muslim.uz
Имом Нававий
Ҳадис илми шаклланиши ва ривожланишида буюк хизмат қилган муҳаддислардан бири Имом Нававийдир. У зотнинг тўлиқ исми Яҳё ибн Шарафиддин ибн Муррий ибн Ҳасан Ҳузомий Ҳуроний Нававий бўлиб, лақаби “Абу Закариё”дир.
Олим 631 йили муҳаррам ойида Дамашқ яқинидаги Наво шаҳрида дунёга келади. Ёшлигидаёқ Қуръони каримни ёд олади. Ўн тўққиз ёшида Дамашқдаги “Равоҳия” мадрасасига ўқишга киради. Бу ерда Исҳоқ ибн Аҳмад Мақсидийдан фиқҳ бўйича таълим олади. Диний илмлардан ташқари бошқа соҳаларни ҳам ўрганади. Таҳсилни тугатгач, Дамашқдаги “Дорул ҳадис ал-ашрафия” мадрасасида дарс бера бошлайди.
Имом Нававий тақволи, парҳезли киши эди. Асосий вақтини тоат-ибодат, илм олиш ва таълим беришга бағишлайди. Аллоҳ таоло у кишига зийрак қалб, кучли хотира ва ўткир зеҳн ато этган. Имом Муслим “Саҳиҳ”ига ёзган шарҳи Имом Нававийнинг шоҳ асари ҳисобланади. Олим ҳар бир ҳадисга моҳирона шарҳ битиб, унинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириб беради.
Имом Нававий жуда кўп асарлар ёзди. Уларнинг кўпи ҳадис илмига доир. “Шарҳул саҳиҳи Муслим”, “Иршод”, “Таҳзибул асмо вал луғат”, “Ат-Тибён фи одоби ҳамлатил Қуръон”, “Минҳожут толибин”, “Бўстонул орифин”, “Арбаъин”, “Риёзус солиҳин” ва “ал-Азкор” каби китоблар шулар жумласидан. “Арбаъин”, “Риёзус солиҳин”, “Ал-Азкор” ва “Бўстонул орифин” ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган.
Имом Нававий ҳижрий 671 йили ражаб ойининг 24 куни дунёдан кўз юмди ва она юрти Дамашққа дафн қилинди.
Бобур ТОШПЎЛАТОВ
тайёрлади.
Зарбулмасал санъати
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда зарбулмасални кўп учратамиз. Қуйидаги ҳадисда Пайғамбаримиз умматларни парвонага ўхшатиб, гўзал тарзда зарбулмасал қилганлар. Абу Ҳурайра ривоят қилади: «Расулуллоҳ : “Мен билан одамлар ўт ёққан киши билан парвоналар кабидир. Чунки бир киши ўт ёқса, атрофи ёришгач, парвоналар учиб келиб, ўзларини ўтга уради, у киши ҳарчанд ҳайдамасин, улар кетмайди. Мен ҳам ўша кишидек сизларни ўтдан сақлашга уринаман, сизлар ўзингизни ўтга урмоқдасиз!” дер эдилар» (Имом Бухорий).
Улуғ мутафаккир шоир ва ёзувчилар Қуръон ва ҳадисдан илҳомланишди. Натижада, зарбулмасал санъати юзага келди. Ҳадисда келтирилган шуъла атрофида айланувчи тун капалаги – парвона мумтоз адабиётимиз намуналарида кўп келтирилган.
Парвона сўзи турли маънони билдиради. Тасаввуфда парвона ишқ алангасида ёниб, ҳалок бўлаётганини ҳам билмайдиган ошиқ рамзидир.
Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр” асарида бундай байтлар бор:
Бир кеча парвоналар жамъ ўлдилар,
Саъй бирла толиби шам ўлдилар.
Дедилар парни қилиб оташфишон:
– Истоли матлуб нуридин нишон.
Ҳар не топсақ – они изҳор айлоли,
Шарҳ этиб аслин падидор айлоли”.[1]
Мазмуни: Бир кеча парвоналар жам бўлиб шамга етишмоққа ҳаракат қилишди. Қанотларини ўтда ёқишга ҳозирлаб: “Биз изловчилармиз, шам нуридин нишон излаймиз, агар ундан нимаики топсак, уни изҳор қилайлик. Шарҳ этиб, асл зоти нимадан иборат эканини аниқлайлик”, дедилар. Шоир бу ўринда парвоналарни ишқ ўтига мубтало бўлган ошиқлар мисолида зарбулмасал қилади.
Парвоналар ҳар бири қанот қоқиб қуйруқларини куйдиришади. Ҳар бири куйганча, ўзи истаган мақсадга эришади, аммо буни шарҳлаш, нақл қилиш қийин иш. Чунки киши шуълани тил билан шарҳ эта олмайди, куймасдан туриб эса шуъланинг моҳиятини билмайди.
Мумтоз адабиётимизда шу сингари жуда кўп ибратли зарбулмасаллар учрайди. Бундай тимсоллар ўтаётган умримиз мазмун-моҳиятига етишда бизга яхши сабоқ бўлади.
Обидхон ИКРОМОВ,
“Мулла Қирғиз” Ислом ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси
[1] Алишер Навоий. “Лисонут тайр”. Тошкент, 1991, 226-бет.
Қалб таскини
Истиғфор банданинг Яратганга илтижо қилиб, билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини сўрашидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10–12).
Пайғамбаримизнинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса-да, истиғфор айтишни сира канда қилмаганлар. Ибн Умардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳнинг бир мажлисда юз марта: “Раббим, мени мағфират қил, тавбамни қабул эт. Ҳақиқатда сен тавбаларни қабул этгувчи раҳмли Зотсан”, деганларини санадик” (Абу Довуд ва Термизий).
Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифда бундай деганлар: “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир тангликдан чиқиш йўлини очади, ҳар турли ғамдан енгиллик, ҳеч бир ўйламаган томонидан ризқ беради” (Абу Довуд ривояти).
Истиғфор чин дилдан айтилиши керак. Ҳазрат Али бир куни масжидда ўтириб, ўзича баъзи сўзларни шоша-пиша айтаётган кишини кўриб қолдилар ва сўрадилар:
– Эй биродар, нималар деяпсиз?
– Истиғфор айтяпман, – деди у.
Шунда ҳазрат Али :
– Сиз айтаётган истиғфордан истиғфор қилиш керак – деб айтдилар.
Ҳадиси шарифларда айтилганидек, бандасининг бир ёмон иш қилиб, кейин пушаймон бўлиб, истиғфор айтишидан Аллоҳ таоло севинади. Тавба қабул бўлишининг шарти эса кейин ўша хатога, гуноҳ ишга қайтмасликдир.
Расулуллоҳ умматларига кўп-кўп истиғфор айтишни тавсия қилганлар. Жумладан, “Саййидул истиғфор” дуоси ҳақида бундай деганлар: «Ким “Саййидул истиғфор”ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради».
Бу дуо қуйидагича: «Ё Аллоҳ, Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Сендан қилган ишларимнинг ёмонлигидан мени асрашингни сўрайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларимни кечира олмайди» (Имом Бухорий ривояти).
Истиғфор айтиш билан банда Яратганга яқин бўлади ва кўп марҳаматларга эришади. Самимий айтилган истиғфор билан қалб таскин топади.
Зиёдулло РЎЗИҚУЛОВ,
Денов тумани “Абу Ҳанифа”
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Илтижо (шеър)
Чин дилдан сўраса, бергувчи Зотсан,
Ҳожатманд инсонга олий нажотсан,
Барча ўткинчи, Сен доим ҳаётсан,
Ўзинг мадад бергин, Ўзинг қўллагин,
Гўзал жаннатларинг сари йўллагин.
Солиҳ бандалардан бўлай Ўзингга,
Амал қилиб яшай амринг – сўзингга,
Охирда уялмай боқай юзингга,
Ўзинг мадад бергин, Ўзинг қўллагин,
Гўзал жаннатларинг сари йўллагин.
Мадад бермасанг гар, йўқдир чорамиз,
Назаринг тушмаса, биз бечорамиз.
Нажот истаб яна қайга борамиз?
Ўзинг мадад бергин, Ўзинг қўллагин,
Гўзал жаннатларинг сари йўллагин...
Абдулносир БОБОМИРЗАЕВ,
Тошкент Ислом институти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ёлғоннинг ҳазили бўлмайди
Бир оғайним айтиб қолди: Танишларимдан бири телефонда ташвишли хабар айтди. Бу хабардан аёлим ҳам ғамга ботди. Кўп вақт ўтмай, яна қўнғироқ қилди, ҳали айтган совуқ гапим ҳазил, биринчи апрел муносабати билан ёлғон гапирувдим, деди. Мен эсанкираб қолдим. Шунақа ҳам ҳазил қиладими, деб ғазабландим.
Ёлғончилик жуда ёмон хулқ, у инсонни дўстларидан узоқлаштиради. Ислом динида истисноли ўринлардан бошқа пайтда ёлғон гапиришга мутлақо рухсат берилмаган. Пайғамбаримиз одамларни кулдириш мақсадида ёлғон гапиришдан ҳам қайтарганлар: “Гапириб қавмни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага ҳалокат бўлсин, ҳалокат бўлсин, ҳалокат бўлсин...” (Имом Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти). Бошқа бир ҳадисларида: “Банда ростгўй бўлса ҳам, мазах ва жанжалда ҳам ёлғонни тарк қилмагунича комил мўмин бўлолмайди”, деганлар (Имом Аҳмад, Табароний).
Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: Саҳобалар бизга гапириб беришди: Улар Набий билан йўлга чиққанларида, йўлда бир киши ухлаб қолди. Бошқалар ухлаб қолган кишининг арқонини (ҳазиллашиб) олиб қўйишганида, у қўрқиб кетди. Шунда Расулулллоҳ : “Мусулмонга мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дедилар (Имом Абу Довуд).
Абдуллоҳ ибн Соиб ибн Язиддан қилган ривоятда: Расулуллоҳ : “Ҳеч бирингиз биродарининг буюмини ҳазиллашиб ҳам, чиндан ҳам олиб қўймасин”, деганлар, (Имом Термизий ривояти).
Сизни тинглаган, ишонч билдирган кишини алдаш хиёнатдир. Ҳадисда: “Биродарингиз гапингизга ишониб турганида, сиз уни гапингиз билан алдашингиз қандай катта хиёнатдир”, дейилган. (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).
Кўпинча ҳазиллар, ёлғонлар сабабли кўнгилхиралик юз бериб, ҳатто оилалар ўртасига совуқчилик тушиши мумкин. Бундай иллатлардан йироқ бўлайлик.
Қудратуллоҳ Сиддиқметов,
Кўкалдош мадрасаси мударриси,
“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати