muslim.uz

muslim.uz

 

“Яхшига қилсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам қайтади.

 Ёмонга қилсанг яхшилик – на айтади, на қайтади 

Меҳрибон Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолога хамду-санолар айтиб, Ҳазрат Пайғамбаримиз Жаноб Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту шарифлар айтиб, ўтмишда ўтган барча тарбиялаб ўтганларимизга Аллоҳ таолонинг раҳматларини сўраб, ҳозир тарбиялаб турганларимизга кўпдан-кўп ташаккуру-миннатдорчиликлар изҳор этиб, холисона бир фикр юритиб кўрайлик…

Аллоҳ таолонинг инояти ила муҳтарам Юртбошимизни доно раҳбарликлари остида ҳукуматимиз томонидан, Диний идорамиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларида Мустақиллигимизни шарофати билан жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, анъанавий ислом динимиз камоли, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги йўлида беҳисоб-беҳисоб, сон-саноқсиз, катта-катта савобли, хайрли ишлар бажарилди. Ва ҳали-ҳамон бажарилиб келинмоқда...

Бу ислоҳотларга нафақат бутун дунё ҳамжамияти  тан бермоқда, нафақат Европа давлатлари лол қолмоқда, нафақат Америка халқлари тасаннолар айтмоқда, балки Ўзбекистондаги бу хайрли ишларни ҳар бир кўзи ожиз инсон ҳам кўрмокда, ҳар бир қулоғи оғир одам ҳам эшитмоқда, ҳар бир ақли заиф банда ҳам моҳиятини онглаб, мазмунини тушуниб, самараларини сезиб, тўла-тўкис ҳис қилмоқда.

Бугунги кунга келиб бундай яхши ишлар, катта ўзгаришлар, чиройли янгиликлар, хайрли тадбирлар, фазилатли амаллар сони аслида бошқа соҳаларга нисбатан бизнинг диний соҳамизда бир неча баробар кўпроқ бўлиб, 28 мингтадан ошиб кетган бўлсада, бу йил Конституциямизни 28 йиллигини нишонлаётганимиз учун диний соҳадаги шу 28 мингдан ортиқ ишлардан фақат 28 тасинигина зикр қилмоқчи бўлдик.

Зеро Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам, Худога ҳам шукр қилмайди», деб марҳамат қилганлар.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – халқимизнинг минглаб йиллик орзу умидларининг ҳаётда намоён бўлишидур. Зеро аждодларимиз қалбларида армон бўлиб, фақат эзгуликларни олий мақсад қилиб олинган эртак ва афсоналардагина ифода этилган турмуш тарзлари бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ўз аксини топган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – юртимиз мустақиллигини ёрқин намоён этувчи асосий ҳужжат, халқимизнинг ору номуси. Негаки, унинг ҳар бир моддасида, ҳар бир бандида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам, миллий бағрикенглик тамойиллари ҳам акс этиб туради. Эркин ва обод жамият ҳамда, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш ғояси Қомусимизнинг асосий мазмунини ташкил этади. Бинобарин, биринчи бўлим I боб 4-моддасида қайд қилинганидек, «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

Бугунги кунда Республикамизда истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар Асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Хусусан, Асосий Қонунимизга кўра виждон, эътиқод эркинлиги кафолатлаб берилган. Турли миллат вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз миллий қадрият ва анъаналарига амал қилишлари учун ҳам кенг имконият ва шароит барпо этилган. Шу билан бирга мазкур Конституциямизда бирор-бир миллатнинг шаъни ёки унинг миллий қадрияти камситилишига йўл қўйилмаслиги ҳам қатъий белгилаб қўйилган.

Инчунун, Қонуннинг иккинчи бўлим VII боб 31-моддасида баён қилинишича:

«Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди».

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлур. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир”. (Бақара сураси 256 оят).

Юртимизда бугунги кунда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош қомусимиз белгилаб берган тенгҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Улар эртанги кунга комил ишонч билан меҳнат қилиб, ягона Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

1) олдин: бир йилда 274 млн. собиқ Иттифоқ халқларидан 24 одам, Ўзбекистон дан эса 6 киши ҳаж сафарига борган.

1) ҳозир: ҳар йили Ўзбекистондан 7.200 дан ортиқ киши муборак ҳаж сафарига бориб, боболари-момоларининг хаёлларига ҳам келмаган, ота-оналари етти ухлаб тушларида ҳам кўрмаган муқаддас ва табаррук жойларни ўз кўзлари билан кўриб, кўнглиларидан ҳам ортиқроқ даражада ибодатларини адо этиб, пошшолардай зиёрат қилиб келмоқдалар. Ҳар бир ҳожи учун Президентимиз Фармонларига мувофиқ ҳукуматимиз томонидан бўлган қарорларни амалга ошириб, жойлардаги барча давлат ташкилот, корхона, идоралар, тегишли мутасаддилар ҳамма шарт-шароитларни юқори сифатда, замон талабларига монанд, олий даражада барпо этмокдалар.

2) олдин: муқаддас динимизнинг асосий китоби бўлмиш Қуръони карим саноқли оилалардагина бўлган.

2) ҳозир: ҳохловчилар нафақат Қуръони карим китобини ўзини, балки Қуръони каримнинг тафсирлари, таржималари, шарҳлари, изоҳлари, маъноларини ҳам хоҳлаган тилида, хоҳлаган пайтида, хоҳлаган миқдорида олишлари мумкин.

3) олдин: Ўзбекистон ССР ҳудудида 84 та масжид бўлган.

3) ҳозир: Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида барча тегишли давлат идораларидан рўйхатдан ўтган 2070 дан зиёд расмий фаолият юритаётган жоме масжидлар халқимизга эмин-эркин хизмат қилмокда.

4) олдин: 2-3 та вилоят учун, кўплаб шаҳар ва туманлар учун 1 та масжид бўлган.

4) ҳозир: Республикамизда 2070 дан ортик расмий фаолият юритаётган, барча тегишли давлат идораларидан рўйхатдан ўтган жоме масжидлар халқимизга хизмат қилмоқда.

5) олдин: муқаддас Ислом динимизнинг энг катта рукнларидан бўлган йилда икки мартагина ўқиладиган ҳайит намозларини ҳам далаларда, кўздан йироқ жойларда, яширинча ва саноқли одамларгина ўқиган.

5) ҳозир: жаннатмакон юртимиздаги ҳар бир 2070 дан масжидларида ҳам барча керакли шарт-шароитлар яратилган, энг замонавий техника жиҳозлари билан жиҳозланган, ибодат учун ҳамма керакли нарсалар билан таъминланган кўркам, ёруғ, муҳташам иншоотларда минглаб-минглаб мусулмонлар ибодатларини кўнглиларидек, тинч-омон, ҳеч қандай хавф-хатарсиз, бемалол, хуш кайфиятлар ва хурсандчиликлар ила адо этмоқдалар.

6) олдин: СССР даврида ҳар қандай диний адабиётларни нашри ҳам, ўзи ҳам ман этилган. Фақатгина Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига ҳар чоракда чиқадиган 1 та журнал ва 1 та газетага ижозат берилган.

6) ҳозир: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилаётган кундаги даврий матбуот нашрларида муқаддас Ислом динимиздаги деярли барча масалаларни тўлиқ ёритишдан ташқари, биргина Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан диний адабиётларнинг барча турлари: Қуръони карим китоблари, Қуръони каримнинг тафсирлари, Қуръони каримнинг таржималари, Қуръони каримнинг шарҳлари, Қуръони каримнинг изоҳлари, Қуръони каримнинг  маънолари, Ҳадис китобларининг ҳар хил шакллари, Фиқҳ масалаларига оид китоблар, Ақоид  масалаларига оид китоблар, Савол-жавоблар китоблари, Аёлларга хос масалалар китоблари, Фарзандлар тарбияси масалаларига оид китоблар, Қуръони каримни ўқишни ўрганиш китоблари, Ислом тарихига оид китоблар, Юртимиздан чиққан буюк алломаларнинг китоблари, Диний ва дунёвий илмлари билан дунёга танилган ва таралган буюк аждодларимизни китоблари, Имом Бухорий халқаро марказининг маънавий-маърифий, илмий-адабий нашри «Имом ал-Бухорий сабоқлари» журнали, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ойлик диний-маърифий, илмий-адабий нашри «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий нашри «Ислом нури» газетаси, ҳаттоки мўмин-мусулмонларимизни ибодатлари осон, енгил бўлмоқлиги учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Уламолар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Астрономия институти масъул илмий ходим ва олимлари билан биргаликда рўзани ўз вақтида очиш ва кечикмасдан ёпишдан бошлаб, то ҳар беш вақт намозларини ўз вактида адо этишлари учун ҳафталик, ойлик, чорак ва йиллик тақвимлар юз минглаб-юз минглаб сонли тиражлар билан нашр этилиб, юқори сифатлар билан чоп этилиб, халқимизга тарқатилмоқда.

7) олдин: Ўзбекистон ССРнинг Конституциясининг 2-булим  6-боб 50-моддасидаги виждон эркинлиги ҳаётий амалда эмас, балки фақатгина коғозда ёритилган.

7) ҳозир: жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни Конституциясининг  2-бўлим  V боб  18-модда, 2-бўлим  VII боб  31-модда, 3- бўлим  XIII боб  57-модда, 3-бўлим  XIII боб  61-моддалари ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Олий Мажлиснинг 11- сессиясида 01.05.1998 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Қонунлар билан ҳам диний эътиқод ва виждон эркинлиги кафолатланган.

8) олдин: Янги туғилган чақалоқларни биринчи сония, дақиқалариданоқ онасидан ажратиб, ҳақиқий, меҳрли она сутидан маҳрум қилиб пастеризация қилинган, асли бетайин, келиб чиқиши ноаниқ бўлган сутлар билан эмизилган.

8) ҳозир: Қуръони карим оятларида талаб этилганидек, Ҳадиси шарифларда тавсия этилганидек, муқаддас Ислом динимизда кўрсатилганидек, ота-боболаримиз, она-момоларимиз қилганларидек биринчи сония, дақиқалариданоқ бу ёруғ дунёга келган янги чақалоқларни онасини меҳр-муҳаббатига тўлган бағрига бериб, ҳақиқий, меҳрли она сутидан тўла-тўкис баҳраманд бўлиши учун, бепоён меҳрли онаси нафаси билан ҳамнафас бўлиб, меҳрибон заҳматкаш отаси тарбияси билан улғайиши учун Президентимизни алоҳида махсус Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасини бир неча қарорлари чиқиб, жойларда мазкур қонунларни ижро этиш учун сидқидилдан амалга оширилмоқда.

9) олдин: нафақат диний, балки миллий қадриятларимиз ҳам топталган.

9) ҳозир: ота-бобокалонларимиз ва она-момоларимиздан мерос бўлиб келаётган, нафақат миллий қадриятларимиз, балки муқаддас динимиз қадриятлари ҳам Қуръони карим оятларида талаб этилганидек, Ҳадиси шарифларда тавсия этилганидек, муқаддас пок Ислом динимизда кўрсатилганидай бўлиши учун Президентимизни алоҳида махсус Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасини бир неча қарорлари чиқиб, жойларда мазкур конунлар ижро этилмокда.

10) олдин: шаҳар, қишлоқларда кўчалардаги ҳамда барча давлат ташкилот, корхона ва идоралардаги ёритилган ёзувларда худосизликка, динсизликка қаратилган иборалар битилган.

10) ҳозир: Республикамизнинг ҳамма катта-кичик шаҳарларида ҳам, чека-чека қишлоқларидаги кўчаларида ҳам ҳамда барча давлат ташкилот, корхона ва идораларида ҳам муқаддас Ислом динимизнинг ҳикматли сўзлари, Қуръони карим оятларининг мазмунлари, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ибратли ҳадиси шарифлари, буюк алломаларимизнинг доно сўзлари энг кўркам, энг ҳурматли, энг обрўли жойларда энг замонавий услублар ва мосламалар орқали халқимизни миллий ва диний қадриятларга ундамоқда.

11) олдин: мактаб, корхона, идораларда рўза тутмаслик учун баъзи одамларга мажбурлаб сув, чой ичказишган.

11) ҳозир: Давлатимиз раҳбари – Президентимизни алоҳида махсус қарорларида таъкидлангандек, муборак Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, мамлакатимизда муқаддас динимизни тиклаш, виждон эркинлигини таъминлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг бой илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг муқаддас қадамжоларини обод этиш борасидаги кенг кўламли ишларимизни тарғиб этиш, ушбу қутлуғ ойда амалга ошириб келинадиган хайрия тадбирлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш учун, ҳамда эл-юртимиз учун асрлар давомида эзгулик, саховат, меҳр-шафқат, қаноат ва шукроналик рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида юртимиз бўйлаб давлатимизни барча ташкилот, корхона, идораларида Рамазон ойи муносабати билан Қуръони карим оятларидаги ҳукмларни, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хадиси шарифларини ва муқаддас Ислом динимизни талабларини амалга ошириб беҳисоб-беҳисоб хайрли, савобли ишлар қилинмоқда, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мазкур қарорда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга  уйғун  ва  ҳамоҳанг  тарзда ўтказиш билан боғлик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш топшириқлари берилмоқда.

12) олдин: Диний илмларни ўрганиш учун 274 млн. халқи бўлган СССРда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига қарашли фақат 1 та Тошкент ислом институти ва 1 та Бухоро шаҳридаги мадраса бўлган.

12) ҳозир:  Ўзбекистон Республикаси худудида 13 та диний таълим муассасалари мавжуд. Учта олий ва 10 та ўрта-махсус, шу жумладан, 2 та аёл-қизларга ихтисослашган ислом таълим муассасаларидир. Олий таълим муассасалари Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти, Президент ташаббуси билан очилган Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Президент ташаббуси билан очилган Мир Араб олий мадрасаси ҳамда ҳамда “Муҳаддислар султони” бўлган, “Дунё имоми” бўлмиш Имом Бухорий ҳазратлари номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолият юритмоқда. Олий диний таълим муассасаларида 148 нафар ўқитувчи орасида фан докторлари, фан номзодлари, фалсафа докторлари (PhD), магистр илмий даражасига эга педагоглар бор. Ўрта-махсус ислом билим юртларида эса жами 1420 талабага 242 нафар педагог таълим бермоқда. Улардан 2 нафар профессор, 7 нафари фан номзоди ва 50 нафари магистрлик илмий даражасига эга. Диний таълим муассасалари ва илмий мактабларда фуқаролар учун “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари ҳам ишлайди.

13) олдин: масжидлар қолиб ҳамма буюк алломаларимизнинг, машҳур уламоларимизнинг, улуғ азиз-авлиёларимизнинг ҳоки поклари жойлашган азиз ва табаррук жойлар вайрон бўлиб, хор бўлиб, ташландиқларга айланиб қолган.

13) ҳозир: ўз ноёб асарлари билан бутун дунёга Ислом зиёсини сочган, мислсиз илмлари билан йиллар давомида бетакрор бўлган, беқиёс ижодлари билан инсониятга машъал бўлган, ўз ҳиссалари билан Ислом маданиятини Ер юзига таратган, бемисл илмий-маърифий кашфиётлари билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган, илмий-ижодий хизматлари билан дунёни лол қолдирган, бебаҳо мерослари билан башарият дунёқараши ва маънавиятига беқиёс таъсир кўрсатган, ўз салоҳиятлари билан буюк илмий мактаблар яратиб, ўз диёрларини жаҳонга тараннум этган, муқаддас ва илохий китоб бўлмиш Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба, башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланадиган китоб муаллифи, ақл-заковати ва матонати билан ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган улуғ шарафга сазовор бўлган, энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба муаллифи бўлган, ўлмас мерослари билан «Дин ва миллатнинг ҳужжати» деган юксак унвонга сазовор бўлган, ҳаётбахш ҳикматлари билан дунё аҳлини таслим қилган, ўзларининг беназир илм-маърифатлари билан дунё тараққиётини ривожлантиришга улкан таъсир кўрсатган, теран билимлари ва илмий салоҳиятлари билан Ислом олами учун «Маънавий етуклик тимсоли» бўлган, бугунгача дунёнинг энг олий ўқув юртларида дарслик бўлиб келаётган илмий жасоратлари ва ноёб фазилатлари ила битилган асарлар муаллифлари, серқирра илм-билимлари билан замонавий илм-фанларга асос солган улуғ аждодларимиз, ижодий мерослари замон ва макон чегараларини билмаган мўътабар боболаримиз, халқимизнинг номини ёруғ оламга танитган, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум этган, бир сўз билан айтганда, мана шу муқаддас заминимизда таваллуд топиб, вояга етган, ўз ҳаёти ва фаолияти билан нафақат тарихда олтин ҳарфлар билан ёзилган, айни вақтда башариятнинг бугунги тараққиёт саҳифаларида ҳам ўчмас из қолдирган улуғ алломаларимизни, буюк мутафаккирларимизни, муфассиру муҳаддисларимизни, фақиҳу фуқаҳоларимизни, олиму уламоларимизни, пиру устозларимизни, азизу авлиёларимизни нафақат номлари тикланиб танилди, нафақат ётган қабрлари обод бўлди, балки ётган жойлари улуғ қадамжоларга айланиб, Ўзбекистон диёрининг мўъжизалари бўлган мазкур табаррук жой ва муқаддас зиёратгоҳларга Ер куррасининг ҳар қандай жойидан келган ҳар қандай ўта юқори мартабали меҳмонлардан тортиб оддий сайёҳгача бўлган ҳар қандай инсон, қоил қолиб, лол бўлиб, тасаннолар айтиб, тан бериб, таслим бўлиб кетмоқда. Бундай табаррук ва улуғ зотларнинг асарларидан эса Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фукаро энди бемалол баҳраманд бўлиши мумкин.

14) олдин: Диний ходимлар, хусусан имом-хатиблар, домлалар, отинойилар доим таъқиб остида бўлганлар.

14) ҳозир: Олий маълумотларга, юқори савияга, бой тажрибага, ҳам диний, ҳам дунёвий илмларга, замонавий пухта билимларга эга бўлган муҳтарам ва ҳурматли динимиз пешволари, малакали имом-домлаларимиз ва отинойиларимиз Қуръони карим оятларида талаб этилганидек, Ҳадиси шарифларда тавсия этилганидек, муқаддас Ислом динимизни кўрсатмаларини ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдим этилаётган фатво, буйруқ, топшириқ ва кўрсатмаларини бемалол, очиқ-ойдин ҳар жума барча жоме масжидларда ўтказиладиган жума намозларидан олдинги  маърузаларда батафсил ва атрофлича  изоҳлаб, мусулмонларимизга кенг тушунчалар бериб, шунингдек, маҳаллаларда ўтказиладиган турли йиғинларда ҳам, халқимизни ҳамма тадбирларида ҳам, фуқароларимизни барча шаръий маросимларида ҳам ҳамда ҳамма давлат ташкилот, корхона ва идораларидаги йиғилиш ва мажлисларида ҳам Қуръони карим оятларида талаб этилганидек, Ҳадиси шарифларда тавсия этилганидек, муқаддас Ислом динимизни кўрсатмаларини бутун оммага етказиб тушунтириб, миллий ва диний қадриятларимизни кенг тарғиб этмоқдалар.

15) олдин: уйда Қуръон китоби бўлишини ҳар бир қалбида мусулмон инсон орзу-ҳавас қилган.

15) ҳозир: Қуръони карим китобининг ўзини, Қуръони каримнинг тафсирларини, Қуръони каримнинг  таржималарини, Қуръони каримнинг шарҳларини, Қуръони каримнинг  изоҳларини, Қуръони каримнинг  маъноларини хоҳлаган тилда, хоҳлаган пайтда, хоҳлаган миқдорда олиш мумкин. Бундан ташқари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Республика Кўрлар жамияти билан ҳамкорликда чиқарган кўзи ожизлар учун махсус тайёрланган Брайл ёзувидаги Қуръони карим китоби ҳам мавжуд. Ўзбекистон мазкур хайрли амалиётни амалга оширган жаҳоннинг учинчи мамлакати бўлди.

16) олдин: дунё халқлари нафақат Ўзбекистон ССРдаги мусулмонларни, балки Ўзбекистон деган жой борлигини ҳам билмаган.

16) ҳозир: АҚШнинг пойтахти Вашингтонда АҚШнинг собиқ президенти Ричард Никсон маркази томонидан ташкил этилган «Давлат ва дин, конфессиялараро бағрикенглик: Ўзбекистон мисолида» мавзусида конференция;

Буюк Британиянинг пойтахти Лондон шаҳрида «Уч дин форуми» халқаро ташкилоти томонидан ташкил этилган «Конфессиялараро тотувликка эришишда Ўзбекистон тажрибаси» мавзуидаги семинар;

АҚШнинг пойтахти Вашингтонда АҚШнинг Олий Ислом Кенгаши ва Америка-яҳудий комитети томонидан ташкил этилган «Ҳозирги Марказий Осиёда ислом» мавзуидаги халкаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий хазратлари иштирок этдилар;

АҚШнинг Олий Ислом Кенгаши раиси Мираҳмадий бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий хазратлари билан учрашди;

Миср Араб Республикасининг пойтахти Коҳирада бўлиб ўтган Ислом Олами Кенгашининг халқаро конференциясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари иштирок этиб, «Асрлар оша диний уламоларнинг илм-фан ривожига қўшган хиссаси» мавзуида маъруза килдилар;

Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган диний ва руҳоний лидерларнинг  тинчлик масалалари бўйича минг йиллик саммитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий хазратлари иштирок этдилар;

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) нинг Таълим, илм-фан ва маданият буйича ташкилоти (UNESCO)нинг «Жаҳон динлари: тинчлик маданияти йўлида» халқаро конференцияси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди;

Бу рўйхатни давом эттирсак, бир неча томли китоб бўлади.

17) олдин: кундаги оддий ҳаётда «Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим», «Худога шукур!», «Алҳамдулилло мусулмонман!», «Илоҳим», «Худо ҳохласа», «Худо насиб қилса», «Худо раҳмат қилсин!», «Жойлари жаннатда бўлсин!», «Охиратлари обод бўлсин!» деган ибораларни сўзлаб қўйса, «динга ташвиқот қилди,»  – деб «қора рўйхат»га киритилган.

17) ҳозир: халкимизни кундаги маросим-тадбирларидаги қизиқарли маърузалари ва чиройли амр-маъруфлари билан кифояланиб, чегараланиб қолмасдан, давлатимиз томонидан Диний идорамизнинг раҳбарларига, машҳур ва таниқли уламоларимизга, муҳтарам ва ҳурматли динимиз пешволарига, жойлардаги имом-хатибларимизга ота-боболари буюк имомлар ва алломаю замонлар, табаррук зотлар ва улуғ инсонлар бўлган, неча йиллар давомида ўз миллий ва диний қадриятларидан бебаҳра қолиб кетган чанқоқ халқимизга муқаддас Ислом динимизни тўлиқ ва батафсил ёритиб бериш учун, дину-диёнатимизни соф ва мукаммал билдириш учун ҳамма даврий матбуот нашрларида ҳам, барча давлат телеканалларида ҳам, ҳамма радиоэшиттирувларда ҳам, вилоят, шаҳар, туманлардаги маҳаллий телекўрсатувларида ҳам жуда катта аҳамият берилиб, чегарасиз вақт ажратилиб, алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар кун, ҳар хафта, ҳар ой чексиз-чегарасиз ва улкан имкониятлар берилмокда. Ўзбекистон Республикаси бўйлаб Қуръони каримни тўлиқ ёд қилганлар ичида эркаклар орасида алоҳида, хотин-кизлар орасида алоҳида қорилар мусобақалари ўтказилмоқда. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси бўйлаб имом-хатиблар ичида туман, шаҳар, вилоят ва республика босқичларидан иборат «Йил имоми» кўрик танловлари қизғин ўтказилиб, ғолиблари муносиб тарзда тақдирланмоқдалар.

18) олдин: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак замонларидан бошлаб Ер курасининг ҳар бир маконида, ҳар бир замонида, ҳар бир мўмин-мусулмон ҳеч бўлмаса бир мартагина бўлса ҳам кўришни орзу-ҳавас қилган “Усмон Мусҳафи” неча-неча йиллар бегона юртларда қолиб кетиб, бировларнинг қўлларида турган.

18) ҳозир: мўмин-мусулмонларни хоҳиш-истакларини инобатга олиб, мусулмон дунёсининг энг муқаддас ёдгорликларидан бири бўлган “Усмон Мусҳафи”ни Ўзбекистон давлатимиз томонидан жаннатмакон юртимизни ҳар бир одами, муқаддас Ватанимизни ҳар бир фукароси, доно халқимизни ҳар бир мўмин-мусулмон фарзанди хоҳлаган пайтида хоҳлаганича кўриб, бемалол истеъфода қилиши учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ихтиёрига топширилди. Нафақат юртимиз фуқаролари, балки Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар инсон ушбу буюк ва ноёб тарихий ёдгорликни бемалол кўриши мумкин.

