muslim.uz
Бу ҳол қиёматгача давом этади
Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан олти ой ўтиб, ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳо хасталаниб қолди…
Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рамазон ойининг иккинчи куни, душанба эди…
Шу пайтгача ора-сира касал бўлиб турарди, аммо бу сафаргиси аввалгиларига ўхшамади.
Яхши-ёмон кунларида уни ёлғиз қолдирмаган хўжайини ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳар доимгидек ёнларидан жилмасди.
– Болаларни олиб ташқарига чиқсангиз, яхши бўларди…
Паст овозда айтилган бу жумла ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг юрагини тилкалади. Уни хафа қилмаслик ва ғамга ботирмаслик учун ўзини тушунмаганликка олди. Болаларини онасининг ёнига олиб келди. Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳо уларни бирма-бир қучиб эркалади. Сўнг ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга имо қилди. Юраги эзилиб, болаларини ташқарига чиқарди. Шундан сўнг онамизнинг ёнларига Асмо бинти Умайс ва Умму Рофеъ розияллоҳу анҳолар киришди.
– Менинг ювинишим учун сув тайёрми, онажон?
– Ҳа.
Ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳо Умму Рофеъ розияллоҳу анҳони «онажон» дерди. Чунки бу аёл Фотима розияллоҳу анҳога доимо худди онадек меҳр кўрсатар эди.
– Менга сув қуйиб турасизми, онажон?
– Албатта, қизим.
Ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳо яхшилаб ювинди, аёллар ёрдамида энг яхши либосини кийди.
– Тўшагимни хона ўртасига солинглар.
– Хўп.
Аёллар ишларни бажаришаркан, нима юз бераётганини англаб, жуда изтироб чекишарди.
– Мени ётқизинг ва юзимни қиблага қаратинг.
– Хўп.
– Энди мени ёлғиз қолдиринг!
– Аммо…
– Илтимос.
– Аммо…
– Роббимга дуо ва илтижо қилмоқчиман.
– ...!
Фотима онамиз дуо ва илтижога шунчалар берилиб кетдики, жони қандай чиқиб кетганини ҳам билмай қолди.
Овоз чиқмай қолганидан хавотирланиб уйга кирганлар ҳазрат Фотима Фотима розияллоҳу анҳонинг вафот этганини кўришди.
Бу хабар бир зумда бутун Мадинага тарқалди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг суюкли қизи ҳам бу фоний дунёдан боқий дунёга йўл олган эди.
Эндигина йигирма саккиз ёшни қаршилаган, бир фарзанди гўдак чоғида вафот этганди.
Ортида кўзлари ёш суюкли ёри ва беш нафар фарзандлари қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кенжа қизлари, ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг севимли завжаси ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳо вафот этганида Ҳасан розияллоҳу анҳу саккиз, Ҳусайн розияллоҳу анҳу етти, Умму Гулсум розияллоҳу анҳо беш, Зайнаб розияллоҳу анҳо уч, Руқийя розияллоҳу анҳо икки ёшда эди. Ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳонинг қабрига боқаркан, ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ёдига аёли вафотидан бироз олдин айтган гаплари тушди:
– Эй Али (розияллоҳу анҳу), вафотимдан сўнг уйланинг. Акс ҳолда, сиз ҳам, болаларим ҳам қийналиб қоласизлар. Аммо уларни ўгай она қўлида ҳам қолдиргим келмаяпти. Шу боис опам Зайнабнинг қизи Умомага уйланинг. У меҳрибон ва тақволи.
Афсуски, саодат асрининг гуллари, мусулмонларнинг улуғ оналари бирин-кетин дунёни тарк этишди. Илоҳий тақдир шундай. Зотан, бу одамзотнинг қисмати. Бири келади, бири кетади…
Қиёматгача давом этади бу ҳол…
Аввал ҳазрат Руқийя розияллоҳу анҳо…
Сўнг ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳо …
Ҳазрат Умму Гулсум розияллоҳу анҳо …
Ва охирида ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳо …
Улар гулларнинг гуллари эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўз нурлари эди.
Буни тафаккур қилган билади, ақл юритган билади, англаб етган билади. Аммо, Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда севимли пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга марҳамат қилганидек:
“Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз”. (Анбиё сураси, 35-оят)
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Имом-хатиб ташаббуси: имконияти чекланганлар учун ибодат ва зиёрат
Хабарингиз бор, ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони мавжуд кишилар учун диний-маърифий йўналишда алоҳида тизимли ишлар олиб бориляпти.
Самарқанд вилоятидаги “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжиди мазкур ҳудуддаги имконияти чекланган фуқаролар ташриф буюрадиган зиё масканига айланган.
Улар ҳам энди мавъизадан баҳраманд бўляптилар
Масжидда жума намози вақтида мавъизанинг алоҳида сурдо таржимаси узатилади. Хабарингиз бор, “Вақф” хайрия жамоат фонди кўмагида Surdo online лойиҳаси доирасида ҳозирда Ўзбекистондаги 11 та масжидда жума мавъизаларининг махсус сурдо таржималари мониторларда кўрсатилиб борилмоқда. “Хўжа Исҳоқ Валий” жоме масжидида ҳам жума намозидан сўнг намозхонлар масжид имом-хатиби Ёқубжон домла Мансуровга яратилаётган шарт-шароитлар учун кўпдан-кўп миннатдорчиликлар билдирадилар. Дин тўғрисидаги саволларини берадилар (таржимон ёрдамида албатта).
Якшанбани орзиқиб кутадилар
Ҳафтанинг ҳар Якшанба кунлари эса режага мувофиқ алоҳида мавзулар бўйича диний-маърифий суҳбатлар ўтказилади. Суҳбатларда ислом асослари: иймон, поклик, намоз арконлари, ижтимоий масалалар, оилада эр ва аёлнинг вазифалари, қўшничилик муносабатлари, илм олишнинг фазилатлари ва бошқа мавзуларда олиб борилади. Бунинг учун тажрибали имом-хатиблар жалб этилган.
Кўзлари маъно ва саботга тўла бу кишиларнинг ҳали ҳеч қаердан англамаган ояти карима, ҳадиси шарифларни, салафи солиҳлар ҳаётидан гўзал ибратларни ўрганиб, ихлосу муҳаббатлари жўшиб кетади, ислом нури ҳаётларида, хулқларида ўзгаришлар содир қилади. Ва энг қизиғи эрталабдан бошланган суҳбатлар то пешин намозига қадар давом этади.
Зиёратга бориш таклифи
Ўтган ҳафтадаги суҳбатлар вақтида тингловчилардан бири имом домлага бир таклифни берди: “Биз кўҳна Самарқандда яшасакда, бироқ бу маскандаги муқаддас қадамжоларга кам борганмиз. Чунки, бизга у ерни тарихини тушунтириб берадиган махсус таржимонлар йўқ эди. Энди эса бунинг имкони бор. Агар мумкин бўлса сиз билан ҳаммамиз кейинги дарсларда зиёратга чиқсак”. Бу таклифга “Лаббай” деб жавоб берган Ёқубжон домла дарров зиёратни ташкил этишга киришди. Ноиблари ва бошқа ходимларини ишга солди. Чунки, зиёратга бориш истагини билдирган имконияти чекланганларнинг сони 100 дан ортиқ эди. “Вақф” фондининг вилоят филлиалига мазкур таклифни етказган эди дарров транспорт ва нонушта масалалари ҳал бўлди.
25 март, Душанба куни баҳор қуёши чарақлаган кунларнинг бирида имконияти чекланган фуқаролардан 110 нафари Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрдилар. Имом-хатиб Ёқубжон домла уларга қандай улуғ, мутафаккир зотнинг зиёратига келганликларини ҳазрати Имом Бухрий р.а. ни ибратга тўла ҳаёти ва ислом оламига қолдирган улуғ мерослари мисолида сўзлаб берди. Улуғ зотнинг ҳақларига тиловат ва дуо қилинди.
Шундан сўнг зиёратчилар яқиндагина муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан қуриб битказилган Ҳадис илми мактабига ташриф буюрдилар. Айтиш лозимки, бинога киришингиз билан бу ерда сизни имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти тўлиқ қамраб олади. Қаршингизда тартиб билан ишланган бадиий суратлар воситасида муҳаддислар султонининг ҳаёт йўли фильм тасмалари сингари кўз ўнгингиздан ўтади. Зиёратчилар бинонинг мафтункор меъморий услуби ҳамда ушбу олий мактабда толиби илмлар учун муҳайё қилинган шароитларни кўриб қувондилар.
Кўзларга ёш келтирган ҳолат
Масжид имом ноиби Ислом Бобобековнинг айтишича, зиёратдан қайтишда автобусда бир ҳодисанинг гувоҳи бўлиб, ўзи ҳам жуда таъсирланиб кетган. Зиёратчилардан бири қўл телефонида видеочат орқали Жиззахдаги таниши билан суҳбатлашиб кетяпти. (Улар асосан Imo мессенджери орқали суҳбатлашишади) Бирдан суҳбатдошининг йиғлаётганига кўзи тушди. Таржимондан сўраб билсаки, зиёратчи жииззахлик танишига бугун масжид маъмурияти улар учун ана шундай гўзал масканларга зиёрат ташкил этиб беришганини, ҳозир шу жойдан қайтаётганликларини тўлқинланиб тушунтириб кетган. Бундан ҳаваси келган суҳбатдоши қани эди бизга ҳам шундай зиёратлар ташкил этилса деб, кўзига ёш олган....
Имом ноиби эса видео орқали суҳбатга қўшилиб айтибди: Сизлар ҳам иншааллоҳ албатта борасизлар. Биз хизматингиздамиз!
Зоиржон Содиқов
ЎМИ Масжидлар бўлими ходими
Имом-хатиблар ўзлари таълим олган мактабларига китоблар совға қилдилар
Китоб – қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида бошқалар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир.
Динимиз илм асосига қурилган. Илм эса китобларда қолдирилади. Қуръони каримнинг номларидан бири ҳам Китобдир.
Маълумки, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда китобхонликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки халқимиз, айниқса, ёш авлод вакиллари бугун вақтларини беҳуда кетказувчи турли воситаларга берилиб, энг зарур билим ва тарбия манбаи бўлган китобдан, мутолаа завқидан узоқлашиб бормоқдалар.
Ушбу ташаббусга мос равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар ўзлари таълим олган, улғайган мактабларига ташриф буюриб, ўзларининг қаламларига мансуб ёки ўзларининг шахсий кутубхоналаридан диний маърифий адабиётларни туҳфа этдилар.
Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Яҳё қори Абдураҳмонов ўзи таълим олган мактабга шахсий кутубхонасидан диний-маърифий ва бадиий адабиётларни тақдим этди. Бундай хайрли ишдан мактаб маъмурияти ва ўқувчи ёшларнинг кўнгли тоғдек кўтарилди.
Имом-хатиблар томонидан китоблар совға қилиш давом эттирилмоқда.
ЎМИ Масжидлар бўлими
Улуғ муфассир ва машҳур тафсирга бағишланган семинар
Бугун, 27 март куни Самарқанд вилоятида “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги диний соҳа ходимларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари илмий-амалий семинарни кириш сўзи билан очиб, шундай сўзларни айтдилар:
– муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий ва илмий-ижодий соҳаларда катта тарихий воқеалар юз бермоқда. Жумладан, қўлёзма асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Миср, Туркия ва Татаристон каби мамлакатларда хизмат сафарларида бўлишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан бири – Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асаридир. Ушбу асарни ҳар томонлама ўрганиш ва аҳамиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида, ушбу илмий-амалий сайёр семинар ташкил этилди.
Илмий-амалий семинарда Диний идора Котибият бўлими мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов Маҳмуд аз-Замахшарий улуғ муфассир, Ислом илмларининг деярли барча соҳаларида чуқур илмга эга бўлган олим, араб тили грамматикасини ишлаб чиққан ва илм-фаннинг кўплаб соҳаларида шуҳрат қозонган забардаст уламо экани тўғрисидаги маълумотларни келтирди.
– Маҳмуд аз-Замахшарий тафсир, фиқҳ, қироат, тилшунослик, адабиёт, жўғрофияга оид олтмишга яқин асар таълиф этган. Унинг энг машҳур асари “ал-Кашшоф”китобидир. Имом Замахшарий ижодларининг энг мўътабари “ал-Кашшоф” номли тафсир ҳисобланади. Ушбу асарнинг тўлиқ номи “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқит-танзийл фи вужуҳит-таъвил” деб номланади, дея ушбу асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида нутқ қилди Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков.
Шунингдек, илмий-амалий семинарда Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов “Маҳмуд аз-Замахшарийнинг маънавий мерослари”, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Пардаев “Имом аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши” мавзуларида маърузалар ўқишди.
Семинар якунида мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳаётдан ўргандим
“Ўтган умрингиздан нимани ўргандингиз?” деб сўрашса, шундай жавоб бераман:
Мазлум одамга бироз кейинроқ бўлса ҳам, албатта, ёрдам берилишини ўргандим.
*****
Кечаси қилинган дуо ижобатсиз қолмаслигини ўргандим.
*****
Бу ҳаёт тўсатдан тўхтаб қолиб, биз ғафлатда қолишимиз мумкинлигини ўргандим.
*****
Ширин сўз, очиқ юз ва олийжаноблик хулқларнинг боши эканини ўргандим.
*****
Дунёдаги энг бой киши қаноатли, соғлом ва хотиржам инсон эканлигини англаб етдим.
*****
Пиёз эккан одам ҳеч қачон райҳон йиғиб олмаслигини тушуниб етдим.
*****
Умр тугаса ҳам ишлар, юмушлар тугамаслигини тушундим.
*****
Одамларнинг мени эшитишларини истасам, мен ҳам уларни тинглашим кераклигини ўргандим.
*****
Инсонларнинг асл юзини очиб, уларнинг қандайлигини кўрсатадиган энг нозик асбоб – улар билан бирга сафарга чиқиш эканлигини ўргандим.
*****
Кўп сафсафа сотиб, “Мен ундай, мен бундай” дейдиган кимса, аслида ичи бўш одам бўлишини билдим.
*****
Асли олтин бўлган киши ҳар қандай вазиятда ҳам олтинлигича қолишини, асли темир бўлган киши вақт ўтиши билан ўзгариб, занглаб қолишини билдим.
*****
Ўликларини дафн этиб ҳам кўзи очилмай, ғафлатда юрувчилар кўплигини билдим.
*****
Эй Роббим, хотимамизни гўзал қилгин! Ҳаётимизни солиҳ амалларга бой қилгин! Вафот этганларимизни раҳмату мағфиратингга олгин!
Фейсбукдаги “Ҳаётнинг нариги юзи” саҳифасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси