Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси комиссари билан учрашув

2019 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси комиссари Надина Беслер Маэнза ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм, элчихона назорат ходими Рахель Волф, элчихона котиби Эйтан Пласс ташриф буюрди.

Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғафур Аҳмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Рус провослав черковининг Ўзбекистондаги раҳбари Митрополит Викентий, Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич, Яҳудий жамияти раиси Аркадий Исахаров, Яҳудий  диний жамоаси раввини Борух Абрамчаев, Арман апостоллик черкови руҳонийси Аваннес (Арамаис Григорян) иштирок этди.

Дастлаб меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўз навбатида, меҳмонлар ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.

Учрашувда иштирок этган турли диний конфессия вакиллари ҳам сўз олиб, Ўзбекистонда 16 та диний конфессия аъзолари аҳил-иноқ, ўзаро ҳамжиҳатликда эмин-эркин ҳаёт кечираётгани, ўз диний амаллари, ибодат ва расм-русумларини бекаму кўст адо этаётганларини билдиришди. Улар ўртасидаги бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, байрам ва тантаналарда бир бирлари ҳолидан хабар олиш каби эзгу анъаналар том маънода бошқаларга ҳам ўрнак бўлишини айтишди. Ўз навбатида, республикадаги масжидлар билан бир қаторда бошқа конфессия вакилларининг ибодахоналари ҳам таъмирланиб, алоҳида эътиборга олинаётганини таъкидлашди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

Read 1816 times

Янгиликлар

Top