muslim.uz
Халқ манфаати йўлидаги эзгу ишларнинг амалий ифодаси
Юртимизда сўнги йилларда барча соҳалар қатори ижтимоий-маънавий, диний-маърифий соҳаларга, хусусан, мўмин-мусулмонлар Умра ва Ҳаж зиёратларини адо этишлари учун қулай шарт-шароитлар ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мисол учун, 2016 йилда мамлакатимизда 5200 киши Ҳаж амалларини адо этиб келган бўлса, 2017 йилдан бошлаб 7200 нафар фуқароларимиз Ислом динининг муқаддас арконларидан бирини адо этиш имконига эга бўлди.
Илгари Умра зиёратига фуқароларимиз чекланган квота асосида юборилган бўлса, ўтган йилдан эътиборан фуқароларимизнинг йил давомида квотасиз Умра зиёратига юбориш имконияти яратилди.
Мўмин мусулмон борки, Ҳаж ибодатини адо этишни орзу қилади. Аммо ҳамманинг ҳам бунга қурби етавермайди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг шахсий ташаббусларига асосан фуқароларимизга Ҳаж ва Умра сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш, сарф-харажатларни арзонлаштириш мақсадида, махсус ишчи гуруҳи ташкил этилиб, Саудия Арабистонидаги ширкатлар билан музокаралар олиб борилди.
2018 йилда фуқароларимиз учун Ҳаж зиёратини амалга ошириш харажатлари 38 миллион сўмни ташкил этган эди. 2019 йилдан Саудия Арабистонида барча хизматларга 5 фоизлик қўшилган қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Шунга кўра бу йил ҳаж зиёрати сарф-харажатлари тахминан
42-43 миллион сўм бўлиши кутилаётган эди.
Давлатимиз Раҳбарининг иродалари ва саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилдан фуқароларимизнинг ҳаж сафари харажатлари 33,3 миллион сўмгача туширилди, яъни ҳаж ибодатини амалга оширишни қарийб 10 миллион сўмга арзонлаштиришга эришилди. “Ҳаж – 2019” мавсумидан сўнг умра сафари 1,3 миллионга арзонлаштирилди. Шунингдек, “Ҳаж – 2018” тўловидан ортган 926,5 минг сўм миқдоридаги маблағ ҳар бир зиёратчига қайтариб берилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда фуқаролар манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган халқпарвар сиёсат ва эзгу ишларнинг яна бир ёрқин амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкент вилояти вакили Жамбулда ҳалок бўлган юртдошларимиз оиласига таъзия билдирди
Кеча, 22 апрель куни Қозоғистон Республикасида юз берган фожеада ҳалок бўлган Тошкент вилоятида яшаган юртдошларимиз жамоатчилик иштирокида сўнгги манзилга кузатилди.
Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов, вилоят имом-хатиби Хайрулло Турматовлар автоҳалокатда ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирдилар.
Бундан ташқари, автоҳалокатда жароҳатланганларнинг оиласидан хабар олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Бир инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унга мол ёки мансаб бериб кўр”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Албатта, ҳаққининг риоясини қилмайдиган кишининг муҳаббатини қозонишга уринувчи одам ўзига энг кўп зулм қилувчилардандир.
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ
*****
Кучли бўлишинг учун ҳеч бир одамдан ҳеч нарса кутмаслигинг керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
- Баъзи одамлар билан суҳбатлашсанг, юксаласан.
- Баъзи одамлар билан гаплашмасанг, сукут қилсанг, юксаласан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ижобий фикрлайдиган кишилар билан бирга ўтир. Чунки, донолик ва аҳмоқлик, шодлик ва маҳзунлик “юқумли”дир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бир инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унга мол ёки мансаб бериб кўр.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Мағлубият ёқасига келиб қолган бўлсанг, сени мағлуб бўлганингни кўриш орзусида юрганлар ҳам борлигини ўйла!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳасад, гина муваффақиятсизликнинг энг сўнгги босқичидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Таълим – фақатгина ҳақиқатлар ва маълумотларни билиб олиш эмас, балки ақлни фикрлашга ўргатиш ҳамдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Аллоҳ таоло нега дунёни сувга ўхшатди?
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда дунёни сувга ўхшатиб, шундай марҳамат қилган:
وَاضْرِبْ لَهُم مَّثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاء أَنزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ
“Уларга ҳаёти дунёнинг мисолини келтир. У Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир” (Каҳф сураси, 45-оят).
Биринчидан, сув бир жойда бир хил ҳолатда туравермайди. Балки чайқалиб, оқиб, туради. Агар бир жойда оқмай турса, вақт ўтиб, айниши, ҳидланиши ва истеъмолга яроқсиз бўлиб қолиши мумкин. Дунё ҳам шундай. У ҳам доим бир хил турмайди. Бугун мен бой бўлсам, эртага менинг қўлимдан пул кетади ва сиз бой бўласиз. Индинга сизнинг ҳам қўлингиздаги молу дунё кетиб, бошқа бир одам бойликка эришади. Қувончли ва маҳзунли кунлар ҳам доим бир хил тарзда давом этавермайди. Бугун хафа бўлган кишининг эртага хурсанд бўлиши бор. Бугун қувонч ичра яшаётган одамнинг эртага бошига ташвиш тушиши бор ва ҳоказо.
Иккинчидан, оқаётган сув тўхтаб турмайди, балки оқиб кетади. Қўлдаги молу дунё сарф этилиши билан озайиб бораверади. Шунинг учун уни фақирлар, муҳтожларга бериб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришиб қолиш керак. Сув тугаганидек, дунё ҳам тугайди. Бир кун келиб сув бутунлай тугайди. Дунё ҳам фоний бўлади. Инсон бир кун келиб тугайдиган дунёга муккасидан кетмасин. Охиратини унутмасин. Аллоҳ таолодан бошқа барча нарса йўқ бўлувчидир.
Учинчидан, сувга кирган одам қуруқ қолиши мумкин бўлмаганидек, дунёга берилган одам унинг фитнасидан омонда бўлмайди. Денгизда юрадиган кема эркин сузиши учун денгиз унинг остида бўлиши керак. Бордию сув кеманинг ичига кирса, у денгизга ғарқ бўлади. Худди шунингдек, дунё ҳам инсоннинг оёқлари остида, ҳамёнида, қўлида бўлиши керак. Аммо қалбида бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда у ҳам кема каби ғарқ бўлиши аниқ.
Тўртинчидан, агар сув керакли миқдорда ишлатилса, истеъмол қилинса, фойда бўлади, ташналик қонади. Бордию миқдоридан ортиқ ичилса, инсон саломатлигига зарардир. Дунё ҳам худди шундай. Етарли миқдордаги дунё, яъни кунлик озуқаси учун, аҳли аёли ва фарзандларининг нафақаси учун, бировларга муҳтож бўлмаслиги учун етрали миқдордагиси фойдалидир. Агар инсоннинг яшашдан асосий мақсади мол-дунё йиғиш бўлиб, хаёлида фақат пул кўпайтириш бўлса, оқибатда дунёга нега келганини унутиб, бандалигини эсидан чиқаради. Натижада, икки дунёда бахтсиз бўлади.
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади