muslim.uz

muslim.uz

Бутун дунё Ислом уюшмаси (Робитат ал-олам ал-исломий), дунё “Китоб ва суннат” кенгашлари ҳамда Индонезиядаги Қуръони каримни ўргатиш институти “Дор ал-Қуръон” билан ҳамкорликда “Индонезияда Қуръонни ўқитиш” мавзусидаги бешинчи форумни ўтказди.

Форумда Индонезиянинг турли минтақаларидаги 50 дан ортиқ Қуръон институтларидан келган юздан зиёд таниқли ислом олимлари қатнашишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни давлатимиз раҳбари кутиб олди. Президентлар шу ерда қисқа суҳбат ўтказди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 19 октябрь кунига белгиланган.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилади, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашади.

Ташриф якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, йигирмата ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи компаниялари ҳамда саноат корхоналари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кўзда тутилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

2018 йил 18 октиябр куни Самарқандда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига Амир Темур ордени берилган кун муносабати билан вилоят миқёсида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги, ташкилот ва жамоат бирлашмаларидан вакиллар қатнашдилар.

Байрамни нишонлашга отланган кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида дастлаб Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловат қилинди.

Кун давомида мактабгача таълим, халқ таълими, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари, ёшлар иттифоқи фаоллари томонидан кўргазмалар намойиш қилинди, жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Маълумки, 1996 йил 18 октябрда Самарқандда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ушбу кунни - Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаш таклиф этилган эди. Ўша куни шаҳарга Амир Темур ордени топширилди. Мана 22 йилдирки, бу сана кенг нишонланиб келинмоқда.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 18 октябрь куни Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини кўп йиллар одамлар ёдида сақлаш мақсадида барпо этилган хиёбоннинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, нуронийлар, ёзувчи-шоирлар, илм-фан ва санъат намояндалари, Россия давлат идоралари, икки мамлакат кенг жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Ислом Каримовнинг дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва бошқа яқинлари қатнашди.
Маросимда сўзга чиққанлар Ислом Каримов раҳбарлиги даврида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб, унинг беқиёс хизматлари туфайли Ўзбекистоннинг дунё миқёсида нуфузи ошгани, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалганини таъкидлади. Бугун Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ана шу ислоҳотлар қамрови ва таъсирчанлигини янада ошириш йўлида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Шунингдек, Ислом Каримов олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдиргани ва нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилгани алоҳида қайд қилинди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳам иштирок этди.
Москва шаҳридаги Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги консуллиги ёнида барпо этилган ушбу хиёбонга Ислом Каримов номи берилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top