muslim.uz
“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси – тарбия манбаи
2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус -“Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинган эди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.
Давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридаги нутқида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган резолюциянинг асосий мақсади “барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат“ эканини қайд этган эди. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган.
Бугунги кунда таълим муассасаларида тизимли равишда ўтказилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиори остидаги тадбирлар ана шу халқаро дастур мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган. Бунда диний соха ходимлари, хусусан имом-хатиблар фаол иштирок этмоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳам ушбу йўналишдаги учрашувларда имом-хатиблар маърифий исломни етказмоқдалар. Динимиз аввало илм дини эканлиги, мусулмон киши яхши ишларда мусобақалашиши, ўзга дин вакилларига ҳурматда бўлиш ота-она, устозга эҳтиром, кийиниш маданияти ва бошқа мавзулардамаъруза қилмоқдалар.
Суҳбатлар ёш авлод вакиллари учун анча манфаатли бўлиб, исломни, ундаги икки дунё бахт-саодатига эриштирувчи гўзал ҳаёт йўлини ўрганмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Фатво ва унинг одоблари, фатво берувчининг масъулияти ҳақида Ҳомиджон домла билан суҳбат
Азалдан халқимиз илмга, хусусан диний илмларга рағбат билдириб келган. Кейинги йилларда мўмин-мусулмонларнинг динни ўрганишга бўлган қизиқиши янада ортиб бормоқда. Ўз ўрнида давлатимиз томонидан мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Kun.uz таҳририяти Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фатво бўлими бошлиғи Ҳомиджон Ишматбеков билан фатво масаласи, уни сўраш одоблари, фатво берувчининг масъулияти ҳақида суҳбат уюштирди.
Фатво нима ва унинг қандай турлари бор?
Фатво арабча сўз бўлиб, саволга жавоб бериш деган маънони билдиради. Ушбу сўз Қуръони каримда ҳам келади: одамлар Юсуф алайҳиссаломнинг олдига кундалик иқтисодий, маиший турмуш ташвишлари бўйича савол сўраб келганда, у киши бу саволларга жавоб берган. Кейинчалик бу сўз диний-илмий истилоҳга (атама сифатида — таҳр.) айланган ва динга оид савол-жавобга нисбатан ишлатилади. Демак, бугунги кунда берилган саволларга диний нуқтаи назардан жавоб бериш фатво ҳисобланади.
Уламолар диний фатвони бир неча турга бўлишган. Биринчиси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралган саволлар ва уларга берилган жавоблар. Бу савол-жавоблар шариатимизнинг жорий этилиши учун бўлган. Саҳобалар таҳорат, савдо-сотиқ ва бошқалар ҳақида савол берганда, Аллоҳ таоло ул зоти бобаракотга Қуръондан оят нозил қилган ёки ўзларига билдирилган илҳом — ҳадислар орқали жавоб берганлар ва бу шариатимизга кирган. Буни “Фатвои ташриъий”, яъни шариатни жорий қилувчи фатволар дейилади. Бу фақат Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларига хос саналади.
Кейигиси фуқаҳоларнинг фатвоси. Яъни мазҳаббошилар, мужтаҳид уламоларнинг асарлари, хусусан бизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги ёзилган китоблардаги масалалар ҳаммаси фатво. Улар оятдан, ҳадисдан истинбот қилиб чиқаришган. Масалан, таҳорат оятидан унинг фарзларини — тўртта фарзи бор — чиқарганлар. Буни Пайғамбаримиз алайҳиссалом тўртта фарзи бор деб айтмаганлар, балки уламоларимиз истинбот қилиб чиқариб, мусулмонларга баён қилиб берганлар.
Китоблар масаласига қараб бобларга ажратилган: намоз боби, никоҳ боби, талоқ боби каби. Улардаги масалалар баёни фатво ҳисобланади. “Фатвои қозихон”, “Фатавои оламгирия” ва бошқа юзлаб фатво китобларини келтириш мумкин. Булар савол-жавоб тарзида бўлмай, балки эгаллаган илмларига таяниб баён қилиб беришган.
Учинчиси, жузъий масалаларга фатво. Энди бу савол-жавоб тарзида бўлади. Бир одам келиб олимдан савол сўрайди ва унга жавоб берилади.
