muslim.uz

muslim.uz

Ўтган якшанба куни Массачусетс штатининг Аттелборо шаҳрида "Ясин" масжиди очилган. Бу ҳақда Thesunchronicle газетасига таяниб, iqna сайти хабар  беради.

Аввал масжид ўрнида дўкон бўлган. Маҳаллий тадбиркор Омар Салаватнинг сўзларига кўра, масжид ўрнидаги дўкон бир ой ичида жойини ўзгартирган. Хусусан, масжиднинг очилиш маросимида шаҳарнинг бир қатор расмийлари, жумладан шаҳар ҳокими, штат сенатори ва Баптистлар черковининг пастори иштирок этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Оила” маркази қошида ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да "Оила ва никоҳнинг муқаддаслиги ҳамда эр ва аёлнинг масъулияти" мавзусида Навоий шаҳар "Оқтош" жоме масжиди имом-хатиби Д.Эргашев ёшлар билан учрашди

Тадбирда оила масъулияти, эрнинг аёл олдидаги вазифаси, аёлининг эр олдидаги вазифаларини тушунтириб ўтилган. Бу ҳақда hazratnavoi.uz сайти хабар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

"Вақф" хайрия жамоат фонди ташкил этилганидан буён бир қанча муҳтож оилаларнинг уй-жойга эга бўлиши борасида кўплаб хайрли ишларни ҳомийлар кўмагида амалга ошириб келмоқда. Хонадонлар турли офатлардан азият чеккан ва боқувчисини йўқотган оилалар учун барпо этилди.

Шундай хайрли ишлардан навбатдагиси Қашқадарё вилоятида амалга оширилди. Ҳомийлар ёрдамида янгидан қурилган Х.Жанонованинг хонадонига Фонд раҳбари Искандар Халилов ташриф буюриб, ушбу оила аъзоси бўлган, кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони, ҳозирги вақтда умуртқа поғонасидаги жароҳат туфайли ногиронга бўлиб қолган Ш.Бердиевнинг ҳолидан хабар олди. Фонд томонидан Ш.Бердиевга ногиронлик араваси тақдим этилди. Унинг ҳаққига дуои хайр қилиниб, муҳтож инсонлар Фонд ва унинг саховатли ҳомийлари кўмаги остида эканликлари қайд этилди.

 

vaqf.uz
vaqf.uz
vaqf.uz
vaqf.uz
vaqf.uz
vaqf.uz
vaqf.uz

 

Аллоҳ таолодан хайрияпарвар ҳомийларимизга муҳтож инсонларга кўрсатаётган кўмаклари учун улкан ажрлар беришини сўраймиз.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Маълумки аждодларимиз эътиқод қилиб келаётган диний ва маънавий меросни асраб-авайлаш- мустаҳкам эътиқод ва иродалиликдан далолат беради. Бугунги кунда ҳаётимизда учраб тураётган  турли оқим-ҳаракатларга кўра айрим кишилар у диндан  бу динга ва бошқасига ўтиб юриши аслида эътиқодсизлик эмас, балки эътиқодининг сустлиги, илмсизлик, ғоявий бўшлиқ хамда  иродасизликдир.   

Илк ақидапараст оқимлар яъни “Хавориж” фирқаси ўз фаолиятини бошлаган даврнинг ўзидаёқ, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бошлиқ мусулмонлар томонидан уларга қарши ғоявий ва ҳарбий кураш олиб борилган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу харвориж фирқаси вакиллари билан ақидавий масалаларда соатлаб суҳбатлашган. Аҳли сунна вал жамоанинг тутган йўлининг ҳақлигини ва “Хавориж” фирқасининг ноҳақлигини ақлий ва нақлий далиллар билан исботлаб берган. Натижада кўплаб адашганларнинг ҳидоят топишига эришилган. “Мотуридия” таълимоти асосчиси Абу мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг асарларида адашган диний оқимларнинг сохта даъволарига асосли раддиялар берганлар. Адашган оқимларга қарши ғоявий кураш бошқа мазҳаббошилар, буюк имомлар ва олимлар томонидан ҳар доим узлуксиз равишда олиб борилган ва бу ғоявий кураш ўз самарасини бериб, кўплаб инсонларнинг адашишининг олди олинган. Ҳозирги вақтда ҳам бу каби ғоявий курашни ва огоҳликни бир бир лаҳза қўлдан бой беришимиз мумкин эмас.

Адашган диний оқимларга қарши курашнинг барча даврларда олиб борилганининг аҳамиятли томони шундаки, бу оқимлар турли даврда турли сабабларга кўра келиб чиққан. Ва албатта, бу оқимларнинг даъват, чорловлари ҳамиша инсониятни ҳалокатга етаклаб, залолат сари етаклаган.

Диний оқимларнинг шаклланишида баъзан диний саводсизлик замин яратган бўлса, баъзи ҳолларда иқтисодий мақсадлар ётган. Баъзан ижтимоий сабаб оқимлар шаклланган бўлса, баъзида бошқа дин вакилларининг таъсири остида диний оқимлар шаклланган.

Айни пайтда шуни англашимиз лозимки, диний оқимлар деганда биз фақат Ислом динини ниқоб қилиб фаолият олиб бораётган экстремистик ва террористик оқимларни эмас, бошқа динлардан ажралиб чиққан ва фаол миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган секталарни ҳам тушунамиз. Чунки ушбу секталарнинг ҳам чорловлари инсоният бошига катта кулфатлар солмоқда. Яъни, оилада ота онага қарши чиқиш, уларга итоатсизлик, ҳатто ўз ота онасининг жонига қасд қилиш, бор будини сотиб оқим ривожи учун сарф қилиш, сиёсий тузумга қарши чиқиш, ўз яқинлари ва ватанидан воз кечиш, бошқалар фикрини умуман қабул қилмаслик ва бошқа ҳолатлар экстремистик ва террористик оқимлар таъсирига тушганлар билан бир қаторда миссионер секта тарафдорларида ҳам кўринади.

Агар биз диний оқимлар ҳақида мукаммал тушунча ҳосил қилмасак, уларга қарши курашни бир лаҳза тўхтатиб, огоҳликни қўлдан берсак, нималарни ва кимларни йўқотишимизни тасаввур қила олмаймиз.

 

И.Жуманиязов

Урганч туман “Қорри бобо масжиди имом-хатиби

 

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَجَعَلَهُ أُسْوَةً حَسَنَةً لِلْمُؤْمِنِيْنَ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا الرَّؤُوفِ بِالْمُؤْمِنِيْنَ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ

МАВЛИДУН НАБИЙ МУБОРАК!

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг ҳабиби, сарвари коинот, оламларга раҳмат қилиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари барчамизга муборак бўлсин! Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 571 йили Рабиул аввал ойининг 12 куни Маккаи Мукаррамада Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбар ва расулларнинг охиргиси, Ҳавзи кавсар соҳиби, умматлари жаннат аҳлининг учдан бир қисмини ташкил қиладиган Зотдирлар. Ҳатто пайғамбарлар ҳам У Зотга уммат бўлишни орзу қилганлар.

Дарҳақиқат, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчи, инсоният фахри, одамларнин энг яхшиси, энг яхши хулқлиси ва комилидирлар. Аллоҳ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб, уни бутун оламга раҳмат элчиси эканини тасдиқлаб, Қуръони каримда бундай деган:

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

яъни: (Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз(Анбиё сураси 107-оят).

Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб-ахлоқлари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ғайридинларга ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлиш зарур.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи, аниқ мисоллар, ривоятлар билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва ахлоқлари ҳақида гапириб берадилар...).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мартабалари сабабли ўтган барча пайғамбар ва расуллар Қиёмат куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг байроқлари остида бўладилар. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ القِيَامَةِ وَلَا فَخْرَ، وَبِيَدِي لِوَاءُ الحَمْدِ وَلَا فَخْرَ، وَمَا مِنْ نَبِيٍّ يَوْمَئِذٍ آدَمُ فَمَنْ سِوَاهُ إِلَّا تَحْتَ لِوَائِي

(رواه الإمام أحمد والإمام الترمذي عن أبي سَعِيدٍ رضي الله عنه)

яъни: “Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одам(алайҳиссалом) ҳам, бошқа ҳам менинг байроғим остида бўлади” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Биринчи  бўлиб қабрдан чиқадиган ва биринчи бўлиб шафоат қилишни бошлайдиган Зот ҳам жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўладилар. Бу ҳақда шундай деганлар:

أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَأَوَّلُ مَنْ يَنْشَقُّ عَنْهُ الْقَبْرُ، وَأَوَّلُ شَافِعٍ وَأَوَّلُ مُشَفَّعٍ

(رواه الإمامُ مسلمٌ عن أبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Қабрдан биринчи чиқадиган шахсман. Биринчи шафоат қилувчиман. Биринчи шафоати қабул қилинувчиман” (Имом Муслим ривоятлари).

Ҳурматли азизлар! Аллоҳ таолога беадад ва беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, сизу бизни мана шундай улуғ Зотнинг уммати қилди.

Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак мартабалари ва улуғликларини яхши билганликлари учун ҳам У Зотга муносиб муомала ва муносабатда бўлиб, қаттиқ муҳаббат қўйганлар.

Тарихдан маълумки, Макка мушриклари элчиси Урва ибн Масъуд ас-Сақафий Ҳудайбия сулҳи куни саҳобаларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муносабатларини, У Зотни қандай ҳурмат-эҳтиром қилишларини диққат билан кузатгач ва қавмига қайтиб боргач шундай деди:

وَاللهِ لَقَدْ وَفَدْتُ عَلَى الْمُلُوكِ عَلَى قَيْصَرَ وَكِسْرَى وَالنَّجَاشِي فَوَاللهِ مَا رَأَيْتُ مَلِكًا يُعَظِّمُهُ أَصْحَابُهُ مَا يُعَظِّمُ أَصْحَابُ مُحَمَّدٍ مُحَمَّدًا،... وَإِذَا أَمَرَهُمْ أَمْرًا اِبْتَدَرُوا أمْرَهُ، وَإِذَا تَوَضَّأَ كَادُوا يَقْتَتِلُونَ عَلَى وَضُوئِهِ، وَإِذَا تَكَلَّمَ خَفِضُوا أَصْوَاتَهُمْ عَنْهُ، وَمَا يُحِدُّونَ النَّظَرَ إِلَيْهِ تَعْظِيْمًا لَهُ

 яъни: “(Эй қавмим), қасамки, мен кўп подшоҳлар, жумладан, Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон-бир подшоҳнинг аёнлари Муҳаммаднинг асҳоби Уни улуғлаганидек улуғлаганини кўрмаганман... Агар бир ишга буюрса, уни адо этишга шошилишади. У гапирса, овозларини чиқармай, жим қулоқ солишади. Уни ҳурмат қилганларидан юзига тик боқишмайди” (Шу мазмундаги ҳадисни Имом Бухорий ривоят қилганлар).

Бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи васаламнинг ҳузурларига келиб: “Қиёмат қачон бўлади?” – деб сўради. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалам унга:

"مَاذَا أَعْدَدْتَ لَهَا؟" قَالَ: لاَ شَيْءَ، إِلاَّ أَنِّي أُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ صَلَّى اللهُ عليه وَسَلَّمَ، فَقَالَ: "أَنْتَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْتَ

(رواه الإمامُ البخاري والإمامُ مسلمٌ عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عنه)

яъни:  “Қиёмат учун нима тайёрлагансиз ўзи?” – дедилар. У “Ҳеч нарса. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман”, – деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиз ўзингиз яхши кўрганлар билан бирга бўласиз!”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаламнинг ходимларидан бўлмиш Савбон  разияллоҳу анҳу бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига ранги ўзгарган, хафа ҳолида келди. Шунда Расулуллоҳ унга: “Сизга нима бўлди?” – дедилар. Савбон  разияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, менда ҳеч қандай беморлик ва оғриқ йўқ, лекин бироз Сизни кўрмасам соғиниб, оғир аҳволга тушаман. Ё Расулуллоҳ! Кейин Сизни жаннатдаги мақомингизни ўйладим. Сиз пайғамбарлар билан энг олий мартабада турасиз. Мен жаннатга кирган тақдиримда ҳам паст мартабада бўламан. Мабодо жаннатга кира олмасам, Сизни абадул-абад кўра олмайман. Шундан ғамгинман, ё Расулуллоҳ!” – деди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса демай, жим қолдилар. Бир оздан сўнг қуйидаги ояти карима нозил бўлди:

وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَأُولَئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ

وَحَسُنَ أُولَئِكَ رَفِيقًا. ذَلِكَ الْفَضْلُ مِنَ اللَّهِ وَكَفَى بِاللَّهِ عَلِيمًا 

яъни: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир! Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир” (Нисо сураси 69-70 оятлар).

Оятдаги “Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса” дегани – динимиз кўрсатмаларига амал қилса, деганидир. Демак, шариатда буюрилган амалларни бажариб, қайтариқлардан қайтиш – Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат қилиш ҳисобланади. Бундай кишига Қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ қишилар билан бирга бўлишдек мартаба ато этилади.

Қайси бир мусулмон Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаламни чин дилдан яхши кўрса, албатта жаннатда У Зот билан ҳамроҳ бўлиш бахтига муяссар бўлади. Уламоларимиз кишининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати қанчалик чин эканлигига бир нечта амаллар далолат қилади, деганлар. Қуйида улардан энг зарурларини келтирамиз:

  1. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот ва саломлар йўллаш.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтишни Аллоҳ таоло Қуръони каримда биз умматларга буюриб, шундай деган:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

яъни: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб сураси 56-оят).

“Умматим!” деб яшаган суюкли Пайғамбаримиз  алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ва фаришталар   салавот айтиб турганда, биз айтмасак, умматлик вазифамизни гўзал ҳолатда адо қилган бўлмаймиз. Қолаверса, салавот айтиш жуда савобли амал ҳисобланиб, ҳадисларда ҳам унга тарғиботлар бисёрдир. Жумладан, ҳадиси шарифда салавотнинг фазилати ҳақида шундай дейилган:

مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلَاةً وَاحِدَةً صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ عَشْرَ صَلَوَاتٍ وَحُطَّتْ عَنْهُ عَشْرُ خَطِيئَاتٍ وَرُفِعَتْ لَهُ عَشْرُ دَرَجَاتٍ

 (رواه الإمامُ أحمدُ والإمامُ النسائي عن أنسٍ رَضِيَ الله عنه)

яъни: Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта раҳмат йўллайди. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража мартабаси кўтарилади (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари). Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

مَنْ صَلَّى عَلَيَّ حِيْنَ يُصْبِحُ عَشْرًا، وَحِيْنَ يُمْسِيْ عَشْرًا، أَدْرَكَتْهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ

(رواه الإمامُ الطبراني عن أبي الدرداء رَضِيَ الله عنه)

яъни:  “Ким менга эрталаб ўн марта, кечқурун ўн марта салавот айтса, Қиёмат куни мен уни шафоат қиламан” (Имом Табароний ривоятлари).

Демак, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаламга бўлган муҳаббатларимизни исботлаб, доимо имкон қадар салавот айтиб юришга одатланишимиз мақсадга мувофиқдир. Ҳеч бўлмаганда энг қисқа салавотларни турган ва юрганимизда айтишимиз керак. Энг қисқа салавотлар:

 اَللَّهُمَّ صَلِّى وَسَلِّمْ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّد      صَلَّى اللهُ عَلَيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ       صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمْ

  1. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини ўрганиб, суннатларига амал қилиш.

Ҳар биримиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиб, барча иш ва амалимизда У Зотга эргашиш, У Зотнинг хулқларига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз керак. Чунки, қанча Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўргансак, ўз-ўзидан У Зотга бўлган муҳаббатимиз яна ҳам ортади. Шу билан бирга шариатимизнинг баъзи ҳукмларини янада яхшироқ англаймиз.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи, аниқ мисоллар, ривоятлар билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва ахлоқлари ҳақида гапириб берадилар...).

Шундай экан, бу улуғ ойни ғанимат билиб, ота-оналар фарзандлари билан китобхонликларни ташкил қилсалар, айни муддао ва муҳаббатнинг бир нишонаси бўлади. Беадад шукрлар бўлсинки, ҳозирги кунда китоб дўконларида юртимиз уламолари томонидан ёзилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарихларига доир, ўзбек тилидаги адабиётлар етарлича мавжуд. Фақат ундан фойдаланишимиз керак, холос.

Маълумки, бу улуғ ойда юртимизда мавлуд маросимлари ўтказилади.  Мусулмон оммаси тақрибан минг йиллардан буён бу хайрли маросимни ўтказиб келмоқдалар. Мавлуд маросимида Қуръон тиловат қилиниб, саловотлар айтилади. Пайғамбаримизнинг ота-боболари, насл-насаблари, туғилишлари, хулқ-атворлари ва ҳаётлари ҳақида назм ва қасидалар ўқилади. Бу эзгу иш – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишга яна бир туртки бўлади.

Мавлуд маросимини ўтказиш фазилатлари ва асослари ҳақида бир қанча далиллар мавжуд бўлиб, улардан фақат биттасини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

“Мажмуатул фатово” китобида Абдулҳай  Лакнавий ҳазратлари  мавлид ўқишга далил келтириб шундай деганлар: “Пайғамбаримиз даврларида яшаб ижод қилган шоир Ҳассон разияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларининг мадҳлари битилган байтларини ўқитганлари мавлид ўқишга далил бўлади. Чунки, унинг қасидаларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, мўъжизалари, насл-насаблари, туғилишлари борасида сўз юритилган эди. Шу ерда таъкидлаш лозимки, буюк саҳоба ва шоир Ҳассон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ҳам одамлар тўпланган жойларда, хусусан, масжидда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қурдирган минбарда туриб, ўз қасидаларини одамларга ўқиб берганлар. Бу борада саҳиҳ ҳадис тўпламларидаги далиллар етарлидир. Мавлид ўқишнинг мустаҳаб ва мандуб амал эканига Ҳазрати Билол разияллоҳу анҳунинг ўша даврда кўчаларда ва бозорларда одамларни тўплаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилиб, айтиб бериб юрганларини ҳам далил сифатида келтириш  ҳам мумкин”.

Одатда инсонлар ўз миллати, юрти инсонлари учун кўп яхши ишлар қилган, одамларга фақат фойда келтириб, жамият равнақига ҳисса қўшган давлат арбоблари, юрт қаҳрамонлари, саркардаларнинг туғилган кунларини нишонлашни одат қилиб оладилар. Бунда ўша инсоннинг шу юрт тақдирига битилганидан қувониш, у сабаб юз берган яхшиликларни эслаш, қадрига етиш каби мақсадлар кўзланади.

Энди бир ўйлаб кўрайлик, бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборилган, арабу ажам, руму форснинг ҳидоятига сабаб бўлган, Аллоҳ таоло бутун инсониятни жаҳолатдан қутқарилишига восита қилган Зот – Пайғамбар, Ислоҳотчи, Раҳбар, Тақводорлар имоми, Меҳрибон эр, Раҳимдил ота, Буюк муаллим, Инсоният тарбиячиси, Юксак хулқлар ва камтарлик тимсоли бўлган, Аллоҳ таолонинг Ўзи “буюк хулқ узрадирсиз!” деб мақтаган Зотнинг туғилган кунидан шодланиш, бу кунни салавоту салом билан ўтказиш, ўз Шафоатчиси, Пайғамбари, Йўлбошчиси бўлган Энг комил инсонни мўминларга танитиш, Аллоҳ унда жамлаган гўзал сифат ва хулқларини эслатиб, уларни мазкур хулқлар билан зийнатланишга чақириш –наҳотки  жиноят, ножоиз ва мўминни адаштирадиган амал бўлса?!

Қайси соғлом ақл, Расулуллоҳга муҳаббатни даъво қиладиган қайси қалб буни ҳазм қила олади?! Ахир хориждаги бир ҳовуч эсипастларнинг алжирашига учиб, мавлид ҳақида бу каби пуч даъволарни кўтариб юрган кишилар шу ишлари билан шайтонни қувонтирмаяптиларми?! Бутун уммат минг йиллар давомида гўзал суратда қилиб келган мандуб амални “ҳаром” деб эълон қилиб, мусулмонларнинг ўртасидаги ихтилоф, жанжал ва дилхираликлардан бошқа нимага эришдилар?!

Энг ачинарлиси шундаки, мавлидни бидъат, мазҳабни залолат деб айюҳаннос соладиган ўша жоҳиллар мусулмонлар орасига кириб, ўзини-ўзи портлатишни “шаҳидлик” деб талқин этадилар. Куни кеча тинч бўлиб турган юртга қўлда қурол билан кириб бориб, ҳўлу қуруқни баробар ёқаётган, болаларни етим, аёлларни бева қилаётганларни “мужоҳид” ва шу жирканч иши асносида хор-зор бўлиб, ўлим топганларни эса “шаҳид” деб жар солмоқдалар. Булар динимизни дўстларими ё душманларими?

Бу каби нодон кимсалар бу билан нафақат ўзларини, балки кўплаб айбсиз кишиларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлмоқдалар. Ҳолбуки, ноҳақ одам ўлдириш ёки ўзини-ўзи ўлдириш Ислом шариатида қаттиқ қораланган ва энг катта гуноҳ деб саналган. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

яъни: (Эй, имон келтирганлар!) ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси 29-оят).

Демак, бу иддаолар осийликдан бошқа нарса эмас!

Шундай экан, азизлар, мўмин-мусулмонларнинг бошида қанчадан-қанча муаммо, алам ва қийинчиликлар кўланка бўлиб турган бир вақтда фаолияти фақатгина мусулмонларни аҳли бидъатга чиқариш, Пайғамбарга муҳаббатни шариатга зид деб сифатлашдан нарига ўтмайдиган нусхаларнинг гапларига учиб тубан кетишдан ўзимизни сақлайлик! 

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга Расулининг муҳаббатини жо қилсин! Қиёматда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ҳамд” байроқлари остида туриш ва У Зотнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин! Омин!

Муҳтарам имом домла! Рабиъул аввал ойи кириб келганлиги муносабати билан имкониятингизга қараб, мана шу ойнинг бирор жумасида Имом Барзанжийнинг “Мавлидун Набий” китобидан ўқиб беришингиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ” мавзусида бўлади.

Мақолалар

Top