muslim.uz
Муфтий ҳазратлари мақолаларига муносабат: “Кимки ерга меҳр берса, бунинг савоби каттадир”
Бугун оммавий ахборот воситалари, жумладан, Вазирлар Маҳкамаси муассислигидаги “Янги Ўзбекистон” газетаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси веб портали muslim.uz ва бошқа бир қатор ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Ким ерга меҳр берса, бунинг савоби каттадир” мавзусидаги мақолалари эълон қилинди.
Мазкур мақола айнан ҳозирги вақтда барчамиз учун зарур бўлган, энг долзраб масалаларга очиқ-ойдин муносабат билдирилган мақола бўлиб, у Муфтий ҳазратларининг халқимизга қилган яна бир муҳим мурожаати бўлди.
Айниқса, мақоладаги ҳозирги карантин даврида ваҳимага тушмаслик, ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик эса ярим соғлик экани, ҳар бир ибтидонинг интиҳоси бўлганидек, бундай синовли кунлар ҳам тез фурсатда Аллоҳ таолонинг иродаси ила тарихга айланиши, бундай кунларда ҳар бир мусулмон эътиқод ва амалда қандай йўл тутиши лозимлиги тўғрисида келтирилган сўзлар ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди.
Мақолада, шунингдек, бугунги оғир дамларда аҳоли аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш муҳим экани, бундай синовли даврда халқимиз рўзғори учун керак бўлган томорқа ерларини қаровсиз ташлаб қўймаслик, ҳадиси шарифда: “Агар қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол бўлса, қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”, деб айтилгани ҳақида келтирилган фикрлар барчамизни бефарқ бўлмаслик ва халқ дарди билан яшашга ундайди.
Мақоланинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:
Ўқинг ва бошқаларга тарқатиб, савобга эришинг!
Уйда қолинг! Уйингизда туриб, маърифат нурини тарқатишга ҳиссангизни қўшинг!
ҲАЙДАРХОН ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ
Мир Араб олий мадрасаси ректори
Бу синовларга сабр қилайлик
Экин экиш – мўл ризқ гарови
Долзарб мавзу
Халқимиз меҳнаткаш, азалдан бир парча ердан миришкорлик билан фойдаланиб, хонадонига Аллоҳнинг инояти ила барака киритаётган, ризқу рўзини бутлаб, омилкорлик билан иш тутаётган юртдошларимиз кўплаб топилади.
Бироқ бу йил экин-тикиш экиш мавсумида коронавирусни баҳона қилиб ҳайҳотдек томорқасини бўш қолдирган кишилар ҳам учраётгани кишини ташвишга солади. Муҳтарам Президентимиз жорий йил 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам юртимиз мўмин-мусулмонларига мурожаат қилиб, динимиз деҳқончиликка, ердан унумли фойдаланишга, ҳар қарич жойни обод қилишга буюрганини оят ва ҳадислар асосида батафсил тушунтириб бердилар.
Дарҳақиқат, инсон меҳнат билан тетик, ҳар қарич ерни файзга буркаш билан тилларда достон. Муқаддас динимизнинг асосий манбалари Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда ҳам экин экиб, ризқу рўз топишга тарғиб этилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Бошқа бир ривоятда “Агар мусулмон банда бирор туп кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.
Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимизда бундай ишлар қадрланади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳатто пайғамбарлар ҳам муайян касб билан шуғулланганлар. Мисол учун, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик билан шуғулланган.
Аллоҳнинг эрка бандалари бирор касбнинг бошини тутган экан, бизнинг бекор ўтиришимиз, томорқаларимиз қақраб ётиши, “олма пиш – оғзимга туш” қабилида иш тутиш шармандали ҳолат.
Ён-атрофимизга, ҳашаротларга қараб ибрат олишимиз керак. Бежиз Алишер навоий ҳазратлари:
Тухум ерга кириб, чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?! демаганлар.
Демак, кўчат экиш, экин-тикин қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш савобли амаллар сирасига киради. Кши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам унинг ҳақига муттасил равишда савоб бориб туриши учун ерга ниҳол қадашкерак. Шундай экан, бу эзгу ишдан четда қолмайлик.
Миродил МИРЖАЛИЛОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатибининг ўринбосари
Фарзанд тарбияси учун айни фурсат
“Масжидун Набавий” ҳақида
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидлари зиёрат учун бориладиган учта масжиддан биридир. Ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозгоҳлари, минбар, равзайи шарифлари ҳамда тарихий устунлар жойлашган.
Ушбу масжидда ўқилган намоз минг ракъат намоздан афзалдир Икки Шайх ривоят қилгани каби: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу масжидимда ўқилган намоз Масжидул Ҳаромдан ташқари қолган масжидлардаги намоздан минг баробар афзалдир ” – дедилар.[1]
Масжидун Набавийга кирган кишига равзайи шарифда ёки масжид ичида икки ракъат намоз ўқиб олиши мустаҳабдир, ҳудди Икки Шайх Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилганидек: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангиз масжидга кирсангиз ўтиришидан олдин икки ракъат намоз ўқиб олсин” – дедилар.[2]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида масжид бино қилиш
Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларидан олдин Масжидун Набавий ўрнида намоз ўқирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида шу ўринда намоз ўқидилар ва у милодий 622/ ҳижрий 1 йил Роббиюл Аввал ойида масжид бино қилинди. Узунлиги 70 зиро [3], кенглиги 60 зиро яъни таҳминан 35м, 30м бўлган. Томи эса 5 зиродир. Унинг пойдевори тошлардан, деворлари хом ғиштдан қурилди. Устунлари хурмо танасидан, томи эса хурмо шохларидандир.
Масжид қурилишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалар билан бирга ишладилар, тош вах хом ғиштларини ташидилар. Масжид учун учта эшик қилдилар.
Масжидун Набавийни кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 7-йил Ҳайбар ғазотидан қайтганларидан кейин, биринчи кенгайтириш бўлди: кенглиги 40 зиро (20м) га, узунлиги 30 зиро (10м) га кенгайтирилди. Масжид 100 х 100 зиро, 50 х 50 м бўлди. Шимолий томондан ҳозирги кунда масжиднинг улуғвор томи тугайдиган жойгача, ғарбий томонда минбардан бешта устун қўйилди. Яшил гумбазга “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари чегараси” деб ёзилган. Қибла томондан масжид биринчи чегараси устида қолди. Масжид пойдевори тошлардан, девори хом ғиштдан ва томи хурмо шохларидан бўлди. Томининг баландлиги 7 зиро бўлди.
- Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳижрий 17-йил (милодий 638-йил)да масжид ва иморатини кенгайтирдилар. Қибла томондан айвонгача зиёда қилдилар. Усмоний намозгоҳи ва Набавий намозгоҳини орасини кенгайтирдилар. Ғарб томондан иккита устун, бу таҳминан 20 зиро (10м) бўлади ва шимол томондан 30 зиро (15м) зиёда қилдилар. Шарқий томонини кенгайтирмадилар. Бу кенгайтириш сабабидан масжидни шимолдан жанубга қадар узунлиги 140 зиро (70м), кенглиги эса 120 зиро (60м) ва баландлиги 11 зиро бўлди. Умар розияллоҳу анҳу “Ас – салом” дарвозасини очдилар ва шарқий девор томонда аёллар эшигини очдилар. Майда тошларни масжидга тўшашни буюрдилар. Улар “Ақийқ” водийсидан олиб келинди ва масжидга тўшалди.
- Мўминлар амири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони ниҳоятда кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар. Ана шу даврлар ичида ҳазрати Усмон анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпчилиги давр тақозоси ила юзага келган янгиликлар эди. Бу янгиликлар ичида Масжидун Набавийни янгитдан кенгайтириб қуриш ҳам бўлган. Ҳазрати Усмон Масжидун Набавийга кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало, уни анчагина кенг ва катта, қолаверса, қурилиш ускуналарини ҳам тамоман бошқача қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан, шифтини эса хурмо шохлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар. Қиблага айвон қўшдилар. Ғарб томондан айвон ва шимол томондан 10 зиро (5м) зиёда қилдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу бу ишларни милодий 649 -650 йилларда амалга оширганлар.
- Уммавий халифа Валид ибн Абдулмалик Мадинаи Мунаввара волийси Умар ибн Абдулазиз (роҳимаҳуллоҳ)га масжид иморатини кенгайтиришга буюрди. Ҳижрий 88-йил (милодий 707-йил) ва ҳижрий 91-йил (милодий 710-йил) оралиғида кенгайтирилди. Ғарб томондан икки устун зиёда қилди. Халифанинг амрига биноан, бу муборак масжидда биринчи болахоналар,4 та мезана(минора)лар ва деворнинг ичига кириб турадиган меҳроб қурилди. Ўша қурилишда оналаримизнинг ҳужралари ҳам масжидга қўшиб юборилди. Шимол томонни ҳам кенгайтирди. Шарқ томондан учта устун зиёда қилдилар, бу таҳминан 30 зиро (15м) бўлади. Нақшли ғишт ишлатилди. 20 та эшик очилди. Томни икки қават қилдилар. Пастки том “Саж” дарахти ва шохлардан қилинган бўлиб, баландилиги 25 зиро (12,5 м) эди.
- Аббосий халифа Маҳдий ибн Абу Жаъфар ҳаж қилиш учун Маккага борди. Борганида Мадинаи Мунавварани зиёрат қилди. Масжидун Набавийни ҳам зиёрат қилди ва уни кенгайтиришга буюрди. Бу кенгайтиришга Абдуллоҳ ибн Осим ибн Умар ибн Абдулазизни бошлиқ қилиб тайинлади. Ҳижрий 161-165 (милодий 779 – 782) йиллар давомида фақат шимол томонини кенгайтирди ва баъзи қурилиш ишларини олиб борди.
Шайхонтоҳур тумани “Эшон
Бобохон” жоме масжиди имом
ноиби Абдулаҳадов Абдулмўмин
[1] Sahihul Muslim, Haj kitobi. Makka va Madinada masjidimdagi namoz fazli. (15: 1390)
Sahihul Buxoriy. Makka va Madinadagi masjidda namozning fazli kitobi (20:1395)
[2] Sahihul Buxoriy. Namoz kitobi. Agar masjidga kirsangiz ikki rak’at namoz o’qing bobi, (8:444)
Sahihul Muslim. Musofirning namozi kitobi. Masjidga salom berish mustahab bobi (6:714)
[3] Ziro’ = 46,2 sm