muslim.uz

muslim.uz

Аввал хабар қилинганидек, Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Унда 15 та мамлакатдан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро анжуманда юқори мартабали меҳмон сифатида иштирок этаётган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги нуфузли делегация дастлаб муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади.

Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилган Ҳадис илми мактабига ташриф буюришди. Мактаб ректори О.Юсупов нуфузли меҳмонларга ушбу олий даргоҳ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсади ташкил этилганлиги, ундаги ўқув жараёнларини ишлаб чиқишда қадимги Бухоро ва Самарқанд мадрасаларидаги ўқитиш анъаналари жорий қилиш билан бирга нуфузли Ал-Азҳар университетининг тажрибаси амалда қўлланилаётгани ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, Мактаб мутахассислиги бўйича ишлаб чиқилган ўқув режаси дунёнинг 20 нафар етакчи таълим муассасалари ва ислом оламидаги нуфузли уламоларига тақдим этилганлиги ва улар томонидан ўқув режасидаги фанлар ва ўқув адабиётларини ўзлаштирган битирувчиси тўғридан-тўғри нуфузли хорижий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишни давом эттириши мумкинлиги тўғрисида эътирофга сазовор бўлганлигини таъкиланди.

Меҳмонлар мактаб таълим жараёнлари кўздан кечириш мақсадида Ал-Азҳар университетидан жалб қилинган Балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Али Саад томонидан ўтказилаётган дарс машғулотига ташриф буюрди. Ўқув аудиториясида мактабда фандарни ўқитишда қўлланалиётган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди. 

Юқори мартабали меҳмон Шайх Аҳмад Таййиб ташрифи якунида фахрий меҳмонлар китобида мактабининг фахрий меҳмонлар китобига қуйидагича дастхат ёзиб қолдирди:

Мен Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ мақбараси ёнида бунёд этилган Ҳадис илми мактабини зиёрат қилиш ҳамда Ал-Азҳар университетидан жалб қилинган профессор ўқитувчи томонидан ўтказилаётган Араб тили фани дарсида мактаб талабалари билан учрашишга мушарраф бўлди. Ушбу ислом олийгоҳида таълим олаётган талабаларнинг илми, одоби, ҳам ақла ҳам жисмонан соғломлигини кўриб хурсанд бўлдим. Мен Миср давлатида мана шундай илм даргоҳини очишни орзу қиламан.

Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб

2020 йил 3 март, ҳийрий 1441 йил ражаб ойининг 7 куни

Шайх Аҳмад Таййибга Ўзбекистон ва Миср мамлакатлари ўртасида таълим соҳаси бўйича ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида амалга ошириётган хизматлари учун ташаккурнома ва мактаб ўқитувчилар томонидан нашр этилган китоблар тақдим этилди.

 

 

Ҳадис илми мактаби Матбуот хизмати

 

Бугун Самарқанд шаҳрида бошланган «Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун» мавзуидаги халқаро анжуманнинг ялпи йиғилиши туш вақтигача бўлди. Куннинг иккинчи ярмида эса “Мотуридия таълимоти ва ҳозирги замон” ва “Замонавий давлат шароитида диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш” йўналиши бўйича икки шўъбада давом этди.
Биринчи шўъбада Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби др. Назир Муҳаммад Айяд “Мотуридийликнинг ислом цивилизациясидаги ўрни”, иорданиялик илоҳиётшунос олим Шайх Саид Фуда, Татаристондаги Булғор ислом академияси проректори др. Рамиль Адыгамов “Мотуридийликнинг мафкуравий асоси ва татар илоҳиётчиларининг таълимот ривожига қўшган ҳиссаси”, Ўш давлат университети Илоҳиёт факультети декани др. Зайлабидин Ажимаматов, Истанбул шаҳридаги Мармара университети Илоҳиёт факультети профессори др. Юсуф Шавқи Явуз, Иорданиядаги Фотиҳ Султон Меҳмет Вақф университети Исломшунослик факультети професори Др. Ҳамза Бакрий “Пайғамбарлар оралиғидаги даврларда яшаган инсонлар ҳақида Имом Мотуридийнинг қарашлари”, Туркия ислом илмлари академияси мудири др. Аҳмад Даманҳурий “Мотуридия таълимоти замонавий муаммоларни ҳал этишга қандай ёрдам беради?” номли маърузалари билан чиқиш қилдилар.

 

Иккинчи шўъбада Ал-Азҳар университети Ислом асослари факультети профессори др. Авад Маҳмуд Авад “Мотуридийликнинг диний қадриятларни асраб-авайлашдаги ўрни”, Индонезия Ислом давлат университети Даъват ва коммуникация факультети декани ўринбосари проф. Алиматул Кибтиях “Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишда Имом Мотуридий қарашларининг аҳамияти”, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази маслаҳатчиси проф. Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний “Абу Мансур Мотуридий таълимоти – жаҳолатга қарши ақл ва маърифат қуроли”, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наурызбай Утпинов, Украина муфтийси Аҳмад Тамим, Ўзбекистон халқаро ислом академияси биринчи проректори проф. Шуҳрат Ёвқочев “Кибермакондаги диний радикаллашувнинг замонавий Ўзбекистон ёшларига таъсири”, Малайзия Ислом цивилизацияси институтинингсобиқ директори др. Моҳд Юсуф Усмон “Таълимда ислом қадриятларининг ўрни” номли маърузалари билан қатнашдилар.
Халқаро анжуман жараёни ва таниқли уламоларнинг чиқишлари хориж ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали узлуксиз ёритиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Миср бош имоми, Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратлари бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳридаги “Чокардиза” қабристонида жойлашган улуғ аллома Имом Мотуридий мақбарасини муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлигида зиёрат қилдилар. Ташриф чоғида Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратлари ушбу олимга юксак эҳтиромини кўрсатиб шундай деди:

– Бизнинг руҳимиз Маккаи Мадинага интилса, ақлимиз Самарқандга ошиқади. Чунки Самарқанд илм-маърифат маркази ҳисобланади. Мен бу муборак гўшани зиёрат қилар эканман, имом Мотуридийга эҳтиром сифатида қад ростлаган мақбара ва атрофидаги ободончиликни кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Келажакда бу юртда ётган бошқа олимларни ҳам эъзозлаб, уларга алоҳида мақбаралар қурилиши ҳақидаги Самарқанд вилояти ҳокимининг сўзлари мени жуда ҳам қувонтирди. Олимларга бўлган бундай эътибор – Ўзбекистон заминига, албатта, қут-барака ва файз олиб келади.

 

 

Шундан сўнг меҳмонлар Имом Бухорий мажмуаси зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Меҳмонларга муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Имом Бухорий ҳазратларининг ислом оламидаги ўрни ва нуфузига мос равишда мажмуанинг янгидан барпо этилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берилди. Шайх Аҳмад Тоййиб ушбу ташаббус алломага нисбатан кўрсатилган муносиб ва улуғвор қадам эканини мамнуният билан эътироф этди.

Сўнг мартабали меҳмонлар Самарқанд шаҳрида бунёд этилган Ҳадис илми мактабида бўлиб, талабаларнинг дарс машғулотлари жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Шайх Аҳмад Тоййиб ташрифи чоғида ушбу таълим даргоҳида таҳсил олаётган талабалардан келажакда буюк олимлар ва улуғ уламолар етишиб чиқишига умид билдириб, Ўзбекистон раҳбари томонидан тақдим этилган ушбу маскан мазкур мақсадни амалга ошириш учун жуда яхши имконият эканини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, ушбу мактабда дарс бераётган мисрлик малакали устозларга ўзларининг бор илм-маърифатларини ушбу таълим даргоҳидаги талабаларга ўргатиб, улуғ олимларнинг етишиб чиқишида ўз ҳиссаларини қўшишларини таъкидлади.

Ташриф чоғида меҳмонлар Ҳадис илми мактабида яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, ахборот ресурс маркази ва спорт билан шуғулланиш учун ҳозирланган имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Талабалар илм олишлари, мазкур йўналишда олим бўлиб етишишлари учун барча қулайликларни ҳозирлаб берган Давлат Раҳбарининг эзгу саъй-ҳаракатлари, албатта, яқин келажакда ўз самарасини беришига ишонч билдирди.

Миср бош имоми, Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратларининг юртимизга ташриф давом этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Самарқанд шаҳрида «Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун» мавзусида бўлиб ўтаётган халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай Турғанули ва Украина давлати муфтийси Аҳмад Тамим жаноблари билан ўзаро мулоқот қилдилар.
Учрашувда муфтийлар мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжини таъминлаш, улар ўртасида ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида суҳбат қурдилар, келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.

 

Учрашувда муфтийлар мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш, уларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишларни таҳлил этдилар ҳамда келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада тараққий эттириш йўналишларини келишиб олдилар. 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Халқаро анжуман доирасида Самарқанд шаҳри ҳокими Бобур Облоқулов Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Таййибга “Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси” унвони бериш ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг сўзга чиққан Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Таййиб “Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси” унвонининг берилиши катта эҳтиром экани, бундан жуда мамнун эканлигини изҳор қилдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланаётгани, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга ривожланиб бораётганини айтиб ўтдилар.
Халқаро анжуман давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top