muslim.uz

muslim.uz

3 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди.
Тадбир аввалида Қуръони карим мўмин-мусулмонлар учун муқаддас китоб, илоҳий дастурул-амал экани билдирилиб, ушбу Китобнинг оятлари остида ўта теран маъно-мазмун мужассамлиги, шунингдек, Қуръон тили, мазмунини англай билмаган одам ҳам Унинг ўта таъсирли оятларини эшитган-да, бутун вужуди билан берилиб тинглаши Аллоҳнинг илоҳий сўзи эканига очиқ-ойдин далолат экани таъкидланди.
Маросимда муҳтарам Президентимиз томонларидан шу йил май ойида Тошкент шаҳрида бунёд этилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжидни кўздан кечириш асносида диний-маърифат ва одоб-ахлоқ мавзуларида кўпроқ китоблар чоп этиш, маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича берилган тавсияларга мос равишда ушбу муҳташам мажмуада муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китоби тақдимоти ўтказилаётганига ҳам алоҳида урғу қаратилди.
Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари тақдимотда сўз олиб, Қуръони карим оятлари маъноларини таржима ва тафсир қилиш иши жуда ҳам машаққатли, масъулиятли ва айни вақтда шарафли вазифа эканини изоҳлаб, халқимизнинг Қуръони каримга бўлган эҳтиёжини таъминлаш йўлида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан таълиф этилган Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири китобининг ўзига хос жиҳатларига алоҳида тўхталди.
Ҳақиқатан, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи, Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий манбаи экани, Қуръони каримни яхши билмаган кишилар асл ҳидоят йўлидан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишларини билдириб, “Тафсири Ирфон” – Қуръон тафсири силсиласида ўзбек тилидаги янги асар эканини Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов алоҳида қайд этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, юридик фанлари доктори, академик Акмал Саидов мазкур мўътабар тафсир китоби муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг бир неча йиллик меҳнатлари меваси бўлиб, ушбу асарни дунёга келишида жуда катта меҳнат қилингани, йирик олим ва етук уламоларнинг маслаҳатлари инобатга олинганига алоҳида эътибор қаратди.
Қуръони каримнинг ушбу тафсир китобида “Тафсири Жалолайн”, Ибн Касир, Абул Баракот Насафий, Алоуддин Хозин, Замахшарий, Олтинхон тўра, Ваҳба аз-Зуҳайлий каби ўнлаб тафсирлардан истифода қилингани ҳамда тафсир қилиш илми нақадар машаққатли ва масъулияли вазифа эканига Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби, таниқли уламо Салоҳиддин домла Шарипов катта эътибор қаратди.
Мутасаввиф олим, шоир Мирзо Кенжабек тақдимотда сўз олиб, халқимизни иложи борича Қуръони карим оятлари маънолари билан яқиндан таништириш, унга бағишланган асарларни кўпроқ тарғиб қилиш ҳозирги пайтдаги жуда ҳам муҳим вазифа эканини таъкидлаб, “Тафсири Ирфон” китоби матнларини иложи борича халқчил, тушунарли қилишга ҳаракат қилинганини алоҳида изоҳлади.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров имом-хатиблар жума мавъизаларида, жойлардаги маънавий-маърифий тадбирларда Қуръони карим оятларининг маъно-мазмунига кўп мурожаат қилишлари, бу борада “Тафсири Ирфон” китоби жуда ҳам қўл келишини алоҳида таъкидлади ва барча имом-домлаларга кенг фойдаланишни тавсия этди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Убайдулла Уватов каби олиму уламолар ҳам сўзга чиқишди.
Сўзга чиққан нотиқлар муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китобини мўмин-мусулмонларга муборак айланиши тилаб, Ҳақ таолодан улуғ ажру савоблар билан мукофотлашини сўрашди.
Тақдимотда тафсир бобида уламолар томонидан билдирилган нодир ва қизиқарли маълумотларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

jeudi, 03 octobre 2019 00:00

Энг қийин касб

Аллоҳ таоло: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз», деган (Жума: 10). 

Донишмандлардан бири шундай деган: “Инсон ҳаётининг фаровонлиги учун янги бир таом ўйлаб топиш, янги юлдуз кашф этишдан кўра ҳам аҳамиятлидир”. Маълумки, ҳар бир касб-ҳунарнинг ўзига хос тарихи бор. Инсониятга хизмат қилиб келаётган минглаб касб-ҳунарлар асрлар давомида шаклланиб, ривожланган. Баъзи касби-корлар авлоддан-авлодга ўтиб, сулолалар ҳосил қилади. Ҳар бир касбнинг ўз эгаси-соҳиби бўлади. Одамнинг ўзида муайян касбга қизиқиш ва туғма салоҳият бўлмаса-да, уни ўқитиб ва қўлига диплом бериб, “мутахассис” ясаш мумкин. Лекин баъзан дипломсиз, аммо туғма ҳунарманд бажарган иш “олий маълумотли” мутахассиснинг қўлидан келмаслиги мумкин. “Чумчуқ сўйса ҳам – қассоб сўйсин” деб бежизга айтилмаган. Касб-ҳунар ўз ҳақиқий эгасига топширилса – олам гулистон. Аксинча бўлса – қиёматни кутаверинг. 

Ҳалол касбнинг катта-кичиги, яхши-ёмони бўлмайди. Фақат, инсон ўз касбини пухта эгаллаб, унинг устасига айланса, шу орқали одамларга, жамиятга фойда келтирса, бас. Бироқ, аллома Маҳмуд Замаҳшарийнинг “Нозик иборалар” асарида айтилгани каби, “Ҳунарманду косиблар кўпдир, бироқ моҳиру қобилиятлилари оздир (яъни, уста кўпу, устаси оздир)”.

Шундай ҳадис бор: “Кимники Аллоҳ дўст тутиб қолса, одамларнинг унга ҳожати тушадиган қилиб қўяди”. Инсон умри давомида фақатгина ҳалол меҳнати билан улуғ савобларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади”, деганлар.

Тарихдан маълумки, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, ҳам шоҳ, ҳам пайғамбар бўлган Довуд алайҳиссалом  темирчилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Сарвари Коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ёшликларида қўй боққан ва савдогарлик билан шуғулланганлар.

Мазҳабимиз асосчиси Имоми Аъзам ҳазратлари газламафурушлик билан шуғулланганлар. Хожа Аҳмад Яссавий деҳқончилик, Шайх Иброҳим Ажарий ғишт терувчи бўлганлар. “Шарқ Арастуси” дея ном қозонган Форобий ҳазратлари деҳқончилик, Абу Али Ибн Сино табиблик, Шайхул машойих Абу Саййид Ҳаррос этикдўзлик, шоир Саккокий пичоқчилик, шайх Абул Аббос Омилий қассоблик қилиб кун кечирганлар. Шайх Абул Ҳасан заргарлик, шайх Хожа Банон ҳаммоллик, муҳаддис Муслим ибн Ҳажжож савдогарлик, хожа Баҳоуддин Нақшбанд наққошлик, Имом Ғаззолий ип йигирувчилик, шоир Завқий эса, маҳсидўзлик билан тирикчилик ўтказишган.

Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 30 мингдан зиёд касб-кор бор. Улар устига ҳар йили тахминан 500 та янги касб қўшилмоқда. Ҳар қандай тараққиётга қарамай, асрлар давомида ўзгармай келаётган ҳамда уларга бўлган талаб-эҳтиёж сира тугамайдиган касблар ҳам, албатта бор. Бу касблар бизгача бор эди, ҳозир мавжуд, бундан кейин ҳам яшайди. Дейлик, тобутсоз ва гўрковлар, ризқ-рўз етиштирувчи деҳқонлар... 

Юқоридаги касб ва ҳунарарнинг барчаси ризқ топиш йўлидаги сабаблар холос. Аслида бу сабабларни ҳам ва улардан фойдаланиш учун кундузни тирикчилик манбаи қилиб яратган Аллоҳ таолонинг биз бандаларга берган неъматидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Наба» сураси 11-оятида шундай марҳамат қилади: “Ва кундузни маъош (тирикчилик) вақти қилдик”. 

Аммо, банда доимо нима бўлишидан, қандай вазият ва ҳолатга тушушидан қатъий назар ҲАЛОЛ касб қилиши, ризқни Аллоҳ ҳалол қилган меҳнат орқали топишга интилиши лозим. 

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон. 
Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир.
 
Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир.
 
Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур.
 
Огоҳ бўлингким!
Ўша нарса қалбдир», дедилар». 

Уламолар айтишади:

Тўрт нарса саодат далилидир: Тўғри сўз, тавозеъ, ҳалол касбу ҳунардаги меҳнат, сир сақлаш. 

Абу Лайс Самарқандий айтади:

Ким касби чиройли ва пок бўлишини хоҳласа, бешта ишдан сақлансин:

  1. Касби сабабидан Аллоҳнинг фарзларидан биронтасини камайтирмасин, қисқартирмасин ҳам.
  2. Касби сабабидан Аллоҳнинг маҳлуқларидан биронтасига азият этказмасин.
  3. Касби орқали ўзининг ва оиласининг иффатини қасд этсин, мол тўплаш ва кўпайтиришни эмас.
  4. Касбга қаттиқ жаҳд қилмасин.
  5. Ризқини касбидан эмас, Аллоҳдан деб билсин, касбини эса сабаб кўрсин.  

Хусрав Деҳлавий айтади:         

Ҳалол ишлаб топсанг гар арпа донин,

Яхшидир егандан биров оқ нонин. 

 

Манбалар асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади

Пойтахтимизнинг Миробод тумани “Сарикўл” маҳалласида “Ал Бадр” жоме масжиди имом-хатиби Одил Холмуродов ва маҳалла раиси ташаббуси билан кутубхона ташкил этилди.

“Биз фарзандларимиз учун барча имкониятларни яратиб беряпмиз.Уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан тўғри униб ўсишига ҳаракат қиляпмиз. Бироқ энг зарур иккинчи озуқа – маънавиятга, китобга ошно этишда қийналяпмиз. Сабаби бугун уларни эътиборини тортувчи, чалғитувчи воситалар кўп. Бундай пайтда ўзгача услубдаги чорловлар билан ёшларда китоб мутолаасига бўлган қизиқишни кучайтириш мумкин. Шу мақсадда маҳалла идорасидаги бўш ётган бир хонани кутубхона ташкил этиш учун қайта таъмирладик. Кейин маҳалла аҳлига янги кутубхона ташкил этилаётганлигини, унга ҳар ким ўз уйидан китоб олиб келиши мумкинлигини айтдик. Маҳлладошлар, айниқса ёшлар олиб келган адабиётлар билан кутубхонамиз тўлиб кетди. Ва биз болалар олиб келган китобларининг мазмуни, ундаги воқеалар ҳақида навбатма-навбат қизғин суҳбатлар, бадиий кечалар ташкил этадиган бўлдик. Натижада болалар тарғиб қилинаётган китобларни ўқишга тушиб кетдилар. Китобга қизиқиши йўқ йигитларнинг ҳам қўлларига китоб олганлари бизни қувонтирди”, дейди Одил домла Холмуродов.

Бу энг самарали ва оддий тарбия услубидир. Болалар ўқиётган китоблар умрлари давомида ўзларига суянч, ҳидоят йўлидаги ҳамроҳлари бўлсин. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими     

ЎМИ Матбуот хизмати

“Миссионерлик - бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир. Бундай ҳаракат давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини издан чиқаради. Яхлит бир халқ ва миллатни парокандаликка олиб келиб, уларни гуруҳ ва табақаларга бўлиб юборади. Оқибатда аҳолининг асрлар оша шаклланиб келган миллий ва диний қадриятлари оёқости бўлишига ва ниҳоят, йўқолиб кетишига олиб келади.

Динидан воз кечган киши исломда муртад ҳисобланиб, унинг барча қилган савоб ишлари йўқ бўлиб кетади, агар, тавба қилиб, йўлидан қайтмаса, жаҳаннам эгаларидан бўлади”, дейди Самарқанд шаҳар “Мурод Авлиё” масжиди имом-хатиби Фаҳриддин Ҳусанов 33-мактаб ўқувчилари билан “Миссионерлик жамият барқарорлигига таҳдид” мавзусида ўтказилган суҳбатда.

Имом-хатиб миссионерлик ҳаракати бугунда янгича йўналиш ва янги технологиялар воситаларида фаолият юритаётганлиги билан хавфли эканлигини айтиб, қуйидагиларни маълум қилди:

“Уйма-уй юриб, «Хушҳабар» етказиш, яъни одамлар билан куннинг долзарб муаммолари ҳақида суҳбатлашиш, уларнинг дардларига қизиқиш билдириш ва ушбу муаммолардан чиқиш йўлларини кўрсатиб беришни таклиф қилиб, ўз ташкилотларига жалб қилиш миссионерликдаги яхши самара берадиган усуллардан бири ҳисобланади.

Миссионерлик келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, бизга қўшни бўлган баъзи давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда”, дейди имом-хатиб.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Мақолалар

Top