muslim.uz

muslim.uz

Туркиянинг Агра шаҳри ҳокими қурилиши режалаштирилган Буюк тўфон ва Нуҳ алайҳиссалом кемасига бағишланган музей лойиҳасини тақдим этди, хабар беради Анадолу агентлиги таяниб fitrat.uz сайти.

Агра ҳокими Сулаймон Элбаннинг сўзларига кўра, Нуҳ пайғамбарнинг кемаси Арарат тоғи ёнида тўхтаган. Вилоят номи ҳам айнан шу номдан олинган. Тоғ туркчада Агри дағи – Агра тоғлари деб аталади.

Шунча тарихга эга бўлишига қарамасдан, шаҳарга келган саёҳатчиларга намойиш қилса арзигулик деярли ҳеч нарса йўқ. Шу сабабли мазкур музейни барпо этишга қарор қилинди. Бу шаҳарнинг туристик салоҳиятининг ошишига хизмат қилиши таъкидланмоқда.

“Бу Нуҳ пайғамбарнинг шаҳридир. Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси, буюк тўфон, Арарат тоғи каби объектлардан сайёҳларни жалб қилиш, туристик салоҳиятни оширишда фойдаланмаслигимиз мумкин эмас”, – дейди ҳоким.

Музейни бир йил давомида қуриб фойдаланишга топширилиши кўзланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

  1. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.

Табук ғазоти куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни садақа, эҳсон қилишга тарғиб этдилар. Умар розияллоҳу анҳу «Агар Абу Бакрдан ўзадиган бўлсам, бугун ўзишим мумкин» дедилар-да, молларининг ярмини олиб келдилар. Кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу молларининг ҳаммасини олиб келдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу ўзларига ўзлари «Абу Бакрдан ўза олмас эканман» деганлар.

  1. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу.

Нажронликлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўзларига Қуръонни, Исломни ўргатадиган кишини юборишларини сўраганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлар билан ўта ишончли, омонатдор, амийн бўлган кишини юбораман” дедилар.

Воқеани Умар розияллоҳу анҳу давом эттирадилар: “Ҳеч қачон амирликни яхши кўрмадим. Аммо ўша куни ўша ишончли одам мен бўлишимни орзу қилдим. Пешин намозига эртароқ келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан пешинни ўқиганларидан сўнг ўнг тараф-чап тарафга қарадилар. Мени кўрмай қолмасинлар деб бўйнимни чўзиб турдим. Кўзлари билан излай-излай, охири Абу Убайдага қарадилар ва “Тур ўрнингдан. Улар билан бирга бориб, ихтилоф қилаётган масалаларида ҳақ ила ҳукм чиқариб бер!” дедилар. Абу Убайда улар билан бирга кетди”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу яна шундай деганлар “Агар мен вафот этаётганимда Абу Убайда ҳаёт бўлса, уни халифа қилиб қолдираман. Охиратда Роббим мендан уни халифа қилиб қолдирганим ҳақида сўраса, мен “Аллоҳнинг амийнини ва Расулининг амийнини халифа қилиб қолдирдим” дейман” деганлар.

  1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.

Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юриб кела бошлади. Умар ўтирган эди, унинг келаётганини кўриб:

«Фиқҳга тўла идишча келмоқда», деди». 

Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ Асад ибн Вадоадан ривоят қилади:

«Умар Ибн Масъудни зикр қилди ва: «Илмга тўлган идишча, мен уни Қодисия аҳлидан устун кўраман», деди».

Аллоҳ таоло саҳобаи киромларнинг барчаларидан рози бўлсин, бизни эса уларнинг ҳаётларидан ибрат олиб, қиёмат куни уларнинг сафларида турувчилардан қилсин!

 

Islom.uz сайти маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муқаддас ислом динимиз Ватанни ҳимоя қилишга чақиради. Ватан муқаддас даргоҳ, Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздур. Пайғамбаримиздан ривоят қилинган хадисда “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир” деганлар. Хадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётиниг мазмунидир.

Шариатимиз манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб хисобланса, унга ҳиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади. Ватан ҳеч қачон сотилмайди, унга ҳиёнат ҳам қилинмайди. Бундай ҳиёнатни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. ХХI аср инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, баъзи шахс ва гурухлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниш, қатор ихтилоф ва кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар, мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз харакатларини оммавий шаклда этолмаётгани жиҳатидан ахолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида “Террор” йўли танланмоқда.

“Ислом” ва “Террор” сўзларини бирикма-ибора шаклида ифода этиш, уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам.

Ислом – инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш дея баҳолайди. Аллох таъоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир.Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур”. Ҳозирда “Террор” деб аталаётган ҳаракатлар аллақачон исломда “улкан гуноҳ” деб белгилаб қўйилган.

“Террор” ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч ахоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган.Ушбу масадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши  террорчилик харакатлари ислом ва иймон тақазосидан узоқ харакат эканини кўради.Зеро мустақил юртимизга кўз олайтираётган бузғунчи ақидапараст оқимларнинг хам асл мақсадлари тинчлигимизни кўролмаслик, мавжуд конституцион тузумни ағдариш, юртимиз бойликларига эга чиқиш, халқимизни ўз мақсадлари асосида бошқаришдан иборат.Юртимизда диний экстремистик оқимларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда, аммо бузғунчи кучлар ўз ғояларини ёшларимиз онгига сингдириш мақсадида чет элларда ноқонуний ишлаш учун юрган юртдошларимиз,яъни ноқонуний мигрантлардан унумли фойдаланмоқдалар.Хаттоки уларни қонли урушлар бўлаётган Сурия,Ироқ худудларига яширин йўллар билан ўтказиб юбораётган холатлар кузатилмоқда.

Қуръони каримнинг “Аъроф” сураси 56-оятида “Ерни (Аллох хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллохга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллохнинг рахмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” дейилган. Юртимизда ёшларимизнинг илм олишлари, ишлашлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Агар улар чет элларга қонуний йўл билан ўқиш ёки ишлашга борадиган бўлсалар, уларнинг барча ҳуқуқлари хукуматимиз томонидан кафолатланган.

Аллох таъоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини бардавом қилсин.Фарзандларимизни ота-онаси, оила, эл-юрт олдидаги бурч ва масъулиятини доимо ҳис қиладиган комил инсон бўлиб етишишларида Аллох таъоло ўзи мададкор бўлсин! 

 

Б.Атаниязов

Боғот тумани “Ғоиб бобо” масжиди имом-хатиби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Муҳаббат» сўзи аслида мойиллик, севиш, суйиш, яхши кўриш, кўнгил қўйиш, ишқ, хоҳлаш, талпиниш, интилиш маъноларини англатади. Муҳаббат қалбдаги туйғу бўлиб, инсон ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. У кишининг сўзу амалларини бошқаради, тасарруфларини ҳаракатлантиради. Инсон муҳаббатсиз яшай олмайди, кимларнидир севиб, нималаргадир меҳр қўйиб яшайди. Ислом дини ушбу туйғуни ҳам тўғри ўзанда бўлишини талаб қилади.

Аллоҳга бўлган чин иймон У Зотга нисбатан муҳаббатнинг ҳосиласидир. Айни пайтда бу иймон ва муҳаббат Аллоҳнинг элчисини ‒ пайғамбарини севишни тақозо этади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймоннинг бир қисми ҳисобланади. Муҳаббатсиз кишининг иймони ва саодати тугал бўлмайди. Шунинг учун Ислом уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳар бир мусулмон учун фарз эканига ижмоъ-иттифоқ қилган.

Буюк бобомиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ шоҳ асари «Ал-жомеъус-саҳиҳ» тўпламидаги «Иймон» китобининг 8-бобини «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» деб номлаб, унда қуйидаги икки ҳадиси шарифни келтиради:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот (Аллоҳ)га қасамки, сизлардан ҳеч ким комил мўмин бўла олмайди, то мен унга отасию боласидан маҳбуброқ (севимлироқ) бўлмагунимча», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч ким комил мўмин бўлолмайди, токи мен унга отаси, боласи ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча», дедилар».

Демак, мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни барчадан кўра кўпроқ севмагунча комил иймонга эриша олмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қуруқ даъво ёки юзаки гаплар билан эмас, балки чин қалбдан бўлиши ва амалда акс этиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қуйидаги амалларни тақозо этади:

– у зотни яхши кўриш, севиш, суйиш;

– у зотга кўнгил қўйиш, мойил бўлиш, муштоқ бўлиш, ошиқ бўлиш;

– у зотни соғиниш, эслаш ва унутмаслик;

– у зотга интилиш ва рағбат қилиш;

– у зотни ҳаммадан устун қўйиш ва афзал кўриш;

– у зот яхши кўрган нарсани яхши кўриш, ёмон кўрган нарсани ёмон кўриш;

– у зотга эргашиш, итоат этиш, суннатларига амал қилиш, у зотнинг таълимотларига мувофиқ тарзда ҳаёт кечириш;

– у зотга ёрдам бериш, суннатларини, шариатларини ҳимоя қилиш;

– у зотни энг олий намуна деб билиш, у зотдан ўрнак олиш;

– у зотга кўп салавоту саломлар айтиш;

– у зотга хилоф иш қилишдан қўрқиш;

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат банда учун дунё-ю охират саодати гаровидир. У зотга муҳаббат дўзахдан нажот ва жаннатга кириш учун сабабдир. У зотга муҳаббат Аллоҳнинг муҳаббатига ва жаннатига йўлдир.

Бир аъробий киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўради. У зот: «Қиёматга нима тайёрладинг?» деб сўрадилар. У: «Аллоҳ ва Расулига муҳаббатни!» деб жавоб беради. Шунда у зот: «Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан», дедилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Биз мусулмон бўлишдан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан», деган гапларидан хурсанд бўлганимизчалик хурсанд бўлмаганмиз. Мен Аллоҳни, Расулини, Абу Бакрни, Умарни яхши кўраман. Гарчи уларчалик амал қила олмаган бўлсам-да, (муҳаббатим туфайли) улар билан бирга бўлишни умид қиламан» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ! Сиз менга ўзимдан ҳам, аҳли-оиламдан ҳам, бола-чақаларимдан ҳам севимлироқсиз. Мен уйда бўлганимда сизни эслайман ва сабр қилолмасдан олдингизга келиб, сизни кўраман. Аммо бу дунёдан ўтишимизни эсласам, биламанки, сиз жаннатда пайғамбарлар билан олий даражаларга кўтарилиб кетасиз. Мен эса жаннатга кирсам-да, сизни кўра олмасам керак, деб қўрқаман», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳали жавоб бермай туриб қуйидаги ояти карима нозил бўлди:

«Ким Аллоҳ ва Расулга итоат этса, ана шулар Аллоҳнинг инъомларига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан бирга бўлурлар. Улар қандай ҳам яхши ҳамроҳдирлар» (Нисо сураси, 69-оят)(Табароний, Байҳақий, Ибн Мардавайҳ, Мақдисий, Абу Нуайм, Ҳайсамий ва Воҳидийлар ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббат қилиш, у зотни чинакам севиш бахтини насиб этсин.

 

Абдул Азим Зиёуддин,

Тошкент Ислом институти «Ҳадис ва ислом

тарихи фанлари» кафедраси катта ўқитувчиси

Манба: https://islom.uz

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида шундай марҳамат қилган:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Ва албатта, сен улкан хулқдасан” (Қалам сураси, 4-оят).

Ҳа, у зот алайҳиссалом барча гўзал хулқлар билан зийнатланган эдилар. Ана шундай гўзал хулқларидан бири каттаю кичикка бирдек салом беришларидир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам бир боланинг олдидан ўтдилар ва унга салом бердилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бу ёш бола-ку. Шунга салом бераманми?” демасдилар. Балки ҳаммага салом берардилар. Биз ҳам бу суннатга амал қилиб, каттаю кичикка салом беришни кенг ёйишимиз керак.

Ўша бола нақадар бахтли экан-а?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга салом берган эканлар.

Тасаввур қилинг, кўчада кетяпсиз. Ёнингиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтаётганларида сизга “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” дея салом беряптилар.

Тасаввур қиляпсизми?! Роббул оламийннинг Ҳабиби, икки олам сарвари, барча Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг гултожи бўлган зот сизга салом беряптилар.

Нима аҳволга тушардингиз? Ўша онда нималарни ҳис қилардингиз? “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” деб йўлингизда давом этармидингиз ёки тўхтаб, у зот алайҳиссаломнинг бағриларига ўзингизни отармидингиз?

Ўйлаб кўришга, кўз олдингизга келтиришга уриниб кўринг-чи!

Ўйлаб кўрдингиз-а? Тасаввурнинг ўзи билан бошқача ҳислар чулғаб олдими? Энди саҳобаи киромлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар куни кўришган, суҳбатлашишган, қўлларидан тутишган. Уларнинг мақомларини, қанчалик саодатли даврда яшашганини англаяпсизми?

Аллоҳ таоло барчамизга севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча суннатларига ихлос билан амал қилиб, бу дунёда у зот соғинган умматларидан, охиратда эса шафоатларига эришувчилардан бўлишимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар

Top