muslim.uz
Уламоларимиз касаллик даф бўлишини сўраб дуо қилмоқдалар
XIX асрда Бухоро амирлигида тарқалган вабо қандай бартараф этилганди?
Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган, Бухоро амирлигининг XIX аср охирига оид ҳужжатларидан маълум бўлишича, юқумли касалликларга қарши курашишнинг энг тўғри ва самарали йўли бу — давлат томонидан жамоавий тадбирларни ўтказишни вақтинчалик чеклаш (чилла), одамлар билан кенг доирадаги ижтимоий мулоқотларни камайтириш (ўзини ўзи яккалаш), саранжом-саришталик, тозалик қоидаларига риоя қилиш ва ўз вақтида шифокорларга мурожаат этиш бўлган.
Ҳужжатлардан бирида келтирилишича, Бухоро амирлиги билан қизғин савдо алоқалари йўлга қўйилган Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида, Афғонистоннинг Ҳирот, Кобул шаҳарлари ва Қандаҳор вилоятида вабо кенг тарқалиб кетгани маълум бўлади. Ушбу ҳолатни эътиборга олиб, Бухоро ҳукмдори бир қатор чораларни кўришни амр этади. Жумладан, унинг фармонига кўра, Амударё ва Панж дарёлари атрофида жойлашган бандарларга кириб келган кемалар назоратга олиниб, улардан тушадиган одамларни тиббий текширувдан ўтказиш учун чегараларга шифокорлар билан бирга махсус қоровуллар қўйилган.
Бошқа бир ҳужжат — Бухоро амири номига Фозилбекдан келган мактубда Келиф қўрғонидаги (ҳозирги Туркманистон) кемачилар жамоаси орасида вабо тарқалгани ва кунига 1-2 киши вафот этаётгани тўғрисида маълумот берилган. Шу сабабдан, кемаларда кириб келаётган маҳсулот ва одамларни қатъий назоратга олишга изн сўралган. Тез орада, амирнинг фармонига кўра, кемалар тўхташ жойида махсус қоровуллар қўйилган ва келган одамларни чиллада ушлаб туриш амалиёти жорий этилган.
Яна бир ҳужжатга кўра, Алихон қоровулбеги Бухоро амирига ҳисобот юбориб, унда Тифлис вилоятидан Кармана поезд бекатига келган одамларни чиллада ушлаб туриш ва тиббий кўрикдан ўтказиш ишларига ёрдам бериш мақсадида 65 аскардан иборат қоровуллар жалб этилгани, улар уч қисмга бўлиниб, ҳар уч кунда навбат алмашиб ишлаётгани маълум қилинган. Бироқ олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан, 1892 йилнинг ёзида Бухоро амирлиги ҳудудида вабо барибир тарқаган. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида давлат хазинасидан 6 минг танга ажратилиб, шундан 900 тангаси тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга берилиши, қолган қисми эса дори-дармон сотиб олиш ва тозалаш тадбирлари (дезинфекция) ишларига сарфланиши тўғрисида фармон имзоланган.
Касаллик билан курашишда табиблар фаол ишлар олиб борганлар. Улар қишлоқларда юриб, аҳолига беминнат тиббий ёрдам кўрсатганлар. Жумладан, Мулло Абдурасулхўжа, Мулло Исматулла, Қори Мулла Раҳматулла ва Мулла Султон Муҳаммад каби табибларнинг Бухоронинг шарқий қисмида олиб борган фаолияти давлат томонидан кенг рағбатлантирилган. Табибларга хизмат ҳақи тўлаш билан бирга, турли совғалар ҳам туҳфа қилинган.
Вабога қарши курашишда маҳаллий табиблар билан бирга, малакали рус шифокорларини жалб этиш учун 3500 танга ажратилган. Шундай фелдшерлардан бири Станислав Сталевский бўлган. У амирнинг таклифига кўра, 1892 йил 5 июлда Бухорога вабога қарши курашиш учун хизмат сафарига юборилган. Фелдшер ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан амалга оширганлигини Бухоро амири юксак баҳолаб, 1893 йил 18 августда уни катта олтин медаль билан тақдирлаган.
Шифокорлар аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида жойларда ҳар хил тадбирлар олиб борганлар. Шунингдек, амирликда тарқалган вабо ҳақида ёзма эълонлар тарқатилиб, уларда шифокорларнинг аҳолига эпидемияга қарши курашиш бўйича тавсиялари, беморларга биринчи тез ёрдам кўрсатиш тартиби, шахсий тозалик қоидалари, беморлар билан яқин мулоқотни чеклаш ҳамда уларнинг буюм ва идишларидан фойдаланмаслик бўйича маълумотлар берилган.
Бундан ташқари, вабонинг белгилари, тарқалиши ва унга қарши биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисида рисола шаклида махсус йўриқнома ҳам чоп этилган. Рисолада касалликни даволаш усуллари, аҳоли турар жойлари ва жамоат жойларни зарарсизлантириш (дезинфекция қилиш), беморларга тавсия этилган дори-дармон турлари ва касаллик билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам батафсил баён қилинган.
Ўз навбатида, аҳолининг бой қатлами эҳтиёжманд инсонларга беғараз моддий ёрдам кўрсатиш, хайр-эҳсон қилиш ва закот тўлаш ишларини ҳам олиб борганлигини қайд этиш жоиз. Умуман олганда, оммавий тарқалган касалликларга қарши курашишда, аввало, аҳолининг тиббий маданиятини оширишдан бошлаб, тегишли тозалик тартиб-қоидаларини жорий этиш, малакали шифокорларни кенг кўламда жалб этиш ва уларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш ишлари ўз самарасини берган.
Демак, юз ўттиз йилча бурун, ҳали илм-фан бугунчалик тараққий этмаган пайтларда ҳам аждодларимиз ўзларини сақлаш учун шунча ҳаракат қилган эканлар, бугуни авлод — XXI кишилари бўла туриб, “тожли оғу”га қарши давлатимиз олиб бораётган барча чора-тадбирда фаол қатнашиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Президентимиз ўз мурожаатида таъкидлаганидек, шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.
"Бекор ўтиргандан, бекор ишла", чунки "Бекорчидан Худо безор!"
Уйда қолинг!
Мамлакатимизда ҳар йили янгиланиш фасли – баҳор келиши билан жисму жонимиз яшнаш, яшариш ишқи билан ёнади. Эзгу анъаналар бардавомлигини яна бир бор ҳис этамиз. Ёши улуғ бўлса-да, қўлига кетмон, белкурак, қайчи олиб ёшларга экин-тикин қадашни, хомток қилишни ўргатаёган отахонларга кўзимиз тушади...
Бу анъана асрлар бўйи давом этиб келаяпти. Бироқ бу йил...
Бу йил ҳам бодомлар, ўриклар гуллади, қиру адирларда кўклам элчиси бойчечаклар бош кўтарди. Тоғ ён-бағирлари алвон гилам каби лолақизғалдоқларга бурканди. Чучмўмаларни шудринг таради. Ариқлардан сувлар жилдиради, илиқ нурлар ҳар ёққа тушган бўлса-да, бироқ биз, яъни бани башар бу йил баҳорнинг фусункорлигини, жозибадорлигини унчалик сезмадик. Сабаби, бутун дунёни қамраб олган коронавирус инфекцияси (COVID-19) бизни ана шундай бебаҳо неъматдан мосуво этди. Бу ҳадик оқибатида боғу далаларимизда, томорқаларимизда ишларимиз ўлда-жўлда бўлиб қолди.
Токи муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йил 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йилги вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлишини алоҳида таъкидланганига қадар.
Дарҳақиқат, яратувчанлик халқимизга хос азалий қадриятлардан. Айниқса, дарахт экиш, боғ, гулзорлар барпо этиш эзгу амал сифатида авлоддан авлодга мерос бўлиб келмоқда. Хонадонда янги туғилган чақалоқ шарафига албатта бир туп ниҳол ўтқазиш ҳам бизга хос анъана.
Муқаддас динимиз ҳам ҳар ерни обод қилишга буюради. Аллоҳ таоло Ер юзини инсониятнинг ҳаёт кечириши учун муносиб манзил-маъво қилиб яратган. Зеро, атрофдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган бўлиб, Қуръони каримда бу ҳақда: «У шундай Зотки, сиз учун Ердаги барча нарсаларни яратди» – дейилган (Бақара сураси 29-оят).
Демак, Ер юзидаги барча нарсалар инсоният учун яратилган экан, ўз навбатида, ҳар бир инсон ҳам уларга нисбатан оқилона муносабатда бўлиб, уларни асраб-авайлаши лозим.
Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кўп аҳамият берганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар сафаридан Мадинага қайтиб келаётганларида шаҳарни кўрсатиб, бундай деганлар: “Ё Раббим, Иброҳим алайҳиссалом Маккани Ҳарам деб эълон қилгани каби, мен ҳам Мадинани шу кундан бошлаб Ҳарам шаҳар деб эълон қилдим. Икки қоянинг ораси – Ҳарам ҳудудидир. Ҳарамнинг дарахтлари кесилмайди, ҳайвонлари овланмайди, ўт-ўланлари юлинмайди ва дарахтларининг барглари узилмайди”.
Аллоҳ таоло биз яшаб турган заминни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, атроф-муҳитга зарар етказишдан, ердан унумли фойдаланмасликдан қайтарган: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!” – деган (Бақара сураси 205-оят).
Баҳор – тупроқнинг юзи очилиб, уруғ қадаладиган, кузги мўл-кўлчиликка асос солинадиган фаслдир. Шу маънода қадимдан асосий тириклиги деҳқончилик ва чорвачиликдан иборат бўлган халқимиз баҳор фаслини интизорлик билан кутиб, уни байрамона иштиёқ билан қарши олишга одатланган. Миллий байрамимиз саналмиш Наврўзнинг нишонланиши асосида ҳам айнан шу маънолар ётади.
Баҳор – кўкаламзорлаштириш, экин экиш, ерга ниҳол қадаш фасли. Халқимиз бежиз: “Ҳамал келди – амал келди” демайди. Шу кунларда бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли гул кўчатлари экиш мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис савоби ҳам мислсиздир.
Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон, ёҳуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат экишга, экин-тикин қилишга шу даражада тарғиб этдиларки, ҳатто Қиёмат қоим бўлиш арафасида ҳам, имкон қилолса, кўчат экишга буюрдилар: “Агар Қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол бўлса, Қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”.
Аждодларимиз ҳам навбаҳор фаслдан унумли фойдаланиб қолишга интилишган. Соҳибқирон бобомиз “Темур тузуклари”да: “Бир дарахт кессам, ўрнига ўн икки дарахт экдим...” – деган. Қолаверса, буюк саркарда барпо этган Боғи баланд, Боғи беҳишт, Боғи давлатобод, Боғи дилкушо, Боғи жаҳоннома, Боғи майдон, Боғи нав, Боғи чинор, Боғи шамол боғлари ҳали-ҳануз дунёга машҳур.
Баҳор аллақачон бошланган, ҳамал кириб келганига ҳам бир ойча бўлиб қолган эса-да, бироқ ҳалиям айрим юртдошларимизнинг томорқалари бўш тургани киши дилини хуфтон қилади. Қилдан қийиқ ахтаришни одат қилган, бир иш айтсангиз, гарчи бу иш унинг ўзига наф келтирса-да, ҳар турли баҳоналар тўқийдиган одамлар, наҳотки ҳашаротлардан ибрат олишмаса?!
Ахир, барчамиз эрта баҳорда асалариларнинг ғуж-ғуж бўлиб асал йиғишини, чумолиларнинг тўп-тўп бўлиб тинимсиз ҳаракат қилаётганини кўрамиз-у, лекин улардан ибрат олмаймиз. Ваҳолангки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бежиз бир сурани “Наҳл”, яъни “асаларилар”, яна бир сурани “Намл”, яни “чумолилар” деб номламаган.
Халқ орасида юрамиз, кўпчилик билан суҳбатлашамиз. Айримлар ҳаёт қийинчиликларидан нолишади. Тўрт мучаси соғ бўлса-да, меҳнат қилгиси келмайди. Бир куни атайлаб ана ўшандай кишиларнинг бирини суриштирдим. Вилоятларимизнинг бирида яшар, 16 сотих томорқаси бор экан. Лекин ҳайҳотдай ер бўш ётибди. Хаёлимга ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги байтлари келди:
Тухм ерга кириб, чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!
Бугун “исроф” деганда кўп маблағ сарфлаш, ортиқча одам чақириб тўй бериш, маблағни кўкка совуриш, вақтни зое кетказиш ва ҳоказо каби ҳолатлар кўз ўнгимизга келади. Тўғри, булар – исроф, лекин бўш турган жойдан фойдаланмаслик, имконият бўла туриб меҳнат қилмаслик ҳам – КАТТА ИСРОФДИР!
Динимизда исроф қаттиқ қораланади. Ҳатто исроф қилувчилар шайтоннинг биродарлари экани таъкидланади. Мисол учун: «...исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар – шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди» (Исро сураси 26–27-оятлар).
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енглар, ичинглар, кийининглар, садақа қилинглар. Лекин ҳаргиз исрофга йўл қўйманглар!” – деганлар.
Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: “Эй Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг,” – дедилар. Шунда у киши: “Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди,” – дедилар. Шунда ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга албатта кўчат экинг,” – деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар.
Одам алайҳиссалом жаннатдан Ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси – ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У – пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади,” – дедилар.
Мухтасар айтганда, ҳар биримиз баҳорги имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳамалнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, экин-тикин ишларини карантин қоидаларига қатъий (!) риоя қилган ҳолда тезроқ якунига етказайлик. Томорқамизни асло қаровсиз қолдирмайлик! Эртага ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келганда, аттанг қилиб қолмайлик, азизлар. Вақт – ғанимат! Бир кун кечиктириб экилган ниҳол ўй-ўн беш кун кейин ҳосил бериши миришкорлар тажрибасида исботланган.
Бизнинг доно халқимиз ҳақиқатан ҳам доно халқ! Шунинг учун ҳам: "Бекор ўтиргандан, бекор ишла" чунки "Бекорчидан Худо безор" деб бежиз айтмаган.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Синовли кунлар сабрга чорлайди
Бугунги кунда инсоният ўз бошидан синовли кунларни ўтказмоқда. Гавжум шаҳарлар кимсасиз, олдинги жушқин ҳаёт тамомила тин олган, инсонлар бу кунларни тезроқ ўтиб кетишига умид боғлаганча уйларидалар, барчанинг қалби ва тилида битта илтижо Илоҳим, касалликни бошимиздан арит, барчамизни ҳифзу ҳимоянгда сақла.
Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси дунёни ҳаракатдан тўхтатиб қўйгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Сайёрамиздаги деярли барча давлатга кириб борган бу касаллик, афсуски бизнинг диёримизни ҳам четлаб ўтмади.Унинг тарқалиш суръати кун сайин ортиб борса бормоқдаки, ортга чекинмаяпти.
Касалликка қарши курашиш, унинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қатъий карантин қоидалари жорий қилинган.Аҳолидан имкон қадар кўчага чиқмаслик, айниқса, ёши кексаларни кўпроқ авайлаш сўралмоқда.
Ушбу синовни, табиийки кишилар турлича қабул қилмоқда. Кимдир унинг жиддийлигини ҳис қилган ҳолда, каратинга риоя қилиб, гўзал сабр билан уйида ўтирибди. Бундай кишилар, аввало, Аллоҳ таъолонинг “Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз” (Нисо, 59) деган буйруғига итоат қилган бўладилар. Яна Пайғабаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари)ҳадисига эргашиш орқали касалликнинг тарқалишига ҳисса қўшмаган ва ўзлари ҳамда оила аъзоларини ҳимоя қилган бўладилар. Бу ишларининг замирида, кўриб турганимиздек, ҳар икки дунёлари учун асқотадиган манфаатлар ётибди.
Яна кимларнидир бепарво кўча кезаётгани, ИИБ ходимлари томонидан уларга нисбатан қўлланилган жарималар ҳақида телевидения ва интернет нашрларидан деярли ҳар куни эшитяпмиз.Ваҳоланки, ҳадиси шарифда “Агар сизлар у (касаллик) бирор ерда тарқаганини эшитсангиз у ерга борманг. Агар сиз яшаётган ерда (у касаллик) тарқаган бўлса у ердан чиқманг” (Имом Бухорий ривоят қилган) дейилган. Бу ислом таълимоти, карантин иборасининг исломий ифодасидир. Шу йўл орқали касаллик жиловланишини тарих бизга бот-бот эслатиб турибди. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадис ҳам: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва у уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади”, дейиш орқали карантиннинг муҳимлигини таъкидламоқда. Бу ҳадис касаллик етган бўлсин, ҳоҳ етмасин, ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир.
Баъзилар эса бу кунларда қўрқув, тушкунлик ва таҳлика исканчасида қолиб кетган. Ваҳоланки, мусибат олдида ўзини тутолмаслик заифлик белгисидир. Бу каби ҳолатларда мусулмон киши ваҳимага тушмаслиги керак. Зеро, ҳикматларда: “Ақлли инсон бошига тушган балони аритиш ҳаракатида бўлади. Аҳмоқ эса битта балони иккита қилиб олади”, дейилган. Ушбу маънода Абу Али ибн Сино жуда гўзал тавсия берган:“Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир”.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги вазиятда эҳтиёткор йўл тутиш билан бирга, ваҳимага берилишдан сақланиш керак. Чунки бу Аллоҳнинг бир синови бўлиб, унинг албатта шифосини ҳам бизга ҳадемай етказади. Имом Бухорий бобомиз "Ал-Жоме ас-саҳиҳ" ҳадислар тўпламида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ қайси бир дардни тушурган бўлса, унинг давосини ҳам тушургандир", деганлар.
Синовли кунлар барчамизни сабрли бўлишга, уйда ўзимизни иҳоталаган ҳолда, касалликнинг кенг тарқалиб кетмаслигига сабабчилардан бўлиб қолмасликка чорлайди.
Биз бугун карантин қоидаларига риоя қилмаётганларга ижтимоий тармоқларда ҳар куни такрорланаётган ушбу иборани яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз: “Касаллик юқтирганларнинг сони камайишини истасангиз, улар орасида сиз, оилангиз ва яқинларингиз бўлишини хоҳламасангиз, уйда қолинг! Унутманг: вирусни биз тарқатмасак, у ўз-ўзича тарқай олмайди”.
Зайниддин домла Эшонқулов - Самарқанд вилоят бош имом хатиби
Имом Абу Исо Термизийнинг илмий-маънавий мероси
Имом Абу Исо Термизийнинг илмий-маънавий мероси
Имом Абу Исо Термизий жаҳон тамаддунига ўзининг маънавий-илмий мероси билан катта ҳисса қўшган буюк олимлардан ҳисобланади. Аллома таниқли ҳофиз имомлардан бири бўлиб, унинг маънавий мероси мусулмонларга манфаатли бўлиб келмоқда[1]. Манба ва адабиётларда муҳаддис қаламига мансуб асарлар сони аниқ қайдланмаган бўлса-да, йигирмага яқини зикр қилиб ўтилган. Шунга қарамасдан, кўпчилик олимларнинг фикрича унинг ҳали номаълум китоблари ҳам мавжуд. Шубҳасиз, “Сунани Термизий” ҳадис тўплами Имом Абу Исо Термизийнинг шоҳ асари ҳисобланади. Бу китоб олимнинг бир умрлик илмий сафар машаққатларининг самараси бўлиб, уни “Адҳа” куни 270/883-884 йили ёзиб тугатган[2]. Муаллифнинг ўзи китоби ҳақида бундай дейган: “Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида ушбу китобдан бўлса, ўша хонадонда худди Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам гапираётгандек бўлади”[3].
Муҳаддис ва унинг “Сунани Термизий” китоби ҳақидаги нафақат замонасининг, балки бугунги куннинг олимлари ҳам ижобий фикрлар билдирмоқда. Жумладан, Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий (ваф. 354/965 й.) ўзининг “Китоб ас-Сиқот” номли асарида Абу Исо Термизий ҳақида бундай деган: “Абу Исо Термизий ҳадисларни жамлаган, ёзган, ёд олган ва зикр қилганлардан биридир”[4]. Абу Саид ал-Идрисий бундай деган: “Ҳифзда унга тенг келадигани бўлмаган”[5].
Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний (ваф. 562/1166 й.) ўзининг “Китоб ал-Ансоб” асарида Абу Исо Термизийни бундай васф этган: “Муноқашасиз, у ўз асрининг пешқадами бўлиб, турли асарлар соҳибидир. Ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан биридир”[6].
Бу ҳақида машҳур ҳанафий олимларидан Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризода (901-968/1495-1561) ўзининг “Мифтоҳ ас-саода” номли китобида бундай деган: “Буюк ҳофиз уламолардан бири эди. Фиқҳда қимматли асарлари бор. Ҳадисни бир гуруҳ муҳаддис олимлардан ўрганган бўлиб, “биринчи табақа” шайхлари билан кўришган. Ҳадис илмида кўпгина китоблар ёзган. Унинг ушбу “Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ” китоби бу асарлар орасидаги энг фойдалиси, энг ихчам тартиблиси ва энг такрори озидир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар ҳам мавжуд. Жумладан, мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинган, саҳиҳ, ҳасан ва ғариб деб ҳадис даражалари аниқ белгиланган. Бу китобда жарҳ ва таъдилга ўрин ажратилган; китоб охирида иллатларга доир махсус бир боб илова қилинган. Хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамлангандир. Китобни мутолаа қилган кишилар бунга тан берадилар”[7].
