muslim.uz
Карантинда жаноза намози ўқишдаги тавсиялар
Жаноза намози дуруст бўлиш шартлари
Савол: Жаноза намози дуруст бўлиши учун неча киши қатнашиши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жаноза намози дуруст бўлиши учун жамоат шарт қилинмаган. Бир киши (хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин) жаноза намозини ўқиса, намоз дуруст бўлади ва бошқалардан фарз соқит бўлади. Ҳатто жаноза ўқувчи балоғатга етмаган бола бўлса ҳам намоз дуруст бўлади.
Маййитга жамоат бўлиб жаноза ўқиш афзал. Чунки жаноза маййитнинг ҳаққига дуодир. Мусулмонларнинг жамоат бўлиб дуо қилиши дуонинг қабул бўлишига катта сабаб бўлади (“ал-Мухтасар фил-Фиқҳил-Ҳанафий” китоби).
Бу мавзуда Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан бири “ал-Фатаво Ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Жаноза намози ёлғиз имомнинг адо қилиши билан ҳам дуруст бўлади. Чунки жамоат бўлиб намоз ўқиш – жаноза намозининг шарти эмас, “Ниҳоя” китобида шундай келган” (“Китобус солаҳ”,).
Жанозага қатнашувчилар кам бўлганда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ҳанафий аллома Муҳаммад Амин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва васаллам: “Кимнинг жанозасини уч саф мусулмон ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом ал-Ҳоким ривоятлари).
Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида айтилади: “Жанозада уч саф қилиш мустаҳаб. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради”.” (“Раддул Муҳтор”).
Гувоҳ бўлиб турганимиз хатарли вирус тарқалган карантин даврида, шу вирусдан ёки бошқа сабаблар билан вафот этганларнинг жанозаларига камида етти киши йиғилса, фазилатли жамоатга айланади. Юқорида зикр қилингани каби уч саф мусулмонлар жанозасини ўқиган маййитга Аллоҳнинг раҳмати бўлишини умид қиламиз.
Демак, бугунги кундаги жанозаларга карантин сабабли катта жамоат йиғилмаётган бўлсада, мусибат эгалари тушкунликка тушмасдан, имкон қадар ўз бурчларини бажаришлари ва Аллоҳ таолонинг кенг раҳматидан умидвор бўлишлари лозимдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Ғулувга кетиш ҳалокатлидир
Ислом дини бешта рукнга бино қилинган бўлиб, уларнинг энг биринчиси, қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асос саналган рукн имондир. Ақида масаласида барча мусулмонлар етарли даражада илмга эга бўлишлари шарт.
Ақида борасида битилган энг мўътабар китоблардан биринчиси – “Ал-фиқҳул акбар” китобида Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Ҳар бир мусулмон шундай деб айтиши вожиб: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир. Аллоҳ таоло бирдир, лекин саноқ жиҳатидан эмас, балки Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан”».
Банда юқорида айтилган ақидаларга, аввало, чин қалбдан ишониб, сўнг уни тилида айтса, имони комил бўлади. Шунинг учун дилда тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши шарт қилинган. Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, ақидаси тўғри бўлмагани сабабли ибодатлари бесамар кетиши мумкин.
Ақидани яхши билмаслик динда чуқур кетишга олиб боради. Динда ғулувга кетиш эса, инсонни ҳалокатга элтади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта такрорлаганлар (Имом Муслим ривояти). Мусулмон киши ўзига Қуръони карим ва суннати набавияда айтилмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан, ҳаддан ошириб юбормаслиги лозим. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзилар динни жуда ҳам енгил санаб, Аллоҳ таолонинг мағфиратига қаттиқ ишонган ҳолда, дангасалик билан У зот буюрган амалларни адо қилишни ортга сурадилар. Бу ҳам нотўғридир.
Динда ғулувга кетиш мусулмонлар орасида тафриқага сабаб бўлади. Бунинг оқибатида фитналар, беқарорлик вужудга келади. Тинчликка путур етади, жамият бирлиги заифлашади. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: «Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур» (Анфол сураси, 46-оят). Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашуви ва қуввати кетиб қолишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда ҳам ёшларимиз орасида диний билимни интернет саҳифаларидан ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри ақидаларга эргашиб қолаётганлар йўқ эмас. Фарзандларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун уларнинг юртимиздаги исломий таълим муассасаларини битирган мутахассислар – имом-хатибларимиздан ўгит-маслаҳат олишларини, юртимизда чоп этилаётган диний-маърифий адабиётлардан, muslim.uz, hidoyat.uz, islom.uz ва бошқа бир қатор масжидлар ва мадрасаларнинг электрон нашрларидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш зарур.
Бобохон ҚОСИМОВ,
Музработ тумани бош имом-хатиби