muslim.uz

muslim.uz

Замонавий рекламанинг асосий тимсоли  аёл образи, аниқроғи, унинг танаси...

Бугунги дунё секин-аста қайси тарафга қараманг, нимадир сотилаётган, турли-туман товарлар ва хизматлар таклиф қилаётган глобал бозорга айланиб бормоқда. Ишлаб чиқарувчиларнинг асосий вазифаси ва бош оғриғи эса қандай қилиб бўлмасин мижозларнинг эътиборини ўзларига жалб қилиш, ўзларининг энг зўр ишлаб чиқарувчилар эканига, маҳсулотларининг ноёб ашёлар эканига ишонтириб, молни айнан ўзларидан олишига эришишдир. Ана шу функцияни реклама ўз зиммасига олади.  

Реклама фаолияти оммавий характер касб этди ва жамиятнинг реклама хизматларига бўладиган талабларини тўлиқ қамраб оладиган махсус ижтимоий институт – “реклама индустрияси”га айланди. Реклама маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ва реклама характеридаги хизматларни қиладиган махсус ташкилотлар пайдо бўлди.

Ишлаб чиқарувчиларга иқтисодиётнинг турли секторларидаги аёвсиз рақобатга бардош бериш осон эмас. Шунинг учун рекламага асосий масала сифатида қаралади ва уни савдонинг ҳал қилувчи кучи деб аташади. Ҳаммаси доҳиёна ва яшаб қолиш учун курашда синаб кўрилган, минглаб одамлар қандай қилиб алоҳида бўлиб кўзга ташланиб туриш, олдинга ўтиб олиш ва товарларини намойиш қилиш ҳақида бош қотиради.

Реклама қилиш учун имкон қадар барча майдонлардан фойдаланилади: ОАВ, телевидение, Интернет, уйларнинг деворлари, кўчалардаги реклама тахталари, асфалть йўллар, лифтларнинг деворлари, метро поездлари, автобуслар, таксилар ва ҳатто ҳайвонлар ва одамларнинг белларигача. Ана шу санаганларимиз реклама рўйхатларининг озгина қисми, холос.

Қайси йўл билан бўлмасин товарини ўтказиш истаги ниҳоятда турма-тур ва ҳатто мураккаб формали рекламаларнинг яралишига сабаб бўлди. Масалан, реклама характеридаги товар белгиси ва ахборотлар инсон танасига татуировка қилина бошланди.

Ҳамма нарсани аёллар реклама қилаётир ва ҳаммасини!

Замонавий рекламанинг асосий тимсоли аёл образи, аниқроғи, унинг танасидир.  Унга харидорлар талабларини қондириш, товар ва хизматни сотишни мувофиқлаштиришда «катализатор» вазифасини бажариш юкланган.

Ушбу рекламаларнинг ҳаммаси нозу истиғно асосига қурилган ва мижознинг онги остига таъсир кўрсатадиган мутлақ эркинликни, ижтимоий-гендер муносабатларни тарғиб этувчи ва ҳар қандай одоб-ахлоқ нормаларидан йироқ эротик характердадир.

Товар ва хизматларнинг ҳаммаси, ҳатто ит ва мушукларга озиқ бериш ҳам ярим яланғоч қизлар воситасида бажарилади.

Рекламада ҳалол ва ҳаромлик  

Замонавий реклама, одатда, инсоннинг истакларини ҳақиқатга айлантириб кўрсатади ва жамоатчилик онгида муайян стереотипларни ҳосил қилади.

Келинг, реклама индустриясининг ўзига хос жиҳатларини Ислом дини нуқтаи нзаридан кўриб чиқамиз.

Уни бир неча бандларга ажратиб кўриш мумкин:

  • Рекламага озгина бўлса ҳам ёлғон аралашмаслиги керак.

Бир сафар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бозордан буғдой сотиб олмоқчи бўлдилар. Буғдойнинг орасига қўл солиб кўрсалар, нам экан. Шунда Аллоҳнинг Расули сотувчидан нега бундай эканини сўрадилар. Сотувчи буғдойнинг ёмғирдан нам тортиб қолганини айтди. Унга Пайғамбар алайҳиссалом “Унда нега нам тортган қисмини тепага чиқариб қўймадинг?” деб танбеҳ бердилар.  

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки алдаса у биздан эмас”, дедилар ва шунингдек, товарнинг кичик бир нуқсони бўлса, ўшани яшириб сотишни ҳам тақиқладилар.

Рекламаларда тасвирланган маҳсулотлар кўпинча бутунлай бошқа нарса бўлиб чиқаётганига барчамиз гувоҳмиз. Ниҳоятда сифатли деб рекламада таърифланган товарга буюртма берган одам жуда баланд нархда ўта сифатсиз нарсани харид қилишга мажбур бўлаётир.

Товар қадоғида бағоят жимжимадор, чиройли ва ялтироқ кўриниб турган бўлса-да, аслида унинг ичидаги нарсани кўрган киши рекламада ва қадоқдаги нарсаларни кўрганининг бутунлай аксини учратиб ҳайрон бўлиб қолади.

Бу, шубҳасиз, алдоқчилик, бундай ҳолатда истеъмолчи товарни қайтариб беришга тўла ҳақли.

Аллоҳ таоло Мутаффифун сурасида:

وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ

1 . Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга.

الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ

2 . Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.

وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ

3 . Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.

أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُم مَّبْعُوثُونَ

4 . Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?

لِيَوْمٍ عَظِيمٍ

5 . Улуғ бир кунда.

يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ

6 . У кунда, одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар”, деб огоҳлантирган.

  • Товарни ҳаддан ташқари кўп мақташ, уни сифатлаб характеристика ёзганда унда йўқ сифатларни қўшиб ёзиш мумкин эмас. Айниқса, ёлғон қасамлар билан. Ҳадиси шарифда товарларини ёлғон қасамлар ичиб сотадиган сотувчилардан Аллоҳ таоло баракани олиб қўйиши таъкидланган.
  • Фақат исломий меъёрларига мос келадиган товарлар ва динимиз тақиқламаган хизматлар реклама қилинади.

Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик ва психотроп ашёлар, тамаки маҳсулотлари интим хизматлар ва бошқа шу каби нарсаларни реклама қилиш қатъиян тақиқланган. Уларни сотиш ҳам жиноят сирасига киради. 

Ҳадиси шарифда: “Ҳалол, покиза савдогар Қиёмат кунида пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади”, деб марҳамат қилинган. 

  • Аёл ва унинг жисмининг гўзаллигидан реклама предмети сифатида фойдаланиш мумкин эмас.

Аёлнинг танаси аврат саналади ва унга бегона кишилар қараса гуноҳ  бўлади.

Бугунги кунда арзимаган нарсаларнинг рекламаси ҳам ярим яланғоч аёллар ва ҳатто эркаклар иштирокисиз бўлмаяпти. Шунинг учун яхши билиб олмоғимиз керакки, бундай рекламада тасвирга тушиш мумкин эмас. Кимки шу каби рекламаларнинг тайёрланишига ва ёйилишига озгина бўлса-да, ҳисса қўшса, катта гуноҳга ботади. Зотан, шариатимиз тақиқлаган ишларга зиғирча бўлса-да, ҳисса қўшган одам гуноҳкорга шерик бўлишининг хабари берилган. 

Исломда аёл улуғланган ва ҳимоя қилинган. Унинг шаъни ва номуси дахлсиз ҳисобланади. Аёлни омманинг олдига чиқариб қўйиб, уни ярим яланғоч қилиб, реклама предмети сифатида фойдаланиш, одамларни унга қарашга даъват этиш асло мумкин эмас. Аёлни ечинтириб, уни турли товарлар ва хизматлар рекламасига жалб этиш – унинг аёллик шаънини таҳқирлаш ва ҳуқуқларини поймол этишдан бошқа нарса эмас.

Ислом аёлни қадрлайди ва турли тажовузлардан ҳимоя қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар билан яхши муносабатда бўлишни буюрганлар.

Исломда аёлларга жаннатнинг йўли жуда ҳам осон ва қулай қилиб қўйилган: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки, “Агар аёл киши беш маҳал намозини ўқиса, рамазон ойи кирганда рўзасини тутса, эрига итоат қилиб, номусини сақласа, ана шуларнинг ўзи унга: “Жаннатга қайси дарвозадан истасанг, ўшандан кир!” дейилишига кифоя қилади”

  • Товарни реклама қилаётганда истеъмолчидан қўшимча харажатларни яшириш мумкин эмас.