Фатвони ким сўрайди ва кимдан сўралади?
Диний илмга эга бўлмаган, Қуръони карим, ҳадиси шарифларни кўриб ёки бирор бир шаръий масала китобларини ўқиб ундан ҳукмини ололмайдиган авом одам диний масалага дуч келганда ўзидан билими юқори, фатво беришга салоҳияти бор, илмли кишидан, олимдан сўрайди. Яъни илми йўқ киши илмли одамдан сўрайди.
Фатво бериш ўта нозик масала бўлганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир нечта ҳадисларида фатво беришда эҳтиёт бўлишга чақирганлар. Улардан бирида шундай дейилади: “Фатво беришга журъатлироғингиз дўзахга киришга журъатлироғингиздир”. Қайси банда дўзахга киришдан қўрқмайман дея олади. Ҳеч ким айтмайди, Аллоҳ асрасин. Илми бўлмаса, илмсиз фатво бериш ўзини дўзахга ташлаш билан баробардир. Ваҳоланки, саҳобалардек илмли зотлар ҳам шу ҳадисни билгани учун эҳтиёт бўлишган. Гарчи билсалар-да юқоридаги ҳадис ҳурматидан бошқа бир саҳобага сўраш учун юборганлар.
Фатво берувчининг сифатлари қандай бўлади?
Фатво берувчи киши, аввало, Қуръон илмини яхши билиши, ҳатто ёдлаган бўлиши керак. Чунки масалага жавоб, биринчи, Қуръондан олинади. Кейин, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ҳадисларини билиши, уламоларнинг фатво китобларини ўқиган бўлиши, уларда ҳар бир масалада нима дейилганини билиши лозим. Энг муҳим нуқталардан бири замонасини, унинг урф-одатларини, одамларнинг ижтимоий ва бошқа жиҳатларини билиши зарур.
Қайси ташкилот ёки муасссаса расман фатво бериш ҳуқуқига эга?
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Ўзбекистонда фатво чиқарувчи ягона ташкилот ҳисобланади. Омма учун керак бўлган, муҳим ва долзарб масалаларга фатвони Ўзбекистон Мусулмонлари идораси эълон қилади. Мусулмонлари идорасида уламолар кенгаши бор ва унга Муфтий ҳазратлари раислик қилади. Ўзбекистон халқи учун умумий фатволар берилади. Ундан ташқари, идора таркибида фатво бўлими ҳам бор. Унда фуқароларнинг мурожаатларига, саволларига жавоблар берилади. Бу ерда мусулмонлар ёзма, оғзаки ёки телефон орқали, шунингдек, идоранинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин. Фатво бўлими муайян фатво бериш билан шуғулланади. Шунингдек, Мусулмонлар идорасининг вилоятлардаги вакилликлари, мадрасалар, масжид имомларининг ҳам 50 га яқин сайтларида савол-жавоб рукни бор.
Фатво сўраш одоблари нималар?
Фатво сўрагувчи одам, аввало, билмаган нарсасини билишни ва унга амал қилишни ният қилиб сўраши керак. Олимни мот қилиш ёки бир олимдан сўраган нарсини қани бу нима дер экан деб сўраш одобсизлик ҳисобланади. Сўрагувчи одам сўраган саволига жавоб олганидан кейин шу билан қаноат қилади. Ўзи кутган жавобни берадиган одамни қидириб юрмайди. Яна энг эътиборли жиҳатлардан бири фатво сўрагувчи фақат ўз юртининг олимларидан сўрайди. Уламоларнинг шундай одоби бўлганки, илм талабида шаҳарма-шаҳар кезиб, бир жойга борганда, у ернинг аҳолиси бошқа мазҳабда бўлса ва савол сўраса жавоб бермаган ва ўзларининг олимларидан сўраш кераклигини айтган. Шунингдек, фатво сўровчи киши фатво берувчидан далил сўрамайди. Бу ҳам фатво сўровчи одобларидандир.
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фатво бўлими тавсиясига кўра, юртимиз мусулмонлари ўзлари дуч келган масалалар юзасидан ушбу ижтимоий тармоқдаги саҳифаларга савол йўллаб жавоб олишлари, шунингдек, Фатво ҳайъатига йўлланган саволларга берилган жавоблар билан батафсил танишишлари мумкин.
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди
Оператор: Муҳаммаджон Ғаниев
Манба: https://kun.uz
Маънавият дарсида Имом Бухорий ҳадисларидан сабоқ берилди
Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 72-умумий ўрта таълим мактабида 9-синф ўқувчилари учун “Маънавият асослари” дарсининг навбатдаги мавзуси буюк аждодимиз Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал Адаб ал Муфрад” (“Одоблар хазинаси”) асаридаги ота-онага яхшилик қилиш бобини ўрганишга бағишланди. Бунинг учун “Муҳожирлар” масжиди имом-хатиби Тошмуҳаммад Абилов таклиф этилди. Домла ўқувчиларга китобнинг 3-4-бобларида келтирилган ҳадиси шарифларни айтиб, шарҳлаб берди. Улардан бири қуйидаги ҳадисдир:
Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, биттасини очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунича, ундан Аллоҳ рози бўлмайди».
«Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» дейишди.
(Ибн Аббос) «Зулм қилган бўлсалар ҳам», деди».
Имом домла мазкур ҳадиси шарифни айтиб шарҳлар экан, ота-онага яхшилик қилиш, мулойимлик билан хизматларида бўлиш ана шундай улуғ жаннат мукофотига сазовор бўлишини, аксинча уларни дилини оғритиб, норизо қилиш эса икки дунёда ҳам фақат ташвиш, надомат келтиришини ўқувчиларга сўзлаб берди. Ўқувчилар ҳадиси шарифдан ўзларига зарур ибрат ва ҳикмат олганликларини, яна шундай дарслар кўпроқ ташкил этилишини таклиф билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Макка аҳлининг энг хушбўй йигити
Воқеамиз қаҳрамони “Ислом элчиси” лақабини олган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳудир.
У Макканинг, Қурайшнинг асл йигитларидан бўлиб, Исломга илк кирган пешқадамлардан эди. Унинг куняси Абу Абдуллоҳ, тўлиқ исми Мусъаб ибн Умайр ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Абдуддор ибн Қусай ибн Килоб Қураший Абдарийдир. Бадр жангида қатнашгани учун Бадрий ҳам дейилади.
У Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида Исломга кирди. Аммо буни қавми ва онасидан яширди. Онаси унинг мусулмон бўлганини билгач, уйга қамаб қўйди. Аммо Мусъаб ўз динидан воз кечмай, барча қийинчиликларга сабр қилди. Буни кўрган онаси уни уйидан чиқариб, оиладаги пулларни ишлатишдануни ман қилди.
Исломдан олдин у ўзининг ёқимли юзи, хушбичимлиги, гўзал муомаласи, қииммат либослари ва хушбўй атири билан барчадан ажралиб турарди. Ҳатто уни “Макка аҳлининг энг хушбўй йигити” дейишарди.
Исломга киргач, Маккада мусулмонларга тазйиқлар кучайганда у Ҳабашистонга кўчиб кетади. Кейинчалик Биринчи Ақаба байъатидан сўнг Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мадинадаги мусулмонларга Исломни, Қуръонни таълим бериш учун юборадилар. Шу боис уни “Муқриъ” (Қуръон устози) ҳам дейилади. У сабабли Мадинадаги ансорларнинг улуғларидан бўлмиш Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ҳамда Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳулар Исломга киришади. Кейинги Ақаба байъатида Мусъаб розияллоҳу анҳу ансорлар билан бирга Маккага келади.
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Мадинага боргач, Ислом динини, Қуръонни ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ансорларга танитди, ўргатди. Бир йил ичида Мадина халқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғиниб, кўзларида ёш билан кутадиган содиқ мўминларга айландилар. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли эди. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг даъвати, таълимоти сабаб бўлди.
Воқеамиз қаҳрамони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр ва Уҳуд ғазотларида иштирок этди. Уҳудда мусулмонларнинг байроқдори бўлиб, байроқни олдинги сафда кўтариб борди. Жангда мушриклар билан байроқни кўтарган ҳолда уришди.
Мушриклардан Ибн Қамиъа деган кимса унинг байроқ ушлаб турган ўнг қўлига қилич уради. Қўл узилиб тушгач, дарҳол байроқни нариги қўлига олади. Бояги мушрик бу қўлга ҳам қилич зарбасини беради. Бу қўл ҳам узилгач, байроқни қўлни тепа қисмлари билан бағрига босиб олади. Кейин мушрик унинг кўксига найза ургач, буюк саҳобий шаҳид бўлиб ерга йиқилади. Ўшанда у тахминан 40 ёшда эди.
Уруш тугагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида саҳобалар шаҳид бўлган мусулмонларни излаб топишга киришадилар. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг жасади устига келганларида икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларидан ёш тўкила бошлайди. Мусъаб розияллоҳу анҳу Маккада бой, моддий томондан бекаму кўст эди. Уҳуд куни эса уни кафанлашга ҳатто мато топилмади. Устидаги кийими унга кафанлик бўлди. У билан бошини ёпилса, оёғи очилиб қолар, оёғини ёпилса, боши очилиб қоларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини қандай вафодор ва фидокор инсонларни етиштирганини кўриб, кўзларига ёш олдилар. Кейин ўша мато билан бошини ёпишга, оёғини эса изхир деган ўсимлик билан беркитишга амр қилдилар.
Ҳа, у барча бойлигини Аллоҳ ва Расулининг розилиги учун Маккада қолдириб келган эди. Мусъаб вафот этар экан, ўзидан ҳеч нарса қолдирмади.
Бир куни Мусъаб розияллоҳу анҳу устига қўй терисидан ёпиниб олган ҳолида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонга юриб келаётганида, уни кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қалбини мунаввар қилган бу кишига қаранглар! Мен уни ота-онаси энг яхши таомлар ва энг покиза ичимликлар билан боқаётганини кўргандим. Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббати уни сизлар кўриб турган шу ҳолатда юришга ундади” дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни шаҳид этилган Мусъаб розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтаётганларида, Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилдилар:
مِنَ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ فَمِنْهُم مَّن قَضَى نَحْبَهُ وَمِنْهُم مَّن يَنتَظِرُ وَمَا بَدَّلُوا تَبْدِيلاً
“Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар” (Аҳзоб сураси, 23-оят)
Мусъаб розияллоҳу анҳунинг аёли Ҳамна бинт Жаҳш бўлиб, мўминларнинг онаси Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳонинг сингиллари эди. У аёл ҳам ҳадис ривоят қилган, саҳобия аёлардан эди.
Аллоҳ таоло Ислом учун жонини берган, фидокорлик кўрсатган Мусъаб розияллоҳу анҳудан ва барча саҳобалардан рози бўлсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси комиссари билан учрашув
2019 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси комиссари Надина Беслер Маэнза ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм, элчихона назорат ходими Рахель Волф, элчихона котиби Эйтан Пласс ташриф буюрди.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғафур Аҳмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Рус провослав черковининг Ўзбекистондаги раҳбари Митрополит Викентий, Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич, Яҳудий жамияти раиси Аркадий Исахаров, Яҳудий диний жамоаси раввини Борух Абрамчаев, Арман апостоллик черкови руҳонийси Аваннес (Арамаис Григорян) иштирок этди.
Дастлаб меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ўз навбатида, меҳмонлар ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.
Учрашувда иштирок этган турли диний конфессия вакиллари ҳам сўз олиб, Ўзбекистонда 16 та диний конфессия аъзолари аҳил-иноқ, ўзаро ҳамжиҳатликда эмин-эркин ҳаёт кечираётгани, ўз диний амаллари, ибодат ва расм-русумларини бекаму кўст адо этаётганларини билдиришди. Улар ўртасидаги бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, байрам ва тантаналарда бир бирлари ҳолидан хабар олиш каби эзгу анъаналар том маънода бошқаларга ҳам ўрнак бўлишини айтишди. Ўз навбатида, республикадаги масжидлар билан бир қаторда бошқа конфессия вакилларининг ибодахоналари ҳам таъмирланиб, алоҳида эътиборга олинаётганини таъкидлашди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати