Ўзбекистон янгиликлари

Бош вазир ўринбосари ва UNWTO Бош котиби зиёрат туризмини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент вилоятида глобал инвестиция форуми ўтказилади. Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Испанияга ташрифи доирасида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош котиби Зураб Пололикашвили билан шунга доир келишувга эришди.
Азиз Абдуҳакимов Зураб Пололикашвили билан учрашуви давомида уни Ўзбекистоннинг туризм соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди. Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳаси тубдан ислоҳ қилинаётгани, бундан мақсад туризм соҳасини миллий иқтисодиётнинг стратегик йўналишига айлантириш экани таъкидланди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган “Uzbekistan: safe travel guaranteed” санитар-гигиеник протоколи ҳамда хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга кириш тартиби, Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ҳамда соҳага ихтисослашган профессионал коллежлар фаолиятига оид маълумотлар тақдим этилди.
Томонлар таълим туризм соҳасининг бундан кейинги ривожи ҳамда соҳани қайта тиклашдаги асосий ресурслардан бири бўлишини таъкидлаган ҳолда, Ўзбекистоннинг профессионал ўқув муассасалари битириувчилари учун сертификация тоифаларини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олишди. Бу туризм соҳасидаги миллий кадрларнинг профессионал стандартлари ва кўникмаларини янада яхшилаш, шунингдек профессионал кадрларнинг жаҳон хизматлар бозорига чиқишини таъминлайди.
Туризм соҳасига инвестиция киритиш ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида кўриб чиқилди. UNWTO Бош котиби Тошкент вилоятининг сайёҳлик салоҳияти, хусусан “Amirsoy” тоғ-чанғи курорти фаолияти билан танишиб чиқиб, Ўзбекистон пандемия даврида туризм соҳасига инвестиция киритишда давом этаётган кам сонли мамлакатлардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. Томонлар шунингдек 2021 йилнинг июнь ойида (жаҳондаги санитар-эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида UNWTO шафелиги остида глобал инвестиция форуми ўтказилишига доир келишувга эришишди.
Зураб Пололикашвили БТТ Италия билан ҳамкорликда Биринчи болалар туризми форумини ташкил қилишни режалаштираётганини маълум қилиб, унинг доирасида Ўзбекистоннинг ёш сайёҳларни тарбиялашдаги тажрибаси тақдимотини ўтказишни таклиф қилди. Шу билан бирга, 2022 йилда иккинчи шундай форумни Ўзбекистонда ўтказиш имконини кўриб чиқиш сўралди.
Музокаралар давомида шунингдек зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Зураб Пололикашвили Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги бой меросини эътироф этди. У Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳар икки йилда мазкур мавзуда тадқиқот тайёрлашини таъкидлаб, 2021 йилнинг навбатдаги тадқиқотларига Ўзбекистоннинг тарихий меросини ўрганишни киритишни таклиф қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1648 times

Янгиликлар

Top