19) олдин: ҳайит намозларига борганларни яширинча расмга олиб, газета, журналлар орқали ва ишхонасидаги деворий газеталари орқали уларни ҳақорат қилиб, шарманда қилиб, хорлаб, инсоний обрўларини поймол қилишган.

19) ҳозир: тарихдаги аждодларимиз доимо интилган, ўтмишдаги бобо-калонларимиз орзу-ҳавас қилиб кутган, бундай кунларни кўра олмасдан юракларидаги армонлар билан, дилларидаги ғамлар билан, ҳаёлларидаги умидлар билан, қалбларидаги ўкинчлар билан тун-саҳарларда Худодан сўраб, кечаларию-кундузлари Парвардигорга илтижо этиб, кўзларида ёшлар билан Яратганга дуолар қилиб, ожизона Аллоҳ таолога муножотлар қилиб ўтиб кетган ота-оналаримиз интилиб кутган кунлар келди – икки ҳайит айёмлари дам олиш кунларига айланди. Бундай кунларни кўра олмасдан ўтган боболаримизни-момоларимизни, оталаримизни-оналаримизни яхши ниятларини амалга ошириш учун, ушалмаган орзуларини рўёбга чиқариш учун муҳтарам Юртбошимиз энг биринчилар қаторида чиқарган махсус Фармонлари билан қонунийлаштириб, Ўзбекистон диёридаги халқимизга икки ҳайитни дам олиш кунлари қилиб, ҳар бир мўмин-мусулмонга икки қанот қилиб бердилар.

20) олдин: давлат ишчи ва хизматчилари нафақат турли маърака-маросимларга боришдан қўрққан, балки ўз ота-онасининг жаноза ва таъзия маросимларида ҳам қатнаша олмаган. «Худога шукур!» ёки «Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим» деган ибораларни айтишдан ҳам, хатто юзига фотиҳа тортишдан ҳам қўрққан. Жазоси – партия сафидан ўчирилиш ёки эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиш бўлган. Ўз фарзандларига суннат тўйи қилиб, хатна қилишдан ҳам, келин-куёвларга никоҳ ўқитишдан ҳам қўрққан.

20) ҳозир: халқимизни барча тадбирларида, турли шаръий маърака-маросимларида давлатимизни барча  ташкилот, корхона ва идораларидаги раҳбариятидан тортиб ҳамкасблари ва меҳнат жамоалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Бевосита ва билвосита раҳбарларининг иштирокларида давлатимизни барча ташкилот, корхона ва идоралари томонларидан халқимизни тўй-ҳашам кунларидаги хурсандчиликларига ҳам хурсанд бўлиб, ҳар хил иссиқ-совуқ кунларидаги ташвишларида ҳам шерик бўлиб, қийин кунларидаги дардларига ҳам ҳамдард бўлиб, оғир пайтларидаги мусибатларини баҳам кўриб, ночор ҳолатларидаги ғамларини бирга енгиб, керакли даражада ҳар хил маънавий ва беҳисоб даражада турли хил моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Маҳаллалар хонадонларидаги ва тўйхоналардаги халқимиз  ўтказаётган турли йиғинларида ҳам, ҳар бир фуқароларимизни барча шаръий маросимларида ҳам диний уламоларимиз, жоме масжидларимизнинг муҳтарам ва ҳурматли имом-хатиблари ўзларининг сермазмун маърузаларида энг замонавий ахборот воситалари орқали муқаддас Ислом динимизни кўрсатмаларини батафсил ва атрофлича ёритиб, Қуръони карим оятларини маъноларини шарҳлаб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини мазмун-моҳиятларини изоҳлаб, шариатимизда талаб этилганидек, мусулмонларимизга кенг тушунчалар бериб, миллий ва диний қадриятларимизни бутун оммага етказиб тушунтириб, кенг баралла тарғиб этмоқда.

21) олдин: диндорларни, айниқса, имом ва отинойиларни давлат ташкилот, корхона, идораларнинг раҳбарлари ҳам, ходимлари ҳам назарига илмасдан, менсимасдан, камситиб, давлат эътиборидан четга чиқариб, халқдан ҳам қоралаб ажратиш учун турли хил найранг услублар қўлланилган.

21) ҳозир: юртимиздаги ҳар бир масжидлардаги ўтказиладиган маърузаларидан ташқари, ҳар бир фуқароларимизни барча шаръий маросимларидаги амр-маъруфларидан ташқари, давлатимизни барча  ташкилот, корхона ва идораларидаги йиғилиш ва мажлисларида ҳам энг юқори, энг ҳурматли ва энг эътиборли жойларда ўтириб, юқори лавозимдаги масъул шахслар ҳузурларида, энг катта минбарлардан туриб, дин пешволаримиз, муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимиз Қуръони карим оятларини ҳукм-аҳкомларини шарҳлаб, ҳадиси шарифларни мазмун-моҳиятларини ёритиб, муқаддас Ислом динимизни кўрсатмаларига мувофиқ батафсил ва атрофлича  изоҳлаб, халқимизга кенг тушунчалар бериб, бутун оммага етказиб тушунтириб, миллий ва диний қадриятларимизни кенг тарғиб этмоқдалар.

22) олдин: оммавий ахборот воситаларида ҳатто Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси тасарруфида хизмат қилган диний ходимларга ҳеч қачон имкон берилмаган.

22) ҳозир: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилаётган кундаги ҳамма даврий матбуот нашрларида ҳам, Ўзбекистон Республикасидаги барча телеканаллари орқали ҳам, Ўзбекистон Республикасидаги ҳамма радиоэшиттирувлари орқали ҳам, Ўзбекистон Республикасининг вилоят, шаҳар, туманларидаги маҳаллий телекўрсатувлари орқали ҳам муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимиз муқаддас Ислом динимиздаги барча масалаларни тўлиқ ва батафсил ҳамда эмин-эркин ёритишдан ташқари, Республикамиздаги давлат нашриётларидан, теле ва овоз ёзиш студияларидан, интернет тармоқларидан ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриётидан сермаҳсул фойдаланиб, ўзларининг китобларини, рисолаларини, видео ва овоз ёзилган дискларини халқимиз манфаати учун чиқариб, жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни, доно халқимизни, келажагимиз бўлган ёшларимизни Қуръони карим оятларига ҳам зид, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг  хадиси шарифларига ҳам зид, динимиз кўрсатмаларига ҳам зид, шариатимиз ҳукмларига ҳам зид, уламоларимиз фатволарига ҳам зид, давлатимиз қонунларига ҳам зид, Диний идорамиз аҳкомларига ҳам зид, замонамиз шароитларига ҳам зид, давримиз талабларига ҳам зид, шарқона одобларимизга ҳам зид, мазҳабимиз меъёрларига ҳам зид, математика формулаларига ҳам зид, тиббиёт илмларига ҳам зид, астрономия ажойиботларига ҳам зид, табиат фанларига ҳам зид, жамиятшунослик алоқаларига ҳам зид, одамгарчилик муносабатларига ҳам зид, инсоний туйғуларга ҳам зид, руҳшунослик сир-асрорларига ҳам зид, юртимиз урф-одатларига ҳам зид, ўзбекчилик қоидаларига ҳам зид, маданиятимиз аҳлоқларига ҳам зид, инсоний ақлга ҳам зид, ахлоқий нормага ҳам зид, доно мақолларимизга ҳам зид, миллий анъаналаримизга ҳам зид, диний қадриятларимизга ҳам зид, халқимиз онгига ҳам зид, мусулмончилигимиз асосларига ҳам зид, Ислом динимиз тушунчаларига ҳам зид бўлган турли хил зарарли оқимлардан ва барча турдаги салбий унсурлардан сақлашлик учун ўзларининг беқиёс ва салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

23) олдин: халқимизга Ислом динининг асосий манбасини ўрганиш учун биронта расмий даргоҳ йўқ эди.

23) ҳозир: олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасалари ҳамда ихтисослашган илмий мактабларда халқимизга “Қуръон ва тажвид” курслари фаолият юритмоқда.

24) олдин: Ислом дини манбаларини тадқиқ этадиган ҳеч қандай жой йўқ эди. 

24) ҳозир: Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, мамлакатимиз ҳудудларида ихтисослашган ҳадис илми, калом илми, тасаввуф илми, ақоид илми ва фиқҳ илми мактаблари ташкил этилди.

25) олдин: бутун дунё таниган ва тан олган улуғ алломаларнинг табаррук қадамжолари мутлақо қаровсиз ҳолатда эди.  

25) ҳозир: буюк мутафаккирларимизнинг ҳоки поклари қўним топган жойлар обод масканларга айлантирилди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғилоний, Етти пир зиёратгоҳлари гўзал гўшаларга айлантирилди.

26) олдин: улуғ алломалар, буюк мутафаккирлар ва беназир уламоларнинг нодир асарлари ўз она тилимизга таржима қилинмаган эди.

26) ҳозир: дунё бешигини тебратган улуғ алломалар, мислсиз буюк мутафаккирлар ҳамда бетакрор ва беназир уламоларнинг кўплаб нодир асарлари ўз она тилимизга таржима қилиниб, халқимизга туҳфа этилмоқда.

27) олдин: имом-хатиблар, уламолар ва диний соҳа ходимлари хорижий давлатлардаги нуфузли тадбирларда иштирок этмас эди.

27) ҳозир: муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимиз, кўплаб уламоларимиз ва диний соҳа ходимлари хорижий давлатлардаги анжуманлар, семинарлар ва йиғинларда мунтазам ва фаол иштирок этмоқдалар. Шунингдек, хорижий давлатларнинг диний идоралари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда.

28) олдин:  мамлакатимизнинг Ислом дини маданиятида тутган ўрнини кенг кўламда намоён этадиган мажмуа ташкил этиш инсон хаёлига ҳам келмаган эди.

28) ҳозир: юртимизнинг Ислом дини маданиятида тутган ўрнини ва буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини бутун дунёга намоён этиш, диёримизда муборак динимизнинг ҳақиқий мақомини тарғиб қилиш мақсадида, Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.

Биз мустақилликнигина эмас, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни йўқотиш даражасига етган эдик. На Чор ҳукумати, на қизил империя салтанати Туркистон халқларининг тараққий топишини ҳеч қачон истаган эмас. Ер ости ва ер усти бойликлари ададсиз, тупроқлари ҳосилдор, табиати жаннатмисол бу ўлка ҳалол, очиқкўнгил, меҳмондўст ва айни пайтда меҳнаткаш халқи билан биргаликда 130 йил давомида мустамлакачилик азобини тортиб келди.

Ҳақиқатан, реал ҳаётда ҳам, амалда ҳам «биз мустақилликнигина эмас, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни йўқотиш даражасига етган эдик»ми ахир? Демак, энди, муҳтарам азизлар, биз мустақиллигимизни, тилимизни, динимизни, бутун маънавиятимизни қадрига етайлик!

Бунчалик даражада Ислом дини – маърифат ва эзгулик дини эканини амалий бажарилиши фақатгина Ўзи назар қилган юртда бўлиши мумкин ва фақатгина ушбу жаннатмакон юртни бошқариб турган одам орқали бўлиши мумкин.

Шу жаннатмакон заминнинг, буюк алломалар юртининг туб халқи бўлмиш ўзбекнинг ҳам феълий, ҳам қавлий жиҳатдан тўла-тўкис ва мукаммал «бағрикенг ўзбекнинг ўчмас иймони» деб тавсифлаб, ҳақиқий халқ шоири, раҳматли Абдулла Орипов ҳам Ислом дини – нақадар эзгулик дини эканини баён этади:

"Дасти қисқаларни камситма зинҳор.

Савобнинг каттаю кичиги бўлмас.

Кимнингдир давлати беҳуда бисёр

Ва лекин бахилдир, толеи кулмас. 

Оч қолган гўдакка саховатли зот,

Яримта хурмони дилдан илинди,

Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,

Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.

Демишлар савоб иш офатни тўсиб,

Эзгулик йўлига шайлангусидир.

Энг кичик ҳиммат ҳам тойчоқдек ўсиб,

Тулпордек савобга айлангусидир." 

Охирзамон пайғамбари бутун дунёга Ислом динининг аҳкомларини меҳру мурувват ила баён этган зот, Жаноби севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳаммаларимизнинг буюк Устозимиз марҳамат қилдиларким:

 “Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур.

Мўминнинг ўлимидан cўнг ҳам ёзилиб турадиган амаллар тарқатган илми, қобил фарзанд, мерос қолдирган Қуръони, қурган масжиди, меҳмонхонаси, чиқарган суви, соғлик ва ҳаётлик пайтида қилган садақасидир.

“Сизларнинг  яхшиларингиз – дунё ишини деб охират ишини, охиратни деб дунё ишини тарк қилмайдиган ва одамларга малоллигини туширмайдиганларингиздир”.

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, динимиз камоли, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизни доно раҳбарликлари остида ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб борилаётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин!

Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-баракалар бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ الْحَكِيمِ "إِنَّ اَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللهِ أَتْقَاكُم" وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الْكَرِيمِ الَّذِي كَانَ يَقُولُ "وَاللهِ إِنِي أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ

ҲИКМАТНИНГ БОШИ – АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШДИР!

Муҳтарам жамоат! Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган, уни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳурмат топишига сабаб бўладиган энг улуғ фазилат,  бу – тақводир. “Тақво” арабча сўз бўлиб, луғатда “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. Уламоларимиз тақвога турлича таърифлар берганлар. Уларнинг энг машҳури эса, киши Аллоҳ таолонинг азобидан сақланиши учун,  нафсини каттаю кичик гуноҳ ва маъсиятлардан тийиши – тақводир дейилган.

Бир киши машҳур саҳобаи киром Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан тақво ҳақида сўради. Шунда у зот: “Сен тиконли йўлдан юришга мажбур бўлиб қолсанг нима қиласан?” дедилар. Ҳалиги одам: “Агар шундай йўлдан юришим керак бўлиб қолса, эҳтиёт бўлиб, тиконларни босиб юбормасликка ҳаракат қиламан ёки йўлнинг энг четидан аста юриб ўтиб оламан ёхуд у йўлдан умуман юрмай ортимга қайтиб кетаман” деди. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Мана шу ишинг тақводир” дедилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир юз етмиш бешта ўрнида “тақво” ҳақида сўз юритган. Тақво қилган кишига кўплаб ажру савоблар ва юксак мартабалар ваъда қилинган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ

яъни: “Албатта, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир” (Наҳл сураси 128-оят).

Тақво қилган кимсанинг ишларини Аллоҳ таоло Ўзи осон қилиб қўяди. Бу ҳақда шундай марҳамат қилган:

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مِنْ أَمْرِهِ يُسْرًا

 яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сураси 4-оят).

Тақво қилиш гуноҳларга каффорат бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай деган:

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يُكَفِّرْ عَنْهُ سَيِّئَاتِهِ وَيُعْظِمْ لَهُ أَجْرًا

яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, унинг ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва унинг мукофотини буюк қилур” (Талоқ сураси 5-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонларни жаннатга энг кўп қайси амал киритади деб сўралганда, У Зот: “Аллоҳга тақво қилиш” деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривоятлари).

Қаерда ва қайси жойда бўлишимиздан қатъий назар Аллоҳдан қўрқишга чақириб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي ذرٍّ رَضِيَ اللَّهُ عنهُ)

яъни: “Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳга тақво қилинг, агар бирорта гуноҳ қилсангиз албатта, унинг ортидан бирор савобли ишни қилинки, қилган гуноҳингизни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, тақводор киши ўзи ёлғиз бўлсин ёки кўпчилик ичида бўлсин, нима иш қилса ҳам уни Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилган ҳолда иш қилади.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу тақво ҳақида шундай деганлар:

التقوَى: هي الخوفُ مِنَ الجليلِ، والعَمَلُ بالتَّنزيلِ، والقناعةُ بالقليلِ، والاستعدادُ لِيومِ الرَّحيلِ

яъни: “Тақво бу – (ҳар бир ишда) Аллоҳдан қўрқиш, Қуръондаги кўрсатмаларга амал қилиш, оз нарсага қаноат қилиш ва дунёдан кетар кун учун тайёргарлик қилишдир”.

Демак, борига қаноат қилиб, дунё тўплашга муккасидан кетмаслик тақводорликнинг бир кўриниши экан.

Тақволи киши назарини Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийиши керак.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

يَا عَلِيُّ لا تُتْبِعْ النَّظْرَةَ النَّظْرَةَ فَإِنَّ لَكَ الأُولَى وَلَيْسَتْ لَكَ الآخِرَةُ

(رواه الْإِمَامُ الترمذي عن جابر رَضِيَ اللَّهُ عنهُ)

яъни: “Ҳой Али биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Чунки биринчиси сен учун (Яъни, беихтиёр бўлгани учун унга жавобгар эмассан) иккинчиси эса сени зиёнинггадир” дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, киши ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш асносида ёки кўча-кўйда юришда кўзини ҳадисда баён қилингандек бошқариши ўзига хос жасорат ва тақводорлик белгиси ҳисобланади.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтганлар:

لَيْسَ تَقْوَى اللَّهِ بِصِيَامِ النِّهَارِ، وَلَا بِقَيَامِ اللَّيْلِ، وَالتَّخْلِيطِ فِيمَا بَيْنَ ذَلِكَ،

وَلَكِنَّ تَقْوَى اللَّهِ تَرْكُ مَا حَرَّمَ اللَّهُ، وَأَدَاءُ مَا افْتَرَضَ اللَّهُ

яъни:  “Кундузларини рўза тутиб, кечаларини намоз ўқиб, бошқа пайт гуноҳни содир этиш Аллоҳга тақво қилиш эмас. Ҳақиқий тақво – Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк этиш, У Зот буюрган нарсани бажаришдир” (“Аз-Зуҳдул кабир” китоби).

Тақводор киши қанча савобли амал қилса ҳам уни оз деб билади. Ана ўшанда қилган эзгу амаллари қабул бўлишга яқин бўлади. Унвонул баён китобида қуйидаги ҳикмат ёзилгандир:

إِكْمَالُ الْعَمَلِ اِسْتِقْلاَلُهُ

яъни: “Амални мукаммал қилиш – уни оз санаш билан бўлади”.

Демак, тақводор киши қанча савобли-эзгу амалларни мукаммал қилса ҳам охирида “Бу амални аъло даражада бажара олмадим, мендан бошқа киши бўлганда бу ишни жуда чиройлик ва мукаммал бажарар эди” деб қўйиши – амалидан ғурурланишни кетказади. Натижада, адо этган амалнинг савобини йўққа чиқарадиган нарсалардан омонда бўлади.  

Муҳтарам азизлар! Тақво охират сафари учун энг яхши озуқадир. Кумайл ибн Зиёд ривоят қиладилар: “Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу билан бирга Жаббон қабристони ёнидан ўтиб қолганимизда, у киши қабристонга қараб: “Эй қабрларда ётганлар, эй қоронғуликларда ёлғиз қолганлар, сизларда нима гап? Биздан сўрасангиз, молларингиз тақсимланди, болаларингиз етим қолди, хотинларингиз бошқа турмуш қуришди. Бизда ана шундай хабарлар. Сизларда қандай хабарлар бор?” – деб сўрадилар. Сўнгра менга қараб: – Эй Кумайл, агар уларга жавоб қилиш учун изн берилганида: “(охират сафарига) озуқа олиб келинг, энг яхши озуқа тақводир”, деб айтишган бўлар эди, – дедилар. Кейин эса йиғлаб, бундай дедилар: “Эй Кумайл, қабр амаллар сандиғидир. Буни фақат ўлганингдан сўнг биласан...”.

Имом Абу Лайс Самарқандий “Мукошафатул қулуб” асарида шундай деганлар: “Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади”. Улар:

  1. Тилда. Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан тияди.
  2. Қалбда. Аллоҳдан қўрққан одам қалбида ўзгаларга душманлик хис қилмайди.
  3. Кўзда. Аллоҳдан қўрққан одам ейишда ҳам, ичишда ҳам, кийишда ҳам ва бошқа хусусларда ҳам кўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади.
  4. Меъдада. Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига ҳаром луқма бермайди.
  5. Қўлда. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади.
  6. Оёқда. Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди.
  7. Итоатда. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун унга итоат этади. Риёдан, инсонларга ўзини ва ё ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади.

Муҳтарам жамоат! Тақвонинг самараси кишининг ўзига ва фарзандларининг солиҳ инсонлар бўлиб етишишига албатта таъсир қилади. Бунга ўтган салафи солиҳларимиздан жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, буюк муҳаддис олим Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳни олиб қарасак, у зот илм, фазилат ва парҳезкорликда беназир инсон эдилар. Имом Нававий у зот ҳақларида: “Абдуллоҳ ибн Муборак ҳамма улуғликларни ўзида жамлаган имомдир” деганлар.

Ушбу буюк зотнинг отаси – Муборак жуда тақволи киши бўлган эди. У киши ўз хожасини боғида боғбонлик қилар эди. Бир куни хожаси келиб унга: “Ширин анордан олиб чиқинг” – деди. Муборак бир дарахтдан анор келтириб беради. Хожаси уни еб кўрганда нордон чиқади. Шунда, “Сизга ширин анор десам, нордон анорни келтирибсиз, ширин анор келтиринг” – деди. Муборак бошқа дарахтдан анор келтиради. Хожаси уни ёриб кўрганда яна нордон бўлиб чиқади. Хўжайинни бундан ғазаби келади. Бу ҳолат уч бора такрорланади. Шундан сўнг Муборакка хўжайини: “Бир қанча муддатдан бери шу боғда хизмат қилиб, ширин анор қайси дарахтда, нордон анор қайси дарахтда эканини билмайсанми?” – деди. Муборак: “Йўқ” – деб жавоб берди. Мавлоси: “Нима учун” – деди. Муборак: “Сиз менга бу боғдаги хизматларни қил дегансиз, анорларидан ейишимни айтмагансиз. Шунинг учун мен қайси анор ширин ва қайси анор нордонлигини билмайман” деб жавоб берди. Шунда, хўжайини Муборакни парҳезкорликларига қоил қолиб: “Мен ҳали мана шундай тақводор ва парҳезкор кишини хизматкор қилиб юрибманми?” деб, Муборакни хизматдан озод қилиб, бир солиҳа қизини Муборакка никоҳлаб беради. Мана шу парҳезкор жуфтликдан буюк олим ва муҳаддис Абдуллоҳ Ибн Муборак дунёга келадилар.

Шундай экан, ҳар бир киши нима иш қилишидан қатъий назар Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, ўзгани ҳаққидан, айниқса халқнинг ҳақини ейишдан ўзини эҳтиёт қилиш айни муддаодир. Зеро, жамиятнинг мулкини эҳтиёт қилиш, асраш ва унга зиён етказишдан тайилиш лозимдир. Чунки, бир шахснинг мулки учун бу дунёда фақат ўша инсон олдида жавобгар бўлинса, жамият мулкига бутун халқ олдида жавоб беришга тўғри келади. Охиратдаги жавобгарлиги эса, аламли бўлади.    

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан қўрқадиган, тақводор ва парҳезкор бандаларидан айлаб, дунё ва охиратимизни обод қиладиган солиҳ амалларга муваффақ қилсин! Омин!

 

 

 

 

 

        

 

 

 

 

Биз хеч кимни ташлаб кетмадик. Ўзлари хоҳлаган жойларида қолдириб кетдик холос!

С.Жобс

***

Ўтинчининг болтани ўткирлашга кетган вақти, бу йўқотилган вақт эмас.

Тарих муҳрлаган сўзлар

***

Кекса, ёш — ҳаётга ҳар кимки етар —
Ҳаммаси изма-из бирма-бир ўтар.
Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадий,
Келдилар, кетамиз, келишар, кетар.

Умар Ҳайём

***

Ҳаёсиз юз жонсиз жасадга ўхшайди.

Чала билим эгаси бўлишдан кўра, билимсизлик афзалроқдир.

Ибн Сино

***

Ҳеч ким эмасмисан? Ҳеч кимга керак эмассан...

Саййид Аброр Умар

***

Одамлар ўзлари ёқтирган кишиларини тарафини олиб, ёмон кўрган кишиларига маломат қилишади.

Абу Райҳон Беруний

***

Ҳамиша ҳақ бўлишга интилиш – ақлнинг тарбия топмаганлиги белгисидир.

Албер Камю

***

Ҳар бир одам ҳақида роман ёзиш мумкин, лекин ҳамма одам ҳам           таъзияномага арзийвермайди.

Ўзингдан кетганингда қайтиб келишни унутма.

Диамонд

***

Дили ва тили бир бўлмаган инсон юз тилни билса ҳам тилсиз саналгай.

Ж.Румий

***

Дунёпараст бўлма, Худонинг душманини севган бўласан.

Имом Мотуридий

 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Top