Рекламаларда кўпинча “текин”, “ноль тийин”, “СМС жўнат ва автомобиль ол”, “хизматга обуна бўлинг ва супер-совғани қўлга киритинг” ва бошқа ёлғонлар ҳаддан ташқари кўп ишлатилади. Аслида ана шу хизматларнинг қўшимча харажатлари, абонентлик тўловлари ёки ундан ҳам қиммат бўлган бошқача харажатлари бор. Натижада рекламада ҳаммаси текин деб ваъда қилинган нарсага одамлар пул тўлайди, ҳатто ошиғи билан тўлаб чув тушиб ҳам қолади. “Қонуний” алдоқчилик ёки истеъмолчиларни “енгил” йўл билан алдаш схемаси жуда ҳам кўп учрайди. Ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан, уларнинг ҳамма иши қонунга мувофиқдек кўринади. Аммо уларнинг ишлари гўёки афсунгарларнинг афсунига ўхшайди: “эпчил қўллар ва ҳеч қандай ёлғон йўқ”. Ҳақиқатдан кўзлари тўсиб қўйилган одамлар пулларидан айрилаётганини сезмай қолади.

Одамларнинг пулини товламачилик қилиб олишнинг йўлларидан яна бир схемаси қуйидагича: рекламада жуда ҳам қимматбаҳо ашёни деярли текинга олиш ҳақида қизиқарли таклиф айтилади. Аммо бунда  бу ишни бажариш учун қилинадиган “деталлар” ёддан чиқиб қолади. Оқибатда харидор ўша товарнинг асл нархидан анчагина баланд нархдаги пулни тўлашга мажбур бўлади. Ушбу муҳим деталдан хабардор қилмасликдан ўзни оқлаб олишнинг энг самарали усули – ўша муҳим ахборот саҳифанинг пастки қисмида кўзга чалинмайдиган даражада майда ва рангсиз ҳарфда ёзиб қўйилган бўлади.

Ислом талаби бўйича, маҳсулотнинг нархи энг кўринарли жойда аниқ қилиб ёзиб қўйилмоғи, агар молда камчиликлар бўлса, улардан харидор огоҳлантирилмоғи даркор.

Реклама индустриясининг кўзбўямачилиги шу билан ниҳоясига етмайди, аммо уларнинг макру ҳийлаларини бир мақолага жойлаб ҳам бўлмайди. Умид қиламизки, ҳозирча шуларнинг ўзи кифоя бўлади.

Замонавий жаҳон иқтисодиёти келажакда қандай формаларда давом этишини рекламасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Транцмиллий компаниялар буюртмасига биноан олимлар кўп вақтлардан бери у ёки бу танловнинг инсон миясига қанчалик таъсир кўрсатишини тадқиқ этишмоқда. Бу шунинг учун қилинмоқдаки, инсон миясидаги бошқарув механизмини топиб, ишлаб чиқарувчилар ўша орқали инсонларга таъсир кўрсатиб ўзларининг маҳсулотларини ўтказмоқчилар. Аммо, умид қиламизки, ундай бўлмайди. Эҳтимол, вақти келиб, қачонлардир инсоният уйдирма рекламалардан чарчар. Ана ўшанда рекламалар бугунгидан фарқ қилиб, рост ва ёқимлироқ бўлар.

Ибратли мисол

Бир савдогар харидорга нарса сотишдан бош тортди ва уни бошқа дўконга жўнатди. “У нега бундай қилди?” деган саволнинг жавоби шу эканки, у бугун етарлича савдо қилиб олди, аммо қўшниси ҳеч нарса сота олмади, унинг ҳам ҳарна бўлса-да, савдоси бўлсин.  Ана шу – мусулмоннинг,  идеалимиздаги яхши қўшничилик муносабатининг кўринишидир. Ана шу – Ислом динимиз биздан истаган савдогарликдир.

Дамин ЖУМАҚУЛ

тайёрлади.

 

 

Бугунги кунда доксография деб ном олган диний қарашлар  ўртасидаги ихтилофли масалаларни қиёсий ўрганишни англатувчи жанрга оид маълумотлар Замахшарий асарларида муайян ўринга эга. Аллома тафсир, ҳадис ёки фиқҳ борасида қалам тебратар экан, исломдаги турли фиқҳий мазҳаблар қарашларини ўз ўрнида баён қилади.

Маҳмуд Замахшарий асарларида орасида энг юксак ўринга эга бўлган “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ғавомиз ат-танзил ва уюн ал-ақовил фи вужуҳ ат-таъвил” (“Қуръонда яширин ҳақиқатларни ва унинг таъвилидаги ривоятларни очувчи”) тафсирида мазкур ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин. У баъзи оятлар тафсирида Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (699-767), Молик ибн Анас (713-795), Муҳаммад ибн Идрис Шофеий (767-820) каби мазҳаб асосчилари қарашларини келтиради. Замахшарий ўзи ҳанафий мазҳаби вакили бўлса-да, аммо бошқа мазҳаблар қарашларига ҳам ҳурмат билан ёндашгани эътиборга лойиқ. Яъни, “Ал-Кашшоф”да аллома бирор мазҳабни бошқасидан устун қўйган эмас.

Ҳадисшунослик борасида мўътабар манба бўлган “Ал-фоиқ фи ғариб ал-ҳадис” (“Ҳадислардаги нодир маъноларни шарҳловчи аъло қўлланма”) асарида ҳам юқоридаги ҳолатни кузатиш мумкин. Ҳадис илми олимлари  орасида нуфузли мақомга эга бўлган аллома Ибн Ҳажар Асқалоний томонидан юксак баҳоланган мазкур асарнинг бир қанча ўринларида Маҳмуд Замахшарий турли фиқҳий мазҳаблар қарашларини баён қилган. Шу йўсин ҳадислардан келиб чиқадиган фатволарни  аён қилган.  Бу асарда Замахшарий турли йўналишларнинг шаръий ҳукмларини келтирар экан, аксар ҳолларда барча мазҳаблар қарашларига бирдек муносабат билдиради, бироқ баъзи ўринларда “Соҳибларимиз наздида” ва бир ўриндагина  “Бизнинг наздимизда” дея ҳанафий мазҳаби тарафида туриб масалани баён қилади. 

Юқоридагилардан Маҳмуд Замахшарий баъзи мухолифлари таъкидлаганидек, ўз қарашларида қаттиқ туриб олувчи эмас, балки турли мазҳаблар қарашларига бағрикенглик билан ёндашувчи аллома эканини англаса бўлади.

Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти 4-курс талабаси

Раҳматуллоҳ Саиджалолов

Айни кунларда Россия Федерациясида футбол бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда. Энг йирик футбол фестивалига йўл олган жамоалар ичида Тунис терма жамоаси ҳам бор.

Кеча, 18 июн куни Англия терма жамоаси билан бўладиган дастлабки учрашув олдидан Тунис терма жамоаси делегациясининг “Фотиҳа” сурасини айтиб дуо билан стадионга чиқишлари акс этган видео интернетда кенг тарқалди.

Эслатиб ўтамиз, Тунис терма жамоаси G гуруҳида Белгия, Панама, Англия терма жамоалари билан ўрин олган. Жамоа кеча Англия термаси билан ўтказилган 1-тур баҳсларида ўйинга қўшиб берилган сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол эвазига имкониятни бой бериб қўйди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳар бир инсон ўзидаги бир қанча хусусиятлар билан бошқа инсонлардан ажралиб туради. Бу эса унинг ер юзида эволюция ёки тасодиф натижасида пайдо бўлиб қолмаганига далилдир. Келинг, инсоннинг мўъжизалиги ҳақида сўз юритайлик.

Сизларга янги илмий хулосаларни тақдим этгим келди. Бу хулосалар инсоннинг ҳар бир аъзоси ўша инсоннинг ўзига хос, бетакрор эканини, бошқа инсоннинг ўшандай аъзосига асло ўхшамаслигини таъкидлайди. Инсонни бошқа инсонлардан ажратиб турадиган нарса фақатгина бармоқ излари эмас. Балки қулоқ чизиқлари, тилдаги чизиқлар, юришдаги ўзига хослик ва бошқа аъзоларнинг излари, чизиқлари, шакллари яратишнинг ўта нозиклигига ва тасодиф деган нарса йўқлигига гувоҳлик беради.

Эволюция назарияси ёлғон ва эволюциячилар ёлғончилардир. Бунинг ёлғонлигига энг катта далиллардан бири – ҳар бир инсоннинг ўзига хос яратилгани ва унинг бошқаларга ўхшамаслигидир. Агар биз эволюция назариясига ёки нарсалар тасодифан пайдо бўлиб қолган деган гапга ишонадиган бўлсак, кўзимиз билан кўриб, қўлимиз билан ушлаб турган ҳақиқатлардан кўз юмишимиз керак бўлади.

Келинглар, эволюция назариясининг ёки тасодифан пайдо бўлиб қолган деган гапларнинг ёлғонлигини кўрсатувчи далилларни кўриб чиқайлик.

Қулоқ чизиқлари

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ташқи қулоқ шакли мутлақо бошқаларникига ўхшамас экан. Инсоннинг қулоғи бемалол бармоқ ўрнига ўтиб, шахсларни таниб олиш белгиси бўла олади. Ҳатто қулоқ чизиқлари, шакли шахсни таниб олишнинг энг афзал йўлига айланди.

Саутгемптон университети хулосасига кўра, инсоннинг ташқи қулоқ шаклини бармоқ излари каби суратга олинса, 99.6 фоизга бир инсоннинг қулоғи бошқаникига ўхшамаган ҳолда тасвири пайдо бўлар экан.

Кўздаги ўзига хослик

Бир инсондаги кўз қорачиғининг шакли бошқа инсонникидан фарқ қилар экан. Ҳатто бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш бўлган эгизакларда ҳам шундай экан. Шунинг учун ҳам биз ишонч билан айтамизки, ер юзидаги ҳар бир инсоннинг кўз тузилиши бошқаларникидан фарқ қилади. Кўзларнинг бетакрор, ўзига хос экани инсон тасодифан пайдо бўлиб қолмаганига, балки, Буюк Яратувчи томонидан аниқ мақсад билан яратилганига далилдир.   

Тилдаги чизиқлар

Тил юзасида тарқалган ушбу нуқталар ўзининг шакли, ҳажми билан бошқа инсонларнинг тилларидаги нуқталардан фарқ қилади. 

Юришнинг ўзига хослиги

Шахсларнинг юришлари ва ҳаракатларини ўрганиш уларни кўплаб одамлар орасидан таниб олишга ёрдам беради. Шунинг учун айта оламизки, ҳар бир инсон ўзига хос тарзда юради ва қадам ташлаши билан бошқалардан ажралиб туради. Бу – нафақат ҳар бир инсон, балки, инсондаги ҳар бир аъзо, бўғимлар, суяклар ҳам бошқа инсонларникига ўхшамайдиган қилиб яратилгани сабаблидир.

Агар инсоннинг пайдо бўлиши тасодифий ёки эволюция натижасида бўлганида эди, унинг аъзоларидан бирортаси бошқа инсоннинг аъзоларидан бирортасига айнан ўхшаш бўлиб қоларди. Озгина бўлса ҳам ўхшашлик йўқлиги – инсонни Аллоҳ таоло аниқ мақсад билан яратганига далолат қилади. 

Бармоқ излари

Бармоғингиздаги излар бошқа бирорта инсонда учрамайди. Айрим ғарблик “олимлар” бармоқ изларини тасодифан пайдо бўлган дейишади. Агар тасодифан пайдо бўлганида, ҳеч бўлмаганда, бир марта бармоқларда айнан ўхшашлик кузатилган бўлар эди. 

Овозлардаги ўзига хослик

Овозингиз сизни кимлигингизни, моҳиятингизни белгилайдиган унсурдир. Ҳар бир инсоннинг овози ўзига хос бўлиб, бировнинг овозига бошқаникига айнан ўхшамайди. Шунинг учун ҳам овоз орқали шахснинг кимлигини аниқлаш мумкин. Овозлардаги бу турфахиллик тасодифий тарзда бўлиши асло мумкин эмас. Агар тасодифий бўлганда, энг камида иккита одамнинг овози айнан ўхшаш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ўзига хос ўта нозик ва ҳайратланарли даражада овоз ато этган. 

Инсон ҳидининг ўзига хослиги

Ҳар бир инсоннинг генларига боғлиқ бўлган ўзига хос ҳидлари бор. Олимлар “Итлар 300 дан ортиқ унсурдан ташкил топган инсон ҳидларини бир-биридан ажрата олади” деб ўйлашади. Шундай қилиб ҳар бир инсоннинг ўзига тегишли муайян ҳиди бор. Бу ҳид инсоннинг руҳий ҳолати, ёши, саломатлиги ва бошқа жиҳатларига кўра бир инсоннинг ҳиди бошқасиникидан фарқ қилади. Шу билан бирга эркак билан аёл ҳиди ўртасида ҳам фарқ бор. Шундай қилиб биз инсонларда миллиардлаб ҳидлар бор.

Шунингдек, ҳар бир инсоннинг ўзигагина хос бўлган яна кўплаб излари бор. Масалан, мия изи, миядан тараладиган электромагнит тўлқинлари, юракнинг излари, уриши, томирлардаги излар (ҳар бир инсоннинг томири ўзига хос тарзда яратилган) ва бошқа аъзоларда ўзига хос излар бўлиб, инсон шу излари билан бошқа инсонлардан фарқ қилади.

Бу Аллоҳнинг мўъжизасидир!

Инсоннинг ҳар бир аъзосини, уларнинг изларини, ҳидларини Аллоҳ таоло турлича қилиб яратган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бармоқ излари ҳақида шундай деган:

 أَيَحْسَبُ الْإِنسَانُ أَلَّن نَجْمَعَ عِظَامَهُ بَلَى قَادِرِينَ عَلَى أَن نُّسَوِّيَ بَنَانَهُ

“(Кофир) Инсон Бизни, унинг суякларини жамлай олмас, деб ўйларми? Ҳа, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз” (Қиёмат сураси, 3-4-оятлар). 

Инсон ва бошқа нарсаларнинг тасодифан пайдо бўлиб қолмаганига илмий далил 

Келинг, бугунги кунимиздан бир мисол келтирайлик. Банклар билан алоқа қилувчи инсонларда пластик карта бўлади. Ҳар бир пластик картанинг ўз рақами бўлиб, ундаги рақам бошқа пластик картада бўлмайди. Бордию иккита бир хил рақамли пластик карта бўлса, уларга пул тушириш ва ундан пул ечиб олишда кўплаб муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун банклар ҳар бир картага ўта катта диққат-эътибор билан рақам териб чиқади. Шу орқали карта рақамлари бир хил бўлиб қолмаслик ва сохта карталар пайдо бўлмаслигининг чораси кўрилади. Агар карталарни рақамлаш ишига эътиборсиз бўлиб, у тасодифий тарзда бўлганида эди, минглаб карталар бир хил рақамли бўлиб қолар ва бунинг оқибатида катта-катта муаммолар юзага келган бўларди.

Агар ғарблик баъзи “олимлар”га “Пластик карта ёки кредит карта, уларда бирорта ўхшаш рақами бўлмаса ҳам, эволюция назариясига биноан тасодифий равишда рақамланиб қолган” дейилса, улар бу гапни айтган одамнинг устидан кулиб, уни масхара қилган бўлардилар.

Субҳаналлоҳ!

Бир вақтнинг ўзида улар ҳар бир инсонда бошқалардан ажратиб турувчи, бошқа инсонларда ўхшаши бўлмаган хусусиятлар борлигини қабул қиладилар, шу билан бирга бу хусусиятлар тасодифий равишда, кўр эволюция натижасида пайдо бўлиб қолган дейдилар. Улар ўз ақлларини ҳурмат қиладиларми ўзи?!

Аллоҳ таоло уларга ўхшаган кимсаларга хитоб қилиб шундай деган:

أَمْ تَأْمُرُهُمْ أَحْلَامُهُم بِهَذَا أَمْ هُمْ قَوْمٌ طَاغُونَ أَمْ يَقُولُونَ تَقَوَّلَهُ بَل لَّا يُؤْمِنُونَ فَلْيَأْتُوا بِحَدِيثٍ مِّثْلِهِ إِن كَانُوا صَادِقِينَ  أَمْ خُلِقُوا مِنْ غَيْرِ شَيْءٍ أَمْ هُمُ الْخَالِقُونَ أَمْ خَلَقُوا السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بَل لَّا يُوقِنُونَ

“Ё ақллари шунга буюрарми ёки улар туғёнга кетган қавмларми? Балки, у(Қуръон)ни ўзи тўқиди, дерлар? Йўқ, улар иймон келтирмаслар. Агар уларнинг гапи рост бўлса, у(Қуръон)га ўхшаш сўзни келтирсинлар. Балки, улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ ўзлари яралгандирлар?! Ёки улар яратувчиларми? Балки, улар осмонлару ерни яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар (Тур сураси, 32-36-оятлар).

Ҳар бир инсонни ўзига хос, бошқа инсонларга ўхшамайдиган, бетакрор қилиб яратган ва уни махлуқотларнинг гултожи, мукаррами қилиб қўйган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин! 

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини

Нозимжон Иминжонов таржима қилди

mardi, 19 juin 2018 00:00

Олмачи

У бозорнинг кираверишида, одамлар ўтиб-қайтадиган гавжум жойда ерга қопини ёйиб олиб олма сотиб ўтирибди. Ёнгинасида  қўлларида пачка-пачка пул чангаллаган “валютчик”лар “доллар оламиз”, “танга оламиз”, “рубль борми?..”  деб ўтган-қайтганнинг йўлини тўсади.

Дунёнинг ишларини қаранг, – дея ўйлади у, – Мен шугина олмани етиштириш учун йил давомида тер тўкаман: тагини юмшатаман, ўғит соламан, суғораман, дорилайман... уни сотган пулим икки қоп унга ё етади, ё етмайди. Булар эса пулни олиб, пулни сотади-я, ё қудратингдан, ҳеч иш қилмасдан бир куннинг ўзида жарақлатиб миллионларни ишлаб олади. Уларнинг бир ойда топганини мен кабилар бир умр тер тўкиб ҳам тополмаса керак...

Бўшаган қопнинг устида осма тарозисини иягига тираб шуларни хаёл суриб ўтирган унинг эътиборини долларчиларга яқинлашган бир чол бузди. Чол даста-даста пул чангаллаб турганлардан бирининг олдига бориб чўнтагидан 100 доллар чиқариб майдалатиб беришини сўраган эди, бошқалари ҳам у тарафга ёпирилиб келди. Чол жуда кекса эди, оёқлари мадорсиз, кийимлари ҳам юзидек ғижим бўлиб кетган, қўлига тутиб турган 100 доллар ҳам оғирлик қилаётгандек кўринади. Боласими, неварасими, Россиядан юборган бўлса керак-да, деб қўйди у.  Улар у деди, чол бу деди – савдоси қовушмади.

Чол улардан пулини қайтариб олди. Долларчилар ортига ўгирилиб кетди. Чол долларни чўнтагига солди. Аммо пул  чўнтакка кирмасдан ёнидан сирпаниб ўтиб кетди-да, ерга тушди. Долларнинг ерга тушганини кўрган унинг юраги ҳаприқиб кетди. У кучли ҳаяжонда чолнинг юриб кетишини истай бошлади. Чол ҳам уни кўп куттирмасдан ерга тушган пулининг ёнидан босиб ўтиб илгарилаб кетди. У ўша тарафга бир олмани юмалатиб юборди. Кейин атрофга бир аланглаб олиб худди олмасини олаётгандек бўлиб долларни ҳам унга қўшиб олди. Шошиб-пишиб  чўнтагига тиқди-да, бесаранжомлигини сездириб қўймаслик учун уст-устига олма тишлаб ўтираверди.

Бир маҳал терлаб-пишиб чол қайтиб келди. Долларчиларга: “Пулимни қайтиб бермабсилар-ку”, деди. Долларчилар аввалига унинг нима деётганига ҳайрон бўлди, кейин бир овоздан: “Олиб чўнтагингиз солиб қўйдингиз-ку, бобой!” дейишди. “Унда ерга тушдимикан, ерга тушган бўлса ҳам шу ерга тушади, кўрмадингларми?” деди чол мўнгсираб. “Йўқ”, дейишди улар. Кейин ҳаммаси ерга тикилиб кўзлари билан пулни қидира кетди. Долларчилардан бирининг унга кўзи тушиб қолиб: “Сиз кўрмадингизми?” деб сўраб қолди. Доллар шимининг ўнг чўнтагида эди. “Йўқ, кўрмадим”, деди у.

Долларнинг топилишидан умид узган чол мунғайганча бир нималар деб пичирлаган куйи бозордан узоқлашиб кетди. Унинг ҳам олмаси озроқ қолган эди, сотиб тугатди-да, бошқа жойга бориб долларни  майдалатди. Кейин иккита улфатини бир чойхонага чақирди. Учаласи еб-ичиб ўтириб кунни кеч қилди.

Уйга келса отаси “Қаерда юрибсан, сандироқлаб, сигирга қара, ем ҳам, емиш ҳам емаяпти, ётиб олди”, деб заҳрини сочди. Оғилга кириб қараса, ростдан ҳам ҳам сигири  емга ҳам, емишга ҳам қарамай ётибди. Подада юриб чарчагандир-да, эрталаб туриб кетади деб уйга кириб донг қотиб ухлаб қолди.

Эрталаб хотини: “Туринг, сигиримиз ўлиб қолибди” деган совуқ хабар билан уйғотди. Мол аччиғи – жон аччиғи деганига амал қилган отаси уни роса бўралатиб сўкди. Эрталабдан ҳам молидан айрилиб ҳам нордон сўкиш билан “сийланган” у ҳамсоясидан илтимос қилиб, унинг тракторини олиб келди. Тележкага сигирнинг ўлигини тўрт киши аранг ортди. Сигирнинг ўлигини қишлоқнинг юқорисидаги жарга ташлаб юбордилар. Уйга қайтиб келаётиб, энди янада кўпроқ олма сотишим керак, сотилган олманинг пулини йиғсам, кечаги доллардан қолган пулни қўшсам, бундай катта бўлмаса ҳам, майдароқ бир сигир олмасам бўлмайди; болаларга сут-қатиқ керак, деб ўйлади. Уйга кириб хотини териб қўйган олмани қопи билан энди эшакка ортмоқчи бўлаётганди, хотини югуриб чиқиб: “Кичкинамизнинг иссиғи чиқяпти”, деб қолди. “Ҳа, иссиғи чиққан бўлса, дори-пори ичир-да, мен нима қилай? олмани сотайми, болага қарайми!” деб бақирди. Хотини индамай уйга қайтиб кириб кетди.

Шу куни савдоси ҳам юришмади. бир қопгина олманинг ярмини ҳам сотолмай, кечга яқин дили хуфтон бўлиб уйга қайтиб келса, боласи ёниб ётибди. дори ҳам таъсир қилмабди. Кўчадан ўтаётган машиналардан бирини ёллаб дўхтирга олиб боришди. Чўғ бўлиб ётган болани текшириб кўрган дўхтирлар: “Гепатитнинг оғир формаси ўтказиб юборибсилар”, деб юқумли касалликлар шифохонасига юборишди. Бола бечора у дунёнинг остонасидан қайтиб келди-да ўзиям. Сигири ўлганнинг аламига чидай олмаётган унинг боласини даволатаман деб тана-тўлписи-ю, эшагигача сотилиб кетди...

Бошига нега бундай кунлар келганига ақли етди – бировнинг ҳаққи. Аммо қани энди  у чол? Ҳар куни бозорга борар экан, илоҳо, шу чолни учратай-да, омонатни бериб, кечирим сўраб розилашиб олай деб 100 долларни белига тугиб олган. Ана шу 100 долларни ҳам мардикорчилик қилиб топди, камбағал. Бироқ чол йўқ.

Унинг ҳаловати йўқолди, кунлари ваҳимада ўтаётир: боламнинг яна иссиғи чиқмасмикан, бирортасини машина туртиб кетмасмикан, уй-жойимга борор кор-ҳол бўлмасмикан?..

Ҳар куни: “Ё Раббим, чолдан омонатингни қистамай тур, токи унинг омонатини мен топшириб олай!” дея илтижо қилади. 

Азизлар, бир мартагина нафсининг юриғига юриб, шу иши ортидан балоларга учраган, қилмишидан минг-минг пушаймон бўлган биродаримизга ҳамдард бўлиб, Раббимизга чолни бандам демасидан унга учратиб қўйишини сўраб дуога қўл очайлик, шоядки, кўпнинг дуоси кўл бўлиб унинг қарзи қиёматга қолиб кетмаса...  

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يُصَلِّي عَلَى رَجُلٍ مَاتَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ، فَأُتِيَ بِمَيِّتٍ، فَقَالَ: «أَعَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قَالُوا: نَعَمْ دِينَارَانِ، قَالَ: «صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ»، قَالَ أَبُو قَتَادَةَ: هُمَا عَلَيَّ يَا رَسُولَ اللهِ، فَصَلَّى عَلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَلَمَّا فَتَحَ اللهُ عَلَى رَسُولِهِ قَالَ: «أَنَا أَوْلَى بِكُلِّ مُؤْمِنٍ مِنْ نَفْسِهِ، فَمَنْ تَرَكَ دَيْنًا فَعَلَيَّ قَضَاؤُهُ، وَمَنْ تَرَكَ مَالًا فَلِوَرَثَتِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Бас, у зот:

«Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар.

«Ҳа, икки динор», дейишди.

«Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар.

«Ўша икки динор менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар.

Аллоҳ Ўз Расулига фатҳ ато қилганидан кейин:

«Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Мақолалар

Top