muslim.uz
Бугун Хадичаи Куброда катта шодиёна
Бугун Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида катта шодиёна – битирувчи 22 нафар талабаларнинг хатмона тантанаси бўлиб ўтди. Тадбир бошида Ватанимиз мадҳияси янгради, унга талаба ва устозлар хурмат бажо келтиришди.
Қуръони карим тиловатидан сўнг мадрасанинг собиқ мудираси Малика Нормуҳамедова битирувчи талабаларга ҳаётда ўз йўлларини топишда, олима ва фузалолар бўлиб етишишини тилаб дуои фотиҳа қилдилар.
Мадраса мудираси Нозима Ибрагимова битирувчиларга ўз тилакларини билдириб шундай дедилар: “Биз тўрт йил бағримизда илм бериб, жамият учун керакли ходималар бўлишингиз учун сизларни тайёрладик. Келажакда юқори мартабаларга эришиб, Ватанимиз равнақи, динимиз ривожига ўз ҳиссаларингизни қўшасиз деган умиддамиз. Алҳамдулиллаҳ, эришган муваффақият ва қўлга киритган ютуқларингиздан биз устозлар мамнунмиз. Иншоаллоҳ, бундан кейинги фаолиятингизда элга керакли инсонлар бўлишингизни истаймиз. Нафақат юртимиз балки жаҳон таниган олималар бўлиб етишишингизни тилаб қоламиз”.
Тадбир давомида мадрасанинг биринчи курс талабалари ўзига хос чиқишлари (яъни ҳадис, салавот, тасбеҳ ва шеърий табриклари) билан тадбирга янада файз киритишди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси Марямхон Абдуллаева, Тошкент ислом институти услубчи-мураббийси Зилола Суярова ҳамда мадрасанинг фахрий устозлари ташриф буюришди.
9 та мадрасалараро олимпиада қатнашчиси, фахрли биринчи ўринни олган битирувчи талаба қизимиз Рокия Юсуфий Тошкент ислом институтига имтиёзли равишда қабул қилинди. Битирувчилардан Матлуба Фозилова эса Эронда бўлиб ўтган халқаро мусобақада иштирок этишга муваффақ бўлди.
Тадбирнинг асосий қисмидан сўнг талабаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари намунали хулқи ва билимга чанқоқлиги ва иқтидорига қараб қўшимча совғалар ҳам такбирлар остида топширилди. Қуръонни ҳифз қилган талабалар учун алоҳида табриклар бўлди. Тадбирда йилнинг энг яхши талабаси, йилнинг энг яхши ўқитувчиси ва йилнинг энг яхши ходимаси ғолибларига ҳам билим юрти мудираси Нозима Ибрагимова томонидан тайёрланган совғалар топширилди.
Порлоқ келажак бугундан бошланади, деган нақлнинг ижобати ўлароқ ушбу битирувчи талабаларнинг иқтидор-салоҳиятига қараб шуни айтамизки, билим юрти талабаларидан келажак авлод учун албатта етук мутухассислар, олималар етишиб чиқади, иншоаллоҳ.
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди
Бугун, 19 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.
Йиғилишда 2018 йилнинг биринчи ярмида диний соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган ютуқлар баён қилинди ҳамда уламолар ва имом-хатиблар олдида турган долзарб масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Уламолар Кенгаши йиғилишида кўрилган долзарб масалалар тўғрисида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Фарзанд тарбиясида фойдали бўлган китобдан аудио шаклда баҳраманд бўлинг
Аллоҳ таолонинг ризолиги ҳамда фарзандларни тарбиялаш масаласининг ўта муҳимлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мамлакатимиз мусулмонларининг диний-маърифий, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган китобларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида кўплаб аввал чоп этилган китоблар аудио форматда тақдим этилиши йўлга қўйилди.
Узоқ йўлга отланган, оилавий китоб ўқишни хуш кўрувчи мухлислар эътиборига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг "Оилада фарзанд тарбияси" номли китобининг аудио шаклини тақдим этамиз. Ушбу аудиокитобнинг кўриш бўйича ногиронлиги бўлган мусулмонлар учун ҳам бирдек фойдали ва осон экани унинг аҳамиятини янада оширади.
Ушбу аудиокитобни "Синема маркет" дўконлари тизимидан харид қилишингиз мумкин.
Эслатма: Ушбу компакт-диск фақат уй шароитида тинглаш учун лицензияланган. Ундан нусха кўчириш, тарқатиш ва эшиттириш қатъиян тақиқланган.
1. Оила Муқаддасдир
ЎМИ Матбуот хизмати
Сахалинлик мусулмонлар Муфтий ҳазратга миннатдорлик билдирдилар
Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом ноиби Жамолиддин қори Қодиров жорий йил Рамазон ойида Россиянинг Сахалин шаҳрида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, маърифий тадбирларни ўтказиб бераётганини маълум қилган эдик.
Жорий йилнинг 11 июнь куни ўзбекистонлик қори Қадр кечасида Қуръони карим хатмини ниҳоясига етказди.
Вакилимиз Сахалинда бўлиб ўтган Рамазон ҳайити байрамига таклиф қилиниб, ташаккурнома билан тақдирланди.
Сахалинлик мусулмонлар номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига миннатдорлик билдирилган, байрам кўтаринки руҳда ўтказилгани маълум қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати