди. Шу орада баъзи шайтоннусха одамлар оловга ёғ сепиб “кечирим сўраб паст кетасизми” ёки “улар сизнинг кечиришингизга лойиқ эмас” каби “маслаҳат”лар беради. Муддат чўзилган сари ўрталаридаги жарлик ҳам табора катталашиб, меҳр нафратга айланиб бораверади. Ҳатто шу даражага келиб қоладики бир-бирларини бошига тушган мусибатдан хурсанд, акси бўлса хафа бўладилар. Бу ҳолатни ўзи энг катта мусибат эмасми? 

Пайғамбаримиз Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Силаи раҳм қилган деганда ўз қариндошлари кўрсатган меҳр оқибатини қабул қилган кишини тушунмаймиз. Силаи раҳм қилган деб  қарши тараф қариндошлик алоқаларини узганда бунга жавобан эски алоқаларни давом эттирган кишини айтамиз.дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Силаи раҳм қилиш қай даражасидаги амал эканлигини унга берилажак мукофотнинг салмоғидан ҳам билса бўлади.               

Абу Аюб Ал ансорий айтдилар: Сафарларининг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир аъробий йўлиқиб: Эй Аллоҳнинг элчиси! Мени жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган нарса тўғрисида хабар беринг” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Аллоҳгагина ибодат қиласан ва Унга ибодатда ҳеч нарсани шерик қилмайсан, намоз ўқийсан, закот берасан, силаи раҳм қиласан. дедилар. Яъни мана шулар сени жаннатга киришинга ва дўзахдан омон қолишинга сабаб бўладиган амаллардир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ризқи кенг ва умри узун бўлишини истаса силаи раҳм қилсин. дедилар (Имом Бухорий  ривояти)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда уч хислат бўлса, Аллоҳ қиёматда унинг савол жавобини осонлаштиради ва уни Ўз раҳмати билан жаннатга киритади дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули! Бу уч нарса нима? деб сўрадилар . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени маҳрум қилганга сен илтифот кўрсатасан. Сен билан қариндошлик риштасини ўзганларга силаи раҳм қиласан. Сенга зулм қилганларни кечирасан. Агар мана шуларни қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга киритар”дедилар. (Баззор, Табароний ва Ҳокимлар ривоят қилганлар)                 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшилик ва силаи раҳмни мустаҳкамлаш қиёмат кунида ҳисоб китобни енгиллатадиган амаллардир” дедиларда ушбу оятни тиловат қилдилар:    “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”.(Раъд сураси 21 оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мискинга берилган садақага битта савоб. Агар садақа қариндошга берилса иккита савоб. Ҳам силаи раҳмнинг ҳам садақанинг савоби бўлади»- дедилар

Аксинча қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағрлик ва хиссиётсизлик деб баҳоланади. Ўз яқинларига яхшилик қилмайдиган, қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлган кимсалар бегоналарга қандай муносабатда бўлишини тасаввур қилаверинг. Бундай кимсалардан яхшилик, раҳм-шафқат кутмаса ҳам бўлади. Силаи раҳмни узиш энг оғир жиноятлардан эканини унга берилажак жазонинг оғирлигидан ҳам билса бўлади.

Аллоҳ таоло шундай дейди: Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир (Муҳаммад сураси 21-22- оятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”-дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти) 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қариндошлик алоқаларини узган бўлса ёки гуноҳ ишни қилишга қасам ичган бўлса, бу ишларининг балосини шу дунёда кўрмасдан ўлмайди.(яъни албатта шу дунёнинг ўзидаёқ жазосини олади)- дедилар (Имом Байҳақий ўзининг “Саҳиҳ”ларида келтирганлар)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Ҳар Пайшанба Жумъа кечасида одамларнинг қилган амаллари тўғрисида Аллоҳга хабар берилади. Шунда силаи раҳмни узганларнинг яхши амаллари Аллоҳ тамонидан қабул этилмайдидеганларини эшитдим.( Имом  Аҳмад ривояти)

Юқоридаги воқеани бежиз келтирмадик. Чунки бугунги кунда силаи раҳмни узиб, бундан заррача афсусланмай бемалол ичимизда юрган одамларни кўраяпмиз. Бу ҳол ҳаммани хушёрликка чақирмоғи лозим. Зеро Абдуллоҳ ибн Абу Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “-Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга Аллоҳнинг раҳмати тушмайди!” деганлар”.

Табароний қайд этади:

-Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бомдод намозидан кейин бир жамоат ичида ўтирарди. Дедики: “Ҳудо ҳаққи, қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, орамиздан туриб кетсин! Биз Роббимизга дуо ўқимоқчимиз. Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлган жойда осмон эшиклари ёпиқ бўлади, дуолар қабул бўлмайди”. Демак бу гуноҳни содир этганларнинг касри  бошқаларга ҳам урар экан.

Бу каби инсонларга чин дилдан ачинганимиздан, уларни оят ва ҳадисларда огоҳлантирилган кулфатларга мубтало бўлмасликларини ҳамда бир-бирларини авф этиб, қариндошлик ришталарини қайта боғлашларини хоҳлаганимиздан шу масалани кўтардик. Чунки жамиятни бир бинога, ундаги оилаларни уни ташкил этиб турган ғиштларга ўхшатишади. Жамиятимиз биноси мустаҳкам бўлиши ҳар бир оилани мустаҳкам бўлишидан ташқари бошқа оилалар билан ўзаро тотув, ахил ва иноқ бўлишини талаб қилади. Бу талаб қўни-қўшнилик, қавму- қариндошлик ришталарини маҳкам тутиш билангина бажарилади.  

 

Тошкент вилояти Бекобод тумани

 бош имом-хатиби Рисбоев Анвар 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига ўта мехрибондир, шунинг учун бандаларини унга қайтишларидан ҳеч қачон ноумид қилмайди. Ояти каримасида айтадики: “Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир[1]”.

Аллоҳ таоло тавба эшигини бандаларига доимо очиб қўйган, ҳеч қачон беркитмайди. Шунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан, сизлардан бирингиз саҳрода йўқотиб қўйган туясини топиб олган одамнинг хурсандчилигидан ҳам кўпроқ хурсанд бўлади” деганлар[2].

Яъни, сиз саҳрода туянгизни устига озиқ-овқат, кийим-кечак, қўйингки тирик қолиш учун керак бўладиган бор нарсаларингизни юклаб кетаётганингизда сал бепарвочилик оқибатида туянгизни йўқотиб қўйдингиз. Қарамаган жойингиз, изламаган ерингиз қолмади. Хориб толиб турган вақтингизда тўсатдан қаршингизда туянгиз кўринди, сизнинг хурсандчилигингиз қандай бўлади?! Шубҳасиз таърифлаб бўлмайдиган даражада хурсанд бўласиз, чунки ҳалок бўлишингиз аниқ бўлиб турган вақтда, нажот кемасини топиб олдингиз. Аллоҳ ҳам бандасини тавбасидан шундай ва бунданда кўпроқ хурсанд бўлади. Шунинг учун юқоридаги ояти каримада очиқ-ойдин қилиб, “агар кофирлар Аллоҳнинг динига ва Расулига бўлган душманчиликларидан қайтсалар, намозни қоим қилсалар ва закот берсалар йўлларига қўйиб юборинглар уларни ҳур ҳолда тарк этинглар” деб, бандалари тавба қилсалар кечиришини айтиб марҳамат қиляпти.

Бу ерда 3та шартни кўрамиз:

1 – Тавба ва Иймонга қайтиш ...

2 – Намозни қоим қилиш.

3 – Закотни бериш.

Бу уччала шартни тенгамалга ошириш лозим бўлади. Чунки куфрдан тавба қилиш иймоннинг таркибига кирмоқдир. Иймоннинг таркибига кириш “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом унинг Пайғамбари эканликларига” гувоҳлик беришни кейин намоз ўқишни кейин Закот беришни кейин рўза тутишни кейин йўлига қодир бўлган киши ҳаж қилиши керак бўлади. Агар исломнинг беш арконига қарасанг мусулмон баъзи арконни қилади бошқасини қилмайди. Тирикчилигидан бошқа нарсаси бўлмаган фақир мусулмондан закот ва ҳаж соқит бўлади. Сурункали касали бор мусулмондан рўза ҳам соқит бўлади. Натижада Шаҳодат калимаси билан Намоз қолади. Намоз рукни ҳеч қачон, фақирликда ҳам, бойликда ҳам, соғликда ҳам ва касалликда ҳам соқит бўлмайди. Чунки намоз мусулмон билан ғойри муслимни ўртасини ажратувчидир. У диннинг устунидир шунинг учун кунда беш маротаба такрорланади. Касал одам қудрати еткан холатида ўқийди. Тураолмаса ўтириб, ўтираолмаса ётиб ўқийди.

Беш вақт ўқийдиган намозимиз ислом арконларини ўз ичига олишини биламизми?

 - Ҳар-бир намозда لا اله الا الله محمد رسول الله шаҳодат калимасини такрорлаймиз.

- ҳар-бир намозда закот бор, закот – молдан бир қисмини фақирларга беришдир. Мол ишлаш орқали топилади, ишлаш учун вақт керак, намозга ишлаб пул топиб закот беришинг мумкин бўлган вақтдан сарфланади. Бу сарфлаган вақтингда пул топиб закот беришинг мумкин эди, шунинг учун намоз ўқишинг молингдан бир қисмини Аллоҳ учун бергандек бўлади. Намоз ҳудди вақтнинг закоти кабидир. Тиркчилик қилиб мол тўплашимиз учун вақтга муҳтож бўламиз, шунинг учун намозда закот бор.

- ҳар-бир намозда рўза бор, рўзада саҳар вақтидан шомгача еб-ичиш ва аёли билан яқинлик қилишдан сақланилади. Намозда ҳам шундай. Намоз ўқиш асносида таом еёлмайсан, бу ҳудди еб-ичишдан рўза тутишга ўхшайди. Намоз асносида аёлга яқинлик қилолмайсан, аёлинг билан ҳеч қандай алоқа қилолмайсан, аёлинг ҳам сен билан бирор нарса қилолмайди. Билки сен намозда бундан ҳам кўпроқ нарсалардан сақланишинг керак бўлади, ноўрин ҳаракат қилиш ва гапришлар асло мумкин эмас.

- энди ҳаж арконига келадиган бўлсак, намоз ўқиганингизда Байтуллоҳга юзланишингиз керак бўлади ва айнан қиблани топасан. Шундай экан ўзингни Каъбанинг олдида, Байтуллоҳда тургандек ҳис қиласан, бу туйғуни бир кунда беш марта хис қиласан.

Шундай қилиб, Намозда ислом арконларини ҳаммасини жамлайсиз, шунинг учун “Намоз диннинг устунидир” дейилади.

 

Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий роҳимаҳуллоҳнинг “Тавба” китобларидан эркин таржима. 

“Эшон Бобохон” жомеъ масжиди имом ноиби: Абдураҳимов Муҳаммадий.

 

[1] Тавба сураси 5-оят.

[2] Имом Бухорий ривоят қилганлар. (8/84)

Page 90 sur 1862
Top