muslim.uz

muslim.uz

  1. Ҳожат кучаймасдан олдин ҳожатхонага бориш. Ҳожат қистаб турганда намоз ўқиш макруҳ. Шу сабабли, ҳожатхонага ҳожат танглиги кучаймасидан олдин бориш лозим. 
  1. Ҳожатхонага оят, ҳадислар ёзилган нарсалар билан кирмаслик. Халога оят, ҳадис, Аллоҳ таолонинг ва пайғамбарларнинг номлари ёзилган нарсалар билан кириш мумкин эмас. Уларни ташқарига қолдириш керак. 
  1. Ҳожатхонага бош кийим билан кириш. Зеро, бошяланг кириш макруҳдир. 
  1. Ҳожатхонага чап оёқ билан кириш. 
  1. Киришдан олдин ушбу дуони ўқиш:

بِسْمِ اللهِ، اَللّٰــهُمَّ إِنّيِ أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْخُبْثِ وَالْخَبَائِثِ

“Бисмиллаҳи, Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубси вал хобаис”

“Аллоҳим, Сендан эркак ва урғочи шайтонлардан паноҳ тилайман”. 

  1. Тана оғирлигини чап томонга босиб ўтириш. 
  1. Покланадиган воситани тоқ ишлатиш. 
  1. Истибро ва истинжони чап қўл билан қилиш.

Истибро – сийдик чиқмай қолгунга қадар олат учига чап қўлда кесак каби намликни шимиб оладиган нарсани тутиб туриш. Эркакларга уни қилиш вожибдир. Бунинг учун ҳожат ўрнидан туриб, пешоб йўлига кесак тутиб юриш, силкиниш ёки йўталиш керак. Сийдик йўлида ҳеч нарса қолмаганига тўла ишонч ҳосил бўлгач, сув билан тозаланилади.

Истинжо – кесак каби нарсалар ва сув билан тозаланишдир. Чап қўл билан қилиш мустаҳабдир. 

  1. Ҳожатхонадан ўнг оёқ билан чиқиш. 
  1. Чиққандан сўнг ушбу дуони ўқиш:

غُفْرَانَكَ

Ғуфронака

“Аллоҳим, Сендан мағфират қилишингни сўрайман”.

Алҳамду лиллаҳиллазий азҳаба ъаннил аза ва ъафаний

“Мендан азиятларни кетказиб, офиятда қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мумтоз шарқ адабиётининг туркигўй шоирлари орасида Лутфий, Насимий, Навоий каби зотлардан кейин ўзининг рангоранг ташбиҳлари, айрича тасвирлари, янгича таъбирлари билан ажралиб турувчи бири донишманд шоир Фузулийдир. Фузулий ғазалиёти ҳам, анъанага кўра маърифий ишораларга бой, таг-замини Қуръон ва суннат манбаидан тўйинган.

Қуйида Фузулийнинг бир ғазалини шарҳлаб, унинг замирида яширинган маънолар, маърифий ишораларни очишга ҳаракат қиламиз. 

Рўзгорим бўлди даврони фалакдан инқилоб,

Қон ичар ўлдум аёғин чекди базмимдан шароб. 

Маъноси: Фалакнинг айланишидан менинг рўзгорим ўзгариб кетди, остин-устин бўлди. Шароб – хурсандчилик менинг базмимдан оёғини тортди, келмай қўйди, шу боис энди қон ичадиган бўлдим.

Рўзгорнинг икки маъноси бор: рўзғор – кундалик ҳаёт, турмуш; шамол, ел эсиши; даврон – айланиш; инқилоб – ағдарилиш, тўнтарилиш; аёқ ҳам икки маънони билдиради: оёқ; қадаҳ; Шоир бу байтда бир неча тамсилларга мурожаат этмоқда. Рўзгор – турмушнинг ағдар-тўнтар бўлиши ёки ҳаёт шамолининг бошқа тарафларга қараб эса бошлаши; фалакнинг айланишини икки хил маънода тушуниш мумкин: асл маъносида фалакнинг ҳаракатда экани, айланиб туриши; замон ўзгариши, вақт ўтиши. Бироқ Қон ичмоқ – ҳаёти азобга айланмоқ, машаққатлар зўридан, йиғлайвериш натижасида кўзлардан ёш ўрнига қон оқа бошлаши, томоқдан ўтган ҳар луқмага қон аралашиши. Шароб – одатда хурсандчилик пайтида ҳам, ғамга ботганда ҳам ичилиши мумкин. Лекин шоирнинг базм сўзини қўллаши хурсандчилик  маъносини ифодаламоқда.

Демак, шоирнинг бошига шундай оғир кунлар тушганки, фалаки даввор – доим бир хилда турмайдиган, айланиб, ўзгариб турувчи, гоҳ шодлик, гоҳ ғам келтирувчи фалак унинг турмушини ағдар-тўнтар қилган. Фалак айлана – коптокка ўхшаш думалоқ нарса, айланган пайтида ичидаги нарсаларни остин-устин қилади. Аслида фалак бу нарсаларни ўз ихтиёрича амалга оширмайди. Зеро, у ҳам аслида яхшилик ва ёмонликка алоқасиз, бошқа мавжудот каби ўзига белгиланган вазифани бажаришдан нарига ўтолмайдиган яратилмиш борлиқ. Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам, шодлигу ғамни ҳам фақатгина Қодири мутлақ бўлган Аллоҳ таоло ирода қилади ва тақдир этади. Бироқ, ҳар нарсада бўлгани каби, бу масалада ҳам Ислом динининг ўз одоби бор. Гарчи яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам Аллоҳ таоло тақдир этсада, яхшиликларни Унга нисбат бериш, ёмонликларни бошқа нарсаларга боғлаш одобдандир. Аллоҳ таоло бу одобни ўз Каломида бир неча ўринларда таълим берган. Жумладан,

مَا أَصَابَكَ مِنْ حَسَنَةٍ فَمِنَ اللهِ وَمَا أَصَابَكَ مِنْ سَيِّئَةٍ فَمِنْ نَفْسِكَ

“Сенга нимаики яхшилик етса, Аллоҳдандир. Сенга нимаики ёмонлик етса, ўзингдандир” (Нисо сураси, 79-оят).

Аллоҳ таоло мўмин жинлар тилидан ҳикоя қилиб, шундай дейди:

وَأَنَّا لَا نَدْرِي أَشَرٌّ أُرِيدَ بِمَنْ فِي الْأَرْضِ أَمْ أَرَادَ بِهِمْ رَبُّهُمْ رَشَدًا

“Биз ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга яхшиликни ирода қилганми, билмаймиз” (Жин сураси, 10-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида ҳам айнан мана шу одоб таълимини кўрамиз.

لَبَّيْكَ وَسَعْدَيْكَ، وَالْخَيْرُ كُلُّهُ فِي يَدَيْكَ، وَالشَّرُّ لَيْسَ إِلَيْكَ...

(رواه مسلم)

“Амрингга бўйсунаман, барча яхшилик сенинг қўлингдадир, ёмонлик сенга нисбат берилмас”. Бу одоб, шубҳасиз, мумтоз шарқ адабиётининг бош мезонларидан бири сифатида анъана шаклини олган.

Шоир рўзгорнинг ағдар-тўнтар бўлганини кейинги тамсил билан акс эттиради. Унинг турмушида шодлик ўрнини ғам эгаллади, унинг базмига шароб оёқ изи қилмай қўйди, хурсандлик унга қадаҳ тутмай қўйди. Энди у шароб ўрнига қон ичмоқда, шодлик ўрнига қайғу ва йиғи билан кун кўрмоқда.

Шуълаи оҳ ила ёндурдум дили саргаштайи,

Бир ўд ўлдум, чизгинан чеврамда ўлмазми кабоб.

Маъноси: Оҳимдан чиққан шуъла билан саргашта юракни ёндирдим. Мен бир ўтга айландим, атрофимда айланган нарсалар кабоб бўлмасми ахир!

Шоир ишқ дардини оловга ташбиҳ этади. Қалбдаги ишқ гўё бир оташ. Одатда оловга пуфланса ундан шуъла, аланга пайдо бўлади. Оҳ уриш билан қалбдаги оташ аланга олади ва муродига етишолмай саргашта, овораю сарсон бўлган юракни куйдиради. Чунки кабобни ҳам олов атрофида айлантириб пиширадиларку!

Лаълинг ила бода баҳс этмиш – зиҳи гумроҳлик!

Ўлди вожиб айламак ул беадабдан ижтиноб.

Маъноси: Бода (шароб) қизиллик ва таъсирда сенинг лабларинг билан баҳс этди. Бу нақадар гумроҳлик, нақадар жаҳолат! Бу билан шароб беадаблик қилди. Энди бу беадабдан сақланиш-узоқлашиш вожиб бўлди.

Лаъл – қизил рангли қимматбаҳо тош. Одатда лаб лаълга ўхшатилади. Лаъл – ёрнинг лаблари. Бундан одатда Каломнинг таг маънолари, асл моҳияти назарда тутилади. Шоир Ёрга мурожаат қилади ва дейдики, май Сенинг лаълинг, каломинг каби таъсирга, рангу жилога эгаман, деб баҳс қилади. Бу баҳсда у ноҳақ. Чунки ҳақиқий Ёр – Аллоҳ таолонинг каломида мавжуд бўлган рангоранглик – балоғат ва фасоҳат, чексиз ҳикмат шаробда йўқ. Боз устига шароб ақлдан жудо этиш таъсирига эга. У кишини тубан ва разил аҳволга туширади. Аллоҳнинг каломи эса ақлни янада мукаммал этади, кишини улуғ мақомларга етиштиради. Бу баҳс – беллашувда шароб мағлуб бўлди, демак ундан узоқлашмоқ лозимдир. Бу ерда шоир шаробнинг шаръан ҳаромлигига ақлий бир далил ҳам келтирмоқда. Зеро, шароб араб тилида “ўраш, бекитиш” маъносидан олинган “хамр” сўзи билан ифодаланади. Хамр ақлни ўраб, тўсиб қўйгани учун шундай аталган.

Вермаз ўлди эл висоли печи зулфинг оҳким,

Риштаи тадбирдан даврони кажрав олди тоб.

Маъноси: Оҳки, зулфинг печи – гажаги висол қўлини бермай қўйди. Афсуски, тескари юрувчи фалак тадбир ипининг гажагини очиб юборди. Яъни, муродга етиштирадиган ипнинг осилиб чиқса бўладиган гажагини тескари айланувчи фалак очиб юборди, таранг қилиб қўйди. Бу ерда фалакнинг тескари айланиши сабабли тадбир риштасининг гажаги орқага айланиб очилиб кетди.

Зулф Ҳақ зотининг пинҳонлиги, ҳеч ким унинг Зотини била олмаслиги. Печ – гажак эса унинг сиридир. Яъни, Ҳақ ўз зотини танитмади, унга етишиш имконини қўлга киритолмадим.

Ўлмади ул моҳа равшан ёндиғим ҳижрон куни,

Ёндиғин шаб то саҳар шамъинг на билсун офтоб.

Маъноси: Ҳижрон, Ёрдан айрилиғим кунида ёнганим у ойдек гўзал севгилига равшан бўлмади. Зотан шамнинг шаб то саҳар, оқшомдан тонггача ёнганини офтоб қаердан ҳам билсин.

Яъни, ҳижрон куни (кундузи) ёнганини кечаси чиқадиган ой билмагани, худди кечаси шамнинг ёнганидан кундузи чиқадиган қуёш бехабар бўлганига ўхшайди. Шоир шамни ёр ҳажрида ёнган ошиққа, маҳбубни қуёшга ўхшатмоқда. Зеро, қуёш чиққач шам эриб йўқ бўлади. Ҳақиқий маҳбуб тажаллий этганда ошиқнинг вужуди маҳв бўлади, фано ва бақо мақоми ҳосил бўлади.

Кўзки пайконинг хаёлийла сочар ҳар ён сиришк,

Бир садафдур қатраи боронни айлар дурри ноб.

Маъноси: Сенинг ўқинг пайконини хаёлимга келтирсам, кўзимдан ҳар томон ёш сочилади. Бу кўз бир қатра ёмғирни мусаффо дуррга айлантирадиган садафдир.

Ўқ Ёрнинг илтифоти, унинг раҳмат назари билан қараши. Яъни, шоир Маҳбуби ҳақиқийнинг ўзига илтифоти ва лутфу-марҳаматини хаёлига келтирган пайт кўзидан шашқатор ёш қуйилишини эсга олар экан, Ҳақ ёди билан кўздан томган ҳар бир томчи Қиёмат кунида қийматбаҳо дурру гавҳарга тенг келишига ишора қилади. Абдуллоҳ ибн Умар р.з. “Аллоҳдан қўрқиб кўзимдан ёш тўкишим, мен учун минг динор садақа қилишдан севимлироқ” деганлар.

Ўлди абри дуди оҳим пардайи рухсори моҳ,

Оҳким, олмаз жамолиндан ҳануз ул моҳ ниқоб.

Маъноси: Менинг оҳимдан чиққан тутунлар бир булутга айланиб ойнинг юзига парда бўлиб қолди. Оҳким, у ой юзидан ҳануз ниқобини олмаяпти.

Яъни, у ой ишқида, ундан айрилиқда шундай қаттиқ азоб чекмоқдаманки, оғзимдан чиққан оҳлар тутун бўлиб, тутунлар бир булутга айланиб ойнинг рухсорини тўсиб қўйди. Йўлида шунча азоб чексам ҳам Ёр менинг учун ниқобини олиб жамолини кўрсатмаяпти, тажаллий этмаяпти.

Кесмади бандан сари кўйинда озорин рақиб,

Эй Фузулий, неша жаннат ичра йўқ дерлар азоб. 

Маъноси: Жаннатда азоб йўқ, дейдилар. Лекин Рақиб ҳатто Ёрнинг кўчаси бошида ҳам Фузулийдан озорини тўхтатмади.

Яъни, жаннатда азоб йўқ, дейдилар. Ёрнинг кўйи эса жаннатдан ҳам аълодир. Ундай бўлса, қандай қилиб, ёр кўйида ҳам рақиб мендан озорини тўхтатмайди. Ёр кўйи унга етиштирадиган тариқат йўлидир. Рақиб эса бу йўлда солик олдида учрайдиган нафс орзуларидирки, ошиқни маҳбубга етишишдан тўсади.

Бу ғазалда Фузулий ўзининг сайру сулуки давомида бошдан кечирган машаққатлари, Ҳаққа восил бўлиш умидида тортган риёзат ва меҳнатларидан шикоят қилади. Бу норозилик ва хафалик шикояти эмас. Зеро, шоир ўзи мансуб бўлган йўлнинг ризо ва таслим (қазога бўйсуниш) йўли эканини яхши англайди. Барча қийинчиликлар бир имтиҳон, имтиҳон эса илтифот белгиси эканини ифодалаб, бу синовлар учун миннатдорлик изҳори қилади.

Абдулҳаким Орипов

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси 

XXI аср – фан ва техника, тараққиёт асри. Бугунги кунда ҳар бир инсон хоҳлаган хабарини интернет орқали бир сонияда олиш имкониятига эга. У олинган хабар яхши ҳам ва ёмон ҳам бўлиши мумкин. 

Бугунги кунда инсонларни интернетдан чеклаб бўлмайди. Бу борада марҳум биринчи юртбошимиз: «…Албатта, интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Биз одамларимизнинг интернет имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Такрор бўлса-да, айтмоқчиман – ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли бизга асло маъқул эмас», дея айтган сўзларини эсга олмасдан иложимиз йўқ. 

Лекин танганинг икки тарафи бўлганидек, интернетдан яхши ва ёмон мақсадда фойдаланиш ҳам мумкин. Ҳозирги кунда ахборот уруши шиддат билан авж олмоқда. Ахборот уруши – турли ёмон мақсадларга эришиш учун рақибга ғоявий таъсир кўрсатишдир. Шунингдек, ахборот хуружи рақибга таъсир кўрсатиш орқали жамоатчилик онгини ғаразли йўллар асосида шакллантиришга уринишдир. 

Ҳозирги кунда бузғунчилик, зўравонлик, экстремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи веб-сайтлар сони 10.000 тадан ошгани таъкидланмоқда. 

Бунга яққол мисол Яқин Шарқдаги даҳшатли воқеаларнинг содир бўлаётганидир. Миллионлаб инсонларнинг уй ва бошпанасиз, ватангадо бўлаётгани-чи?! 

Шуни ёдда сақлаш лозимки, дин ниқобидаги бузғунчи кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитишмоқда. 

Шунингдек, исломий шиорларни ниқоб қилиб олган Ислом душманлари ўзларининг хунрезликларини амалга оширмоқда. Жангарилар томонидан отилган ўқлар ва масжидлардаги портлатишлар оқибатида неча минглаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда, юзлаб одамлар тан жароҳати олишмоқда. 

Мамлакатимизда ҳам, бутун дунёда ҳам кимнидир қўрқитиш, фитна, суиқасд қилиш, озор бериш Ислом динида йўқ эканини мусулмонлар таъкидлашяпти. Демак, бундай ҳаракатларни Исломга қарши фаолият, деб аташдан бошқа иложимиз йўқ. 

Дарҳақиқат, бундай террорчиларни мусулмон деб бўлмайди. Чунки агар мусулмон бўлганларида мусулмонларга қурол кўтаришмасди. Яна Худодан қўрқмасдан Аллоҳ таолонинг байтига кириб, намоз ўқиб турган намозхонларни, қанча-қанча оилаларни боқувчисиз қолдириб, неча-неча аёлларни бева қилишмасди, қанча-қанча етим болалар дунёда кўпаймас эди. Юқорида айтиб ўтилган барча ёмон иллатларни Ислом дини қоралайди. 

Ислом сўзининг луғавий таржимаси эса «тинчлик, омонлик» маъноларини англатади. Ислом дини инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто бўлак дин вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Динимиз асосида раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-осойишталик каби эзгу хислатлар ётади. 

Аллоҳ таоло айтади: 

«Ким бир жонни ноҳақ ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдиргандек бўлади» (Моида сураси, 32-оят). 

Ислом динимиз ҳар бир жонни жуда қадрлайди, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайридин бўлсин, қандай ирққа тегишли бўлмасин, қайси миллатга оид бўлмасин, барибир барчасини ардоқлайди. Бир бегуноҳ инсонни ўлдириш бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят ҳисобланади.

 Аллоҳ таоло айтади: 

«Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у (азоб)да хор бўлиб абадий қолур» (Фурқон сураси, 68-69-оятлар). 

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, интернетдан фойдаланувчи шахс энг аввало соғлом эътиқод тушунчасининг моҳияти, тўғри ақидани ботилидан ажратиб олиш йўллари ва бугунги кунда интернет оламига ўрнашиб олиб, нафақат муайян шахсларни, балки бутун бир юртни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётган кимсаларнинг қилмишларини билиши керак. Бундан сўнг маънавий онгини юксалтириши, ахборот оламидаги хабарларнинг ишончли ва ишончсизлигини англаши, зараридан фойдалисини ажрата олиши зарурдир.

 

М.Мухаммадзариф ўғли.

Урганч тумани бош имом хатиби

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистонининг етакчи “Ал-Рияда” ва “Ал-Жазира” газеталари бош муҳаррирлари Хани Вафо ва Ҳолид бин Ҳамад ал-Малик билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Улар Ўзбекистондаги журналистларга кўрсатилаётган эътибор, давлат муассасалари ахборот хизматларининг фаоилиятининг буткул янгича тарзда йўлга қўйилишига юқори баҳо беришди.
Ушбу нашрлар раҳбарлари уларни кейинчалик “Ал-Рияда” ва “Ал-Жазира” газеталарида чоп этиш учун хабар янгиликлар алмашинуви бўйича Ўзбекистон ОАВлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрликларини билдиришди.

Шуни таъкидлаш лозимки, аввалроқ Саудия Арабистонининг ушбу етакчи нашрлари Ўзбекистон вакилларининг “Ҳаж-2019” мавсумидаги иштироки ҳақида бир қатор мақолалар эълон қилишган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида ўтказилаётган 38-халқаро китоб кўргазмасида 300 метр узунликдаги Мусҳаф қўлёзмаси намойиш этилди.

The National нашрининг ёзишича, қўлёзма муаллифи, ҳиндистонлик рассом M Dileef экани айтилган. Муаллифнинг сўзларига кўра, Қуръони каримнинг тўлиқ кўчирилганидан кейинги қўлёзма шакли 1 километр узунликда бўлади.

Рассом Аллоҳнинг Каломини бутун дунёга ёйишни мақсад қилганини айтиб, ушбу қўлёзма Ҳиндистон, Туркия сингари мамлакатларда намойиш этилганини қайд этган. Эндиликда Европа бўйлаб кўргазмалар ташкил этиш режалаштирилган.

Шаржада ўтаётган китоб кўргазмаси жорий йилнинг 9 ноябрига қадар давом этади. Унда 2000 дан ортиқ дунё нашриётлари ўз китоблари билан иштирок этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top