muslim.uz

muslim.uz

Астрахан вилоятида 50 дан ортиқ масжид қайат тикланди ва бунёд этилди. Astrobl.ru маълумотларига кўра, бу ҳақда вилоят раҳбари Игор Бабушкин Россия марказий мусулмонлари идораси раиси, Россия олий муфтийси Талгат ҳазрат Тожуддин билан учрашув чоғида маълум қилди.
Томонлар вилоят ҳудудидаги анъанавий конфессиялар вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатларни муҳокама қилишди. Игор Бабушкиннинг қайд этишича, Астрахан ерида минтақада тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаётган турли конфессия вакилларининг диний туйғуларига ҳурмат билан муносабатда бўлишади.
"Ўтган бир неча йил мобайнида вилоятимизга ташриф буюрганингиз учун биласиз, Астрахан вилояти ҳудудида 50 дан ортиқ масжид қурилиб, қайта тикланди. Уларнинг базасида бир қанча мадрасалар аллақачон фаолият юритмоқда. Шунингдек, икки масжид ҳузурида Ислом коллежи очилди ва фаолият олиб бормоқда. Бу эса мусулмонларнинг ҳам марказий, ҳам минтақавий диний бошқармаларининг жуда хизмати, деб ўйлайман", - дея таъкидлади вилоят раҳбари.
Россия олий муфтийси Талгат ҳазрат Тожуддин Астрахан вилояти Россия марказий мусулмонлари идорасининг энг ишончли ва кучли мусулмон жамоаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Иордания кардиология илмий-тадқиқот маркази тиббиёт олимлари узлуксиз узоқ вақт ухлаш инсон саломатлиги, юрак-қон томирлари учун зарарлигини, хусусан, қон қуюқлашиши, инфаркт, миокард касалликларига олиб келишини аниқладилар.

Кардиолог олимлар юрак, юрак-қон томирлари касалликларини олдини олишда кечанинг тонгга яқин қисмида уйғониб, ўқилган намоз энг самарали усул эканини таъкидлайдилар.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Бугунги кунда ислом молиявий хизматлари улуши дунё молия бозорида ортиб бориб, ўзида инновацион молиялаштириш механизмларини жамлаган соҳа сифатида муҳим молиявий манбалардан бирга айланиб бормоқда. Сўнги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бораётгани бунинг яққол далилидир[1].

Ислом молиявий хизматларини кўрсатишда муносабат бевосита реал иқтисодий активларга йўналтирилади, тарафлар ўртасида фойда ва зарарни  бўлишиш ёки савдо амалиётларига асосида аниқ иқтисодий натижага боғланади. Ислом молиявий хизматларида молиялаштирувчи  (банк, кредит ташкилоти) ва молия маблағларини қабул қилувчи лойиҳа муваффақияти ва самарадорлигида тенг ҳуқуқли ва биргаликда манфаатдор хамкорларга айланади. Ушбу белгилар билан ислом молиявий хизматларини кўрсатиш жараёнидаги муносабатлар анъанавий молиявий тизимлардаги муносабатлардан фарқланади.

Шунингдек, ҳуқуқ назариясида англосаксон (Англия, АҚШ в.ҳ.к.), романо-герман (Герамания, Франция, Россия в.ҳ.к) ва ислом ҳуқуқи сингари ҳуқуқ оилалари мавжуд. Жамиятдаги ўзгаришларнинг мунтазамлиги ва бугунги кундаги глобализация даврида ушбу ҳуқуқ оилаларидаги мавжуд нормалар ва шартларидан фойдаланиш зарурияти кенгаймоқда.

Таъкидлаш лозимки, юртимиз фуқаролари ва тадбиркорларида ҳам фоизларсиз банк ва молиявий хизматларга бўлган қизиқиш жуда юқори бўлганлиги сабабли, ислом молиявий хизматларини кўрсатиш тизимини шакллантириш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-№4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўриш таъкидланган;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадирлари тўғрисида”ги 05.03.2019 йилдаги ПҚ-4224-сонли қарори 2-бандида Ўзбекистон Республикасининг ИТБ гуруҳи ва АМГ билан узоқ муддатли шериклигининг асосий йўналишлари ҳамда вазифаларидан бири сифатида давлат-хусусий шериклиги механизмларини, жумладан вақф-жамғармаларни ташкил этиш йўли билан қўллаб-қувватлаш дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда татбиқ қилиш белгиланган;

- Ислом тараққиёт банки ва унинг гуруҳи таркибига кирувчи ташкилотлар, хусусан Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом Корпорацияси (ICD), Халқаро ислом савдо молия корпорацияси (ITFC) ва Ислом тадқиқотлар ва тренинглар институти (IRTI) мамлакатимизда ислом молияси ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда;

- мамлакамизда ислом молияси бўйича бир қанча тренинглар ўтказилди. “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан, 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида “Ўзбекистон Республикасида Ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида тегишли вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот марказлари, халқаро молия институтлари, Ўзбекистоннинг тижорат банклари, халқаро экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди[2];

- ўзбек тилида ислом молиясига оид назарий китоблар нашр этилди. Масалан, Ерлан Байдаулетнинг «Исломий молия асослари» ва Ринат Беккиннинг «Ислом иқтисодий модели ва замон» китоблари;

Ўзбекистон тижорат банкларида ислом молия дарчаларини (ислом молиявий хизматлари кўрсатувчи шохобча) очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда;

- 2021 йил 11 январь куни AОКАдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Хамраев 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банк ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштираётганлигини маълум қилди[3];

- 2020 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов видеоконференция шаклида Ислом тараққиёт банкининг президенти Б.Хажар билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида 2021 йилда Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди[4];

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.12.2020 йилдаги Олий Мажлисга мурожатида мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақт-соати етиб келганлиги қайд этилди.

Юқоридаги объектив ҳолатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.12.2020 йилдаги Олий Мажлисга мурожати ижросини таъминлаш борасида мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш масаласида қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларни келтириб ўтиш мумкин:

  1. Тегишли билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни бир жойга жамлаб, жамият ва давлат учун энг қулай ва самарали ёндашувни шакллантириш орқали ислом молиявий хизматларини жорий этишнинг ҳуқуқий базасини яратиш масаласида ишчи гуруҳ тузиш.
  2. Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси янги таҳририда ислом молиявий хизматларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини яратиш борасида тегиши ҳуқуқий нормаларни киритиш мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда хорижий тажрибага мурожат этмоқ даркор. Таъкидлаш мумкинки, қўшни Қирғизистон Республикасининг амалдаги Фуқаролик кодексида ислом молиявий шартномаларига оид ҳуқуқий нормалар алоҳида боб (34-1-боб. Финансирование в соответствии с исламским принципами финансирования) шаклида баён этилган[5].
  3. Банк ва молия соҳасидаги амалдаги қонунларга ислом молиявий хизматлари, тамойиллари ва субъектларига оид ҳуқуқий нормларни киритиш. Хусусан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамданобанк кредит ташкилотлари тўғрисида ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.
  4. Ислом молиявий хизматлари борасида олий таълим муассасаларида изланиш ва тадқиқот ишларини олиб бориш, хорижда мавжуд илмий манбаларни ўрганиш ва ўзбек тилига таржима қилишни йўлга қўйиш.

Умид қиламизки, Ўзбекистонда ислом молиявий хизматларининг жорий этилиши хорижий инвестициялар ҳажмининг ошиши ҳамда банк ва молия тармоғида шаффоф рақобат муҳитини яратиш имкониятини беради. Натижада аҳолининг молия бозоридаги фаоллиги ошади, аҳоли ва тадбиркорлар ихтиёрида бўлган бўш пул маблағлари мамлакат иқтисодиёти ривожланишида максимал иштирок эта олиши имконияти яратилади, капитал бозорининг ривожланишига туртки бўлади, янги молиявий муассасалар ташкил қилиш имконияти яратилади.

А.Раҳимов - ҳуқуқшунос, ТДЮУ ўқитувчиси,

Ш.Ахунбаев - ФИБ Фарғона туманлараро суди судьяси

 

[1] https://kun.uz/news/2020/12/29/ozbekistonda-islom-moliyasi-xizmatlarini-joriy-qilish-vaqti-keldi.

[2] https://strategy.uz.

[3] https://www.gazeta.uz/uz/2021/01/12/islam-finance.

[4] https://islommoliyasi.uz/uz/isdb-meeting.

[5] https://online.zakon.kz/document.

 

 [M1]Шерикчиликдан ташқари савдо амалиётлари бор.

 

Қ [M2]арз берувчи – нотўғри атама. Қарз берса фойда олинмайди. Молиялаштирувчи дейиш тўғрироқ.

Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.

Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади", дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига "Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир", деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кўпайтирувчироқ", дедилар.

Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади".

Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, "Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир" (Бақара сураси, 143-оят.)

Даврон НУРМУҲАММАД

Тошкент вилоятида глобал инвестиция форуми ўтказилади. Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Испанияга ташрифи доирасида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош котиби Зураб Пололикашвили билан шунга доир келишувга эришди.
Азиз Абдуҳакимов Зураб Пололикашвили билан учрашуви давомида уни Ўзбекистоннинг туризм соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди. Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳаси тубдан ислоҳ қилинаётгани, бундан мақсад туризм соҳасини миллий иқтисодиётнинг стратегик йўналишига айлантириш экани таъкидланди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган “Uzbekistan: safe travel guaranteed” санитар-гигиеник протоколи ҳамда хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга кириш тартиби, Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ҳамда соҳага ихтисослашган профессионал коллежлар фаолиятига оид маълумотлар тақдим этилди.
Томонлар таълим туризм соҳасининг бундан кейинги ривожи ҳамда соҳани қайта тиклашдаги асосий ресурслардан бири бўлишини таъкидлаган ҳолда, Ўзбекистоннинг профессионал ўқув муассасалари битириувчилари учун сертификация тоифаларини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олишди. Бу туризм соҳасидаги миллий кадрларнинг профессионал стандартлари ва кўникмаларини янада яхшилаш, шунингдек профессионал кадрларнинг жаҳон хизматлар бозорига чиқишини таъминлайди.
Туризм соҳасига инвестиция киритиш ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида кўриб чиқилди. UNWTO Бош котиби Тошкент вилоятининг сайёҳлик салоҳияти, хусусан “Amirsoy” тоғ-чанғи курорти фаолияти билан танишиб чиқиб, Ўзбекистон пандемия даврида туризм соҳасига инвестиция киритишда давом этаётган кам сонли мамлакатлардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. Томонлар шунингдек 2021 йилнинг июнь ойида (жаҳондаги санитар-эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида UNWTO шафелиги остида глобал инвестиция форуми ўтказилишига доир келишувга эришишди.
Зураб Пололикашвили БТТ Италия билан ҳамкорликда Биринчи болалар туризми форумини ташкил қилишни режалаштираётганини маълум қилиб, унинг доирасида Ўзбекистоннинг ёш сайёҳларни тарбиялашдаги тажрибаси тақдимотини ўтказишни таклиф қилди. Шу билан бирга, 2022 йилда иккинчи шундай форумни Ўзбекистонда ўтказиш имконини кўриб чиқиш сўралди.
Музокаралар давомида шунингдек зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Зураб Пололикашвили Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги бой меросини эътироф этди. У Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳар икки йилда мазкур мавзуда тадқиқот тайёрлашини таъкидлаб, 2021 йилнинг навбатдаги тадқиқотларига Ўзбекистоннинг тарихий меросини ўрганишни киритишни таклиф қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top