muslim.uz

muslim.uz

Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир

(Бақара сураси 271 оят).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Фонд томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларни тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш учун Фонд томонидан «Илм йўлида кўмак берамиз» акцияси ташкил этилди.

2018 йил 13 октябрь куни ушбу акциянинг биринчи босқичи натижалари бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди.
Жумладан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юртининг таълим олиш жараёнида намунали хулқ –атвори ва талим – тарбияси учун 7 нафар талабалари ЎМИ ва Вақф хайрия жамоат фондитомонидан 3 250 000 сўм тўлов контракт билан тақдирланди.

Билим юрти маъмурияти ҳамда талабаларнинг ота – оналари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва «Вақф» хайрия жамоат фондига ўз миннатдорчилигини билдирди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 18 октябрь куни Макка шаҳрида ўтаётган Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 43-сессиясида дастлабки нотиқлар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар.

У киши ўз нутқларида мусулмонлар ўртасида бирдамлик, ҳамжиҳатликни кучайтириш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш кераклиги, сессиянинг қабул қилинадиган қарорларида мусулмонларнинг умумманфаатини назарда тутиш мақсадга мувофиқ бўлиши борасида тўхталиб ўтиб, бу ишлар айниқса бугунги кунда давр талаби эканини таъкидладилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда олиб борилаётган дин соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида гапириб бердилар.

Анжуман иштирокчилари муфтий ҳазратларининг нутқларини диққат билан тинглаб, мазкур нутқдан таъсирланганликларини, ҳазратнинг айтган сўзлари уларда катта таассурот қолдирганини баён этдилар.

Анжуманда муҳокама қилинаётган масалалар ҳақида сайтимизда батафсил ёритиб борамиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Бугун, 18 октябрь куни Покистонлик муфтий Муҳаммад Ризвон бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмон билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Маъмур Толибов, ИЦМ ва ЎХИА масъул ходимлари меҳмонлар билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда Хомиджон Ишматбеков Диний идора фаолияти, диёримизда диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, хайрли ислоҳотлар ва илғор ташаббуслар амалга оширилаётгани, хусусан, муҳтарам Президентимизнинг тарихий фармонлари эълон қилингани, унга кўра Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳадис илми мактаби ташкил этилгани ҳақида гапириб берди.
Хомиджон Ишматбеков покистонлик сайёҳларнинг зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга ташрифини кўпайтириш, Ўзбекистонда 7300 дан ортиқ қадимий обидалар мавжуд экани, 200 дан зиёд тарихий обида ва қадамжолар ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатига киритилгани, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллиондан зиёд сайёҳ келишини сўзлади.
Покистонлик муфтий Муҳаммад Ризвон жавоб сўзида бир неча кун давомида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни зиёрат қилгани, Ислом оламининг улуғ алломаларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни зиёрат қилишганидан жуда ҳам бахтиёр эканларини сўзлаб берди. Бу заминда мутафаккирлар, муфассирлар, фақиҳлар ҳоки қўним топгани, мана шундай жойларни тез-тез зиёрат қилиб туриш фазилати ҳақида гапирди. Бу ерга дафн этилган азиз авлиёларни худди ўзларининг ота-боблоларидек иззат-икром қилишларини айтди.
Меҳмон Шайхул ҳадис Тоҳир Масуд эса, Ўзбекистон томонидан хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жуда катта ташаббуслар, амалий ишлар қилинаётганини алоҳида таъкидлади.
Меҳмон муҳаддис Абдулҳалим Чишти эса, Ўзбекистонни зиёрат қилиш давомида жуда ҳам мамнун бўлганини, айниқса, зиёратлар жуда тинч-осойишталикда, мезбонларнинг самимий кутиб олишлари ва уларга кўрсатилган эътибордан жуда хурсанд эканларини билдирди. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг ҳар бир ери обод ва кўркам эканига гувоҳ бўлганларини изҳор қилдилар ҳамда ҳар бир ҳудуднинг озода ва саранжомлигини алоҳида қайд этди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.



Қримнинг Симферопол шаҳридаги «Сеит-Сеттар» мусулмонлар мажмуасида энг яхши муаззинни аниқлаш мақсадида «Эзан седаси» (“Азон садоси”) мусобақаси ташкил этилди. Бу ҳақда Islam.ru нашрига таяниб Azon интернет нашри хабар берди.

Танловнинг финал босқичида саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган, Қримнинг турли туманларидан келган 30 нафар муаззин иштирок этган.

Ғолиб ва совриндорларга турли совғалар ва пул мукофотлари топширилди. Тақдирлаш маросимида Қрим муфтийси Эмирали Аблаев иштирок этгани айтиб ўтилди.

“Дин – бизнинг энг катта бойлигимиз. Биз янги авлоднинг динга муҳаббатли бўлишини таъминлашга масъулмиз. Бу тадбирни ўтказишдан асосий мақсадимиз шу”, – деди Қрим муфтийси.

ЎМИ Матбуот хизмати

2008 йилнинг 17 октябрида қуриб битказилган Грозний шаҳридаги "Чеченистон юраги" масжиди 2018 йилда ўзининг ўн йиллик юбилейини нишонлайди. Ушбу масжид Россиянинг энг чиройли ва маҳобатли масжидларидан бири ҳисобланади.

Масжид икки ярим йилда Грозний шаҳрининг қоқ марказида қуриб битказилган. Масжид Чеченистон Респуликаси мусулмонлари идораси ва Кунт ҳожи номидаги Россия Ислом университети билан биргаликда Исломий мажмуанинг таркибий қисми ҳисобланади.

Маълумот учун, масжид усмонийлар услубида қурилган бўлиб, унинг баландлиги 63 метр бўлган тўртта минораси бор. Ички ва ташқи деворлари мармардан ишланган. Масжид майдони 5 минг квадрат метр бўлиб, сиғими 10 минг кишилик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top