muslim.uz
06.03.2020 й. Жаннат – оналар оёғи остида
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي قال: "وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ"، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى مُحَمَّدٍ الَّذِي قال: "إِنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ"، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ، اَمَّا بَعْدُ
ЖАННАТ – ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА
Муҳтарам жамоат! Маълумки, муқаддас динимиз оналаримизни эъзозлашга уларга ҳамиша меҳрибон, ширинсўз, хокисор бўлишга ва хизматларида доимо шай туришга буюрган. Чунки, фарзандини тўққиз ой қорнида авайлаб кўтариб юриш, ҳомиладорликнинг қийинчиликларига бардош бериш, туғиш чоғидаги машаққатлар, туққанидан сўнг икки-уч йилгача қўлидан қўймай ардоқлаб парваришлаш, боласи учун бир тунни бир неча бўлакка бўлиб оромдан кечиш, ҳатто улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетганида ҳам меҳрини, шафқатини, марҳаматини аямаслик фақат оналаргагина хос буюк фазилатдир. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримни бир нечта жойларида биз бандаларни Ўзининг ибодатига амр қилиб, унинг изидан ота-онага яхшилик қилишга буюриб, хоссатан онанинг баъзи бир меҳнат ва машаққатларини ҳам баён қилган. Масалан, Қуръони каримнинг Аҳқоф сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهًا وَوَضَعَتْهُ كُرْهً
(سورة ﺍﻷحقاف/15آية)
яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир” (Аҳқоф сураси 15-оят). Бошқа ояти каримада эса Аллоҳ таоло бундай деган:
وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ
(سورة لقمان/14آية)
яъни: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишга) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди” (Луқмон сураси 14-оят).
Ушбу ояти карималарда айнан онанинг меҳнатлари зикр қилинишини тафсир қилиб, Имом Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Аслида, бола тарбиясида ота-онанинг алоҳида меҳнатлари бор. Лекин, Қуръонда айнан онанинг машаққатлари зикр қилинмоқда. Сабаби, бола эсини таниши билан отанинг меҳнат ва хизматларини кўриб улғаяди. Отанинг рўзғор тебратиши, фарзандга керак бўлган кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжлар билан таъминлаётганини гувоҳи бўлади. Аммо онанинг энг оғир машаққатлари бўлмиш ҳомиладорлик қийинчиликлари, дунёга келтириш азоблари, гўдаклик давридаги кечаларидаги безовталик каби заҳматлар фарзанд ақлини таниганида ўтиб кетган бўлади. Фарзанд буларнинг бирортасини эслай олмайди. Шу сабабли ҳам оятларда алоҳида онанинг машаққатлари эслатилмоқда”.
Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган:
جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "يَا رَسُولُ اللهِ مَنْ أَحَقُّ النَّاسِ بِحُسْنِ صُحْبَتِي؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ: "ثُمَّ مَنْ؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ "ثُمَّ مَنْ؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: "أَبُوكَ"
(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)
яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамлар ичида менинг чиройли муомаламга энг ҳақли киши ким?” – деб сўради. “Онангиз”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “(яна) Онангиз”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “(учинчи мартада ҳам) Онангиз”, – дедилар У Зот. “Ундан кейин ким”, – деб сўради. Шунда “Отангиз”, – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Она зотини фарзандига ўта меҳрибонлиги ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:
جَاءَتْنِى مِسْكِينَةٌ تَحْمِلُ اِبْنْتَيْنِ لَهَا، فَأَطْعَمْتُهَا ثَلاَثَ تَمَرَاتٍ، فَأَعْطَتْ كُلَّ وَاحِدَةٍ مِنْهُمَا تَمْرَةً وَرَفَعَتْ إِلَى فِيهَا تَمْرةً لتَأَكُلَهَا، فَاسْتَطْعَمَتْهَا اِبْنَتَاهَا، فَشَقَّتْ التَّمْرَةَ الَّتِي كَانَتْ تُريدُ أَنْ تَأْكُلَهَا بَيْنَهُمَا، فَأَعْجَبَنِىْ شَأْنُهَا، فَذَكَرْتُ الَّذِيْ صَنَعَتْ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "إنَّ اللَّهَ قَدْ أَوْجَبَ لَهَا بِهَا الْجنَّةَ، أَوْ أَعْتَقَهَا بِهَا مِنَ النَّارِ"
(رواه الإمام مسلم عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا)
яъни: “Ҳузуримга бир камбағал аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизига биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони ўзи емоқчи бўлиб, оғзига кўтарганда, қизлари уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, қизларига берди. Унинг бу иши мени ҳайрон қолдирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтганимда, У Зот: “Бу сабабли Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, фарзандларини дунёга келтириш, кейин боқиб катта қилишда бемисл матонат ва фидоийлик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматларини жойига қўйиб, хизматларини қилиб, назарларини топиб, дуоларини олиш фарзанднинг энг муҳим бурчларидан ҳисобланади.
Бир куни Муовия ибн Жоҳима разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, шундай дедилар:
يَا رَسُولَ اللهِ أَرَدْتُ أَنْ أَغْزُوَ، وَقَدْ جِئْتُ أَسْتَشِيْرُكَ؟ فَقَالَ:"هَلْ لَكَ أُمٌّ"؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ:"فَالْزَمْهَا فَإِنَّ الْجَنَّةَ تَحْتَ رِجْلَيْهَا
(رواه الإمام النسائي والإمام الحاكم عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ جَاهِمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Эй Аллоҳнинг расули! Мен ғазотга бормоқчи эдим, маслаҳатингизни олиш учун келдим. Шунда Расулуллоҳ: “Онангиз борми?”, – дедилар. У киши: “Ҳа”, –деди. Пайғамбаримиз: “Онангизнинг хизматларини ғанимат билинг, чунки жаннат унинг оёғи остидадир!” – дедилар (Имом Насаий ва Имом Ҳоким ривоятлари).
Демак, онанинг розилиги ва унинг хизмати Пайғамбар алайҳиссалом билан ғазотда қатнашишдан ҳам юқори мартабада турар экан.
Ибни Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Ал-исоба” номли китобларида шундай деганлар: “Оналарни ҳурмат ва эҳтиром қилиш, уларга ғамхўр ва меҳрибон бўлиш, уларни олдиларидаги фарзандлик бурчини адо қилиш биз умматларга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Маълумки, Расулуллоҳ гўдаклик пайтларида оналари оламдан ўтганлар, бироқ У Зотни эмизган Ҳалима онамиз Пайғамбаримизни ҳузурларига келганларида ўрниларидан туриб, кийиб турган муборак ридоларини Ҳалима онамизга тўшаб, устига ўтқизар эдилар.
Меҳрибон оналаримизга қанча хизмат қилсак ҳам уларни ҳақларини адо қила олмаймиз. Бу ҳақда қуйидаги ривоят келтирилган:
أَنَّ رَجُلًا كَانَ بِالطَّوَافِ حَامِلًا أُمَّهُ يَطُوفُ بِهَا فَسَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ هَلْ أَدَّيْتُ حَقَّهَا؟
قَالَ: "لَا وَلَا بِزَفْرَةٍ وَاحِدَةٍ!"
(رواه الإمام البزار)
яъни: Бир киши онасини елкасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдирар эди. Тавофни тугатгач: “Онамнинг мендаги ҳаққини адо этдимми?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, сен тўлғоқ азобидаги бир марта оҳ уришининг ҳаққини ҳам адо этолмадинг” – дедилар (Имом Баззор ривоятлари).
Онага яхшилик қилиш, кишининг тавбаси қабул бўлишига ҳам сабаб бўлади. Бу ҳақда бундай ҳадиси шариф келтирилган:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أَصَبْتُ ذَنْبًا عَظِيمًا فَهَلْ لِي تَوْبَةٌ؟ قَالَ: هَلْ لَكَ مِنْ أُمٍّ؟ قَالَ: لاَ، قَالَ: هَلْ لَكَ مِنْ خَالَةٍ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: "فَبِرَّهَا
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: Бир киши қайғуга ботиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борди ва: “Эй Расулуллоҳ! Мен катта гуноҳ қилиб қўйдим, менинг тавбам қабул бўлармикин?” – деди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онангиз борми?” – дедилар. У “Йўқ”, – деди. Расулуллоҳ: “Холангиз борми?” –деб сўрадилар. “Ҳа” – деб жавоб берди. Расулуллоҳ: “Ундай бўлса, холангизга яхшилик қилинг”, – деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривоятлари).
Онага хизмат қилиш дуо ижобат бўлишига сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
إِنَّ خَيْرَ التَّابِعِيْنَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ: أُوَيْسْ، وَلَهُ وَالِدَةٌ، وَكَانَ بِهِ بَيَاضٌ، فَمُرُوهُ فَلْيَسْتَغْفِرْ لَكُمْ
(رواه الإِمَامُ مسلم عن عمر بن الخطاب رضي الله عنه)
яъни: “Албатта, тобеъинлардан энг яхшиси Увайс бўлиб, унинг бир онаси бор. Увайсни (қўлида тангачалик) оқлиги бўлиб, (у доимо онасининг хизматидадир) (Сизлардан ким унга йўлиқса), у зотдан илтимос қилинглар, сизларнинг ҳаққингизга истиғфор айтсин (дуо қилсин)!” (Имом Муслим ривоятлари).
Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, ота-оналар кексайиб, ночор қолишганда уларнинг емоқ-ичмоқлари, кийим-кечаклари ва турар жой каби моддий таъминотлари фарзандларнинг зиммасига фарз бўлади. Буни ҳар бир фарзанд доимо ёдда сақлаши керак.
Ким ота-онаси бўла туриб, жаннатни қўлдан чиқарса, унинг ҳолига вой бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар:
"رَغِمَ أَنْفُ رَغِمَ أَنْفُ رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ أَدْرَكَ وَالِدَيْهِ أَحَدَهُمَا أَوْ كِلَيْهِمَا عِنْدَهُ الْكِبَرُ لَمْ يُدْخِلْهُ الْجَنَّةَ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирортаси унинг ҳузурида қариликка етсаю, (уларнинг хизматларини қилиб, розиликларини олиб) жаннатга кира олмаган киши хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!” (Имом Муслим ривоятлари).
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи фарзандлар ота-оналарининг қадрига етмасдан, уларни қариялар уйига олиб бориб қўймоқдалар. Бу бизни динимизга, урф-одатларимизга мутлақо зиддир.
Шундай экан, Аллоҳ таоло барчамизга ота-оналаримизнинг хизматларини қилиш, дуоларини олиш ва улар сабабли икки дунё саодатига мушарраф бўлиш бахтини насиб айласин!
Ҳурматли азизлар! Урфимизда ҳурматли ва қадри баланд нарсаларга “она” сўзини қўшиб айтиш жорий бўлган. Масалан, “Она ватан”, “Она тили”, “Она тупроқ”, “Она юрт” кабиларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Мана шундан ҳам онанинг нақадар улуғ зот эканлиги маълум бўлади. Шунингдек, Юртимизда ҳам аёлларни эъзозлаш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кўп болали аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиниши, ҳар йили 8-мартни халқаро хотин қизлар куни сифатида дам олиш куни деб, эълон қилингани ва ҳукуматимиз томонидан ўтказилаётган қатор тадбирларнинг барчасида аёлларимизга алоҳида имтиёзлар берилаётгани уларга бўлган юксак эҳтиромнинг бир намунасидир.
Ҳурматли азизлар! Маърузамизнинг фиқҳий масалалар қисмида ғуслга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз. “Ғусл” арабча сўз бўлиб, “ювмоқ” маъносини англатади. Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 6-оятида шундай мархамат қилади:
وَإِنْ كُنْتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا
(سورة المائدة / 6آية)
яъни: “Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!”
Қуйидаги ҳолларда ғусл қилиш вожиб бўлади: 1) Эр-хотинлик алоқасидан кейин. 2) Эҳтиломдан кейин; 3) Аёлларда ҳайз ёки нифос қонининг тўхтаганидан кейин.
Ғуслда учта фарз бор: 1) Оғиз ювиш. 2) Бурун чайиш. 3) Баданнинг ҳамма жойига сув етказиш.
Ғусл қилмоқчи бўлган одам, қуйидаги тартибга амал қилиши суннат: аввало қўлини ювади, кейин аврати ва баданидаги нажосатларни кеткизади, мукаммал таҳорат қилади, сўнгра баданининг ҳамма жойига уч марта сув етказиб ювади, оёғи остида сув тўпланадиган бўлса, сувдан чиқиб, оёғини ювади (“Ҳидоя”, “Ал-Ихтиёр”). Ғуслда ният қилиш суннат ҳисобланади.
Ҳурматли жамоат! Маълумки, куни кеча 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Биз эътиборингизни қаратмоқчи бўлган нуқта шуки, конференцияда Мотуридия таълимоти "ўтмиш ва бугун" мавзуси танланган. Хўш, ўтмиш билан бугунни боғлайдиган нарса нима, улар ўртасидаги ўхшашлик қандай намоён бўлади?! Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрлардан турли эътиқодий тоифалар ривожланиб, мусулмон умматини тафриқага сола бошлади. “Сен кофир”, “сен мунофиқ” каби даъволар кўпайгандан кўпайди. Шу даврда Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий чиқиб Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён қилиб, халққа тушунтирдилар, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтардилар. Уларнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, ислом умматини яна қайтадан жамлаш, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди. Бугунги кунимизда ҳам ўтмишдаги каби ислом умматида бўлиниш, фирқаланиш ўзгани куфр ва нифоқда айблаш борган сари кўпайиб бормоқда. Ўтмишда улуғ боболаримиз қилгани каби ҳар биримиз умматни бирлаштириш, иттифоқ қилиш ҳаракатида бўлайлик. Бунинг учун Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий тутган йўлга бирлашиб, бир-биримизга бағрикенглик қилиб, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ", деган кишиларни тек қўяйлик, уларни куфр, нифоқ ва ширк билан айбламайлик. Аллоҳ таоло барчамизга бу йўлда тавфиқ берсин.
Азизлар! Хабарингиз бор айни кунларда дунёнинг баъзи давлатларида коронавирус инфекцияси тарқалмоқда. Гарчи, Юртимизда бу касаллик кузатилмаган бўлса-да Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан бу касалликдан сақланиш учун қуйидагиларга амал қилиш тавсия қилинган:
- Чет элга боришни режалаштиришда эпидемик вазият бўйича тўлиқ маълумотлардан хабардор бўлиш;
- Коронавирус инфекцияси тарқалган мамлакатларга бормаслик;
- Шахсий гигиена қоидаларига мунтазам қатъий равишда риоя қилиш, айниқса овқатланишдан олдин, кўчадан уйга кирганда қўлларни совунлаб ювиш;
- Турли-хил таомларни, айниқса, гўшт маҳсулотлари ишлатилган овқатларни тўлиқ пишириб истеъмол қилиш;
- Иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганда, дарҳол шифокорларга мурожаат қилиш.
Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни, жумладан юртимиз аҳолисини турли бало-офатлардан, касалликлардан Ўз паноҳида асрасин!
Мўътабар онахонларимизни қадрларига етиш, вафот этганларининг руҳларини шод этишни барчамизга насиб айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА” мавзусида бўлади.
Телефонига термулиб ўтирганларга!
Ҳой йигит! Ҳой қиз! Отанг ёнингда сенинг табассуминг ва ширин сўзингга муҳтож бўлиб ўтирибди. Онанг олдингда биргина бўсанг ва холис дуоингга муҳтож бўлиб ўтирибди. Сизлар бўлса ижтимоий тармоқлардаги турли хабарларни ўқиб, ҳар бир пост, хабар ва мактубга изоҳ ёзиб ўтирибсизлар. Ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, ҳақдорларга вафо қилиш қаерда қолди?!
*****
Агар ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир янги инсон билан дўстлашаверсанг, ҳар бир видеони кўриб, ҳар бир постни ўқиб, барча изоҳларни кўздан кечириб, маълумотларга лайклар боссанг, у ҳолда Аллоҳ таолонинг ибодатига, Қуръони Каримни тиловат қилишга, оилага эътибор қаратишга, муҳим ишларингга қачон вақт топасан?! Вақтингни тартибга сол, чунки у сенинг ҳаётингдир.
*****
Телефонига термулиб, ижтимоий тармоқларда кезаётган ва аёлига, оиласига эътибор қитлмаётган эр Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай ҳисоб беришини кўз олдига келтириб, виждонига қулоқ солиб, масъулиятини ҳис қилиб олсин!
Дугоналари билан ижтимоий тармоқларда суҳбатга киришиб кетган аёл ҳам ўзини тузатиб, эрига, оиласига эътиборли бўлишни бошласин. Чунки у Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда булар ҳақида сўралади.
“Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласиз”.
*****
Ҳар бир амалда ниятга эътибор беринг ва тўғрилаб олинг! Солиҳ амал ибодатдир. Сиз меҳнат қилиб, пул топишга борар экансиз, бу билан ор-номусингизни сақлашни, (тиланчилик қилиб) юз нурини тўкишдан асрашни ният қилган бўлсангиз, гўё ишхонада, идорада, далада, бозорда, фабрикада намоз ўқиётгандек бўласиз.
*****
Жаннат аҳли жаннатга киришганда, “Улар: “Биздан ғам-қайғуни кетказган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Албатта, Роббимиз ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир. У зот бизларни Ўз фазли ила бир турар жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ ҳам етмас, ҳорғинлик ҳам етмас”, дерлар”.
Аллоҳу акбар. Жаннатга кирилгач, дунёда бўлган алам кўз ёшлари, оҳ-воҳлар, жароҳатлар, оғриқлар, сиқилишлар, тўқнашишлар, эзилишлар у ерда бўлмайди. Балки Роҳманнинг қўшниси бўлганлари ҳолда улар учун унс, хурсандчилик, хушхабар, покиза ҳаёт, абадийлик ва кўз қувончи бошланади. Эй Аллоҳ, бизни жаннат аҳлидан қилгин!
Доктор Оиз Қарний саҳифалари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирини ёзишдаги услублари
Маълумки, Мовароуннаҳрда ўтган асрлар давомида юртимиз олимларини дунёга танитган кўплаб шоҳ асарлар яратилди. Мустақил диёримиздан тафсир илми соҳасига ҳам ўзларининг бой маънавий мерослари билан улкан ҳисса қўшган машҳур муфассирлар етишиб чиқди.
Ана шундай буюк алломаларимиздан бири, калом илмининг имоми, мусулмонлар эътиқодининг ислоҳчиси деб эътироф этилган зот имом Мотуридийни келтириб ўтишимиз мумкин.
Аллома ва унинг фаолияти ҳақида муҳтарам Юртбошимиз шундай таъриф берганлар: “Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради”.
Мовароуннаҳрда тўлиқ мукаммал тафсир асар тасниф этган илк муфассирлардан бири Абу Мансур ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий (238-333ҳ.й.) ҳисобланади. Унинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” номли тафсири “Аҳли сунна вал жамоа” йўналишининг энг мўътабар ва асосий манбаси саналади.
Имом Мотуридий кўплаб асарлар яратган бўлиб, унинг “ат-Тавҳид” ва “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асарлари мусулмон оламида жуда катта шуҳрат қозонган. У калом, фиқҳ, усулул фиқҳ, мақолот каби соҳалар билан бир қаторда тафсир соҳасида ҳам улкан асар ёзиб қолдирган.
Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби вакили бўлиб, шу мазҳаб доирасида бошқа адашган фирқаларга раддиялар бериш усули билан тафсир ёзган. Унинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” тафсири энг муҳим асарларидан бўлиб, уни Аҳли суннани мухолиф йўналишлардан ҳимоя қилиш мақсадида ёзган. Мазкур тафсирнинг муқаддимасида Мотуридий тафсир ва таъвил тушунчаларининг фарқи ва таърифларини келтириб ўтади ва ўз ақидавий йўналишидан келиб чиқиб, калом илми услубларидан фойдаланган ҳолда моҳирона тафсир қилади. Мотуридий ушбу тафсирида мўътазилийларнинг имомларига, хусусан, Абул Қосим Каъбий ва Абу Муҳаммад Боҳилийларга раддиялар ёзган. Шунингдек, Карромийлар, Ботинийлар, Хорижийлар, Рофизийлар ва Қаромитийларга ҳам раддиялар берган.
Имом Мотуридийнинг ушбу шоҳ асари асрлар давомида Аҳли ас-сунна эътиқодининг софлиги йўлида улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирини ёзишдаги услублари қуйидагилардан иборат бўлган:
- Аввал суранинг номини келтиради, сўнг оятни зикр этиб, “Бу оят хусусида шундай дейилган” ёки “Бу оятда икки ёки уч хил важҳ эҳтимол қилинади” деган ибораларни келтиради ва ҳар бир важҳни зикр қилиб, бахс юритади. Саҳоба, тобиий ва ишончли аҳли таъвил муфассирларнинг гапларини келтириб, ўз мазҳаби бўйича таржиҳ қилади ва фикрини оят, ҳадис ёки саҳиҳ хабарлар билан қувватлаб, “Бизнинг наздимиздаги асл ҳукм шуки” ёки “Бизнинг наздимизда” деган ибораларни келтиради.
- Агар бирор оятни Аҳли суннага мухолиф фирқалар тафсир қилишган бўлса, аввало, шу муфассирнинг исмини аниқ зикр қилади, масалан, Абу Бакр Асомм ёки Жаъфар ибн Ҳарб ва бошқалар. Шунингдек, фирқаларнинг номини ҳам келтириб ўтади. Масалан, мўътазилий, карромий, ботиний, хорижийлар ва ҳоказо. Сўнг уларнинг хилоф гаплари ва тафсирларини келтиради ва Аҳли ас-суннанинг ақидасини ҳимоя қилиш мақсадида уларга ақлий ва нақлий далиллар билан раддиялар беради.
- Агар оятда бирор фиқҳий масала баён қилинган бўлса, Мотуридий ўз мазҳаби бўйича, яъни Абу Ҳанифа (р.а) нинг фатволарига суянган ҳолда тафсир қилади ва бошқа мазҳаб фақиҳларига раддиялар беради.
- Агар Мотуридийга мухолиф фикр билдирганлар чуқур ғулувга берилган бўлса, унинг хатосини зикр қилиб, сўзининг охирида “Гапни исроф қилишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз”, деб, гапни қисқа қилади.
- Имом Мотуридий ихтилофларга сабаб бўладиган “истиво”, “мисл” каби оятларга катта эътибор қаратади ва бу оятларни нотўғри таъвил қилганларга қаттиқ раддиялар беради.
Имому-л-ҳуда, Имому-л-мутакаллимин ва Мусаҳҳиҳу ақидати-л- муслимин каби юксак эътирофлар билан таърифланган Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” номли тафсири ҳозирга қадар ўз қийматини йўқотмасдан келмоқда. Унинг ушбу шоҳ асари Мовароуннаҳрда ёзилган илк тафсир асарларидан ҳисобланади.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, алломанинг ҳаёти ва унинг илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, ҳаётга татбиқ этишимиз бугунги кундаги ҳар хил ботил оқим ва йўналишлар ҳамда террористик гуруҳлар илгари сураётган бузғунчи ғояларга қарши маърифий курашишда улкан аҳамият касб этади.
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар
“Ҳувайдо” жоме
масжиди имом-хатиби
Қуръон шифодир!
Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига бир киши келиб, оғриқдан шикоят қилди. Шунда улуғ саҳобий “Аёлингнинг маҳридан икки дирҳам олиб, ўша пулга асал сотиб ол. Кейин асалга янги ёғаётган ёмғир сувидан қўш ва тайёр бўлгач, ич. Чунки, мен осмондан тушадиган сув ҳақида Аллоҳ таолонинг “Ва осмондан барака сувини туширдик” деганини, асал ҳақида Аллоҳ таолонинг “Унда одамлар учун шифо бордир” деб айтганини, аёлнинг маҳри борасида Аллоҳ таоло “Бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин” деб марҳамат қилганини эшитганман. Агар битта дорида барака, шифо ва ош-офиятлик жам бўлса, иншаа Аллоҳ, Аллоҳнинг Ўзи сенга офият беради” дедилар.
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