muslim.uz
Ота-она меҳмондир
Aллоҳ таолога энг суюкли ишлардан бири ота-онага итоат этиш, уларга меҳр-шафқатли бўлишдир.
«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр килгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).
Ота-она олдида секин, паст овозда, одоб билан сўзлаш керак. Заруратдан ортиқча гап айтилмайди. Уларнинг исмларини айтиб чақириш мумкин эмас. Қўполлик билан кўнгилларини оғритиш, назарларидан қолиш катта гуноҳлардан саналади. Кўча-кўйда ота-онадан илгари юриш, овқатга улардан олдин қўл узатиш, олдиларида ёнбошлаб олиш одобсизликдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” де» (Исро, 23–24).
Демак, ота-она қарилик ёшига етганида уларга янада шафқатли бўлиш зарур. Кексаларнинг кўнгли худди боланикидай бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда имкон борича уларнинг кўнглини оғритмасдан хоҳишларини бажариш, панд-насиҳат қилишса, асло малол олмаслик керак.
Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири тирик бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор. Ота-онани тириклигида қадрига етиб, иззат-ҳурматини жойига қўйганга нима етсин.
Умуман, кексаларимиз борлиги бизнинг катта давлатимиз. Улар гўё уйларимизнинг фаришталари. Кўпни кўрган бува-бувилар ёш оилалар учун ибрат мактаби. Улар набираларининг таълим-тарбиясини, одоб-аҳлоқини назорат қилиб, ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатади.
Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.
Расулуллоҳ ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ вафотларидан кейин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот : “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).
Халқ орасида, ота-она меҳмондир, деган ибратли сўз бор. Вақт ғанимат, азиз меҳмонларингизнинг яхши дуоларини олиб қолишга улгуринг. Уларга нима қилсангиз, эртага фарзандингиздан қайтади. Бу ҳақиқатга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз...
Фазлиддин МУСАХОВ,
Оҳангарон туманидаги “Қурайш” жоме
масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Навоийни севган хаттот
Ноёб мерос сифатида бизга етиб келган қўлёзмаларни ўрганар эканмиз, ўтмишда кўп улуғ хаттотлар ўтганини кўрамиз. Уларнинг машаққатли меҳнати туфайли турли асарларнинг қўлёзма нусхалари юзага келган. Шарқ олим ва шоирларининг асарларини ардоқлаган ва улардан нусхалар кўчирган ана шундай ажойиб хаттотлардан бири Муҳаммад Юнус котиб эди.
Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий асарларини Тошкентда ҳам асрлар оша жуда кўп хаттотлар кўп нусхаларда кўчиришган. Улар орасида атоқли хаттот Муҳаммад Юнус котиб кўчирган қўлёзма нусхалар алоҳида ажралиб туради. Муҳаммад Юнус котибнинг отаси Муҳаммад Бобожон ва ўғли Муҳаммад Яҳё ҳам хаттот бўлган. Асли шаҳрисабзлик хаттот Тошкентга келиб, Қашқар маҳалласида бир неча йил истиқомат қилади. Муҳаммад Юнус котиб насх, настаълиқ ва шикаста хатларини ёзишга моҳир эди. У араб ва форс тилларини яхши билган. Муҳаммад Юнус котиб Алишер Навоийнинг машҳур “Хамса”, “Маҳбубул қулуб”, “Лисонут тайр”, “Мажолисун нафоис”, “Ғаройибус сиғар” ва бошқа асарларидан бир неча нусхалар кўчирган. Муҳаммад Юнус Тошкентда кўчирган “Хамса”нинг икки нусхаси диққатга сазовордир.
Улардан бири 1861–1863 йиллар орасида китобат қилинган. “Хамса”га киритилган ҳар бир достоннинг охирида мазкур нусхани Тошкент шаҳрида шаҳрисабзлик Муҳаммад Юнус котиб кўчиргани кўрсатиб ўтилган.
Ушбу нусхага Муҳаммад Юнус котиб Алишер Навоийнинг “Маҳбубул қулуб”, “Лисонут тайр” асарларини ҳам киритади. “Лисонут тайр” асари сўнгида эса: “Бу муаззам ва мукаррам нусха Навоий ва Фоний тахаллусли ҳазрат Амир Алишернинг “Лисонут тайр” асари, 1280/1863 йили Тошкентда фақир ва ҳақир Муҳаммад Юнус валади Муҳаммад Бобожон Шаҳрисабзий қўлида таҳрир топди”, деб қайд этади.
Иккинчи нусха 1872–1873 йили кўчирилган бўлиб, асар бошланишида икки саҳифага бадиий лавҳа ишланган. “Хамса”даги беш достоннинг илк саҳифаларига ҳам алоҳида-алоҳида бадиий лавҳалар чизилган. Асар ажойиб настаълиқ хати билан Қўқон қоғозига кўчирилган. Ушбу нусха охирида ҳам: “Алишер Навоий ҳазратларининг муборак “Хамса” асари 1872–1873 йили фирдавсмонанд Тошкентнинг кошғарлик маҳалласида бу фақир шаҳрисабзлик Муҳаммад Юнус ибн мулла Бобожон қўлида анжомига етди”, деб битилган.
Қўлёзма асарларининг кўпида хаттотлар камтарлик қилиб ўз номларини келтиришмайди. Хаттотлар бу асарни ўқиган кишилардан, агар уни кўчириш асносида бирон-бир камчиликка йўл қўйган бўлишса, кечиришларини сўраш билан сўзни тамомлашади. Шунинг учун кўп қўлёзма асарларни қайси шаҳарда, ким кўчирганини аниқлаш қийин.
Баъзи котиблар ўз номларини келтириш билан бирга қўлёзма қайси шаҳарда кўчирилганини ҳам кўрсатиб ўтади. Муҳаммад Юнус котиб кўчирган Алишер Навоий асарларининг ушбу нусхалари охирида келтирилган маълумотлардан уларнинг Тошкентда китобат қилингани аниқ кўриниб турибди. Ҳатто бу асарлар Тошкентнинг қайси маҳалласида кўчирилгани ҳам аниқ ёзилган. Муҳаммад Юнус котибнинг Алишер Навоий асарларидан меҳр билан кўчирган ноёб қўлёзма нусхалари ҳозир Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар хазинасида сақланмоқда.
“Тошкент тарихида
баъзи сиймолар” рисоласидан
Неъматулло МУҲАМЕДОВ
тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
АҚШ давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари: “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш – энг мукаммал шиор”
6 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида юртимизда меҳмон бўлиб турган АҚШ Давлат департаменти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ренди Беррини муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилдилар.
Меҳмон Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларни ўз кўзи билан кўриб, бевосита гувоҳ бўлиш мақсадида сафар қилганини билдирди. Уч кунлик сафари давомида олган маълумотлар ва таассуротлари жуда катта фойда беришини таъкидлади. АҚШ ҳукумати бутун дунё халқларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига жуда катта диққат қаратиши, айниқса, диний эркинлик масаласига берилаётган эътибор жуда юқори экани, мазкур учрашув бу борадаги масалаларга ойдинлик киритиш учун фойда беришини билдирди.
Делегация раҳбари ўтган бир ярим йил давомида Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилган ижобий ишлар ва диний конфессиялар билан алоқалар қандайлиги тўғрисида қизиқди. Муфтий ҳазратлари ўтган давр мобайнида Ислом дини тараққиёти ва маърифатини кенг тарқатиш борасида қилинаётган хайрли ишлар, диний конфессиялар вакиллари билан амалга оширилаётган дўстона муносабатлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Тақдим этилган маълумотлар учун Ренди Берри миннатдорлик билдириб, амалга оширилаётган ишлар фуқароларнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда бўлаётгани, илм олиш, таълим-тарбия ва маърифий соҳада эканини юқори баҳолади. Ҳақиқатан илм олиш орқали, тўғри йўлни топиш, аксинча илмсизлик ортидан ибодатда тафовутлар келиб чиқишини айтиб, бу борада қилинаётган ишларни меҳмон қўллаб-қувватлади.
Ренди Берри жамиятдаги ўз фикридан қайтмайдиган, зўравон ва қайсар кишилар билан мулоқотга киришган чоғда инсон ўзини қандай тутиши тўғрисида фикрлар билан ўртоқлашишни сўради. Ўз навбатида муфтий ҳазратлари бу борадаги энг тўғри йўл “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиори остида ҳаракат қилиш моҳиятини атрофлича тушунтириб бердилар.
Меҳмон “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” энг мукаммал шиор эканини алоҳида қайд этиб, ушбу қоида нафақат Ислом дини, балки бошқа дин вакиллари, ҳатто динсиз кишилар учун ҳам муҳим дастурил амал эканини эътироф этди. У сўзида давом этиб, Ўзбекистонда 16 мингдан зиёд шахсларни турли рўйхатлардан чиқариш жараёнлари ва босқичлари билан қизиқди. Муфтий ҳазратлари жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари ва имом-хатиблардан иборат ҳайъат тузилиб, мана шундай шахсларнинг ҳар бири билан бирма-бир суҳбатлар қилингани, уларни тўғри йўлга бошлангани, хатосини тушуниб етганларини жамиятга киришиб кетишларига кўмак берилгани тўғрисида баён қилиб бердилар.
Делегация раҳбари диний эркинлик масаласи жуда муҳим масала экани, АҚШ ҳукумати бунга доимо катта эътиборини қаратиб келиши, бир оз аввал БМТнинг махсус вакили Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга келгани, келгусида АҚШ Давлат департаментининг диний эркинлик бўйича элчиси Сэм Браунбэк келиши режалаштирилаётганини билдирди.
Учрашувда АҚШ Элчиси Памела Спратлен хоним иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бир оят ҳикмати
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: "Албатта Раббинггиз осмонлару ерни олти кунда яратди", дейди. (Аъроф сураси, 54-оят). Шубҳасиз, оятдаги олти кун, бизнинг ҳисобимиздаги олти кун эмас. Зотан, кун, соат тушунчаси ер ва исмини, қуёш ва ой ҳамда кеча ва кундузнинг яралишидан кейин пайдо бўлган. Демак, оятдаги олти кун, бизнинг тушунчамиздаги 24 соатли олтита кун дегани эмас.
Шундай экан, нима учун Аллоҳ таоло осмонлару ерни олти кунда яратди, ахир У араблардаги икки ҳарфдан иборат "кун", яни "бўл" сўзи ила бир зумда осмонлару ерни яратиб қўйса бўлар эдику, деган савол туғилади?
Жавоб шундан иборатки, шояд Аллоҳ таоло бу ояти ила бандаларига барча ишларда шошқолоқликни тарк этиб, пухта, бардошли ва чидамлилик билан бажаришларига ишора қилаётган бўлса, не ажаб. Шунинг учун ҳам, арабларда: "Пухталик ва бардошлилик Раҳмондандир, шошқолоқлик эса, шайтондандир", дейилади.
Ҳа, азизлар. Ҳаётимиздаги кўплаб хатоларимизга назар соладиган бўлсак, улар шошқолоқлик ва яхши ўйлаб кўрмаслигимиз оқибатидан эканлигини англаб этамиз. Шундай экан, биз ушбу оят орқали барча диний ва дунёвий ишларимизда ҳиссиётларга берилмасдан ўйлаб, сўраб амалга оширишимиз лозимдир.
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу оятдаги гўзал ишора асосида яшамоғимизни насиб қилсин.
"Кулол Қўрғон" масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳмонов
ЎМИ Матбуот хизмати
Тавбанинг сирлари
Гуноҳлар бандани Аллоҳдан тўсадиган пардадир. Аллоҳдан узоқлаштирадиган барча нарсадан узоқлашиш шарт! Бу эса илм (гуноҳ Аллоҳдан узоқлашишга сабаб бўлишини билиш), надомат (гуноҳ қилиб қўйганига пушаймон бўлиш) ва азм (ҳеч қачон гуноҳга қайтмасликка қарор қилиш) билан бўлади. Чунки, банда гуноҳлар Аллоҳдан узоқлашишга сабаб бўлувчи эканини билмаса, қилган гуноҳларига надомат қилмайди, юраги сиқилмайди. Надомат қилмагач, гуноҳдан қайтмайди.
Тавба – маъсиятдан тоатга қайтиш дегани. Банда гуноҳ содир этгандан кейин тавба қилиши вожибдир.
Агар гуноҳ банда билан Робби ўртасидаги нарсаларга оид бўлса, бу маъсиятдан тавба қилишнинг учта шарти бор:
- Гуноҳлардан дарҳол, бутунлай узилиш.
- Надомат қилиш. Бунинг аломати узоқ вақт маҳзун бўлишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Надомат тавбадир” деганлар. Имом Аҳмад ривояти.
- Гуноҳга ҳеч қачон қайтмасликка азму қарор қилиш.
Агар ушбу учта шартдан бирортаси бўлмаса, тавба саҳиҳ бўлмайди.
Энди агар маъсият инсон билан инсон ўртасига тегишли бўлса, тавбанинг тўртинчи шарти ҳам бўлади. Бу – ўша одамнинг розилигини олиш, ҳаққини қайтариб бериш.
Агар мол олган бўлса, эгасига қайтариб беради ёки пулини беради. Агар ғийбат қилган бўлса, бориб, узрини айтади ва ўша одамнинг ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўрайди.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса...” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Киши тавбани чин юракдан Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилиши керак. Агар обрўсини ўйлаб, ҳурматини сақлаш учун, мансабида қолиш учун, пулини тежаш учун, одамларнинг мақтовига эришиш учун ёки уларнинг ёмонлашидан сақланиш учун, пули йўқлиги учун, касал бўлиб қолгани учун, ўша гуноҳни қилишга шароит бўлмагани учун мазкур гуноҳдан тийилса, бу ҳақиқий тавба бўлмайди.
Тавбани кейинга суришнинг зарари
“Эртага тавба қиламан” дейдиган инсон эртага ҳам яшашини қаерда билади?!
Қисқа ҳикояда шундай келади: “Эртага тавба қиламан деб уйқуга ётди ва қайтиб турмади”
Тавбани кечга сурувчи киши икки хатарнинг орасида бўлади:
- Гуноҳлар кўпайгани сари қалбини зулмат қоплаб олади. Натижада гуноҳ қилиш унинг табиатига айланиб қолади.
- Касал бўлиб қолиб, қалбидаги зулматни кетказишга вақт тополмай қолиши мумкин. Натижада Роббининг ҳузурига салим бўлмаган қалб билан боради. Зеро, Аллоҳнинг ҳузурига салим қалб билан борган кишигина нажот топади.
Уламолар шундай мисол келтирганлар: “Тавбани кейинга сурувчи киши дарахтни жойидан суғуришни кечга сурувчи кишига ўхшайди. Бир куни бориб қараса, дарахт йўғонлаб кетибди. Энди уни жуда кўп машаққат билангина суғуриш мумкин бўлади. Дарахт жойида тургани сари бақувватлашиб борганидек тавбани ортга суриб, гуноҳлари кўпайиб кетган кишининг тавба қилиши жуда қийин бўлади. Умри ўтгани сайин табиатга айланиб қолган гуноҳлардан воз кечиш қийин бўлади.
Қуввати борлигида гуноҳдан тавба қилмади. Вақт ўтиб ўзи заифлашди, гуноҳлар эса кўпайиб қалбини ўраб олди. Энди унга жуда қийин бўлади”.
Олимлардан бири шундай деган: “Аллоҳ таоло бир бандасига яхшиликни ирода қилса, унга тавба, надомат, синиқлик, хорлик, муҳтожлик, Ўзидан ёрдам сўраш, доимий тазарруъ ва дуо қилиш эшигини очиб қўяди. Охирида ўша банда шундай тавба қиладики, шайтон алайҳилаъна “Қанийди уни гуноҳга васваса қилмаганимда, уни тарк этганимда эди” деб қолади”.
Тавба қабул бўлганининг аломатлари
- Тавбадан кейин инсон олдингидан яхши тарафга ўзгариши, гуноҳлардан узоқ юриб, солиҳ амалларга ўзини уриши.
- Қалбида Аллоҳдан қўрқуви кетмаслиги, Аллоҳнинг макридан бир муддат ҳам хотиржам бўлмаслиги ва бу хавф то вафот этгунича давом этиши.
- Қалбнинг қўрқувдан ёрилай деб туриши.
- Қалбнинг синиқлиги. Банда қилган гуноҳини ўйлаб қалбида синиқлик, хоксорлик бўлади. Бошқалар буни сезмайди. Аммо у банда доим қилган гуноҳларидан уялиш ҳисси билан ёнади.
Ким мана шу нарсаларни ҳис қилмаса, тавбасига эътиборли бўлсин. Уни тузатишга, тавбаси чин бўлишига ҳаракат қилсин. Аллоҳ таолодан ўзини насуҳ тавба билан ризқлантиришини сўрасин.
Интернет материалларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати