muslim.uz

muslim.uz

Украина пойтахти Киев шаҳрида Бутунукраина Қуръони карим билимдонлари танлови ўтказилиши маълум қилинди. Бу ҳақда танлов ҳайъати аъзолари хабар беришган.

Украина фуқаролари бўлган мусулмонлар ва муслималар, МДҲ давлатларида иштиқомат қилувчилар ва бошқа хорижликлар ушбу мусобақада иштирок этишлари мумкин. Қуръони карим ҳофизлари ўртасида ташкил этиладиган танлов 2019 йилнинг 9-10 ноябрь кунлари ўтказилади.

Танлов 5 та гуруҳда ўтказилиши, бунда Қуръони каримни тўлиқ ҳифз қилганлар, 15, 10, 5 ва 2 жузларни ёддан ўқийдиган иштирокчилар танловда иштирок этишлари мумкинлиги айтилган.

Танлов ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг нафақат Қуръони каримни ёд олганлари, балки оятлар маъносини тушунишларини ҳам баҳолайдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Россия Федерацияси таркибидаги Яҳудий Мухтор Республикаси маъмурий маркази бўлган Биробиджан шаҳрида жоме масжиди очилди. Бу ҳақда ОТР нашри хабар берди.

Ушбу масжид Узоқ Шарқдаги энг йирик масжид экани ва икки қаватли тош масжидни қуриш учун маблағ хайрия маблағлари эвазига амалга оширилгани айтилган.

Масжидни қуриш ишлари 7 йил давомида амалга ошилган ва 2012 йилда масжид қуриш учун шаҳар маъмурияти томонидан ер майдони ажратилган.

Масжидда бир вақтнинг ўзида 800 нафар намозхон ибодатларни амалга ошириши мумкин.

Масжиднинг очилиш маросимида палов тарқатилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Расмда Қуёш ва сайёралар солиштирилган.

Ерни Қуёшни олдидаги тўртта кўриниб турган сайёрлар орасидан қидирманг.

Балки чап тарафдаги кичкина тўртта қорамтир нуқталардан учинчиси биз яшайдиган Ер.

Қуёш олдида Ер шу қадар нуқтадек. Шундай юлдузлар борки, уларнинг олдида Қуёш нуқтадек бўлиб қолади, Ер эса нуқтадан анча кичик бўлиб кетади. 

Энди Қуёшга нисбатан шундай кичкина қора нуқтада, улкан юлдузларга нисбатан эса нуқтадан ҳам анча кичрайиб кетадиган Ерда яшайдиган заррадек инсоннинг кибр, манманлик қилиши ақлга тўғри келадими?!

Биз Аллоҳ таолонинг қулимиз. Қулга эса қуллик, хокисорлик, камтарлик ярашади! Аллоҳ таоло бизни нима учун яратганини Ўзи Қуръони Каримда баён қилиб шундай деган:

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим” (Зарият сураси, 56-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учунгина яратган. Шундай экан, ҳаддимизни билиб, Унга ибодат қилайлик! Бу борада Ўзи бизларга ёрдамчи бўлсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Бир савдогар донишманд ҳузурига келиб, ўзининг оғир аҳволидан шикоят қилди: “Шаҳарда менга рақобатчи пайдо бўлди. Моллари хилма-хил, нархи арзон. Мижозларим мени тарк этишяпти. Бу аҳволда касодга учрашим мумкин. Эй донишманд, маслаҳат бер...”

Донишманд ғамгин савдогарга диққат билан боқиб, сўради:

“Отни суғоргани дарёга олиб борсанг, у сув ичишдан аввал ер тепиниб пишқиради. Бунинг сабабини биласанми?”

Савдогарнинг жаҳли чиқиб, донишмандга деди: “Ҳузурингга оқилона маслаҳат сўраб келсам, сен менга аллақандай бемаъни савол беряпсан!”

“Ҳозир буни ўзинг тушуниб оласан, – деди донишманд. – От дарёга энгашганида, сувда ўзининг аксини кўради. Уни рақиб – бегона от, деб ўйлаб, ҳайдамоқчи бўлади, пишқириб, ер тепинади. Отдан фарқли ўлароқ, дарё суви ҳаммага етишини Сен яхши биласан-ку…”

“Менинг бошимдаги мушкул савдоларга онгсиз отнинг  нима алоқаси бор?!”

“Эҳ, дўстим, Яратганнинг неъматлари ҳаммага етишини англамаган ўша онгсиз от аслида – сенсан! Сув олдида ер тепинаётган отга ўхшаб, тасаввурингдаги рақобатчини қўрқитишга, ҳайдашга уриняпсан. Пул ва бойлик ҳаммага етади. Бор, ишингни ҳалол ва виждонан бажаравер. Топган-тутганинг ва ризқинг Аллоҳнинг сенга инояти. Уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Рақобатчиларинг – сувдаги аксинг кабидир”.

Бир обидга: “Бир бурда нон бир динор экан” дейилди. Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, мен бунга парво қилмайман. Агар буғдойнинг бир донаси бир динор бўлса ҳам мен Роббим буюрганидек ибодат қилавераман, У эса Ўзи ваъда қилганидек ризқимни етказаверади” деб жавоб берган экан. 

Эй инсон унутма! «Сен учун» деб ёзилган нарса заиф бўлишингга қарамай сенга келади. «Сен учун эмас» деб ёзилган нарсага кучли бўлишингга қарамай ета олмайсан. На чумоли заиф бўлгани учун оч қолади ва на шер панжаси қувватининг зўрлиги билан доим қорин тўйдира олади.

Ҳамманинг ўз ризқи бор.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”(Ҳуд, 6).

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:     
“Агар биронтангиз ризқидан қочмоқчи бўлса ҳам, албатта (ризқи) уни худди ўлими таъқиб этганидек қувиб етади” (Имом Табароний “Авсат” ва “Соғийр”да ҳасан санади билан ривоят қилган). 

Ризқингни ошиғу кам қилиб бўлмас,

Оз-кўп деб кўнгилга ғам қилиб бўлмас.

Бу ишлар сен-менинг қўлимиздаги

Мум эмас-да, эзиб хам қилиб бўлмас.

Умар Хайём

 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Беморни зиёрат қилиш, ҳолидан хабар олиб, хизматида бўлишнинг фазилати динимизда ниҳоятда улуғ амал. Мусулмон киши бошқа биродарининг беморлигини билганида, уни бориб кўриши мусулмонларнинг бир-бирларидаги ўзаро ҳақларидан ҳисобланади.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани “Ҳожа Абул Ҳасан Андоқий” жоме масжиди имом-хатиби Сафохон Бақоев Қўшкутон махалласида яшовчи Илёсовлар хонодонининг фарзанди оққон касаллигига чалинганини эшитгач, масжид жамоаси, қишлоқ аҳлига динимизнинг ана шу инсонпарвар кўрсатмасини етказди, хонадонга мусибат пайтида ёрдам кўрсатишга тарғиб этди. Одамлар бу хабарни эшитгач, бир тану бир жон бўлиб, имкони қадар мурувват кўрсатишга ҳаркат қилишди. Кимдир зарур дори-дармонларни олиб келди, яна кимдир, пул маблағи келтириб берди. 

Имом-хатиб йиғилган дори-дармон воситалари, 1.200.000 сўм ҳамда масжид ҳисобидан ажратилган пул маблағларини беморнинг отаси Р.Илёсовга топширди. Отага тасалли бериб, беморнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан шифо сўраб дуо қилинди. Бундан кейин ҳам қандай ёрдам бўлса, қишлоқ аҳли баҳолиқудрат хизматга тайёр эканликларини билдирди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

Мақолалар

Top