Машҳур муаррих олимлардан Шиҳабуддин Абулфаллаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад ад-Дамашқий (1032-1089/1623-1678) ҳам ўзининг “Шазарот аз-заҳаб” китобида “Тенгдошларининг таниқлиси ва хотира ҳамдаетукликда бир мўъжиза эди”, дея таъкидлаган[8].
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий (ваф. 748/1347 й.) ўзининг “Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол” асарида олимни “Билиттифоқ, Абу Исо Термизий ишончга созовор инсон”, деб таъкидлаган[9].
Ал-Идрисий ҳам у зотни “Ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан бири бўлган”, деб тавсифлайди[10].
Шунингдек, ушбу китоб ҳақида Ҳофиз Абул-Фазл Ал-Мақдисий қуйидагича баён этган: “Ҳиротда имом Абу Исмоил Ал-Ансорийдан эшитдим. У ўз мажлисида, Термизий ва унинг китоби борасида сўз кетганида бундай деди: “Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки,Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслимдан фақат мутахассис олимларгина фойдалана олади. “Сунани Термизий”дан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин”[11].
Шайх Абдулазиз Мансур ушбу асари ва унинг таркибий тузилиши ҳақида шундай деган: Улуғ ватандошимиз – Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизийнинг қўлингиздаги “Сунани Термизий” китоби “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”), “Ал-жомиъ ал-кабир” (“Катта тўплам”) ёки (“Саҳиҳи Термизий”) номлари билан ҳам машҳур. Аммо ҳазрати Имом Ат-Термизий ҳадис илмида “Сунани Термизий” йўналишига асос солган муҳаддислардан бўлгани учун бу китоб, асосан, “Сунани Термизий” номи билан шуҳрат қозонган. Маълумдирки, Ер юзи мусулмонларининг асосий кўпчилиги ҳазрати Имоми Аъзам мазҳабларига риоя қиладилар. “Сунани Термизий” китобида эса худди ана шу мазҳаб жиҳатлари эътиборга олинган. Ҳанафий мазҳабининг фикр-қарашларини Имом Ат-Термизий “Куфа аҳли”нинг фикр-қарашлари тарзида баён қилганлар[12].
“Сунани Термизий” ҳадис тўплами манбаларда турли номлар билан келтирилган. Жумладан, улардан қуйидагиларни келтириш мумкин:
- Ал-Жомиъ. Бу номни Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзининг “Таҳзиб ат-таҳзиб” номли асарида ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Жазарий ўзининг “Хулосот Таҳзиб таҳзиб ал-камол” номли китобида зикр қилганлар[13].
- Ал-Муснад ас-саҳиҳ. Мансур ал-Холидий бу ҳақида шундай деган: “Абу Исо деди: Мен бу китоб, яъни, “Ал-Муснад ас-саҳиҳ”ни тасниф қилиб, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар уни ижобий қабул қилдилар”[14].
- Ас-Сунан. Китобнинг бу ном билан аталишига сабаб шуки, ундаги ҳадисларнинг фиқҳий мавзулар тартибида таснифланганлигидир. Асарнинг ушбу номи бошқаларига нисбатан кенг танилгани ва асар таркибига моси ҳисобланади.
- Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ.“Сунани Термизий” асарига нисбатан бу номни Ҳожи Халифа (1017-1067/1609-1657) ўзининг “Кашф аз-зунун”номли асарида ва Исмоил Пошо Бағдодий (ваф. 1339/1920 й.) “Ҳадият ал-орифин” китобида келтирилганлар[15].
- Китаб ас-саҳиҳ.
- Ал-Муснад ал-Жомиъ. Бу номни Ҳофиз Абулқосим ал-Исъардий (ваф. 692/1293 й.) ўзининг “Фазоил ал-Китаб ал-жомиъ ли Абу Исо ат-Термизий” номли асарида ишлатган.
- Ал-Жомиъ ал-Кабир. Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ибн Абдулкарим ал-Жазарий аш-Шайбоний (555-630/1160-1233) ўзининг “ал-Комил фи ат-тарих” номли асарида бундай дейди: “Абу Исо Термизий имом ва ҳофиз бўлган. Ажойибасарлар муаллифи бўлиб, китобларининг энг яхшиси “ал-Жомиъ ал-кабир”[16]. Шунингдек, ушбу ном “Сунани Термизий”нинг замонавий нашрларида ҳам қўлланилган[17].
- Ал-Жомиъ ал-мухтасар мин сунан Расулуллоҳ. Бу ном ҳам баъзи манбаларда келтирилган.
- Китоб ал-Жомиъ.
Бу борадаги хулосани машҳур тарихчи олимлардан Ҳожи Халифа ўзининг “Кашф аз-Зунун” номли китобида қуйидагича баён этган: “Бу ҳадис бобида тасниф этилган “ал-Кутуб ас-ситта” (олти саҳиҳ ҳадис китоб) нинг учинчи китоби бўлиб, у “Жомиъ ат-Термизий” номи балан аталади. Шунингдек, у “ас-Сунан” деб ҳам юритилади. Аммо, биринчи номи кўпроқ қўлланилади”[18].
Имом Абу Исо Термизийнинг “Сунани Термизий” ҳадис тўплами ишончлилик даражасидан “ал-Кутуб ас-ситта” таркибига киради. Лекин, унинг тартиб бўйича нечанчи ўринда туриши борасида олимлар турли фикрларни билдирганлар. Юқорида атилгани сингари, Ҳожи Халифа “ал-Кутуб ас-ситта”нинг учинчи китоби деган. Шунингдек, бу ҳақида машҳур ҳанафий олимларидан Аҳмад ибн Мустофа Тошкўпризода ўзининг “Мифтоҳ ас-саъода” номли китобида бундай деган:
- Саҳиҳи Бухорий;
- Саҳиҳи Муслим;
- Ал-Муватто;
- Сунани Абу Довуд;
- Сунани Термизий;
- Сунани Насоий;
- Сунани Ибн Можа;
- Сунани Дорақутний;
- Муснади Аҳмад;
- Муснади Ибн Абу Шайба;
- Муснад Боззор[19].
Асар таркибига тўхтанилса, унда жами 3956 ҳадис жамланган бўлиб[20], улар бир юз эллик бир китобга таснифланган[21].Лекин, мазкур ҳадислар миқдорида баъзи бир ҳадислар борасида келтирилган икки санад ривояти инобатга олинмаган.
Аш-Шамоил ан-набавия ва-л-фадил ал-мустававия[22]. Бу асар “Шамоили Муҳаммадия”, “Шамоил Термизий” каби номлар билан машҳур. Асар таркибий жиҳатдан муайян мантиқий кетма-кетликдаги мавзулардан тузилган бўлиб, ўзида 397та ҳадиснижамлаган[23].
Ушбу китоб Пайғамбар (с.а.в.) ҳаёти ҳақида маълумот берувчи муҳим ишончли манбалардан бири ҳисобланади. Шу сабаб ҳам асар доим олимлар диққат эътиборида бўлиб,унга кўплаб шарҳлар битганлар.
Китаб ал-Илал ас-сағир[24].Имом Абу Исо Термизийнинг ушбу асари муҳаддислар томонидан ривоят қилинган баъзи ҳадисларда учраши мумкин бўлган камчиликлар ва ровийларнинг ҳолатлари ҳақидаги муҳим манбалардан бири ҳисобланади.Олим бу китобини “Сунани Термизий” асарининг охирида келтирган бўлиб, ҳадис илми соҳасидаги биринчи асари ҳисобланади.
Китаб ал-Илал ал-кабир[25].Ушбу асар “Китоб ал-илал ал-муфрад” номи билан ҳам машҳур. Имом Абу Исо Термизийнинг ушбу асари ривоят қилинган баъзи ҳадисларда учраши мумкин бўлган камчиликлар ва ровийларнинг ҳолатлари ҳақидаги мустақил иккинчи ва асосий китобидир. Олим уни Самарқандда “Ийд ал-адҳа” куни 270/884 йили ёзиб тугатган.
Бу асардан Имом Абу Исо Термизийдан кейин ушбу илм соҳасида фаолият ютирган кўплаб йирик олимлар унумли фойдаланганлар. Жумладан, Имом Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Али ибн Мусо ал-Хуросоний ал-Байҳақий (384-458/994-1066)[26]ўзининг “ас-Сунан ал-кабир” номли асарида ва Имом Жамолуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Муҳаммад аз-Зайлаъий ал-Ҳанафий (ваф. 762/1361 й.) ўзининг “Насб ар-роят ли-аҳодис ал-Ҳидоя” китобида[27] “Китаб ал-Илал ал-кабир” асаридан фойдаланганлар.
Бу ўринда шунини алоҳида таъкидлаш керакки Имом Абу Исо Термизий ушбу асарида “سألت محمدا” (Муҳаммаддан сўрадим) ёки “قال محمد” (Муҳаммад деди) каби қисқартма лафзларни ишлатганида Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий назарда тутилади.
Абу Толиб Маҳмуд ибн Али ибн Абу Толиб ат-Тамимий ал-Асбаҳоний аш-Шофиий ал-Қозий (ваф. 585/1189 й.)[28]“Китаб ал-Илал ал-кабир” асарида келтирилган ҳадисларни “Сунани Термизий”га мувофиқ тартибга асосан мавзуларга ажратиб чиққан. Ушбу асарда жами етти юз ўн еттита ҳадис келтирилган бўлиб, шулардан ўн тўрттаси “Сунани Термизий”да келтирилмаган. Абу Толиб ал-Қозий уларни қуйидаги мавзувий катта боблар ва такрор бўлмаган ўн тўртта ҳадисни битта алоҳида бобга жамлаган:
- Таҳорат ҳақидаги боб;
- Намоз ҳақидаги боб;
- Закот ҳақидаги боб;
- Рўза ҳақидаги боб;
- Ҳаж ҳақидаги боб;
- Жаноза ҳақидаги боб;
- Никоҳ ҳақидаги боб;
- Талоқ ва лион ҳақидаги боб;
- Савдо-сотиқ ҳақидаги боб;
- Ҳукмлар ҳақидаги боб;
- Хун ҳақидаги боб;
- Жазолар ҳақидаги боб;
- Ов қилиш ва сўйиш ҳақидаги боб;
- Қурбонлик ҳақидаги боб;
- Гуноҳ ва қасам ҳақидаги боб;
- Сияр ҳақидаги боб;
- Жиҳод ҳақидаги боб;
- Либос ҳақидаги боб;
- Озиқ-овқат ҳақидаги боб;
- Ичимлик ҳақидаги боб;
- Яхшилик ва қариндошлик алоқаси ҳақидаги боб;
- Тиббиёт ҳақидаги боб;
- Вакиллик ва совға ҳақидаги боб;
- Қадар ҳақидаги боб;
- Фитналар ҳақидаги боб;
- Зуҳд ҳақидаги боб;
- Жаннатнинг сифати ҳақидаги боб;
- Имон ҳақидаги боб;
- Илм ҳақидаги боб;
- Рухсат сўраш ва одоб ҳақидаги боб;
- Қироат ҳақидаги боб;
- Дуо қилиш ҳақидаги боб;
- Маноқиб ҳақидаги боб.
Шунингдек, ровийларга тегишли сўз ва фикрларни ҳам алоҳида ажратиб берган. Ушбу асар бир неча бор нашр қилинган[29].Муҳаддиснинг бу асарига ҳам кўплаб олимлар томонидан шарҳлар ёзилган. Шулардан бири Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб ал-Ҳанбалий (726-795/1326-1393) қаламига мансуб[30].
Китоб ал-Асмоъ ва-л-куно. Муҳаддиснинг ушбу асари ҳам ҳадис илмига оид бўлиб, униШиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалонийўзининг “Таҳзиб ат-таҳзиб” номли асарида айтиб ўтган[31].Лекин, бу асар бугунги кунгача етиб келмаган.
Китоб ат-Тафсир. Олимнинг ушбу асари ҳақида Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Жазарий ўзининг “Хулосот Таҳзиб таҳзиб ал-камол” номли асаридаайтиб ўтган[32]. Муҳаддиснинг ушбу китоби ҳам бугунги кунгача топилмаганлиги туфайли, унинг қайси илм соҳасига оидлиги ҳақида аниқ маълумот келтириш мушкул. Лекин номига асосланиб уни Қуръон илмларига тааллуқли деб тахмин қилиш мумкин.
Китоб ат-Тарих. Муҳаддиснинг ушбу асари ҳам ҳадис илмининг бир соҳаси “Илм ар-рижол”га оид бўлиб, у ҳам олимнинг бугунги кунгача топилмаган асарлари сирасига киради. У ҳақида олим Хайруддин аз-Зириклий ўзининг “Ал-Аълом” номли ва Исмоил Пошо ал-Бағдодий “Ҳадият ал-орифин” номли асарида айтиб ўтганлар[33].
Китоб аз-Зуҳд. Имом Абу Исо Термизийнинг ушбу асари бир жилддан иборат бўлган ва бугунги кунгача етиб келмаган. Бу асар ҳақида Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзининг “Таҳзиб ат-таҳзиб” номли китобидақисқача маълумот бериб ўтган[34].
Китоб Тасмият асҳоб Расулиллаҳи саллоллоҳу алайҳи васаллам. Ушбу асар “Китоб асмои ас-Саҳоба” номи билан ҳам машҳур[35]. Китоб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобалари ҳақида бўлиб, унда келтирилган шахслар араб алифбоси тартибига мос равишда уларнинг исмлари бўйича йигирма саккизта бобга ажратилган. Ушбу бобларда жами етти юз йигирма саккизта саҳоба номлари баён этилган. Шунингдек, фақат “куня”лари маълум, лекин исмлари номаълум бўлган бир гуруҳ саҳобаларни охирида алоҳида бобга жамланган. Муҳаддис саҳобанинг исмини, отасининг исмини, кунячини ва нисбасини ҳам келтириб ўтган. Шунингдек, алоҳида саҳобаларнинг ҳаётида содир бўлган муҳим воқеаларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган. Олимнинг ушбу асари ҳам нашр қилинган[36].
Китоб ас-Сулосиёт. Бу асар нашр этилмаган. Унинг бир қўлёзма нусхаси Оё Софиё кутубхонасида №7882 рақам остида сақланади. Китоб “Сулосиёт ҳадис”га бағишланган бўлиб, ишончлилик аҳамияти жиҳатидан у жуда муҳим манба ҳисобланади.
Ар-Рубоъиёт фи ал-ҳадис[37].Муҳаддиснинг ушбу асари ҳам нашр этилмаган. Унинг йигирма уч варақдан иборат бир қўлёзма нусхаси Туркиядаги “Жор Аллоҳ” кутубхонасида №282 рақам остида сақланади. Китоб “Рубоъиёт ҳадис” га бағишланган бўлиб, ишончлилик аҳамияти жиҳатидан у “Сулосиёт”дан кейинги ўринда туради.
Ал-Уъшариёт[38]. Муҳаддиснинг ушбу асари ҳам бугунги кунгача етиб келмаган.
Китоб ал-Мавқуф. Олимушбу асари борлигига“Сунани Термизий” асарида ишора қилиб ўтган. Агар ҳадис илми истилоҳига асосан қаралганда ушбу асар “мавқуф” ҳадислар ҳақида бўлиб, унда шу туркумга тегишли ҳадислар жамланган[39].
Китоб фи ал-жарҳ ва-т-таъдил[40]. Олимнинг бу асари ҳадис илмларининг “Жарҳ ва таъдил” соҳасига бағишланган бўлиб, ушбу асар ҳам бугунги кунгача сақланиб қолмаган.
Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал.Муҳаддиснинг ушбу асари ҳақида машҳур тарихчи олимлардан Ҳожи Халифа ўзининг “Кашф аз-Зунун” номли китобида асар номи ва бошланишини келтириб ўтган: “الحمد لله مسبب الاسباب ”. Асар ўн икки фаслдан таркиб топган[41]. Лекин ушбу китоб нусхаси бугунги кунгача аниқланмаган.
Хуласа ўрнида шуни айтиш мумкинки, мазкур тадқиқот давомида Абу Исо Термизий қаламига мансуб мазкур 15 асараниқланди. Шулардан, “Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал”,“Китоб фи ал-жарҳ ва-т-таъдил”, “Китоб ал-Мавқуф”,“Ал-Уъшариёт”, “Китоб ал-Асмоъ ва-л-куно”, “Китоб аз-Зуҳд”, “Китоб ат-Тарих”ва “Китоб ат-Тафсир” каби асарлари ҳанузгача топилмаган. Шунингдек, “Ар-Рубоъиёт фи ал-ҳадис” ва “Китоб ас-Сулосиёт”сингари асарларининг қўлёзма нусхалари бўлсада, ҳалигача айни шу китоблар хусусида алоҳида илмий тадқиқотлар олиб борилмаган ва нашр ҳам қилинмаган. Хуллса, олим асарларининг илмий-маънавий жиҳатдан ҳамияти жуда катта.
[1] Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XXVI. – Б. 250.
[2] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.
[3] Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад аз-Заҳабий. Китоб Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1998. – Б. 634.
[4] Ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий. Китоб ас-Сиқот. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1973. – Ж. IХ. – Б. 153.
[5] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 273.; Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.
[6] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъаний. Ал-Ансоб. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1980. – Ж. II. – Б. 335; – Ж. III. – Б. 45.
[7] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. Мифтаҳ ас-Саода. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1975. – Ж. II. – Б. 122.
[8] Шиҳабуддин Абулфаллаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ад-Дамашқий. Шазарот аз-Заҳаб фи ахбор ман заҳаб. – Байрут: Дор ибн Касир, 1986. – Ж. III. – Б. 327.
[9] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол. – Байрут: Дор ал-маърифа, 1975. – Ж. III. – Б. 678.
[10] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.
[11] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 277.
[12]Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий. Сунани Термизий./ Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек. – Т.: Шарқ, 2010. – Б. 12.
[13] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.; Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Жазарий. Хулосот Таҳзиб таҳзиб ал-камол. – Миср: ал-Матбаа ал-кубро, 1884. – Б. 355.
[14] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 669.
[15] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 320.
[16] Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ибн Абдулкарим ал-Жазарий аш-Шайбоний. Ал-Комил фи ат-тарих. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Ж. VI. – Б. 373.
[17] Қаранг. Абу Исо Термизий. Сунан. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. 6 жилд.
[18] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 320.
[19] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. Мифтаҳ ас-Саода. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1975. – Ж. II. – Б. 113-114.
[20] Қаранг. Абу Исо Термизий. Сунан. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. VI ж.
[21] Шиҳабуддин Абу Ҳафс Умар ибн Касир ибн Давъин ибн Касир ал-Қураший. Ал-Бидая ва-н-ниҳая. – Байрут: Дор ал-маориф, 1990. – Ж. XI. – Б. 67.
[22] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.
[23] Қаранг. Абу Исо Термизий. Аш-Шамоил ал-Муҳаммадия. – Байрут: Дор ал-ҳадис, 1988. – 216 б.
[24] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.
[25] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.; Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.
[26] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХVIII. – Б. 163-171.
[27] Қаранг. Жамолуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Муҳаммад аз-Зайлаъий ал-Ҳанафий. Насб ар-раъйа ли-аҳодис ал-Ҳидоя. – Байрут: Муассасат ар-раййон, 1997.(5 жилдли)
[28] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХХI. – Б. 227.
[29] Қаранг. Абу Исо Термизий. Китаб ал-илал ал-кубро. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1989. – 478 б.
[30] Қаранг. Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб ал-Ҳанбалий. Шарҳ Илал ат-Термизий/муҳаққиқ Нуруддин Иътр. – Байрут: Дор ас-малаҳ, 1978. – 986 б.
[31] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.
[32] Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Жазарий. Хулосот Таҳзиб таҳзиб ал-камол. – Миср: ал-Матбаа ал-кубро, 1884. – Б. 355.
[33] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322; Исмоил Пошо ал-Бағдодий. Ҳадият ал-орифин. – Истамбул: Миллий эғитим басимеви, 1951. – Ж. II. – Б. 19.
[34] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 669.
[35] Шиҳабуддин Абу Ҳафс Умар ибн Касир ибн Давъин ибн Касир ал-Қураший. Ал-Бидая ва-н-ниҳая. – Байрут: Дор ал-маориф, 1990. – Ж. XI. – Б. 66.
[36] Қаранг. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ат-Термизий. Китоб Тасмият асҳоб Расулиллаҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Байрут: Дар ал-Жинон, 1986. 120 б.
[37] Исмоил Пошо ал-Бағдодий. Ҳадият ал-орифин. – Истамбул: Миллий эғитим басимеви, 1951. – Ж. II. – Б. 19.
[38]Ас-Саййид аш-Шариф Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Каттоний. Ар-Рисола ал-мустатрофа. – Байрут: Дор ал-Басоир ал-исломия, 1993. – Б. 101.
[39] Абу Исо Термизий. Ал-Жомиъ ал-кабир. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. – Ж. VI. – Б. 229.
[40] Шиҳабуддин Абу Ҳафс Умар ибн Касир ибн Давъин ибн Касир ал-Қураший. Ал-Бидая ва-н-ниҳая. – Байрут: Дор ал-маориф, 1990. – Ж. XI. – Б. 67.
[41] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 863.
Тошкент ислом институти
"Ҳадис ва ислом тарихи фанлари"
кафедраси ўқитувчиси Ф.Хомидов